Аёл бахти нимада?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Одамлар кўпинча сўрайдилар: «Бахт асли нима?» Камина кўп сонли  газеталар, журналлар, интернет ва шахсий ҳаётий тажрибамга суянган ҳолда, қуйидаги хулосага келдим: «Бахт – фақат Исломдадир. Бошқа ҳеч қаерда эмас!»

Кўпчиликнинг фикрича,  бахт – бойликда. Йўқ, муҳтарама опа-сингиллар, ундай эмас! Бойларнинг ҳаммаси ҳам тинч, бахтли ҳаёт кечирмайдилар. Ва уларнинг аксарияти ўзларининг нима мақсадда яратилганлигини билмайдилар. Ислом қонун-қоидаларига амал қилмайдилар. Улар ҳар доим дунёвий муаммолар билан машғул бўлиб, ўз бойликларини ўғрилару босқинчилардан ҳимоя қилиш билан шуғулланадилар. Дунёни яхши кўрган инсон  хотиржам ухлай олмайди. Мамлакатдаги тўнтарилишдан, мол-мулкининг нобуд бўлишидан қўрқади. Агар бойликни ҳаром-хариш йўл билан топган бўлса, уни виждон азоби қийнайди (агар оз бўлса ҳам виждони бўлса).

Бундан ташқари, барча ҳадик ва хавотирларга қарамасдан, топган пуллари охир оқибат ўлимига сабаб бўлади. Грецияда Онассис исмли машҳур миллиардер яшаганди. Бойлигининг чеки-чегараси йўқ эди. Унинг қизи Кристинага мерос сифатида 5 миллиард риёл қолади. Ҳамда у денгиз флоти ва авиакомпания соҳибасига айланади. Аммо у бахтли бўлдими? Мухбирлар ундан: «Айтишларича, сиз энг бой аёл экансиз?! Шундайми?» деб сўрашади. У жавоб бериб айтади :«Ҳа, мен энг бой аёлман. Лекин энг бахтиқаро аёл ҳам менман».

Кристина жаҳон бўйлаб бахтини излади, лекин уни тополмади. Охир оқибат, уни Аргентинадаги оддий бир уйда, мурда ҳолида топишди. Унинг қандай ўлганини ҳам ҳеч ким билмасди. Бу дунёда унга бойлиги фойда келтирмади, у дунёда эса у аёл айнан Қуръонда айтилган сўзларни айтади:«Менинг мол-мулким асло фойда бермади!» Аммо бой бўлиб, бойлигини ўрни-ўрни билан ишлатадиган, шу билан бирга, Аллоҳга шукр айтадиган банда – бу икки баробар бахтиёр бандадир.

Айримларнинг айтишича, бахт – шуҳратда, машҳурликда. Кўрайлик-чи, шундаймикан? Аллоҳ йўлида хизмат қилаётган кишига ўта машҳурликнинг ҳожати йўқ. Дунёда эса қанчадан-қанча «машҳур»лар бор. Мисол учун: артистлар, қўшиқчилар, киноактёрлар. Улардаги шуҳратнинг ҳеч қандай пойдевори йўқ, яъни машҳурликлари тақвога асосланмаган. Шунинг учун ҳам ўша машҳурлик – бахт эмас, балки бахтсизлик бўлиб ҳисобланади!

Баъзиларнинг фикрича, бахт – жамиятда тутган мавқе билан ёки юқори поғонага эришишлик билан белгиланади. Йўқ, ҳар доим ҳам ундай эмас! Ўзини батамом машҳурликка атаб, ҳар томонлама обрў-эътиборга эришган бир аёл кунларнинг бирида бундай деган эди:«Менинг барча диплом ва унвонларимни, мавқе ва обрўйимни олинглар. Аммо буларнинг ўрнига  Эркак зотини берсангиз, бас!»

