Барака
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Исо ибн Марям тилидан шундай марҳамат қилади:

«У деди: «Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман. У менга китоб берди ва мени Набий қилди. Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди. Модомики ҳаёт эканман, намоз ва закотни тавсия қилди» (Марям сураси, 30-31-оятлар). Барака… Бу сўзни кўп такрорлаймиз, ҳар доим Аллоҳдан барака сўраймиз. Бараканинг маъноси нима? Оила ва хонадонларимизда қандай қилиб барака рўёбга чиқиши мумкин? Баракага эришишнинг йўллари қандай? Барака – бу кўпайиш, ўсиш демакдир. Мол-дунёнинг баракаси унинг кўпайиши, ортишидир. Уйнинг баракаси эса унинг кенглиги, тинч ва осойишта бўлишдир. Таомнинг баракаси егуликнинг сероб ва яхши бўлишидир. Фарзандларнинг баракаси уларнинг кўплиги ва ҳусну хулқли бўлишидир. Оиланинг баракаси ўзаро иттифоқ, бир-бирини тушунишдир. Вақтнинг баракаси турли эҳтиёжларни қондириш учун етарли бўлишидир. Саломатликнинг баракаси инсоннинг доимо соғлом бўлишдир. Умрнинг баракаси унинг узоқ бўлши ва унда яхши амалларни қилишдир. Илмнинг баракаси эса барча керакли билимларни қамраб олишдир... Демак, барака барча яхшиликларнинг жам бўлиши ва неъматларнинг кўпайишидир. Шундай экан, Аллоҳ таолодан барака сўрашимиз ва бунинг учун ҳаракат қилишимиз лозим… Лекин қандай қилиб? Инсон баракани ўзининг саъй-ҳаракати билан қўлга киритадими ёки у баъзи инсонларгагина хос бўлган илоҳий инъомми? Аллоҳ баракани ҳар бир инсон қўлга киритиши мумкин бўлган нарса қилиб қўйганми ёки бандаларидан маълум бир тоифаларга хос қилиб берганми?

Исо ибн Марямнинг мўъжизалари: Аллоҳ азза ва жалла Исо алайҳиссаломга барака инъом этди. Ийсо алайҳиссалом бу неъматни «Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди» деб эътироф этди.

Келинг, Исо алайҳиссаломга инъом этилган баракотнинг нишоналарига биргаликда назар солайлик. Аллоҳ азза ва жалла у кишининг қавмига осмондан дастурхон туширди. Аллоҳ таоло Ўз изни ила у кишига лойдан қуш ясашга, туғма кўр ва песни даволашга, ҳатто ўликларни тирилтиришга қодир қилди. Исо алайҳиссалом охир замонда яна ерга қайтади ва адолат ўрнатади. Зулм ва фасодга чек қўяди. Хочни синдиради. Тўнғизларни ўлдиради. У зот насоролар даъво қилганидек, қатл қилинган ҳам, хочга михланган ҳам эмас. Аксинча, Аллоҳ таоло у кишини мукаррам қилиб, осмонга кўтарган. Исо алайҳиссалом Қиёматда ўзига нисбатан ёлғон тўқигани, бўҳтон қилганларнинг зиддига гувоҳлик беради.

Барака киришига сабаб бўлувчи омиллар: 1. Қуръони Карим. Аллоҳ таоло: «Биз нозил қилган бу Китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир» (Анъом сураси, 92-оят). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уйларингизни қабрга айлантирманглар. «Бақара» сураси ўқиладиган уйга шайтон кирмайди», дедилар».

2. Тақво ва иймон. Шак-шубҳа йўқки, тақво ва иймон барака олиб келувчи амаллардандир. Зеро Аллоҳ таоло: «Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик» деб марҳамат қилган (Аъроф сураси, 96-оят). Албатта, тақво туфайли оила соҳиби аҳлу аёли ва фарзандлари билан биргаликда баракага эришади.

3. Тасмия. Ҳар бир ишни бошлашдан аввал Аллоҳнинг номини зикр қилиш ҳам баракотга сабаб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Киши уйига кираётганда ва таом пайтида Аллоҳни зикр қилса, шайтон (ўз аскарларига) «Сизларга ётоқ ҳам, кечки таом ҳам йўқ», дейди. Уйига кираётганда Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон «Ётоққа етишдингиз», дейди. Таом пайтида Аллоҳни зикр қилмаса, «Ётоққа ҳам, кечки таомга ҳам етишдингиз», дейди».

4. Овқатни жам бўлиб ейиш. Биргаликда тановул қилинган таом баракали бўлади, чунки Аллоҳ одамлар тўпланиб ейдиган таомни баракали қилиб қўйган. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Икки кишининг таоми уч кишига етади. Уч кишининг таоми тўрт кишига етади» (Икки шайх ва Термизий ривояти). Бу нарса, айниқса, Рамазон ифторларида яққол намоён бўлади. Йиғилганлар кўпайгани сайин таомнинг баракаси ортаверади.

5. Саҳарлик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бордир», дедилар (Бешовларида фақат Абу Довуд ривоят қилмаган). Бу ердаги баракадан мурод ажр-савоб, рўза тутишга бериладиган бардош ҳамда Аллоҳнинг таоати учун куч тўплашдир.

6. Замзам суви. Бир неча минг йиллар аввал сувсиз ерда, тоғ-тошлар орасида отилиб чиққан муборак замзам суви ҳануз тўхтамайди. Бунинг сабаби шуки, у муборак, баракотли булоқдир. У ҳақда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Умму Исмоилни раҳим қилсин, замзамни ўз ҳолига ташлаб қўйганида ёки сувдан (мешга) қуйиб олмаганида, албатта, оқар булоқ бўлар эди». Яъни ундан бошқа нарсага қуйиб олинмаганида, янада мўл ва сероб бўлар эди.

