Илоҳий китобларга иймон келтириш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илоҳий китобларга иймон келтириш Ислом ақидаси арконларидан биридир. Ушбу ақидасиз ҳам иймонли бўлиш мумкин эмас. Илоҳий китобларга иймон келтиришнинг маъноси ўша китобларнинг Аллоҳнинг каломидан иборат эканига ишонмоқдир.

Бунга Қуръони Каримда ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида далиллар кўп.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Пайғамбар унга ўз Роббисидан туширилган нарсага иймон келтирди, мўминлар ҳам. Барча, Аллоҳга ва унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига иймон келтирди», деган(Бақара: 285).

Биз Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига, китоблар туширганига умумий иймон келтирамиз. У китобларнинг ҳақиқий сони ва исмларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда баъзи илоҳий китобларнинг номини айтган.

I. Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифалари.

Иброҳим алайҳиссаломга туширилган ваҳийлар тўплами «Саҳифалар» дейилган, уламоларимизнинг айтишларича, улар маълум варақлар бўлиб, китоб даражасига етмаган.

Аллоҳ таоло «Аълаа» сурасида хабар бериб:

«Албатта, бу аввалги саҳифаларда бордир. Иброҳим ва Мусо саҳифаларидадир», деган (18-19-оятлар).

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади:

«...Эй, Аллоҳнинг Расули, Сизга Аллоҳ Иброҳим ва Мусо саҳифаларидаги нарсадан ҳам бирор нарса туширдими?»–деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Зарр «...Инна ҳаза лафис суҳуфил уула, суҳуфи Иброҳима ва Муса»ни ўқи»,–дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, Иброҳимнинг саҳифаларида нима бўлган?»–дедим.

«Барчаси зарбулмасал бўлган... Оқил киши замонини таниган бўлмоғи, тилини тиймоғлиги шарт. Кимки каломини амалидан ҳисобласа, каломи оз бўлади»,–дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, Мусонинг саҳифаларида нималар бўлган?»–деб сўрадим.

«Ҳаммаси ибрат бўлган, қазои қадарга ишониб туриб ғазабланган одамдан, охиратда ҳисоб-китоб бўлишини билиб туриб, амал қилмаган одамдан ажабланаман»,–дедилар».

Мўмин-мусулмон одам Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга саҳифалар нозил қилганига жазм ила иймон келтириши лозим.

II. Забур.

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга «Забур»ни нозил қилган. Забурнинг луғавий маъноси–«мактуб», яъни ёзилган деганидир.

«Батаҳқиқ, Биз зикрдан сўнг Забурда ҳам: «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик» (Анбиё: 105).

Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «зикр» ва «ер» сўзларидан кўзланган мақсад ҳақида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилари, «зикр»дан мурод Тавротдир, шунга кўра, оятнинг маъноси:

«Батаҳқиқ, Биз Тавротдан сўнг Забурда ҳам: «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик» бўлади, дейдилар.

Бошқалари эса, «зикр»дан мурод – Лавҳул Маҳфуз, бинобарин, аввал ўша маънони Лавҳул Маҳфузга ёзиб, кейин Забурга ҳам ёзган эдик, маъноси чиқади, деганлар.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда қуйидагиларни айтади:

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Асбот, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонларга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» («Нисо»: 163).

Аллоҳ таолодан Забур берилиб, пайғамбар бўлган вақтларида Довуд алайҳиссаломнинг ёшлари қирқда эди, дейдилар тарихчилар. Забур тўрт илоҳий китобнинг бири экани ҳаммага маълум. Унда мавъизалар, ибратлар, кўнгилни юмшатадиган ва зикр қилинадиган нарсалар бўлган.

Довуд алайҳиссаломнинг овозлари жуда ҳам ширали бўлган. Яхши овозлар У зотнинг овозларига ўхшатилиши ҳамма халқлар одатига айланган. Довуд алайҳиссалом Забурни тиловат қилганларида осмондаги қушлар ҳам тўхтаб қолар экан. Ҳозирда аҳли Забур қолмаган.

Мўмин-мусулмон одам Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга Забур номли китобни нозил қилганига жазм ила иймон келтириши лозим.

III. Таврот.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга «Таврот»ни нозил қилган. Таврот сўзи иброний тилида «таълим» ёки «шариат» маъносини англатади.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор», деган (44-оят).

