Қурбонлик фалсафаси ва ундан кўзланган мақсад
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҚУРБОНЛИК ФАЛСАФАСИ ВА УНДАН КЎЗЛАНГАН МАҚСАД

Қурбонлик аслида «яқин бўлмоқ» маъносидаги «қурбон» деган сўздан олинган. Чунончи «Сурроҳ» деган китобда ёзилишича, қурбонлик шундай нарсаки, у билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилинади. Масалан: ( мен Аллоҳга яқинлик ҳосил қилдим) дегани каби. Чунки инсон қурбонлик қилиши билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш талабида бўлади. Шунинг учун ҳам бу амалнинг номи «қурбонлик» деб аталди.

Қурбонлик аслида тафсилий тил билан айтганда бир таълим, холос. Уни жоҳилу олим ҳаммаси ўқий олади. Бу таълим шуки, Аллоҳ таоло бирор кишининг қонига ҳам, гўштига ҳам муҳтож эмас. Унинг шаъни улуғ бўлган, барчани таомлантириб ўзи таомланмайдиган Зот. 

لَن يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِن يَنَالُهُ التَّقْوَى

مِنكُمْ

«Ҳаж» сураси. Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмас. Лекин Унга сиздан тақво етадир[1]».

Бу ибодат «Сиз ҳам Аллоҳнинг ҳузурида шу каби қурбон бўлинг» деб шу нарсанинг таълимини беришни хоҳлайди. Бу нарса ўз жонингиз эвазига қимматбаҳо бир жониворни қурбон қилишингиз орқали ҳосил бўлади.

Аллоҳ ва Расулидан ҳам инсонга маҳбуброқ бўлган бирор Зот йўқдир. Бас, энди энг суюкли, оламларнинг Роббиси бўлган Зотнинг ҳаққи шуки, биз учун нима нарса энг суюкли бўлса, унга тақдим қилинади. Аллоҳ ва Расулидан кейин энг севимли нарса кишининг ўз жони бўлади. Аллоҳ таоло ўз розилиги йўлида жонимизни қурбон қилишга буюрмай, балки ундан эваз қилиб бир ҳайвонни сўйишга буюрди. Бу эса Унинг бизга бўлган чексиз марҳаматидир.

ҚУРБОНЛИКНИНГ ҲИКМАТИ

Қурбонликдан асл мақсад бу суннати Иброҳимийга тобе бўлишлик ва ўзи учун қимматли бўлган нарсани сарф қилишликдир ва у фақатгина жониворни сўйишлик билангина ҳосил бўлади. Гўштини хоҳ ўзингизга олиб қолинг, хоҳ бировларга тақсим қилиб бериб юборинг, фарқи йўқ. Бу ердаги мақсад жониворни забҳ қилиш. Ундан мақсад эса Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларига тобе бўлишдир. Тобе бўлишдан мақсад эса ўзингиз учун маҳбуб бўлган нарсани қурбон қилишликдир.

Аслида киши ўз ўғлини қурбон қилиши керак эди, лекин ҳаммада ҳам ўғил фарзанд бўлавермайди.Ўғли бўлса агар, Аллоҳ қурбон қилишга буюрганида тақводорман, Аллоҳнинг бандасиман, деган одам қилишга мажбур эди ва қиларди ҳам. Аммо бу амални қилишга жуда кам одам сазовор бўла оларди. Аллоҳ таолонинг фазлини қарангки, жониворни ўғилнинг ўрнига қоим мақом қилди.

ЖОНИВОРНИ ҚУРБОН ҚИЛИШ АСЛИДА ЎЗ ЖОНИНИ ҚУРБОН ҚИЛИШДИР

Қурбонликда суратан жониворнинг жонини тақдим қилсангиз-да, ҳақиқатда эса ўз жонингизни тақдим қилган бўласиз. Қурбонликнинг асл ҳақиқати ўз нафсини Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола қилишликдир. Бу ерда сизга ўз жонингиздан бир неча баробар афзалроқ бўлган жон ато қилинади. Унинг ҳақиқатини қуйида келадиган икки мисолдан билиб олишимиз мумкин.

