Муҳаммад алайҳиссаломнинг азвожи мутоҳҳаралари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади«Эй Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, ма­йин сўз қилманг, яна қалбида касали бор бўлган таъма қилиб юрмасин. Сўзлаганда яхши гапдан гапиринглар.

Виқор билан уйингизда ўтиринг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Эй аҳли байт, албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди.

Ва уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг. Албатта, Аллоҳ ўта латиф ва ўта хабардор бўлган Зотдир» (Азҳоб сураси, 32–34-оятлар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун ҳам, оилалари учун ҳам жуда содда ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр қилганлар.

У Зот дабдабали ҳаёт кечириш имкони йўқлигидан эмас, ноилож қолиб ҳам эмас, агар бутун дунё бор зийнатлари билан оёқлари остида турганида ҳам, фақирона кун кўришни афзал билардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий кун кўрар, дунё ва унинг зийнатларидан ўзларини юқори тутар эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи васаллам билан бир ёстиққа бош қўйган оналаримиз эса ана шу бутун оғирликларни бўйнига олиб, ҳамма муслима аёлларга ўрнак бўлиб, ҳаёт кечирар эдилар. Улар ер юзидаги энг улуғ Зот билан бирга оила қуриб яшаётганларини жуда яхши билар эдилар.

Уларнинг уйларида инсониятга қиёматгача икки дунё саодатини кўрсатиб берувчи илоҳий дастур Қуръони Каримнинг оятлари нозил бўлиб турар эди.

Оналаримиз бошқалардан молу дунё, айшу ишратдагина эмас, масъулиятни сезишда ва охиратни бу дунёдан устун қўйишда ҳам фарқ қилишлари лозим эди.

Ушбу оятларда Аллоҳ таоло оналаримизга ана шу маънода алоҳида хитоб этади: «Эй Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, ма­йин сўз қилманг, яна қалбида касали бор бўлган таъма қилиб юрмасин. Сўзлаганда яхши гапдан гапиринглар».

Яъни эй Набийнинг аёллари! Сизларнинг бош­қа ҳамма аёллардан фарқланасиз, сизлар Пай­ғамбарнинг аёлларисиз, мўминларнинг оналарисиз, ҳамма мўминалар учун ўрнаксизлар, сизлар бу мақомга эришишларингиз учун Пай­ғамбарга жуфти ҳалол бўлганингизнинг ўзи етмайди, тақво ҳам қилишларингиз керак, деб амр этилди.

«Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг...»

Овозингизни майин, назокатли қилиб, эркак кишига таъсир этадиган ҳолатда гапирманг.

«...яна қалбида касали бор бўлган таъма қилиб юрмасин».

Мунофиқ ва иймони заифлар сизнинг ма­йин овозингизни эшитиб, фисқу фужурни бошлаб қолмасинлар.

«Сўзлаганда яхши гапдан гапиринглар».

Амри маъруф бўладиган, кишиларни тақвога, яхшиликка чақирадиган гаплардан гапиринглар.

«Виқор билан уйингизда ўтиринг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Эй аҳли байт, албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай пок­лашни хоҳлайди».

Мана шу оятда яна мўминларнинг оналарига бир неча амр йўлланмоқда:

«Виқор билан уйингизда ўтиринг».

Албатта, ўрнак бўладиган одам доимо виқорини сақламоғи лозим. Шунинг учун оналаримизга ҳам виқорларини сақлаб, уйларида ўтириш амр қилинмоқда.

Бундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари уйдан чиқишлари мумкин эмас экан, деган фикр тушунилмайди. Бу ояти карималар нозил бўлганидан кейин ҳам оналаримиз уйларидан чиққанлар. Нафақат уйдан чиққанлар, балки узоқ-узоқ сафарларга ҳам борганлар. Мисол учун Умму Салама онамиз Ҳудайбияга Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан борганлар. Оиша онамиз эса у Зот билан бирга ҳаж амалини адо этганлар.

Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам уйдан чиққанлар, сафарларга борганлар. Бу ерда, араблар одати бўйича, аёл кишининг асосий жойи уйи бўлиши кераклигига ишора қилинмоқа. Айниқса, мўминларнинг оналари бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари виқор билан уйларида ўтиришлари, сабабсиз остона ҳатлаб чиқмасликлари, бу нарса улар учун зийнат ва фазилат экани таъкидланмоқда.

«Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг».

Жоҳилият – Исломдан олдинги тузум. У вақт­да аёллар очилиб-сочилиб, ясан-тусан қилиб, эркакларнинг эътиборини ўзига тортишга интилиб яшар эдилар. Ўзларини бозорга солиб, таналарини ва зебу зийнатларини кўз-кўз қилар эдилар. Бундай очилиб-сочилиб юриш «табарруж» дейилади.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза аёлларини жоҳилият тузумининг хотинлари каби очиқ-сочиқ юрмасликка амр этмоқда.

Бу амр ҳар бир муслима аёлга тегишли.

«Намозни тўкис адо этинг...»

Намозни тўкис адо этиш энг зарур амаллардан биридир. Айниқса, аёл кишилар учун яна ҳам аҳамиятли. Чунки фарзандлар доимо улар билан бўлади. Аёлнинг намозни тўкис адо этиши бола тарбиясига сўзсиз таъсир қилади.

«...закот беринг...»

Аёлларнинг молиявий ибодатга алоҳида эътибор билан қарашлари лозимлигини шу оятдан билиб оламиз. Одат бўйича, молиявий ибодатлар эркакларнинг ишига ўхшаб қолган. Лекин Аллоҳ таоло аёл кишига ҳам эркак киши билан тенг мол-дунё касб қилишига изн берганидан кейин, улардан молиявий ибодатни ўз ўрнида адо этишларини ҳам талаб этади.

«...Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг».

Бу ҳамма амру фармонларнинг жамловчисидир. Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат қилиш доирасига юқорида зикр этилган ва зикр этилмай қолган бошқа ишлар ҳам киради. Ҳар бир мўмин ва мўмина Аллоҳга ва Унинг Расулига тўла итоат қилмагунича комиллик касб этмайди. Уларга айни комилликдан дарс берувчи зотлар эса, мўминларнинг оналари – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари бўлмоқлари лозим. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ёстиққа бош қўйиб яшаётган аёллар, уйларида Қуръон оятлари тушиб турган бандалар Аллоҳга ва Унинг Расулига биринчи бўлиб итоат қилмасалар, ким қилар эди!

«Эй аҳли байт, албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди!»

Бу жумладаги «кир», албатта, маънавиятга тегишлидир, яъни гуноҳлар ва бошқа маънавий доғлар тушунилади. «Аҳли байт» – хонадон аҳллари.

Шийъа мазҳабидагилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари деб Ҳазрати Али, Фотима онамиз ва уларнинг фарзандларинигина назарда тутадилар.

Аммо аҳли сунна вал жамоа уламолари ушбу ояти каримани далил қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳаралари ҳам аҳли байтга киришларини айтадилар.

Бу мақом улар учун катта бахтдир. «Аҳли байт» дейилишининг ўзи – катта гап. Чунки бу ибора улардан бошқага ишлатилмайди. Аҳли байт деганда фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадон аҳллари тушунилади, холос.

Ўша аҳли байтдан кирларни кетказишни, ўша аҳли байтни бутунлай поклашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олмоқда.

Лекин, аввало, уларни одобли, ахлоқли бўлишга, уйларида виқор билан ўтиришга, жоҳилият очиқ-сочиқлигидан узоқ туришга, нозу карашма билан гапирмасликка, намоз ўқиб, закот беришга ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишга амр этмоқда ва шундан сўнггина улардан кирни кетказиб, бутунлай поклашга ваъда бермоқда.