Тавротни ҳам илоҳий китоб сифатида Аллоҳ нозил қилган. Унда одамларга ҳидоят ва икки дунё саодати йўлини кўрсатувчи нур бор. Унга амал қилувчилар ақийда, ибодат бобидаги ҳидоят ва йўл-йўриқларни ўша Тавротдан оладилар. Шу билан бирга, Таврот фақат ахлоқ-одоб ва баъзи диний маросимларнинг мажмуаси эмас. Унда кишилар ҳаётини бошқариб турувчи таълимотлар, ҳукмлар бор.

Аммо ушбу оятда зикр қилинган Таврот йўқолган. Унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди.

Ҳозирда яҳудийларнинг қўлида бор нарса «Эски аҳд» деб номланади. У эса тўқсон тўққизта сифрдан иборат. У уч қисмга: Таврот, Анбиё ва Китобларга бўлинади.

Таврот Мусо алайҳиссаломнинг беш китобидир. Улар: Таквийн, Хуруж, Ловюун, Адад ва Тасниялар.

Анбиё икки қисмга бўлинади: Аввалгилар ва охиргилар.

Китоблар: Мазомийр, Амсол, Айюб ва бошқалардан иборат.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида яҳудийлар томонидан илоҳий калом бузилганлиги хабарини бериб қўйган: «Уларнинг иймон келтиришларини тамаъ қиласизларми? Ва ҳолбуки, улардан бир гуруҳлари Аллоҳнинг каломини эшитар эдилар ва сўнгра, уни тушунганларидан кейин, билиб туриб бузар эдилар» (75-оят).

Бу ояти каримада мусулмонларга қилинаётган хитоб ўша пайтда баъзи ихлосли мўминлар, яҳудийлар иймонга келиб қолсалар керак, деган орзуда бўлганларини кўрсатади. Албатта, уларнинг бундоқ тамаъ қилишларига асос бор эди. Улар билан Мадийнада бирга яшаб келаётган яҳудийлар, илоҳий китобга эга халқ сифатида, яқинда охирзамон Пайғамбари чиқиши, улар ул Пайғамбарга биринчи бўлиб иймон келтиришлари ҳақида тинмай гапирар эдилар. Арабларнинг кўплари яҳудийлардан васфини эшитган Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан иймонга келдилар. Энди эса яҳудийларнинг ўзлари ҳам иймонга келишини тамаъ қилишаётган эдилар. Аллоҳ таоло оятнинг аввалида уларнинг мазкур ҳолатларини васф этиб:

«Уларнинг иймон келтиришларини тамаъ қиласизларми?» – демоқда.

Яъни Эй мусулмонлар, сизлар, яҳудийларнинг иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлишларидан умидвор бўляпсизларми?

Агар сизларда шундоқ умидворлик ҳақиқатда бўлса, билиб қўйингки, иш сиз ўйлагандек эмас, ҳол бошқача.

«Ва ҳолбуки, улардан бир гуруҳлари Аллоҳнинг каломини эшитар эдилар ва сўнгра, уни тушунганларидан кейин, билиб туриб, бузар эдилар».

Бундай одамларнинг иймон келтиришларига умид қилиб бўлмайди. Чунки иймон ўзига яраша поклик, мусаффолик, нурни қабул қилиб олишга истеъдод талаб қилади. Аммо яҳудийларда бу нарсага яқинлик ҳеч сезилмаяпти. Уларнинг энг яхши вакиллари бўлмиш диний олимларики Аллоҳнинг каломини эшитиб, уни тушуниб етгандан сўнг, билиб туриб бузсалар, қолганлари нима ҳам қилар эди.

Таврот бузилганлигини бошқа дин вакиллари ҳам, ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлаган. 

Машҳур француз табиби Морис Букай ўзининг дунёга донғи кетган китоби «Таврот, Инжил, Қуръон ва илм»да, жумладан, Тавротнинг одамлар томонидан бузилганлиги ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Мана шулардан «Эски аҳд»га инсон ўзидан қўшган нарсалар қанчалар катта ҳажмда экани билиб олинади. Бу билан ўқувчи кўчиришлар ва таржималар асносида «Эски аҳд»га нималар етганини билиб олиши осон. Мазкур тузатишлар икки минг йил давом этган.

Таквийн сифрида ҳозирги замон илмига нисбатан энг кўп қарама–қаршиликлар тўпланган. Биз улардан учтасини айтиб ўтамиз.

