Қиёматга иймон келтириш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қиёмат сўзининг маъноси тик туришдир. Ўша кунда ҳамма гўридан тик туриб тирилиши учун қиёмат шу ном билан номланган. Қиёматнинг бундан бошқа, ҳисоб куни, охират куни, маҳшар куни каби бир қанча исмлари ҳам бор.

Бундан аввал қиёматнинг аломатлари билан танишган эдик. Қачонки ўша аломатларнинг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса, Аллоҳнинг иродаси билан бу дунёнинг ажали етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир.

Ҳа, ичидаги барча нарсалари белгиланган ажалгача туриб, кейин тамом бўладиган бу дунёнинг ҳам ажали етиб, қиёмат қоим бўлади.

Ислом охират кунига иймон келтиришни ҳам иймоннинг рукн масалаларидан қилган. Иймон келтириш лозим нарсалар ичида бу масалага алоҳида эътибор берилади. Нима учун бундай қилинганини бугунги кунда яхши тушуниб турибмиз.

Охират кунига иймон бўлмаса ёки мазкур кунга иймон заиф бўлганида, инсоният таназзулга юз тутишини тажриба кўрсатди. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг зарра-заррасигача мукофот ёки жазо олишига иймони йўқ одамдан яхшилик чиқиши амри маҳол. Агар охират кунига иймон бўлмаса, ер юзида эзгулик ва адолатга эришиб бўлмайди.

Охират кунига иймон бўлмасдан, «Одам ўлгандан кейин чириб йўқ бўлади, қайта тирилмайди», деган фикр ҳоким бўлса, ер юзида кучли кучсизни еб битирадиган «ўрмон» қонунлари жорий бўлади. Золим беш кунлик дунёда ўз зулми юзасидан жавобгар бўлмай, маза қилиб қолиш пайидан бўлади. Ёлғончи-фирибгар бу дунёда ўз ёлғони, фириби билан давр суриб қолиш пайидан бўлади. Хулласи калом, ҳамма бу фоний дунё матоҳи учун ҳар қандай ёмонликдан, ифлосликдан қайтмайдиган бўлиб қолади. Бундай ҳолатда кучсизлар, мазлумлар ва бечораларга бу дунё тор бўлади, улар учун ҳаёт кечириш чексиз азобга айланади. Жамиятда ноумидлик, лоқайдлик ва ўзини-ўзи ўлдиришлар кўпаяди.

Мазкур бало-офатлардан қутулиш учун, кишилар инсофли, адолатли, тўғрисўз бўлишлари, барча ёмонликдан қайтишлари, ноумид, лоқайд бўлмасликлари учун, охират кунига иймон, албатта, бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло сиз билан биз бандаларига хабар берган «ғайбиётлар» ичида энг хатарлиси ва аҳамиятлиси қиёматдир. Унинг энг хатарли ва аҳамиятли бўлиши одам билган нарсаларнинг барчасидан ўзгача ва улкан бўлганидандир. Қиёматдаги ҳодисалар ва азоблар, воқеалар ва мукофотлар одам боласининг хаёлига ҳам, тасаввурига ҳам сиғмайдиган равишда хатарли ва улкандир.

Қиёмат ўта хатарли ва аҳамиятли бўлганидан ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда уни сиз билан бизга қайта-қайта, такрор-такрор эслатгандир.

Қиёмат кунига иймон келтириш иймоннинг асосий рукнларидан биридир.

Агар борлиқни, ҳаётни ва инсонни илмий равишда ўрганилса, улуғ яратувчи, чексиз қудрат ва илм соҳиби ҳамда мутлақ адолату ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳ таолога иймон келтиришдан бошқа илож йўқ.

Агар борлиқни, ундаги ҳодисаларни ва қонунларни яхшилаб ўрганилса, уларнинг барчаси беҳуда ёки ўйин учун эмаслиги ҳам ойдек равшан бўлади.