Ўша аёл бу ҳақда бир шеърида шундай деган эди: «Мен шифокор бўлишга қаттиқ жазм қилгандим. Лекин бу соҳада бахтимни топа олмадим. Менга ажабланиб қараётганларнинг ҳаммасига айтингларки, бахтнинг тамоми мол-мулк ва дипломларда эмас. Балки оила ва фарзандлардадир». Ушбу ҳаётида дунёда кўп нарсага эришган ҳар бир кучли аёл, доимо “мен ожиза бўлишни ва кучли кишининг ортида яширинишни хоҳлайман” дейишликка тайёр туради.

Аёл зоти бахтга эришиши мумкин. Қачонки бахтга олиб борадиган йўл устидаги тўсиқларни енгиб ўтса. Бу тўсиқлар нималар?  Куфр (иймонсизлик), ҳасад, нафрат, ғазаб, зулм (адолатсизлик), қўрқинч, Аллоҳ марҳаматидан маҳрум бўлиш ҳисси, ёмон ҳаёллар, кибр, мағрурлик ва ҳоказо иллатлар. Агар мусулмон аёл ушбу тўсиқларни енгиб ўтса, иншааллоҳ, бахтга эришади!

Аёл киши қандай қилиб ўз бахтини топиши мумкин? Исломда аёл бўйсунувчи бўлиши лозим. Бу ҳолат  унинг амалларида намоён бўлади: Эр киши аксар вақтларда кўчада бўлишга мажбур. Шундай экан, уни кутиб олганда ўз хурсандчилигингизни яширманг, хушмуомалалик билан кутиб олинг! Чиройли ва тоза кийимларингизни кийинг. Хушбўй ҳидлару атир-упалар ҳам ортиқчалик қилмайди. У бироз тин олиб, нафасини ростлаб олгунча, ёмон хабарларни айтмасдан, балки яхшироқларини айтиб туринг. Билсинки,сиз уни кутгансиз ва аниқ соғингансиз.

Куёвингизнинг келишига, ҳар не бўлган тақдирда ҳам, иложи борича ҳамма ёқни саранжом-саришта қилиб, дастурхонга иссиқ таомни келтириб қўйинг. У билан нозик ва чиройли гаплашинг. Ўз қадди-қоматингизга ҳам эътибор беринг. Чиройли кўйлак кийинг, энг яхши атирлардан сепинг. Турмуш ўртоғингиз сизни, умуман, кир кийимда, сочлари тўзғиган ҳолатда кўрмасин. Динимизда таъқиқланган «зийнатлардан» эса сақланиб юринг. Мисол учун: татуировкадан. Агар куёвингиз камбағалроқ ёки оддий ишда ишлайдиган бўлса, қайғурманг. Бева-бечораларга, бемор ва ногиронларга назар солиб, тафаккур қилинг. Аллоҳни эсга олинг ва Унинг берган неъматларига шукроналар келтиринг. Доимо ёдда тутишингиз лозимки, ҳақиқий бойлик – иймон ва тақводадир!

Агар куёвингиз сиз учун арзимас кўринган совға келтирса ҳам, унга раҳмат айтиб, миннатдорчилик билдирсангиз, хурсанд бўлади, сизни севади ва янада кўпроқ яхшилик қилишга интилади. Агар ношукурлик қилиб, ранжитсангиз, у ўзича ўйлай бошлайди: «Модомики, у менинг яхшиликларимни писанд қилмас экан, нима учун унга яхшилик қилишим керак?!» Бундан ташқари, унга, айниқса, оғир ҳолатларда бўлган пайтларида кўмаклашинг. Мисол учун, хасталаниб қолганида ёки иши юзасидан муаммолар туғилганда. Имкон қадар уни қўллаб-қувватланг, керак бўлса пулингиз, мол-мулкингиз билан ёрдамлашинг. Нима буюрса ҳам, барчасини бажаринг (таъқиқланган – ҳаром иш бўлмаса кифоя).