1. Оламнинг яратилиши ва унинг босқичлари.

2. Одамнинг яратилиши тарихи ва инсоннинг ер юзида пайдо бўлиши тарихи.

3. Тўфон ривояти.

Мен яҳудийлар ибодатхонасида ўн саккиз йил раввин бўлиб ишлаган жаноб билан уларнинг ибодатхонаси ичида кўпчиликнинг гувоҳлигида баҳс олиб бордим. Жаноб раввин бизга ўзлари ўқийдиган Тавротни олиб келиб кўрсатди. Кейин, илтимосимга биноан, тўғри келган бир оятни ўқиб, таржима қилиб берди. Унда «Аллоҳ Мусога Бани Исроилнинг тадбирини кўриб, ишини тўғрила, деди» деган маъно бор эди.

Сўнгра, орамизда қуйидаги савол-жавоб бўлиб ўтди. Мен сўрадим. Раввин жаноблари жавоб берди.

— Қўлингиздаги Мусо алайҳиссаломга нозил бўлган Тавротнинг ўзими?

— Йўқ. Мусога Аллоҳ матнни ўз қўли билан тош лавҳаларнинг икки тарафига ёзиб берган.

— Унда Тавротнинг асл нусхаси кўп турмаган экан-да?

— Ярим кун турган. Мусо Худонинг олдидан қайтиб келганда Бани Исроилнинг олтин бузоққа ибодат қилаётганини кўриб, қўлидаги тошларни ерга уриб синдирган.

— Кейин нима бўлган?

— Мусо Худонинг олдига яна қайтиб борганда, тошнинг бир тарафига ёзиб берган ва уни олиб келиб сандиққа солиб қўйган.

— Сизнинг қўлингиздаги Таврот ўшандан кўчирилган нусхами?

— Йўқ. Бу бошқа нарса. Бу, Мусодан икки минг йил кейин ёзилган нусха.

— Унгача нима бўлган?

–Унгача Мусонинг даврида ёзилган нусха бўлган. У йўқолгандан кейин, буни худди ўшанга ўхшатиб ёзилган.

–Ўша дастлабки нусхадан таржимами бу?

–Йўқ. Тил бир. Аммо ҳарфлар бошқа. Шундоқ бўлса ҳам, маъноси сақланиб қолган.

— Қўлингиздаги Тавротнинг ўзими ёки бошқа нарса ҳам борми?

— Тавротнинг ўзи. Бешта китобдан иборат.

— Шунча нарсани тошга ёзиб, сандиққа солиб қўйса бўладими?

— Мумкин эмас.

— Худо қўли билан тошга ёзиб берганда Мусо алайҳиссалом сандиққа солиб қўйган эканлар-у?

— Йўқ. Тошга ёзилган нарса нималигини биров билмайди.

— Унда Таврот қани?

— Тавротни Мусо ўзи ёзган. Худо унга ёзишни буюрган. У ўз ўлимини ҳам ёзган.

— Қандоқ қилиб ўзининг ўлимини ўзи ёзиш мумкин?

— Худо амр қилган, сўнгра бўлган.

—   Сиз бизга ўқиб таржима қилиб берган матнда «Аллоҳ Мусога Бани Исроилнинг тадбирини кўриб, ишини тўғрила, деди» деган маъно бор эди. Мусо алайҳиссалом ўзлари ҳақида ўзлари шундай ёзишлари мумкинми?

–Бу буюк савол. Унга Тавротни шарҳ қилганлар ҳам жавоб топа олмаганлар».

Бу суҳбатга изоҳ беришни лозим топмадим. Муҳтарам ўқувчининг ўзи хулоса чиқариб олар, деган умиддаман.

IV. Инжил.

Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга «Инжил»ни нозил қилган. Инжил юнонча лафз бўлиб, «башорат» маъносини билдиради.

Ийсо алайҳиссалом ўттиз ёшга етганларида у зотни Аллоҳ таоло Пайғамбар қилиб юборди. Ийсо алайҳиссаломнинг Пайғамбар этиб юборилишлари ва ўшанда у зотнинг ўз қавмларига айтган гаплари ҳақида бир қанча ояти карималар келган. Шулардан баъзиларини ўрганамиз:

«Уларнинг изларидан Ийсо ибн Марямни ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи қилиб юбордик. Унга Инжилни бердик. Унда ҳидоят ва нур бор. У, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлагувчидир. У тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир» (Моида: 46).