Биринчи ҳикоя:

Осифуддавла деган жуда давлатманд бой бор эди. Бир куни отхонасига кирса, ниҳоятда камбағал, қари бир киши силлиқ тошни отларидан бирининг туёқлари остига ишқалаб ўтирганини кўрди. Бой ажабланиб сўради: «Эй қария бу ерда нима қиляпсиз?»

­­­­­­Чол: «Осифуддавланинг отларининг оёғи агар бир тошга тегса, уни олтинга айлантириб қўяркан, деб эшитганман», деди. Бой: «Тўғри эшитибсиз. Лекин сиз тошни тўғри ишқалашни билмаяпсиз. Сиз тошни ташлаб кетаверинг, мен ўзим ишқалаб олтинга айлантириб қўяман», дебди. Сўнг хизматкорларига худди ўша тошнинг мислича олтинни ясаб у ерга қўйиб қўйишга буюрибди. Сўнг чол эртасига келганида: «Мана сизнинг тошингиз олтинга айланиб қолди», деб бериб юборибди. Худди шунингдек, биз Аллоҳ тўғрисида нима гумон қилсак, албатта, У тилагимизни беришга қодир Зотдир.

Иккинчи ҳикоя:

Жалолиддин Румий ўз маснавийларида келтирадилар: «Бир қишлоқда ниҳоятда ғариб камбағал киши бор эди. Унинг қишлоғида қаттиқ қаҳатчилик бўлиб, қудуқ ва ҳовузларнинг барчаси қуриб қолган эди. Бир куни хотини унга: «Бағдод халифасини ниҳоятда карамли, саҳоватли деб эшитганман, унинг олдига боринг, шоядки, биздан мана бу камбағаллик ариса», деди. Эри унга: «Халифанинг ҳузурига совға- саломлар билан бориш керак, бизда эса арзирли ҳеч нарса йўғу!» деди. Шунда хотини унга: «Бизнинг фалон чуқуримизда бироз шаффоф чучук сув йиғилиб қолган. Бундай ширин сув халифанинг ҳузурида қаёқданам бўлсин. Ўша сувни бир идишга солиб, олиб боринг», деди. Бу фикр эрига ҳам маъқул бўлди. Эр сув солинган кўзачани кўтариб, йўлга тушди. Хотин эса жойнамозни солиб олиб, эри сувни олиб халифанинг ҳузурига соғ‑саломат етиб олиши учун дуо қила бошлади. Эри эса йўл бўйи «Роббим мени ва кўзамни саломат етказ, бирор жойда қоқилиб, синдириб қўймай», деб тинмай дуо қилиб борарди. Чунки у бечорада ҳаммаси бўлиб шу нарса бор эди, холос. Аллоҳ‑Аллоҳ деб соғ‑саломат Бағдодга етиб борди. Дарвозабон ижозат бергач, уни саройга, халифа ҳузурига олиб кирди. Халифа: «Қўлингдаги нима?» деб сўради. Чол: «Бу жаннат суви, бундай сувни ҳеч ким ҳеч қачон ичган эмас», деди. Халифа анча муддатдан бери очилмаган кўзанинг оғзини очишга буюрди. Унинг оғзини очишлари ҳамоно бадбўй ҳиди бутун саройни тутиб кетди.

Лекин халифанинг қанчалик карамли ва саховатлилигини қарангки, сувнинг ҳидидан озорланганини ҳалиги чолга озгина бўлса ҳам сездирмади. Балки унинг сувини ниҳоятда латиф ва ширин сув экан деб мақтаб, сувини икром билан чиройли идишга солиб, юқори бир жойга қўйдириб қўйди ва чол кетгач, уни тўктириб юборди.