7. Зайтун ёғи. Зайтун дарахти муборак дарахтдир. Аллоҳ таоло Нур сурасида уни шундай васфлаган: «... чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейди» (35-оят). Шунингдек, зайтун ёғининг кўплаб касалликларга шифо экани ҳам барчага маълум.

8. Қадр кечаси. Бу кечадаги улкан баракот ҳеч кимга сир эмас. Унда оила соҳиби оила аъзоларини жамлаб, уларга бу кечанинг фазли, баракоти ва раҳмати ҳақида сўзлаб беради. Сўнгра биргаликда намоз ўқиб, Аллоҳ таолони зикр қиладилар.

Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантирувчи бўлдик» деган (Духон сураси, 3-оят). Уламолар оятда зикр қилинган кечани Қадр кечаси деб тафсил қилишган.

9. Икки ҳайит. Мусулмонлар бу улуғ кунларни ҳайит намозини ўқиш билан бошлаб, ўзларга инъом этилган кўплаб неъматларнинг шукрини адо қиладилар. Натижада У Зот берган неъматларини баракотли қилади, кўпайтиради ва ўстиради.

Шунинг учун ҳам Умму Атийя розияллоҳу анҳо: «Биз ҳайит куни (ийдгоҳга) чиқишга буюрилар эдик, ҳатто парда ортидаги бокираларни ҳам, ҳайзли аёлларни ҳам олиб чиқар эдик. Улар одамларнинг ортида туриб, ушбу куннинг баракаси ва поклигидан умидвор бўлган ҳолларида уларнинг такбирларига қўшилиб такбир айтар, дуоларига қўшилиб дуо қилар эдилар».

10. Ҳалол таом. Аллоҳ ҳалол, пок таомга барака беради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар, Аллоҳ покдир ва ҳалол, покнигина қабул қилади», дедилар. Аллоҳ ҳаром молга барака бермайди. Ҳаром мол фақат камбағаллик ва нуқсон келтиради.

11. Кўп шукр қилиш. Аллоҳ таоло: «Шукр қилсангиз, сизга зиёда қилурман» деган (Иброҳим сураси, 7-оят). Шукрона туфайли мол-дунё ҳам, сиҳат-саломатлик ҳам, умр ҳам, бошқа барча нарсалар ҳам зиёда бўлади.

12. Садақа улашиш. Аллоҳ таоло ҳар бир садақанинг ажрини ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтириб беради ва ҳоҳлаган бандасига ундан ҳам зиёда қилади. Натижада мол-дунё барокотли ва янада зиёда бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти бошоқни ўстириб чиқарадиган бир дона донга ўхшайдир. Ва Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига янада кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир», (Бақара сураси, 261-оят). Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир яхшилик ўн мислича ёки етти юз баробаргача (кўпайтирилиб ёзилур), ёмонлик эса ўз мислича (ёзилади) Фақат Аллоҳ уни ўтиб кечиб юборса, (ёзилмайди)», дедилар».

13. Яхшилик ва силаи раҳм. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Силаи раҳм ва яхши қўшнилик – ёки ҳусни хулқ – масканларни обод қилади ва умрни узайтиради».

14. Барвақт туриш. Инсон уйқудан эрта уйғониб, юмушларини эрта тонгдан бошлаши орқали ҳам баракот юзага чиқади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам «Умматимнинг саҳари баракотли қилинди», деганлар. Кўп инсонлар ўз мувафақиятларининг сабабини, аввало, Аллоҳнинг тавфиқи, қолаверса. ишларнинг барвақт бажарилиши деб биладилар.

15. Турмуш қуриш. Никоҳ ҳам барака келтирувчи сабаблардан биридир. Баъзи салафу солиҳлар бой бўлиш, ризқларининг кенг бўлиши учун турмуш қурар эдилар.

Улар буни Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидан фаҳмлаб олганлар: «Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир» (Нур сураси, 32-оят). «Фақирликдан (қўрқиб) болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз» (Анъом сураси, 151-оят).

16. Режалаштириш. Аллоҳ таоло Ўз Набийсига олдиндан нусратни ваъда қилиб, хушхабар берди. Қандай қилиб «Барака кишининг ҳаётидаги ишларини енгиллаштиради» деган ўй билан режалаштиришни ва тайёргарлик кўришни бекор қилиши мумкин?! Бугунги кунда оилалар ўзининг ва фарзандларининг келажаги учун режа тузмаяптими? Ёки ишларни ўз ҳолича ташлаб қўйиб, «борига барака» деб ўтирилаверадими?

Шак-шубҳасиз, биз ушбу тушунчани қайта кўриб чиқишимиз, сўнгра келажакка режалар тузиб, тайёргарлик кўришимиз, Аллоҳга таваккал қилиб, Ундан барака сўрашимиз керак.
Мавзуга оид мақолалар
Ҳеч қаерда ишламайдиган шахсдан қанча алимент ундириладиАлимент қарзининг миқдори давлат ижрочиси давоми...

21:10 / 03.11.2023 1417
     Инсон зоти ўз табиатига кўра танҳо яшай олмайди. Оила қуради. Оилалар эса бирлашиб, жамият шаклланади. давоми...

12:52 / 01.02.2017 6340
Олиб борилган изланишлар шуни кўрсатдики, PBDE моддаси, асосан, уйимиздаги жиҳозлар мебел, гилам, телевизор давоми...

07:55 / 29.12.2016 3497

19:42 / 09.12.2016 3883