Аллоҳ таоло, яҳудийларнинг пайғамбарлари изидан Ийсо ибн Марямни Пайғамбар қилиб юбордик, дейди. Ийсо ибн Марям алайҳиссалом ўзларидан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлиб келганлар. Аллоҳ таоло у зотга Инжил китобини берган.

«Унда ҳидоят ва нур бор.»

Инжилда ҳам кишиларга тўғри йўлни кўрсатувчи ҳидоят ва уларга икки дунё саодат йўлларини ёритувчи нур бор.

«У ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчидир.»

Яъни Инжил Таврот шариатига баъзи ўзгаришлар киритган, холос. Шу билан бирга:

«У тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир».

Ҳа, илоҳий китоблардаги ҳидоятдан манфаат топиш учун тақволи бўлиш керак.

Бу китоблардаги ҳидоят ва нурнинг фойдаси тақвоси борларга тегади. Тақводан холи, ғафлат босган қалбларга эса бу нур ва ҳидоят кириб бормайди. Аллоҳ туширган китобда ҳидоят мавжудлиги аниқ, нур мавжудлиги аниқ, энди ўша ҳидоят ва нурдан манфаат топиш учун очиқ-ҳассос қалб керак. Таъсирчан қалб керак. Моғор босиб, тошга, кесакка айланган қалб керак эмас.

«Зухруф» сурасидаги қуйидаги оятлардан ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг янги Пайғамбар бўлиб борган чоғларида ўз қавмларига айтган гапларидан намуна келган:

«Ийсо очиқ-ойдин ҳужжат-мўъжизалар билан келган чоғида: «Батаҳқиқ, мен сизга ҳикматни келтирдим ва баъзи сиз ихтилоф қилаётган нарсаларни баён қилиш учун келдим. Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар.

Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир», – деди» (63-64-оятлар).

Ийсо алайҳиссалом қавмларига Аллоҳнинг ваҳдониятига ва ўзларининг ҳақ Пайғамбар эканликларига далолат қилувчи очиқ-ойдин оятлар, гап-сўзлар ва очиқ-ойдин мўъжизалар билан келдилар. У зот ўз қавмларига ўша пайт:

«Батаҳқиқ, мен сизга ҳикматни келтирдим...» – дедилар.

Ҳикмат улуғ неъматдир. Ҳикмат пайғамбарликдир. Яна Ийсо алайҳиссалом қавмларига:

«...ва баъзи сиз ихтилоф қилаётган нарсаларни баён қилиш учун келдим»,–дедилар.

Чунки, у қавм Мусо алайҳиссалом шариатлари ҳақида кўпдан-кўп ихтилофга тушган, ҳар хил мазҳаб ва фирқаларга бўлиниб кетган эди. Ийсо алайҳиссалом уларга ўша ихтилофлар ҳақидаги ҳукмни баён қилиб бердилар. Ва:

«Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар»,–дедилар.

Аллоҳга тақво қилмаслик оқибатида мазкур ихтилофлар келиб чиққан эди. Пайғамбарга итоат этмаслик оқибатида мазкур ихтилофлар келиб чиққан эди. Бас, энди у ихтилофларни йиғиштириб, Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг, ана шунда иш яхши бўлади.

«Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир.»

Демак, Ийсо алайҳиссалом қавмларига: «Аллоҳ менинг Роббим», деганлар. Аллоҳ менинг отам, деган эмаслар. Демак, Аллоҳ таоло бошқа бандаларга Робб бўлгани каби, Ийсо алайҳиссаломга ҳам Роббдир. Бу ҳақда ортиқча гап беҳуда.

«Бас, Унга ибодат қилинг.»

Демак, Ийсо алайҳиссалом менга ибодат этинг, деган эмаслар, айнан Аллоҳга ибодат қилинг, деганлар. Кимки, бошқа гап айтса, ёлғон айтибди.

У кишининг ўзлари ҳам:

«Мана шу тўғри йўлдир»,–деди».

Яъни Аллоҳга ибодат қилишлик тўғри йўлдир, дедилар. Лекин у кишининг қавмлари бу кўрсатмага амал қилмадилар.