Сўнгра хизматкорларига кўзасини тўлдириб олтин бериб юборишга ва уни Дажла дарёси орқали қайиқда кузатиб қўйишга буюрди. Токи унинг чарчоғи чиқсин, қалбига хурсандчилик кирсин ва унга ўзининг қилган ҳадясининг қийматию  бизнинг унга қилган карамимизнинг юксаклигини мушоҳада қилишига имкон бўлади, деди. Уни Дажланинг қирғоғига олиб боришгач, унинг сувининг кўплиги, латифлиги ва ширинлигини кўриб ҳижолатдан сув-сув терга ботиб кетди. «Аллоҳ, Аллоҳ, бу халифа қандаям саховатли-я! Унга менинг бадбўй ва лойқа сувимнинг нима зарурати бор эди. Унинг шаҳарида шаффоф, ширин сув дарё бўлиб оқиб ётган экан‑ку!», деди. Халифа унга қилган бу муомаласи, бу фазлу карами фақатгина унинг дилини шод қилиш учунгина бўлгани чолга маълум бўлди. Аслида эса ундан ҳеч нарсага халифанинг муҳтожлиги йўқ. Ўзининг ҳузурида уникидан чандон-чандон яхши нарсалар дарё бўлиб оқиб ётибди».

Дўстларим! Бу ҳолат бизнинг амалларимизнинг ҳолатидир. Амалларимиз жудаям бадбўй.

Аллоҳ таоло ҳам бизнинг бадбўй амалларимизга нисбатан худди шундай муомалани қилади. У Зот фақат ўзининг фазлу карами билангина биз яхшилик деб ўйлаб қилаётган амалларимиз аслида ёмонликлардан иборат бўлса-да, юқори қадрлайди ва яхши амаллар, деб қабул қилади, ва бизларни ўзига итоат қилувчилар сафига қўшиб қўяди. Аслида эса бу амалларимиз ҳеч нарсага арзимайди.

Аллоҳ таоло:

إِلَّا مَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ عَمَلًا صَالِحًا فَأُوْلَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَّحِيمًا۝

«Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳимлидир[2]», деган оятнинг маъноси аслида шундай.

Халифа чолнинг сасиб қолган суви эвазига олтинлар ҳадя қилганидек, биз ҳам Аллоҳ таолога қурбонликларимиз туфайли ўз жонимизни тортиқ қиламиз. Аслида эса бу жонимизнинг ҳақиқати бадбўйликлардангина иборат эди. Чунки бизнинг жонимиз разил сифатлар ва ёмон ахлоқлар билан сифатлангандир. Лекин Аллоҳ таоло бизларнинг бу жонимиз эвазига яхши сифатлар эгаси бўлган жон ҳадя қилади. Мана шунинг отини фано ва бақо дейилади.

Қурбонлик қилишда аёлларга хос савол-жавоблар:
  1. Савол: Аёлларга ҳам қурбонлик қилиш вожибми?

Жавоб: Аёллар тақинчоқлари, бир йилда ҳеч ишлатилмайдиган сервис идиш-товоқлари, телевизорлари, 85 грамм тилло ёки 596 грамм кумушнинг қийматига етса зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Бунга уч сидра кийимдан ортиқ бўлган кийимлари ҳам, ўзи сотиб олган бўлса, телевизор ва шунга ўхшаш қимматбаҳо нарсалар ҳам киради.

2. Савол: Эр никоҳ вақтида аёлига нисоб миқдорича маҳрни беришни зиммасига олган бўлса, лекин ҳануз аёл уни қўлга олмаган бўлса маҳрга ҳақдорлиги туфайли аёл бой ҳисобланиб, зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?

Жавоб: Аёл эрнинг зиммасидаги маҳр билан бой бўлиб қолмайди ва зиммасига қурбонлик ҳам вожиб бўлмайди. Эр ҳам нисобни ҳисоблаётган вақтда хотиндан маҳр қарзини эътиборга олмайди. Яъни қурбонлик борасида қарздор ҳисобланмайди.

3. Савол: Аёл киши тарафидан эри қурбонлик қилса бўладими?

Жавоб: Аёл киши нисоб эгаси бўлса, зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. У ўз пулидан қурбонлик қилади. Агар нақд пули бўлмаса, эри ёки бошқалардан олиб ёки тақинчоқларидан сотиб, қурбонлик қилади. Ёки эр аёлнинг ижозати билан унинг тарафидан қурбонлик қилади. Агар эр аёлининг номидан қурбонлик қилишга ижозат олмаса ёки уни хабардор қилмасдан сўйиб юборса, аёлнинг қурбонлиги адо бўлмайди. «Фатавойи Оламгирия»да: «Кишининг зиммасига балоғатга етган фарзандлари ва аёли тарафидан қурбонлик қилиши вожиб эмас. Лекин ижозат берсалар, жоиз», дейилган. 4. Савол: Ота вафот топиб, аёли ва балоғатга етмаган болалари қолса ва қолдирган ҳожати аслиядан ташқари моллари аёлини ва фарзандларининг ҳар бири алоҳида-алоҳида нисоб эгаси бўлишига кифоя қилса, ҳар бирига алоҳида қурбонлик вожиб бўладими?

