Неъматга шукр қилувчилардан бўлайлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг улуғ неъматлари ҳар он инсонларга бериб турилади. У неъматлар шунчалик кўпки, уларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: وَإِنْ تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لا تُحْصُوهَا «Ва агар Аллоҳ таолонинг неъматларини санашни хоҳласангиз, бас, уни тўғри ҳисоблашга қодир эмассиз» (Иброҳим. 34- оят).

Шайх Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки, агар бошқа неъматларни қўйиб, фақат тириклик неъматини сарҳисоб қилинса, унинг ўзи беҳисоб бўлади. Чунки ҳар бир нафасда икки неъмат яширилгандир. Нафасни ичкарига кириши бир неъмат бўлса, ташқарига чиқиши бошқа бир неъматдир. Зеро, нафасни ичкарига кириб ташқарига чиқмаслиги ва ташқарига чиқиб ичкарига кирмаслиги алоҳида-алоҳида икки мусибатдир. Шу боис ҳар нафасда инсонга икки неъмат ҳосил бўлади ва ҳар бир неъмат шукрни тақозо қилади. Шунинг учун агар ҳар бир нафасга одам бир бор шукр қилса, ўшанда ҳам нафас неъматини шукрини адо қилмаган бўлади. Энди банда, бошқа беҳисоб неъматларни қандай қилиб шукрини адо қила олади? Аллоҳ таоло неъматларини тўлиқ шукрини адо қилиш инсон тоқатидан ташқари, лекин кўп шукр қилиш ниҳоят маҳбуб амал бўлиб, унга беҳисоб савоб берилади ва бандага бериладиган неъматлар зиёда бўлиб бораверади ҳамда Аллоҳ таоло билан алоқаси мустаҳкамланиб, муҳаббатда тараққий топади. Бу борада Аллоҳ таоло шундай деган: فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلا تَكْفُرُونِ «Бас, сизлар менга зикр қилинглар, мен сизларни зикр қиламан. Сизлар менга шукр қилинглар ва ношукр бўлманглар» (Бақара. 152- оят). Бошқа ўринда шундай дейилган: وَسَنَجْزِي الشَّاكِرِينَ «Ва шукр қилувчиларни яхши мукофотлаймиз» (Оли Имрон. 145- оят). Яна бошқа ўринда: لَئِنْ شَكَرْتُمْ لأزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ «Агар сизлар шукр қилсаларингиз, бас, мен сизларга яна бераман. Ва агар ношукрлик қилсаларингиз, бас, ёдингизда тутингларки, менинг азобим қаттиқдир» (Иброҳим. 7-оят). Аллоҳ таолога шукр қилувчи банда жуда суюкли, ношукр эса ниҳоят номақбул бандадир. Чунки ношукрлик назари пастлик белгисидир. Агар ношукр шахсга озгина машаққат етса, у беҳисоб неъматларни унутиб, бошига тушган мусибатни маҳкам тутиб Аллоҳ таоло томонидан берилган беҳисоб неъматларни унутиб қўяди. У бошига тушган озгина машаққатни тоғга айлантириб, кўзёш қилади. Шукр қилувчи банданинг назари доим, яъни бошига мусибат тушганда ҳам, неъмат ичида ғарқ бўлганда ҳам Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилиб, машаққатнинг аришини сўраб дуо қилади. Ношукр шахс касал бўлиб қолса, Аллоҳ таоло томонидан юборилган неъматларни унутиб, ўзини қаттиқ хорланган ва мазлум деб билиб, ношукрлик қила бошлайди. Шукр қилувчи банда касалликдан ғамгин бўлиши билан бир қаторда, Аллоҳ таоло томонидан ҳаётнинг кўп қисмида берилган катта неъмат, яъни сиҳат-саломатликни ўйлаб шукр қилади. Шукр қилувчи инсон бемор бўлса, қаровчи, муолажа қилувчи ва дориларни катта неъмат деб билади. Бирор одам ундан кўра қаттиқроқ бемор бўлса, уни ўйлаб, Аллоҳ таоло шундай касалликдан сақлади, деб шукр қилади. У, албатта, камсуқум ва хокисорлик билан касалликни ўзидан йироқ бўлишини дуо қилиб сўрайди. Ношукр банда эса шикоят ва дағ-даға билан соғлик сўрайди. Шукр қилувчи банда ўзига етган машаққатдан хаёли паришон бўлади, лекин ношукрлик кайфиятида эмас. Инсонга шайтоннинг энг биринчи ҳамласи ношукрликка мубтало қилиш бўлади. Қуръони Каримда шайтонга қиёмат кунигача яшаш имкони берилганлиги таъкидланади. Аллоҳ таоло олдида шайтон ўз хоҳишини ошкора қилиб: «Мен Сенинг бандаларингни адаштираман ва ҳар томондан уларга ҳужум қиламан», деди. Сўнг ўз ҳамласи натижасини баён қилиб айтади: وَلا تَجِدُ أَكْثَرَهُمْ شَاكِرِينَ «Сен улардан аксариятини шукр қилувчи топмайсан»(Аъроф. 