«Саф» сурасида эса Ийсо алайҳиссалом ўз вазифаларидан яна бошқаларини баён қиладилар:

«Ийсо ибн Марям: «Эй, Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла. Қачонки, у(Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дедилар» (6-оят).

Ушбу оятда Ийсо алайҳиссаломнинг ўз умматларига айтган сўзлари муҳим гаплар бўлиб, диний таълимотлардаги улкан масалаларни ўз ичига олади.

«Ийсо ибн Марям: «Эй, Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла».

Биринчи масала: «Ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш учун» келганман, демоқдалар.

Масиҳий дини китобларида ҳам Ийсо алайҳиссалом тилидан: «Мен номусни йўқ қилиш учун эмас, балки тўлдириш учунгина келдим», дейилган экан.

Иккинчи масала: «...ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун...» келганман, демоқдалар.

Аҳмад Пайғамбаримизнинг исмларидир. Аҳмад, Муҳаммад ва Маҳмуд исмлари Пайғамбаримизга ном бўлиб, арабча шукр, мақтов маъносини англатувчи «ҳамд» сўзидан олингандир.

Ийсо алайҳиссаломнинг ушбу башоратлари Инжилда ҳам келган. Юҳанно Инжилида: «Агар менга муҳаббат қилсаларингиз, васиятларимни тутинглар. Мен отадан сизлар билан абадий собит бўлиш учун форқилатни талаб қиламан», дейилган.

Лекин замон ўтиши билан роҳиблар кейинги нашрларда бу сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатадиган бўлишган.

Замондошларимиздан устоз Аҳмад Нажжор ғарб олимларидан бири доктор Карлу Нилинудан: «Форқилат»нинг маъноси нима?–деб сўрасалар, у киши: «Роҳиблар «мъази» деб айтишади»,–дебди.

Шунда устоз Нажжор: «Мен роҳибдан эмас, балки юнон тили фан доктори Карлу Нилинудан сўраяпман»,–деб рад қилибдилар. Фақат шу гапдан кейингина ажнабий доктор: «Бу сўзнинг асл маъноси «кўп шукр»–ҳамд»,–дебди.

Сўнгра, устоз Нажжор «Арабча «ҳамд» сўзининг «Аҳмад» шаклида ишлатилишига тўғри келадими?»–десалар, доктор Карлу: «Ҳа»,–деб жавоб қилибди.

Лекин шунчалик башоратлар бўлса ҳам, «Аҳмад», яъни Муҳаммад алайҳиссалом ҳақ дин билан Пайғамбар бўлиб келганларида, улар иймон келтирмадилар. У кишига чексиз ҳурматсизлик ва душманликлар қилдилар. У Зотнинг пайғамбарликларини сеҳр ва ўзларини сеҳргар дедилар.

Учинчи масала: Ийсо алайҳиссалом ўз тиллари билан: «Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», демоқдалар, худоман ёки худонинг ўғлиман, деганлари йўқ. Ийсо алайҳиссаломга келган масиҳий динига эътиқод қилувчи кишиларнинг ҳозирги ақидаси бўйича у зот худо ёки худонинг ўғли ҳисобланади. Бу эса мутлақо хато ва адашувдир.

Биз мусулмонлар Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга «Инжил» номли китоб нозил қилганига иймон келтирамиз. Бусиз иймонимиз бутун бўлмайди.

Лекин ўша илоҳий китобнинг асли ҳозир йўқ.

Чунки Ийсо алайҳиссаломнинг вақтларида инжил китоб шаклида бўлмаган. Ҳеч ким ҳеч нарсани ёзмаган. У зотдан кейин баъзи кишилар ўзлари китоб ёзиб, «Мана шу Инжил, менга ваҳий қилинди. Мен ёзиб олдим», деб чиқдилар. Аста-секин инжил «ваҳий қилинганлар» кўпайиб бораверди. Охири бориб уларнинг сони кўпайиб кетди. Уларнинг ҳар бири ўзининг инжили ҳақ эканини даъво қилар эди. Орада гап-сўз, олди-қочди кўпайиб, ихтилофлар кучайди.

Шунда император Константин 325 мелодий санада Ниқияда (Nicea) катта мажлис чақирди. Бу мажлисда икки минг қирқ саккизта патриарх ва митрополит қатнашди. Сўнгра турли жамоалардан икки мингдан ортиқ руҳоний ўнлаб инжилларни кўтариб келдилар. Император мажлис аҳли олдига мавжуд инжиллардан энг ишончлисини танлаб олиш вазифасини қўйди. Улар узоқ талашиб-тортишганларидан кейин тўрт дона инжилни танладилар.