Ислом динимизга кўра, оила бошлиғи – эр, унинг ёрдамчи ва маслаҳатгўйи эса – аёл киши ҳисобланади. Агар кайфияти бузилган бўлса, кўнглини кўтаринг. Уйда бўлмаган вақтларида ўзингиз ва оилангизнинг шаънини ҳимоя қилинг. Ҳар қандай ҳаром қилинган муносабатлардан эҳтиёт бўлинг. Оилангизнинг сирларини, айниқса, куёвингиз бошқаларга айтишни хоҳламайдиган гап-сўзларини ҳеч кимга айтманг.

Унга келган меҳмонларни (шариат доирасида) очиқ юз билан кутиб олишингиз, айниқса,эрингизнинг ота-онаси бўлса, хушмуомалалик билан меҳмон қилишингиз лозим. Имкон қадар қариндош-уруғи билан орани яхши қилишингиз, улар билан хафалашмаслигингиз даркор. Ҳеч қачон эрингизни ўз онасини ёки сизни (иккингиздан бирини) танлашга мажбур бўладиган оғир ҳолатларда қолдирманг. Унинг ота-онаси ва опа-сингилларига ҳам қўнғироқ қилиб туринг, мактуб ёзинг, совғалар олинг, мушкул ҳолатда бўлишса, кўмаклашинг. Куёвингизга Ислом даъватида ёрдамчи бўлинг, фарз ва нафл намозларни эслатиб туринг. Кечаси таҳажжуд намози ўқишлигини ёдга солиб, рағбатлантиринг. Қуръони Каримни тиловат қилиб туринг. Ёлғиз ўзингиз ёки имкон топсангиз, куёвингиз билан бирга ўқинг. Нашидлар (яъни диний мавзудаги мусиқасиз қўшиқлар)ни ҳам ўзингиз ёҳуд куёвингиз билан бирга эшитиб туринг.

Ошхонани тоза тутинг, гуллар билан безатиб қўйинг, уй-анжомларини чиройли қилиб жойлаштиринг. Аҳёнҳёнда бўлса ҳам, уйдаги буюмларнинг жойларини ўзгартириб турингки, бир хиллик ва зерикишлик бўлмасин. Таомларни мазали, саломатликка фойдали ва ширин қилиб пиширинг. Уй-рўзғорини нуқсонсиз юритиш учун лозим бўладиган жамики ишларни пухта ўрганиб олинг.

Фарзандларингизни ҳам қай тариқа вояга етказишни ва ҳақиқий мусулмон бўлиб тарбиялаш йўлларини билиб олинг. Болаларингизнинг доимо тоза, озода, қорнилари тўқ бўлишларига эътибор беринг. Уларнинг соғлиқларидан хабардор бўлиб, таълим-тарбия ва хулқ-атворлари борасида ҳам ғамхўрлик қилинг. Уларга Исломни ўргатинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ул Зотнинг саҳобалари розияллоҳу анҳум  ҳақларида ҳикоя ва қиссалардан сўзлаб беринг.

Шояд ушбу айтилгандай ёки бундан-да яхши йўл тутсангиз – мана сизга бахт, мана сизга саодат, иншааллоҳ! Муҳтарама опа-сингиллар, бахтга эришишга интилинг. Бу у қадар қийин эмас, аксинча, жуда осон!

Оиша Нурмуҳаммад

Мавзуга оид мақолалар
Ўн учинчи кун... Ассалому алайкум азиз дўстларим Бугун муборак ойнинг ўн учинчи куни. Бугун сизлар билан давоми...

20:56 / 08.06.2017 2608
Ич қотиши ҳазмсизликнинг белгиси бўлиб, кўплаб асоратларга, жумладан, бавосил, онкологик , тери, жигар ва давоми...

18:01 / 21.01.2017 63870
ҚУРЪОН БИЛАН БЕЗАЛГАН БОЛАЛИК    Қишлоқдаги оилалардан бирида қиз фарзанд дунёга келди. Отаонаси унга давоми...

20:50 / 08.02.2017 9140
embedhttpswww.youtube.comwatchvAnumBbu7Yembed Шом узийси Керакли маҳсулотлар 0.5 кг гўшт 2,3 дона қизил сабзи яшил нўхат туз давоми...

15:03 / 12.03.2017 4213