17-оят). Маълум бўлишича, шайтоннинг катта истаги ва ҳаракати Аллоҳ таолонинг бандаларини шукр ибодатидан маҳрум қилиб, уларни ношукрга айлантиришдир. Аксинча, шукр қилуви банда шайтон алдовларига тайёр тургани боис, унинг ҳийлалари қурбони бўлмайди. Аллоҳ таолога шукр қилиш улуғ ибодат бўлиб, уни бир неча дақиқаларда адо этиш мумкин. Ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عن النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم. أَنَّهُ قَالَ: الطَّاعِمُ الشَّاكِرُ بِمَنْزِلَةِ الصَّائِمِ الصَّابِرِ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шукур қилувчи хўранда – сабр қилувчи рўзадор манзилидадир» (Бухорий ва Термизий). Шу боис инсон кечаю кундуз кичик ва катта неъмат ёки роҳатланишга муяссар бўлса, шукр қилишни одатга айлантириши лозим. Уйга кираётганда уйда истиқомат қилувчиларнинг соғ-саломат ҳолда кўрса ёки яхши таом олдига келса, ҳавони яхшилиги маълум бўлса ёки боласи ўйнаб яхши юрган бўлса, шукр қилиш лозимдир. Мақсад, ҳар бир хурсандчилик ва дам олишда шукр адо қилиш ва шукр адо қилишни одатга айлантириш даркор. Агар тил бўлмаса, дилда шукр қилиш лозим. Яна катталар буни ҳам айтадиларки, кечаси тўшакка бориб, ухлашдан илгари бир оз муддат Аллоҳ таоло неъматларини тасаввур қилиб: «Бирма-бир неъматларга шукр қилиш яхшидир. Масалан, тасаввур қилиб, «Алҳамдулиллаҳ, аҳли-аёлимнинг соғлиги яхши, алҳамдулиллаҳ, бошни ёпишга уй бор, алҳамдулиллаҳ. тўшакда тинч-осуда ётибман, алҳамдулиллаҳ, жоним, молим омонда», дейилади. Мақсад қанча қулайликлар муяссар бўлса, уларнинг ҳаммасини бирма-бир тасаввур қилиб, уларга шукр айтиб ухлашдир. Инсон ўз ҳаётини Аллоҳ розилигига мувофиқ қуриши Аллоҳ таоло неъматларининг ҳақиқий шукри бўлишида шак-шубҳа йўқдир. Лекин тилу дилда кўп шукр адо қилишни одатга айлантириш катта ибодатдир. Шукр қилувчи банданинг бошқа амаллари ҳам унинг баракасидан, Худо хоҳласа, дуруст бўлишига умид қилинади. Шукр қилиш учун бирор лафз тайин қилинмаган. Ҳар бир инсон ўз тилида шукр айта олади. Лекин Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шукр қилиш учун шундай тўлиқ лафзларни ҳам айтганларки, улардан бирини айтиш минг марта шукр қилишнинг фойдасини беради. У лафзлар қуйидагилардир: 1.اَلَّلهُمَّ لَكَ الحَمدُ حَمداً دَائِماً مَعَ دَوامِكَ وَلَكَ الحَمدُ حَمداً خَالِداَ مَعَ خُلُودِكَ وَلَكَ الحَمدُ حَمداً لامُنتَهَى لَهُ دُونَ مَشِئَتِكَ وَلَكَ الحَمدُ حَمداً لايُرِيدُ قَائِلُهُ اِلّا رِضَاكَ وَلَكَ الحَمدُ حَمداً عِندَ طَرفَةِ كُلِّ عَينٍ وَتَنَفُّسِ كُلِّ نَفسٍ. «Аллоҳумма лакал ҳамду ҳамдан даиман маъа давамик ва лакал ҳамду ҳамдан холидан маъа хулудика ва лакал ҳамду ҳамдан лаа мунтаҳаа лаҳу дууна машиатика ва лакал ҳамду ҳамдан лаа юрийду қоилуҳу иллаа ризока ва лакал ҳамду ҳамдан ъинда торфати кулли ъайнин ва танаффуси кулли нафсин». Маъноси: «Эй, Аллоҳим! Сенга Сенинг доимий вужудинг билан доимий бўладиган ҳамд (шукр) бўлсин. Сенга Сенинг ҳамиша бўлишинг билан ҳамиша бўладиган ҳамд (шукр) бўлсин. Сенга Сенинг машиатингсиз ниҳояланмайдиган ҳамд (шукр) бўлсин. Айтувчиси фақат Сенинг ризолигингни истайдиган(киши)нинг ҳамд(шукр)и Сенга бўлсин. Сенга кўзнинг ҳар қарашида ва кўкснинг ҳар нафасида ҳамд (шукр) бўлсин». 2.اَلَّلهُمَّ لَكَ الحَمدُ عَدَدَ خَلقِكَ وَمِدَادَ كَلِماتِكَ وَزِنَةَ عَرشِكَ وَرِضا نَفسِكَ «Аллоҳумма лакал ҳамду ъадада холқика ва мидада калимаатика вазината ъаршика ва ризо нафсика» Маъноси: «Эй, Аллоҳим! Сенга махлуқотларингни адади боробарида ва Сенинг сўзларингнинг сиёҳи баробарида, Сенинг Аршингни вазни баробарида ва Сенинг ризолигингга мувофиқ ҳамд бўлсин».

3. عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ غَنَّامٍ الْبَيَاضِيِّ ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ قَالَ حِينَ يُصْبحُ : اللَّهُمَّ مَا أَصْبَحَ بِي مِنْ نِعْمَةٍ فَمِنْكَ وَحْدَكَ ، لاَ شَرِيكَ لَكَ ، فَلَكَ الْحَمْدُ ، وَلَكَ الشُّكْرُ ، فَقَدْ أَدَّى شُكْرَ يَوْمِهِ ، وَمَنْ قَالَ مِثْلَ ذَلِكَ حِينَ يُمْسِي ، فَقَدْ أَدَّى شُكْرَ لَيْلَتِهِ.

Абдуллоҳ ибн Ғанном розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг оттирган пайтда «Аллоҳумма маа асбаҳа бии мин неъматин фаминка ваҳдака, лаа шарийка лака, фа тилкал ҳамд, валакаш шукр» деса, (ўша) кунинг шукрини адо этибди ва ким ана  шунигн мислини кечки пайтда айтса, (ўша) кечанинг шукрини адо этибди». Маъноси: «Эй, Аллоҳим! Менга бирор неъмат етса, ёлғиз Ўзингдандир. Сенинг шеригинг йўқ. Сенга ҳамд бўлсин. Сенга шукр бўлсин» (Насоий, Абу Довуд ривояти).
Мавзуга оид мақолалар
Ота дуосининг мукофоти Бир кекса ота ўғли билан гаплашиб ўтирганида тўсатдан эшик тақиллади. Ўғил эшикни давоми...

13:23 / 04.01.2018 5434
gallery linkfile ids4804,4801,4797,4794,4791,4787,4816,4815,4814,4813,4812,4811,4852,4916,4945,4944,4342,3819,3818,5213,5214,5327,5329,5443

12:35 / 29.11.2016 43189
Аёл  беназир мавжудот. Аллоҳнинг яратмишлари ичида ўхшаши йўқ нозик бир ҳилқат. Асрлар бўйи аёл зоти гоҳ давоми...

06:26 / 15.12.2016 3176
 Маҳсулотлар 250 грамм маргарин 3 пиёла ун 100150 грамм сметана 1 коса ёнғоқ 1 пиёла шакар 1 та давоми...

14:01 / 15.12.2016 4481