Агар борлиқни, инсонни ва унинг Холиқ таоло билан бўладиган муносабатларини яхшилаб ўргансак, бу дунё синов ва имтиҳон учун эканлигини, беҳикмат эмаслигини англаб етамиз.

Агар бу дунёда бўлаётган адолат ва мукофот ҳамда жазони ўргансак, улар ноқис эканлигини биламиз. Бу эса ўз навбатида бу дунёда яхши бўлиб ўтганлар мукофотларини, ёмон бўлганлар жазоларини тўлиқ олишлари учун, албатта, қиёмат куни бўлиши зарурлигини тақозо қилади.

Зотан, Қуръони Карим ҳам ушбу маънони таъкидлаган.

Аллоҳ таоло «Муминун» сурасида қуйидагиларни айтади: «Наҳотки, Бизнинг сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!» (115-оят).

Эй одамлар, наҳотки Биз сизни беҳудага яратган бўлсак? Наҳотки, сиз охиратда Бизга қайтарилмасангиз?!

Ундоқ эмас! Биз сизни яратишимиз беҳуда бўлган эмас! Аллоҳ таолога бирор нарсани беҳуда қилиш мутлақо ярашмайди. Одамларнинг бу дунёда энг афзал қилиб яратилиши уларнинг Аллоҳ таолога иймон келтириб, ибодат қилиб яшашларини тақозо қилади. Шу билан бирга, Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшашларини тақозо қилади.

Аллоҳ таоло бу дунёда иймон келтириб, амали солиҳ қилганларга мукофот, куфр келтириб, ёмон амал қилганларга жазо беришини ваъда қилган. Агар қиёмат ва ундаги ҳисоб-китоб бўлмаса, мусулмонлар билан жиноятчиларнинг орасида фарқ қолмайди-ку!

Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни «Қалам» сурасида баён қилади: «Мусулмонларни жинояткорларга ўхшатиб қўярмидик?! Сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқаряпсизлар?!» (35-36-оятлар).

Яъни мусулмонлар ҳеч қачон жиноятчи-гуноҳкорларга қилинган муомалага дучор бўлмайдилар. Мусулмонлар Исломлари туфайли катта иззат-икромга, олий мартабага эришадилар. Агар баъзи жиноятчи-гуноҳкорлар биз ҳам яхши ҳолатга эришамиз, десалар, ҳеч ишонмаслик керак. Биз мусулмон билан кофирни, тақводор билан осийни баробар қилармидик?!

Эй, кофирлар! Эй, осийлар!

«Сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқаряпсизлар?!»

Қандоқ қилиб мўмин билан кофир, тақий билан осий, амал қилган билан амал қилмаган баробар бўлади, деб ҳукм чиқарасизлар? Бундоқ ҳукм ақли бор одамдан чиқмайди-ку? Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло қиёмат қоим бўлишини ва ҳисоб-китоб бўлиб, ҳамма қилганига яраша мукофот ёки жазо олишини ирода қилган.

Ушбуга ўхшаш маъно «Жосия» сурасида ҳам айтилган: «Наҳотки, ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини гумон қилсалар?! Уларнинг қилган ҳукми нақадар ҳам ёмон!» (21-оят).

Ушбу оятда кофир ва осий кимсанинг хаёлидан ўтадиган гумон инкор қилинмоқда. Кофирлар, бизнинг мўминлардан қаеримиз кам, деб ўйлашлари, гумон қилишлари мумкин. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам мўминлар билан баробарликни даъво этишлари мумкин. Бу даъво мутлақо нотўғридир.

«Наҳотки, ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини гумон қилсалар?!»

Аллоҳ таоло ҳеч қачон ёмон ишлар қилган кимсаларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшатиб қўймайди. Уларнинг икковларини бу ҳаётда ҳам, охиратда ҳам баробар қилиб қўймайди. Баробар бўлса, адолат қолармиди? Пайғамбар юбориш, китоб тушириш ва динни жорий қилишнинг кераги бўлармиди? Агар кофирлар бундай ҳукм қилаётган бўлсалар,

«Уларнинг қилган ҳукми нақадар ҳам ёмон!»

