Исломда инсон саломатлигига эътибор
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда «шариатнинг мақсадлари» деган қоида бор. Шариат мақсадлари бештадир. Ислом шариатида нима таъқиқланган бўлса, нима буюрилган бўлса, ўша беш мақсаддан бирига ҳизмат қилади. Улар дин, жон, ақл, насл, мол-мулк муҳофазасидан иборат.

Эътибор қиладиган бўлсак, шу беш нарсадан учтаси инсон соғлиги, саломатлигига тааллуқлидир: нафс – жон муҳофазаси, ақл муҳофазаси, насл муҳофазаси. Демак, Исломнинг асосий мақсадлари бўлган беш мақсаднинг учтаси инсон саломатлигига хизмат қилади. Қадимги уламоларимиз, жумладан, имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам айтганлар: «Илм иккитадир, динни ўрганиш учун фиқх илми, баданни ўрганиш учун тиб илми». Ислом дини инсон соғлиги масаласига киришар экан, даволашдан ҳам олдин, соғлиқни сақлашга эътиборни кучайтирган. Бу борада биринчи бўлиб покликка чақирган. Динимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Поклик иймоннинг ярмидир», деган ҳадислари машҳурдир. Яъни мўмин мусулмончиликнинг ярми покланишдан иборат. Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳафтада бир марта баданни ва бошни ювиб туриш ҳар бир мўминга лозимдир», деганлар. Шунингдек, яна бошқа бир ҳадисларида «Умматимга машаққат қилиб қўйишим мумкин бўлмаганида, ҳар таҳоратда мисвок тутишларини буюрар эдим», деганлар. Бу эса тишларни, оғизни доимо покиза тутишга буюрар эдим, деганидир. Бу ҳам инсоннинг соғлигини сақлайдиган муҳим омиллардан биридир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ўн нарса фитратдандир, яъни инсоннинг соф табиатидандир», деб туриб, тирноқларни олиб, тукларни тозалаб юриш, баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш, мўйлабларни қисқартириб юриш каби амалиётларни айтганлар. Демак, мана шу амаллар бажариб юрилса, инсоннинг фитрати соф туради, бўлмаса, инсоннинг фитрати бузилишни бошлайди. Буни оддий гигиена эмас, «инсоннинг фитрати» деб баҳо берилган. Динимиз инсон соғлигига таъсир кўрсатувчи ташқи омилларни ҳам муҳофаза қилишни йўлга қўйган. Мисол учун, сувни нопок қилмаслик, дарахтларни беҳуда кесмасликка буюрилгани, табиатга зиён келтирадиган нарсаларни таъқиқлангани шулар жумласидандир. Динимизда инсон соғлигини сақлашга қаратилган ишлардан яна бири бадантарбияга бўлган эътибордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари чапдаст, бақувват бўлганлар ва саҳобаларни шунга ўргатганлар. Югуриш мусобақалари уюштирилган. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари жуфти ҳалоллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан мусобақа қилиб югуришганлар. Саҳобаи киромларнинг орасида ҳам югуриш билан машҳур бўлган саҳобалар бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқ отишни, сузишни фарзандларга ўргатишни буюрганлар ва уммат бунга амал қилиб келган. Шариатимизда соғлиқни сақлашга қаратилган ишлардан бири шуки, тоат сифатида, Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун йўлга қўйилган ибодатлар ҳам инсон соғлигига бевосита хизмат қилади. Киши соғликни ният қиладими, қилмайдими, фарқи йўқ. Мусулмон одам Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун намоз ўқийди, бу билан у бадантарбияни ҳам бехосдан бажаради. Нафас йўллари бўйича машҳур мутахассис Бутерино инсон тўғри нафас олиши учун керак бўлган тана вазиятлари суратини чизган. Мана шу вазиятларда инсонни ўпкаси энг тўғри тарзда ишлайди, деган. У ўзи билмаган ҳолда намоздаги қиём, рукуь, сажда ва қаъда ҳолатларини чизган. Агар инсон нафас олиш мувозанати бузилган бўлса, шу ҳолатда узоқ нафас олиб чиқарса, мувозанат жойига келар экан. Қиём, руку, саждаларни узоқ қилиш