Демак, Расулуллоҳга аҳли байт бўлишнинг ўзигина Аллоҳнинг уларни бутунлай поклаши учун етарли эмас. Аввало, улар иймон-эътиқодда ва ибодату амалда ўрнак бўлмоқлари зарур. Ана шундагина Аллоҳ таоло уларнинг кирларини кетказиб, бутунлай поклайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига муносабат шунчалик экан, энди бош­қалар ўзлари тушуниб олаверсалар бўлади.

Аллоҳ таоло Ислом жамиятининг жавҳари ҳисобланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан кирни кетказишни, уларни бутунлай поклашни хоҳлайди, аммо аввал аҳли байт­ни иймон ва амалга чақиради.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳараларига қаратилган нидосини қуйидаги оят билан якунлайди:

«Ва уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг. Албатта, Аллоҳ ўта латиф ва ўта хабардор бўлган Зотдир».

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига улар яшаб турган уйлар оддий уй эмас, Аллоҳнинг оятлари нозил бўлиб, тиловат қилиниб турган манзил эканини эслатмоқда.

Улар яшаб турган уйлар оддий уй эмас, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари жорий этилиб, ҳадислари сўзланиб турган табаррук манзил эканини эслатмоқда.

Айни чоғда, улар уйларида тиловат этилаётган Қуръон оятларию Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳикматли ҳадисларини унутмасликка, уларни англаб, ўрганиб, сўнг амал қилишга буюрилмоқдалар.

«Албатта, Аллоҳ ўта латиф ва ўта хабардор бўлган Зотдир».

Биз «латиф» деганда «лутфли», «марҳаматли» маъноларини тушунамиз. Аслида «латиф» дегани «ҳар бир нарсанинг ўта нозик жойларигача яхши билувчи» маъносини англатади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳараларига нидодан сўнг, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳар бир нарсани энг нозик жойигача яхши билувчи, ҳар бир нарсадан ўта хабардор Зот эканини айтиш билан ана ўша айтилган амрларга амал қиласизларми, йўқми – ҳаммасини билиб туради, деб огоҳлантирмоқда.

Исломда оила масаласига алоҳида эътибор билан қаралиши маълум. Чунки оила ҳар бир жамиятнинг ўзаги ҳисобланади. Ўзаги мустаҳкам жамиятнинг ўзи ҳам мустаҳкам бўлади.

Қолаверса, Қуръон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига алоҳида эътибор беришида ҳам катта ҳикмат бор. Чунки Ислом жамиятининг ўзаги мусулмон оилалари бўлса, мусулмон оилаларнинг ўзаги бу муборак оиладир.

Исломий оила қандай бўлади? Исломий оилада ўзаро муносабатлар қандай бўлиши керак? Шу каби кўплаб саволларга айнан мана шу муборак оила жавоб ва ўрнак бўлиши мумкин.

Бу хусусда мулоҳазалар жуда ҳам кўп. Лекин нима учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳараларига бунчалик жиддий эътибор берилмоқда? Ҳолбуки, душманлар Ислом аёллар масаласига унчалик эътибор бермайди, аёл киши мислсиз жабр-ситам остида қолган, деб айблаб келмоқдалар-ку!

Аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига Қуръони Каримда бунчалик катта эътибор берилишининг ўзи душманларнинг гаплари беҳуда эканига ёрқин далилдир.

Қолаверса, бу масалада анчагина гаплар бор. Аллоҳ таоло ер юзига Ислом нурини юбора бошлаган вақтда бутун дунё жаҳолат ботқоғига ботган эди. Чор атрофда жоҳиллик, адолатсизлик, зулм ва жабру ситам ҳукм сурарди. Айниқса, аёлларга тегишли масалаларда бу ишлар авж олиб, энг чўққисига чиққан эди. Ҳатто аёлни одам ўрнида кўрмайдиган тоифалар бор эди. Масалан, насоролар оламида алоҳида йиғилиш ўтказилиб, ўша вақтдаги раҳнамолар томонидан «Аёл эркакни йўлдан уриш учун яратилган шайтондир, унга кўзи тушган одам ҳам гуноҳкор бўлади, аёл ҳавони булғатмаслиги учун оғзига тўсиқ тутиб юриши керак», деган қарорлар қабул қилинган эди.

