Ислом руҳида тарбияланадиган бола бўш вақтини ўз фойдасига ишлатсин!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Улар: “Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт. Ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!” дейдиган кишилардир (Фурқон сураси, 74-оят).

Бир куни Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан сўрадилар: “Мазкур оятда бу дунёдаги яхшилик сўраляптими ёки охиратдагими?” У киши жавоб бердилар: “Мазкур оятда кишилар илтижо ва дуолар орқали ўз аёл ҳамда фарзандлари бу дунёда кўзларига қувонч бахш этишини сўрайдилар”.

Ибн Аббос эса бу оятни шундай тафсир қилганлар: “Кўзлар уларни соғлом ва чиройли кўриши билан қувонмайди, балки улар Буюк Аллоҳга итоат қилишлари орқали ҳам эрларининг кўзларини қувнатадилар”.

Болаларингизга динни ўргатинг!

Бизнинг эътиқодли ота-боболаримиз Ислом динининг бошланғич даврларида ўз фарзандларининг илм олиши, тарбияси ва ахлоқига жуда катта эътибор берганлар. Шу сабабли баъзан катталар ҳам эриша олмайдиган илм мажлисларида муҳаддислар болаларга таълим берганлар.

Кунларнинг бирида бир киши Аъмаш исмли ҳадисшунослик соҳасида машҳур бўлишига қарамай, болалар ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган олимни кўриб қолди. Уни учратиб қолгани замон олимдан ҳайратланиб сўради: “Сиз шу ёш болаларни ўқитасизми?” Аъмаш унга жавоб берди: “Ҳа, ахир улар сенинг динингни келажакда асрайдилар-ку!” Олим у ҳадис ўргатаётган болалар кейинчалик бошқа авлодга таълим беришларини назарда тутиб шундай жавоб берган.

Аъмаш яна айтишича, Исмоил ибн Рожа билимлар унутилмаслиги ва йўқолиб кетмаслиги учун ёзишни биладиган болаларни тўплаб, ҳадис ўргатар экан.

Ота-боболаримиз фарзандларини одоб-ахлоқли, фойдали илмга эга, Аллоҳга итоатли, қалбида яхшилик қилиш истаги бор инсон бўлиб етишиши учун чиройли тарбиялаганлар.

Урва ибн Зубайр ўз ўғлига деди: “Болам, жидду-жаҳд қилиб ўқигин. Тез орада сен улғаясан. Қачондир мен ҳам ёш бола эдим. Қандай қилиб улғайганимни сезмай ҳам қолдим ва одамлар мендан диним ҳақида сўрашди. Агар эркак кишидан дини ҳақида сўралса-ю, у нима деб жавоб беришни билмаса – бу жуда ёмон”.

Бу ҳикматли сўзлар тўғрисида ўйлаб кўриш керак. Ҳатто ҳозирги кун ота-оналари ва ўтмиш даврдаги ота-оналарни таққослаб кўриш зарур. Албатта, барча болалардан олим етишиб чиқиши душвор. Лекин биз имкон қадар уларнинг илм олишида ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Бундан ташқари, ҳар бир ота-она ўз фарзандининг вақтини бекорга сарфламаслигини назорат қилиши шарт. Уларнинг ижобий сифатларини олқишлаши, ўз уйида бола ақлининг қотиб қолиши ёки ўсмай қолишига қарши курашиши керак.

Биз учун намуна бўладиган саодат асрининг кишилари ўз зурриётларига ҳақ ва ноҳақни ажратишда ёрдам берганлар. Уларнинг ёмон одатларини тўғрилаганлар ва вақтларини беҳудага сарфлашларига йўл қўймаганлар. Улар болаларини ёмон ўртоқлардан узоқлаштирганлар ва барча соҳада, ҳатто яхшилик қилишни ҳам таълим берганлар.

Али ибн Жаъфар айтадилар: “Бир куни отам мени ўзлари билан етаклаб, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ҳузурларига келдилар ва у кишига: “Бу – менинг ўғлим!” дедилар. Аҳмад ибн Ҳанбал мени ёнларига чақирдилар. Отамга эса: “Унга бозордан иш топиб бер ва ёмон ўртоқлардан асра”, деб айтдилар”.

Буюк аллома болани бебош, ёмон ўртоқлардан узоқлаштириш ва унга савдо соҳасида иш топиб беришни маслаҳат бердилар. Бола ушбу соҳа орқали ҳам касб-ҳунар ўрганади, ҳам пул топади. Шуни айтиб ўтиш керакки, бу боланинг отаси камбағал эмас эди, шу ўринда иш фақат тарбия йўсинида тавсия қилинган.

Шуайб ибн Ҳарб деди: “Аллоҳ йўлида ишлаб топилган бир тангага ҳам беписанд қараманг. Биз пул учун эмас, Аллоҳ таолонинг розилиги учун ҳаракат қиламиз. Бу тангага сотиб олинган егулик ошқозонимизга бормай туриб, Буюк Роббимиз шу ҳалол ризқ учун бизнинг гуноҳларимизни кечирар”.

Меҳнат – бу инсоннинг ўзига ва атрофдагиларга фойда келтирган ҳолда Аллоҳга хизмат қилишидир.