суннатдир. Бу амаллар қурбат учун бажарилади, шу билан бирга, инсон ўз танасига соғлик-саломатлик келтиради. Шунингдек, олимларнинг таъкидлашларича, киши саждани узоқ қилса, одатда эркакларда бўладиган ёши ўтган сари хотиранинг пасайиши олди олинар экан. Асосан эркакларда бўладиган ҳолат шуки, 30 ёшдан бошлаб мия тўқималари аста-секин қуриб боради. Ҳатто 60 ёшга етганда бу 30 %га ҳам бориши мумкин. Агар киши кўп, узоқ сажда қилса, бу ҳолат кузатилмайди. Таҳажжуд намози ҳам кишининг асабини, руҳий тетиклигини таъминловчи асосий омиллардан биридир. Рўза ҳам инсоннинг соғлигига ҳизмат қилади. Инсон танасига кирган ортиқча ғизоларни чиқариб ташлайди, баданни чиниқтиради. Ҳаж ва умра ҳам ҳаракат, меҳнат, жисмоний тарбиядан иборат. Ислом шариати маълум ибодатларни буюрар экан, соғлик муҳофазаси учун керакли ўринларда енгилликка ҳам рухсат берган. Таҳорат суви зарар етказадиган беморларга таяммумга рухсат қилинган. Намозни туриб ўқий олмаса, ўтириб ўқишга, ўтириб ўқий олмаса, ётиб ўқишга рухсат берилган. Рўза ибодатида ҳам рўза тутишга соғлиги ярамаса, фидясини тўлаши мумкин. Хусусан, ҳомиладор ва эмизикли аёлларга вақти келганда, соғлиги тикланганда тутиб беришларига рухсат берилган. Ислом шариатининг соғликни сақлаш учун қилган чораларидан бири шуки, инсон танасига зиён келтирадиган нарсаларнинг ҳаммаси ҳаром қилинган. Бу асос – мезон қилиб олинган. Масалан, ичкилик, кашандалик, гиёҳвандлик кабилар ҳаром қилинган. Ҳаттоки, ибодатда ҳам танага зиён келтириш таъқиқланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссга: «Кўзингнинг сенда ҳаққи бор, танангнинг сенда ҳаққи бор», деганлар. Демак, ибодатни ҳам танани қийнамайдиган даражада қилишга буюрганлар. Шунингдек, шариатимизда бир киши бировнинг танасига зиён келтирса, унинг фидяси – хунини тўлаши вожиб қилинган. Булардан ташқари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётий тажрибалар, ўша вақтдаги шароитдан келиб чиқиб, айтган баъзи тиббий тавсиялари ҳам динимизда «Тиббун Набавий» – Пайғамбар табобати деган мавзуда кенг ўрганилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир дарднинг давоси бордир», деган сўзлари мусулмон уммати учун шиорга айланган. Бу шиор Ислом умматининг тиббий савиясини шакллантиришда, уларнинг келажакда изланишлар қилишларига илҳомбахш омил бўлган. Динимизда йўлга қўйилган яна бир чора шуки, тиббий муолажа билан даволаниб тузалмаган руҳий касалларга руқя ўқиб, дам солишга ҳам рухсат берилган. Фиқҳий академияларнинг ҳам тиббиёт борасида қилаётган ишлари ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсак, ҳозирги кунда Миср, Саудия, АҚШ, Европа, Ҳиндистон каби ўлкаларда турли фиқҳий академиялар ташкил қилинган. Турли замонавий масалаларда, жумладан, соғликни сақлаш мавзуларида ҳам уларнинг бир қатор фатволари чиққан ва чиқмоқда. Масалан, аъзоларни кўчириш, жинсни ўзгартириш, ногирон туғилиши мумкин бўлган ҳомилани олдириш, қон қуйиш, сунъий урчитиш ва яна бир қанча масалаларда уларнинг фатволар чиққан. Бутун Ислом оламида кенг тарқатилган.

 

Ҳусайнхон қори Яҳё

Мавзуга оид мақолалар
Сизни тинглаган, ишонч билдирган кишини алдаш хиёнатдирЁлғончилик жуда ёмон хулқ, у инсонни дўстnotларидан давоми...

20:50 / 01.04.2021 6157
«Telegram» ижтимоий тармоғида «muslimaat.uz» Ассалому алайкум Муҳтарам сайтимиз фойдаланувчилари диққатига. Сиз, давоми...

19:16 / 21.03.2017 13339
Инсон манфаатлари олий қадрият   Ислом динида инсон манфаатлари ҳар доим энг олий қадрият сифатида эътироф давоми...

18:33 / 11.04.2017 4602
Бола тарбиясига оила муҳитининг таъсири жуда катта. Фарзандлар биринчи бўлиб отаонасининг гапсўзи, хулқи, давоми...

11:53 / 12.10.2016 4174