Ҳозирда насоролар эътиқод ва амал қиладиган инжиллар ана ўша тўрт инжилдир.

1. Мутто инжили.

Бу инжил энг қадимги инжил ҳисобланади. У Ийсо алайҳиссаломдан тўрт йил кейин ёзилган. У иброний тилда ёзилган эди. Аммо ўша асл нусха ҳам йўқ. Ҳозиргиси эса ўшанинг таржимаси. Лекин таржимон ҳам, у қайси матндан таржима қилгани ҳам ҳозиргача маълум эмас.

Бунинг устига, бу инжилнинг муаллифи Мутто Ийсо алайҳиссаломнинг ҳаворийларидан эмасди. Кейинроқ уни хоин Яҳузонинг ўрнига сайлашган эдилар.

Ана шундоқ тарихга эга ёзувни муқаддас китоб эмас, оддий ишончли китоб, деб бўладими?

2. Маркос инжили.

Бу инжил юнон тилида Ийсо алайҳиссаломдан йигирма уч йил кейин ёзилгани аниқ. Аммо уни ким ёзгани ноаниқ. Баъзи насоролар, уни Пётр ёзган, дейдилар. Бошқалари эса, уни Пётрнинг ўлимидан кейин Маркос ёзган, дейдилар.

Бу инжилни нима дейиш мумкин? Йигирма уч йилдан сўнг, Масийҳ алайҳиссалом гапирмаган тилда ёзилган, ким ёзгани аниқмас китоб, муқаддас китоб бўла оладими?

3. Лука инжили.

Бу китоб Масийҳ алайҳиссаломдан йигирма йил кейин ёзилган. Лука у зотнинг шогирдларидан эмас. У Полнинг шогирди. Унинг устози ҳам Ийсо алайҳиссаломни кўрган эмас. Бунинг устига Пол насороликка душман бўлган яҳудийлардан экан. Шунинг учун ҳийла билан насороликка қарши кўп бузғунчиликлар қилган экан.

Бундоқ китобни «муқаддас китоб» дейиш мумкинми?

4. Юҳанно инжили.

Бу инжил Ийсо алайҳиссаломдан ўттиз икки йил кейин ёзилган. Баъзи насоро тоифалари уни Ийсо алайҳиссаломнинг шогирдларидан бири Юҳанно ибн Забдий ёзган, дейдилар.

Беш юзта таниқли насоро олимлари иштирокида ёзилган Британия энциклопедияси бу китобни, «қалбаки» деган экан.

V. Қуръон.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «Қуръон» туширилган. Қуръон лафзининг луғавий маъноси «ўқиш» дегани.

Ҳозирги кунда бузилмай, ўзгариш киритилмай қолган ҳақиқий, бирдан-бир илоҳий китоб Қуръони Каримдир.

Қуръонни уламоларимиз қуйидагича таърифлайдилар:

«Қуръон–Аллоҳнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга туширган, тиловати ибодат ҳисобланадиган, ожиз қолдирувчи каломидир».

Инсу жин, бутун дунё бир бўлса ҳам, Қуръонга ўхшаш калом келтира олмайди. Биз Қуръони Каримнинг маъноси ҳам, лафзи ҳам, расми ҳам Аллоҳдан, деб эътиқод қиламиз.

Қуръони Карим ўзидан олдинги илоҳий китобларни насх – бекор қилгандир. Қуръони Карим келгандан кейин бошқа илоҳий китобларга амал қилиш тўхтаган.

Қуръондаги барча нарса ҳақдир, улардан бирортасига шак келтирган киши кофир бўлади. Ундаги бирор ҳарф ўзгармаган, алмашмаган. Қуръони Карим ўзидан аввалги барча илоҳий китоблардаги ҳақиқатларни ўзида мужассамлаштирган.

Мўмин-мусулмон киши Қуръони Каримнинг тиловатини ўрганиши фарз. Уни тажвид билан, изн олган устоздан ўрганилади. Ўзига етарли миқдорда ўрганмаган одам гуноҳкори азим бўлади. Шу билан бирга, мусулмон киши Қуръонни ўрганмоғи, маъносини тушуниб, унга амал қилмоғи лозим. Қуръон ҳалол деган нарсани ҳалол, ҳаром деган нарсани ҳаром билмоғи зарур. Унинг амрларига бўйсуниб, қайтарганларидан қайтмоғи лозим.