Болалар уй ишларида кўмаклашсинлар!

Тўғри, баъзи болалар ўз ички оламидан келиб чиқиб, тортинчоқ бўлишлари, бозор ва шунга ўхшаш ишлардан бош тортишлари мумкин. Бундай вазиятда ота-оналар уларни уй ишларига жалб қилишлари керак.

Бола ўзига моҳир чилангарнинг ёрдами керак бўлмайдиган, фақат бироз уриниш ва сабр даркор бўладиган қандайдир кичкина бир ишдан чиққан ускунани топиб, тузатишга ҳаракат қилсин. Бахтга қарши, кўпинча ота-оналар ўз фарзандларига уйдаги ишларни қилдирмай, ўзлари дангаса қилиб  қўядилар. Арзимас носозлик учун ҳам пул тўлаб, уста чақирадилар. Ваҳоланки, уйларида нафақат носоз кранни тузата оладиган, балки бир оз истак бўлса, уй ёки дала ҳовли қура оладиган эркаклар бор.

Натижада ҳозирги кундаги эркаклар орасида ота сифатида яхши тарбия беролмаслик, масъулиятсизлик, ақлнинг ривожланмаслиги, мулойим табиатли бўлиб қолиш каби нохуш ҳолатлар кузатилмоқда.

Айтишларича, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал доимо уйдаги таъмирлаш ва шунга ўхшаш ишларни ўз қўллари билан қилганлар. Лекин у киши атрофларидаги шогирдларига бир имо қилсалар, бас эди, улар, керак бўлса, 20 та уй қуриб беришарди.

Умар ибн Хаттоб (р.а.) айтдилар: “Менинг назаримда хўжалик ишларида тартибсизлик – камбағалликдан ёмонроқ. Яхши фойдаланилган ҳар қандай анжом узоқ вақт хизмат қилади. Тартибсиз фойдаланиш оқибатида ҳеч  қандай буюм кўпга ярамайди”.

Бўш вақтни қандай тўлдириш мумкин?

Бўш вақт ўрнини тўлдиришнинг энг яхши усули болани билим олиш билан машғул қилишдир.

Агар ёш авлоднинг қуввати ва кучи нотўғри йўлга йўналтирилса, бу бутун жамиятга улкан муаммолар келтириб чиқаради. Энг ёмони – ёшларнинг фаол ҳаётга қизиқиши сўниши, изланиш ва истакларнинг чегараланишидир. Айнан мустақил танлаш ва фаол ҳаёт кечириш инсонни ҳайвонлардан ажратиб туради. Ҳайвонларгина ўлгунларича белгиланган инстинкт ва ишлаб чиқарилган дастур бўйича яшайдилар. Масалан, ипак қурти туғилганидан то умрининг охиригача маҳорат билан ипак толаларни ўраб чиқади. Инсон бу каби мавжудотлардан фарқли равишда кўпроқ имкониятларга эга. Унинг олдида жуда катта имконият бор, у яхши ва ёмонни танлашда мустақил фикр юрита олади.

Баъзан одамзот ўзининг нега яратилганини унутиб қўяди ва ўзини яратувчи деб ўйлай бошлайди. Шу сабабли ёш авлодга комил инсон бўлиш учун кўп меҳнат қилиш кераклигини тинимсиз эслатиб туриш лозим. Кўпчилик ёшлар мактабни омадли якунлагач, улар ҳаёт олдидаги бурчларини бажариб бўлдим, деб ўйлайдилар. Ўзларининг бўш вақтларини бошқаришни унутадилар ва тун бўйи бефойда машғулотлар билан банд бўлгач, бутун кун давомида ухлайдилар ёки бекор ўтирадилар. Натижада ўз ҳаётларининг энг яхши кунларини бой берадилар.

Бу нарса – бутун жамиятнинг ва ҳар бир оиланинг катта муаммосидир.

Фарзандларга ота-оналари улардан кўп яхши нарсаларни кутаётганларини, ёшлар янада улкан ютуқларга эришишини умид қилаётганларини тез-тез эслатиб туриш зарур.

Ота-оналар ўз фарзандлари ва келажак авлод ҳақида қайғуришлари ҳамда уларни ҳақиқий инсон қилиб тарбиялашлари лозим.

Яна бир гап, ҳар бир ота-она унутмасинки, баркамол, соғлом ва фаол ёшларсиз жамият йўқолиб кетишга маҳкум!
Адолат Ҳусанова таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
 Бугунги кунда кўплаб оммавий ахборот воситаларда Д витамини етишмаслигини ҳижобнинг зарарларидан давоми...

18:42 / 14.12.2016 7063
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Аллоҳ таолога беадад ва беҳисоб ҳамду санолар бўлсин давоми...

00:13 / 12.12.2016 5536
Сифат бу, ҳарф махражидан чиқаётганда ориз бўладиган ҳолатдир. Истилоъ, жаҳр, итбақ ва шуларга давоми...

10:16 / 01.11.2016 17541
ЎзА хабар беришича, Қуръон мусобақасининг Республика босқичи жараёнини онлайн тарзда намойиш этиш учун давоми...

10:57 / 22.04.2018 3032