Жавоб: Аёли зиммасига қурбонлик вожиб бўлиб, балоғатга етмаган болалари тарафидан қурбонлик қилиши вожиб бўлмайди. «Роддул муҳтор»нинг қурбонлик китобида шундай келтирилади: «Ота балоғатга етмаган боласининг молидан  уни номидан қурбонлик қилмайди».

Масала: Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасалар-да, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирлар нархи 85 г тилло 612 г кумушнинг қийматига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

5. Савол: Болаларининг тўйига йиғиб қўйган сеп-сидирғалари ҳам нисобдан ҳисобланадими?

Жавоб: Ҳозирги кунда келинга бериладиган сеп-сидирғиларни ҳожати аслиядан деб ҳукм қилиш мушкул ишдир. Сепларни ичида кундалик истеъмол қилинадиган жиҳозлар ҳожати аслияга киради. Аммо кўз-кўз қилиш, одамлар: «Фалончи шунча нарса қилибди», дейишлари учун қилинган сеп-сидирғалар ҳожати аслийдан ортиқча ҳисобланади. Агар буларни қиймати нисобга етса, закот олиш ҳаром бўлади ва уларнинг зиммаларига қурбонлик ва садақаи фитр вожиб бўлади.

«هَلْ تَصِيرُ غَنِيَّةً بِالْجِهَازِ الَّذِي تُزَفُّ بِهِ إلَى بَيْتِ زَوْجِهَا؟، وَاَلَّذِي يَظْهَرُ مِمَّا مَرَّ، أَنَّ مَا كَانَ مِنْ أَثَاثِ الْمَنْزِلِ، وَثِيَابِ الْبَدَنِ، وَأَوَانِي الِاسْتِعْمَالِ، مِمَّا لَا بُدَّ لِأَمْثَالِهَا مِنْهُ، فَهُوَ مِنْ الْحَاجَةِ الْأَصْلِيَّةِ، وَمَا زَادَ عَلَى ذَلِكَ، مِنْ الْحُلِيِّ، وَالْأَوَانِي، وَالْأَمْتِعَةِ الَّتِي يُقْصَدُ بِهَا الزِّينَةُ، إذَا بَلَغَ نِصَابًا، تَصِيرُ بِهِ غَنِيَّةً».

«Аёл эриникига келин қилиб тушириб олинган жиҳозлар билан бойга олинадими?» «Ўтган нарсалардан зоҳир бўлган нарса шуки, зарур бўлган уй жиҳозлари, кийимлар, ишлатиладиган идиш-товоқлар ҳожати аслийга киради. Унга қўшимча бўлган тақинчоқлар, зийнат мақсадида териб қўйиладиган идишлар, буюмлар нисобга етса, аёл у билан бойга айланади» («Роддул муҳтор»).

[1] Ҳаж 37.

[2] Фурқон 70.

Давоми бор....

Мавзуга оид мақолалар
Ҳурматли Шайх ҳазратлари, қуйидаги саволларга жавоб беришингизни интиқлик ила кутаман «Ҳадис ва Ҳаёт» давоми...

14:58 / 15.10.2016 7933
ВА САБРЛИЛАРГА БАШОРАТ БЕР....Албатта, сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, молмулкка, жонга, меваларга давоми...

03:45 / 24.03.2020 4224
embedhttpswww.youtube.comwatchvY52L8rTCdYAfeatureyoutu.beembed

18:42 / 23.09.2017 4195
 Бир мажлисда отаонага яхшилик қилишнинг фазилати ҳақида маъруза бўлди. Ушбу  қисса камина билан содир давоми...

10:43 / 05.02.2017 6414