Аҳли китобки шу тўхтамга келса, бошқа тоифаларни қўйиб турса ҳам бўлади. Жоҳилият тузумида аёлга дунёнинг матоҳи сифатида қараларди. У эркак кишига матоҳ эди гўё. У эркак кишининг шаҳвати учун керак эди. Жинсий алоқаларда ким нимани хоҳласа, шуни қиларди. Оила масаласи жуда оғир аҳволда эди. Аёл кишини молу мулкка қўшиб, мерос қилиб олиш оддий ҳол эди. Аёлга қилинган паст муносабатлар, унга етказилган турли зулмлар мисолини бошқа сура ва оятларда ҳам кўриш мумкин.

Ислом дини мукаммал илоҳий тузум ўлароқ, дунё­даги мавжуд барча нуқсонларни, жумладан, инсониятнинг нафис бўлаги саналмиш аёлларга муносабатдаги мавжуд нуқсонларни ҳам тузатишга киришди. Аёлга тўлақонли инсон сифатида қараш масаласини ўртага қўйди. Аёлларга қилинаётган зулм, жабр ва ситамни кесишга киришди. Шу билан бирга, исломий қонун-қоидаларни, ахлоқ-одобларни, тасаввур ва маданиятни жорий қила бошлади. Ўша вақт­да аёлларга етказилаётган зулмнинг чеки йўқ эди. Шу туфайли ҳам Ислом дини уларга катта эътибор берди.

Қуръони Каримнинг узун сураларидан бири «Нисо» («Аёллар») деб аталиши ҳам бежиз эмас. Бошқа бир сура эса «Мужодала» («Тортишувчи аёл») деб номланади.

Уламоларимиз Талоқ сурасини «Кичик Нисо», дейишади.

Қуръони Каримнинг бошқа сураларида ҳам аёллар масаласига алоҳида эътибор берилганини кўрамиз. Нур сураси бунинг ёрқин мисолидир. Қолаверса,ҳозир бизўрганаётган Аҳзоб сураси ҳам шулар жумласига киради.

Аёлларга бўлган эътиборнинг тасдиғи ўлароқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматига қилган оммавий ваъз-насиҳатларидан таш­қари, яна аёллар учун алоҳида мажлислар ҳам ўтказиб турардилар.

Шу билан бирга, мазкур оятларни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, шариат аҳкомларини муслима аёлларга ўзига хос услуб билан етказадиган, хусусан, аёлларнинг ўзларигагина хос бўлган масалаларни тушунтириб берадиган муаллималар керак эди.

Бу вазифани фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларигина бажаришлари мумкин эди. Шунинг учун ҳам юқорида келган оятларда уларга алоҳида эътибор билан қаралиб, алоҳида талаблар қўйилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари кўп бўлгани ҳам, асосан, шу эътибордандир. Чунки бундай улкан масъулият – Ислом уммати аёлларига Қуръони Карим, суннати набавия таълимотларини, шариат аҳкомларини етказиш битта ёки тўртта аёлнинг қўлидан келадиган иш эмас эди.

Аллоҳ таоло яна айтади:

«Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир».

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у Зотнинг азвожи мутоҳҳараларининг мўмин-мусулмонларга нисбатан тутган ўринлари ва қадр-қийматларини белгилаб бермоқда.

«Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир».

Яъни Пайғамбарнинг мўминлар учун тутган ўрни шунчалик улуғки, у асраб олган отадан ҳам, сулбий падаридан ҳам, ҳатто ҳар бир мўминнинг ўз нафсидан ҳам юқори даражададир.