Қуръони Карим илоҳий китобларнинг охиргиси бўлиб, қиёматгача боқий қолувчи илоҳий мўъжизадир. Уни муҳофаза қилишни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олиб «Ҳижр» сурасида:

«Албатта, зикрни Биз туширдик ва албатта, уни Биз муҳофаза қиламиз», деган (9-оят).

Қуръони Каримдан кейин илоҳий китоб келмайди. Ким Қуръони Каримдан кейин илоҳий китоб келишини даъво қилса, кофир бўлади.

Қуръони Карим фасиҳ араб тилидаги илоҳий мўъжиза бўлганидан, уни ўзидек таржима қилиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Фақат маъноларини таржима қилиш мумкин. Лекин бу маънолар таржимаси ҳеч қачон Қуръони Каримнинг ўрнини боса олмайди. У фақат маънони тушунишга бироз ёрдам беради, холос.

Шунинг учун Қуръони Карим маънолари таржимасини намозда ёки бошқа муносабат ва ибодатларда ўқиш мутлақо жоиз эмас. Бинобарин, таржимадан ҳукм чиқаришга, ҳужжат-дадил келтиришга ҳам ўрин йўқ.

Қуръони Каримнинг ҳақиқий илоҳий китоб эканини ҳозирги замон илми қайта-қайта таъкидлади ва таъкидлашда давом этмоқда.

Кўпгина ғарблик машҳур олимлар ўзларининг илмий ишларини Қуръони Каримга солиштириб кўриб, тан бериб мусулмон бўлдилар ва бўлмоқдалар.

Юқорида номи зикр этилган машҳур француз олими Морис Букай ўзининг илмий изланишлари самараси ўлароқ илоҳий китобларни солиштириб чиқди ва «Таврот, Инжил, Қуръон ва ҳозирги замон илми» номли китобини ёзди. Морис Букай бу китобида ҳозирги замон илми Қуръони Карим олдида ожиз эканини ва Таврот, Инжилда турли қарама-қаршиликлар ва илмга тўғри келмайдиган нарсалар кўплигини кўрсатди. Шундан кейин Қуръони Каримга иймон келтирганини эълон қилди.

Ислом ақийдаси бўйича илоҳий китобларга иймон келтириб, Қуръони Каримни инкор этган киши кофир ҳисобланади. Шунингдек, Қуръони Каримга иймон келтириб, бошқа илоҳий китобларни ёки улардан бирортасини инкор қилувчи киши ҳам кофир бўлади. Мазкур Таврот, Забур ва Инжил номли илоҳий китоблардан бошқа ҳозирда бор турли диний китобларни «илоҳий китоблар» дея олмаймиз.

Илоҳий китобларга бирдек иймон келтиришнинг мусулмонларга фарз қилиниши Ислом уммати самовий ақидаларга меросхўр эканлигининг далилидир. Бу эса улкан шарафдир. Шу билан бирга, бу иймон башариятнинг асли бирлиги, дини, илоҳий бирлигининг рамзидир.

Илоҳий китобларга иймон келтириш Қуръони Каримга иймон келтиришнинг бир бўлагидир. У доимо башариятни Аллоҳнинг Ўзи ҳидоятга солиб турганини билдиради.

Илоҳий китобларга иймон келтириш мусулмонларни ушбу китобларга аҳл бўлган халқлар билан яқинлаштиради.

 
Мавзуга оид мақолалар
     Икки амалиёт бор. Биз уларни Аллоҳнинг Китобида ўқиймиз. Уларнинг бирига Аллоҳ Ўзининг олий Зотини давоми...

11:00 / 23.02.2017 6473
Бир неча кун илгари, ётоққа ётар эканман, уйқу олдидан кўнглимга бир ўй келди. Аёлим ёнимда ухлаб ётарди. Унга давоми...

19:33 / 20.01.2017 4779
Аллоҳ таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсин Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавоту саломлар давоми...

20:56 / 02.02.2017 37917
Абдуллоҳ ибн Бурайдадан, у киши оталаридан розияллоҳу анҳумо бундай ривоят қиладилар «Расулуллоҳ давоми...

09:41 / 04.10.2017 14502