Амаллар ниятга боғлиқ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Aллоҳ таоло иймон аҳлига ният суратида шундай кимёвий элементни ато этганки, у ёрдамида инсон озгина таважжуҳ ила тупроқни тиллага айлантира олади.

Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عُمَرَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّمَا اْلأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ وَإِنَّماَ لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصِيبُهَا أَوِ امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Баъзилар бу каби ҳадисларни нотўғри талқин қилиб, ният билан ёмон ишлар хайрли амалларга, гуноҳлар эса савобга айланади, дейдилар. Бу гап мутлақ нотўғридир. Гуноҳ иш ҳар қандай ҳолатда ҳам гуноҳ ҳисобланади.

Нечоғлик гуноҳ ишни яхши ният билан қилинмасин, барибир, у гуноҳлигича қолади. Масалан, бир киши садақа қилиб юбориш ниятида бировнинг уйига ўғирликка кирди ва ўғирланган нарсаларни садақа қилиб юборди. Қилинган ният билан ўғриликнинг гуноҳи кечирилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида келган иршодларини қуйидаги тарзда тушуниш лозим: 1. Қилган яхши ишга тўғри ният билан савоб олинади, яъни Аллоҳни рози қилиш ниятида ўқилган намозга савоб олинади. Агар инсонларни кўзи учун намоз ўқилса, савоб ўрнига гуноҳ бўлади.

2. Ният билан қилинган яхши ишга ажр олиш мубоҳ амалларда ўз исботини топади. Чунки мубоҳ ва жоиз ишларга на савоб ва на гуноҳ бўлади. Лекин мубоҳ амаллар яхши ният билан савобли, ажрли ибодатга айланади ва ният билан қилинган ишга ажр берилади.

Масалан, овқатланиш мубоҳ амаллардандир. Агар бирор киши:«Овқат воситасида танамда Аллоҳ таоло буюрган амалларни қилишга куч пайдо бўлади», деган ниятда овқатланса, еган овқати ҳам савобга айланади ёки бир киши: «Аллоҳ таоло мени зиммамга нафсимни ҳаққини юклаган.Мен уни адо қилишим лозим» деган ният ила овқатланса ёки «Овқатлангандан кейин танам яйрайди ва қалбим билан Аллоҳ таолога ҳамд айтаман» деган ният ила овқатланса, бас, еган овқатига савоб берилади.

Билингки, бирор мубоҳ иш йўқки, яхши ният билан ибодатга айланиб, уни қилган кишига савоб бўлмаса! Ҳа, албатта, барча яхши ният ила қилинган мубоҳ ишлар ибодатга айланиб, уни қилган кишига савоб берилади. Масалан, кундалик қиладиган барча мубоҳ ишларимиз яхши ният билан ибодатга айланиб, уларга савоб берилади.

Уларнинг баъзиси билан қуйида танишиб чиқамиз: 1. Кундалик ишлар хоҳ у тижорат бўлсин, хоҳ амалдорлик, хоҳ деҳқончилик. Агар инсон у ишларга: «Аллоҳ таоло нафсимни ва бола-чақаларимни ҳақларини адо этишни мени зиммамга юклаган», деган ният ила киришса, зиммасига юкланган ҳақларни адо этиш билан бир қаторда, қилган ишлари ибодатга айланиб, уларга савоб берилади.

Агар у киши: «Қилган меҳнатидан чиққан фойдани ўз аҳлимга сарф қилиб, ошганини бошқа муҳтожларга ва бошқа хайрли ишларга ҳарж қиламан», деган ният билан ишга отланса, қилган нияти туфайли зиёда савобга эга бўлади.

2. Бир киши халққа хизмат қилиш нияти ила илм олса, масалан, халққа динни етказиш мақсадида диний илмни олса, ёки доктор бўлиб, касалларга хизмат қилиш мақсадида тиббиёт соҳасини ўрганса, ёки давлатга, халққа хизмат қилиш мақсадида машинасозлик соҳасини ўрганса, ёки инсонлар ҳожатини чиқариш ниятида бирор бир ҳунар ўрганса, иншааллоҳ, қанча вақт уларни ўрганишга сарф қилса, қилган хайрли нияти сабабли ўшанча вақт унга савоб етиб туради.

3. Бир киши қандайдир касбни танлади. Шунда буни фикр қилдики, ризқ Аллоҳ таолонинг зиммасида, қандай бўлмасин, у ўз эгасига етади. Ризқни қўлга киритишнинг жуда кўп йўллари бор. Лекин мен фалон йўлни танладим ва унинг воситасида Аллоҳ таолонинг махлуқларига хизмат қиламан, деб ният қилса, ўша танлаган касби ажру-савобга сабаб бўлади.