Ҳа, яхшилик қилган одам ўз амалининг мукофотини тўлиқ олиши, ёмонлик қилган одам ҳам ўз ёмонлигининг жазосини тўлиқ олиши лозим ва лобуддир. Бунинг учун инсонни манийдан халқ қилиб, унга жон ва керакли аъзоларни ато қилган Аллоҳ таоло уни ўлганидан кейин тирилтириб савол-жавоб, ҳисоб-китоб қилиб, мутлақ адолатни ўрнатади.

Аллоҳ таоло «Қиёмат» сурасида қуйидагиларни айтади: «Инсон беҳуда тарк қилинишликнинг ҳисобини қилурми? У манийдан оққан нутфа бўлмаганмиди? Сўнг алақа бўлди. Бас, бекаму-кўст этиб яратди. Бас, ундан жуфтни, эркак ва аёлни яратди. Шундай Зот ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!» (36-40-оятлар).

Баъзи нобакорлар қиёмат бўлмаса керак, дегандек, ўлгандан кейин қолиб кетсак керак, қайта тирилмаймиз, ҳам дейди. Лекин ўша инсон бир ўйлаб кўрсин. «У манийдан оққан нутфа бўлмаганмиди?»

Яқиндагина дунёда унинг асари ҳам йўқ эди. Кейин она қорнига манийдан оққан нутфа (сперма) билан тушди.

Сўнг алақа бўлди. Бас, бекаму-кўст этиб яратди. Бас, ундан жуфтни – эркак ва аёлни яратди.»

Битта ҳужайранинг эркак ёки аёл бўлишини Аллоҳ қилмаса ким қилади?! Фақат ақл ишлатиб кўрганларгина бу ҳақиқатни тушуниб етадилар.

«Шундай Зот ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!»

Йўқдан бор қилган Зотга борни қайта тиклаш жуда ҳам осон-ку?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни ўқиганларида: «Субҳанака ва балаа», дер эканлар.

Яъни «Сени поклаб ёд этаман, эй Парвардигор! Қодирсан!» дер эканлар. Биз ҳам шундоқ демоғимиз лозим.

Хуллас, қиёмат қоим бўлиши ақл тақозо қилган, Аллоҳ таоло ирода қилган инкор қилиб бўлмас улкан ҳақиқатдир.

Қиёмат қоим бўлишига иймон келтирмаган одам мўмин-мусулмон бўла олмайди.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашган бўлади», деган (136-оят).

Демак, фаришталарга ва охират кунига иймон келтирмасликнинг ҳам, бошқа асосий унсурларга куфр келтириш каби, оқибати ёмон бўлади. Уламолар бу икки унсурнинг айнан шу жойда зикр қилиниши, булар кофирга таҳдид солувчи, уларни қўрқитувчи нарсалар бўлгани учундир, дейишади.

Иймоннинг мазкур асосий унсурларига ёки улардан бирортасига ишонмасликдан (куфр келтиришдан) кўра қаттиқроқ адашишлик йўқдир.

Мавзуга оид мақолалар
  Душанба куни, ўзининг 33 йиллик тарихида илк марта Ислом қонунчилигига мувофиқ иш олиб борадиган Покистон давоми...

20:22 / 20.01.2017 3643
Андижонда Қуръон қироати мусобақаси биринчи босқичи 2018 йил 3 феврал куни якунига етди. Мазкур вилоятда давоми...

11:39 / 04.02.2018 3363
Инсон учун энг катта неъматлардан бири саломатлик. Соғлигимизнинг қадрига етиб, унга доимо эътиборда давоми...

10:50 / 23.01.2017 4746
Дунёга неча минг олимлар келди, Барчаси Худонинг хизматин қилди, Лек Сиздек олимни кўрмаган давоми...

20:00 / 05.02.2017 6840