У Зотнинг бу даражаси доимий ва боқийдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир нарсада мўминлар учун ҳаммадан, ҳатто ўзларидан ҳам устун мақомдадир.

Бу ғоятда олий мақомдир.

Бу мақом дунёда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа инсонга берилмаган мақомдир.

Бу мақомнинг улуғлигини янада чуқурроқ тушунишимиз учун ҳадиси шарифларга мурожаат этамиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Менинг нафсим қудрат қўлида бўлган Зот билан қасамки, сизлардан бирортангиз мен то унга ўзидан, молу дунёсидан, боласидан ва барча одамлардан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди». Имом Бухорий ривоят қилган.

Имом Бухорий ривоят қилган яна бошқа бир ҳадисда айтилади: «Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, эй Умар! Токи мени ўзингдан ҳам маҳбуброқ кўрмагунингча, бўлмайди», дедилар.

Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, албатта, сиз мен учун ҳамма нарсадан, ҳатто ўзимдан ҳам маҳбубсиз», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана, энди бўлди, эй Умар», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларга уларнинг ўзларидан ҳам ҳақлироқ эканликлари фақат у Зоти бобаракотнинг шахс­лари билан чегараланмайди, балки у Зот келтирган таълимотлар ҳам мўминлар учун ҳамма нарсадан устун туриши лозим.

У Зоти бобаракот ҳадисларидан бирида: «Сизлардан бирортангиз токи унинг ҳавои нафси мен келтирган нарсага эргашмагунича, мўмин бўла олмайди», деганлар.

Мусулмон киши эргашадиган таълимот, ҳаётнинг қайси соҳасида бўлишидан қатъи назар, Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган Қуръон ва суннатдир.

Бу ояти каримага тааллуқли ривоятлардан бирида Имом Бухорий улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бундай деганларини ҳикоя қилади:

«Ҳеч бир мўмин йўқки, мен унинг учун бу дунё ва охиратда одамларнинг энг ҳақдори бўлмасам, агар истасангиз, «Пайғамбар мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир» оятини ўқинглар. Бас, қайси бир мўмин ўзидан кейин мол-мулк, мерос қолдирса, уни қариндошлари олсин. Агар қарз ёки зое бўлган болалар қолдирса, эгаси менга келсин, мен унинг мавлосиман».

Яъни вафот этган ўша мўминнинг қарзини мен тўлайман, етим қолган болаларига қарайман, демоқдалар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларга нисбатан мақомларини баён қилиш муносабати билан у Зотнинг аёллари ҳам мўминлар учун қайси мақомда туришлари айтилмоқда.

«Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир».

Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари мўминларнинг оналаридир.

Улар мўминларга руҳий-маънавий она мақомидалар. Мўминлар оналарини қандай ҳурмат-эҳтиром қилсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларини ҳам шундай эҳтиром қиладилар. Насабий оналарининг никоҳи уларга ҳаром бўлганидек, бу оналарнинг никоҳи ҳам ҳаром бўлади. Бошқа ишлар ва ҳукмлар ҳам шунга ўхшаш.

Худди мана шу ояти карима нозил бўлгандан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳаралари «мўминларнинг оналари» деган номни олдилар ва Ислом жамиятида уларнинг обрў-эътиборлари аввалгидан ҳам ўсди.

Аллоҳ таоло Ўзининг илоҳий каломида шунчалар олий мақомга кўтариб қўйгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳараларининг мақомлари жуда ҳам улуғ бўлади. Уларни эъзозлаш ва ҳурматлаш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчи бўлади.

Мавзуга оид мақолалар
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз. Ундан ёрдам сўраймиз. Нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг давоми...

22:59 / 04.12.2016 4451
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа онамиз билан неча йил бирга яшаганлар            Жавоб Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа онамиз билан 25 йил яшаганлар.

03:53 / 01.12.2017 2109
  Бўя ва идрок қил

12:11 / 21.09.2017 20261