Масалан, бир киши табиб бўлиб:«Ризқни жуда кўп йўллари бор. Мен бу танлаган касбим билан касалликдан тинкаси қуриган инсонларга ёрдам бераман», деб ният қилса, гарчи беморлар томонидан табибга мукофот ёки ҳақ берилса ҳам, табиб қилган ниятига, иншааллоҳ, ажр олади. Шундай ниятли инсон баъзан ҳеч қандай эвазсиз муолажа қилса ва баъзан катта ҳақ эвазига даволаса, у қилган ниятига савоб олаверади.

4. Бир киши кийим-кечак сотишни хоҳлаб: «Ҳар бир кишига шаръан кийим кийиши вожиб. Кўп ҳунарлар ичидан кийим-кечак сотиш тижоратини инсонлар зиммасидаги вожиб амални адо этишга кўмаклашиш учун танладим», деган ният билан ишга киришса, иншааллоҳ бу ҳунарга ажр олади.

5. Бир киши расмий ишда ишлайди. У ўз ишига:«Ушбу вазифам орқали инсонларнинг ҳожатларини чиқараман», деган ниятда киришса, иншааллоҳ, ниятига савоб олади.

6. Бир киши чиройли кийимни:«Аллоҳ таоло менга бу неъматни ато этди. Унга қаровчилар хурсанд бўладилар», деган ниятда кийса, ниятига ажр олади. Лекин кийимимга қараб, ким эканимни билиб оладилар ёки инсонларга кўз-кўз қиламан, деган ниятда кийинса, иншааллоҳ, ажрдан бебаҳра қолади.

7. Бир киши:«Болаларни эркалаш ва суйишлик Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидан», деган ниятда фарзандларини эркаласа, иншааллоҳ, ниятига савоб олади.

8. Киши уй ишларини:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига қачон келсалар, уйдагиларнинг  ишларига кўмаклашар эдилар», деган ниятда қилса, иншаАллоҳ ниятига ажр олади.

9. Аёл ўз болалари билан:«Яхши муомала қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва у Зот муомалани яхши қилишга амр қилганлар», деган ниятда муомалани яхши қилса, иншааллоҳ, ниятига ажр олади.

10. Бир киши:«Меҳмонларга икром кўрсатиш суннат ва қолаверса, мўминнинг ҳаққи», деган ниятда меҳмонларни очиқ чеҳра билан кутиб олса, иншааллоҳ қилган ниятига ажр олади.

11. Бир киши уйига:«Инсонлар ёки ҳайвонларга фойда бўлади ва қолаверса, қаровчиларнинг кўзини қувонтиради», деган ниятда кўчат ўтқазса, иншааллоҳ, ниятига ажр олади.

12. Бир киши ёзувини:«Ўқувчиларга енгил бўлади», деган ниятда чиройли қилса, иншааллоҳ, ниятига ажр олади.

13. Аёл эрини мамнун қилиш ниятида уй ичида рухсат берилган зеб-зийнатлар билан зийнатланса, эр эса аёлим хурсанд ва мамнун бўлади деб, покиза бўлса, иншааллоҳ, қилган ниятларига ажр оладилар.

14. Бир киши: «Зиммадаги фарзларни адо этишга куч-қувват пайдо қилади», деган ниятда рухсат берилган ўйин-кулгини қилса, иншааллоҳ, ниятига ажр олинади.

15. Бир киши намоз вақтларини билиш, вақтнинг қадрига етиб, уни яхши ишларга сарфлаш мақсадида,қўлига соат тақса, иншааллоҳ, қилган ниятига савоб бўлади.

Имом Ғаззолий ўзларининг «Иҳёул улум» китобларида ният тўғрисида қуйидаги ўринли иборани келтирганлар:«Инсон ҳаётида бирор мубоҳ амал йўқки, ният билан савобли ишга айланмаса! Эр-хотин ўзаро бир-бирлари билан: "Бири иккинчисини ҳақини адо этиш ёки иффатни сақлаш» ниятида яқинлик қилсалар, қилган ишларига савоб оладилар».

Мавзуга оид мақолалар
АТАЛА ИЧГАНГА НОБЕЛЬ ёхуд ҳолвачи бола Ўн биринчи мактуб Ҳар нарсадан гўдагимнинг иси ширин Ҳидлаб, ўшал давоми...

11:20 / 28.03.2017 3049
Тиш чиқиш палласи боланинг ҳоли ўзгариб қолади, унда қайт қилиш, инжиқлик ва ёмон қилиқлар кўзғалади. давоми...

04:50 / 23.11.2016 11990
Келинлар Совчиликка боришдан олдин биз обдон суриштириб, минг чиғириқдан ўтказган, етти маҳалладан давоми...

16:32 / 22.01.2017 7258
Бола тарбиясига оила муҳитининг таъсири жуда катта. Фарзандлар биринчи бўлиб отаонасининг гапсўзи, хулқи, давоми...

11:53 / 12.10.2016 4187