Фолбин, сеҳргар ва мунажжимларга ишониш (давоми)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари)

Киши ишонмаса ҳам, фолбинга боришининг шариатда таъкидланиши маълум ҳикматга эгадир. Аввало, фолбинга ишонмаган одам унга бориб нима қилади? Ахир, бу мантиқсиз тасарруф-ку?! Мўмин киши эса, бундай тасарруфларга лойиқ эмас. Иккинчидан, ким бир чуқурнинг атрофида айланаверса, бориб-бориб унга тушади.

Шунингдек, фолбиннинг олдига борган шахснинг ҳам унга ишониб қолиш эҳтимоли кучаяди. Гуноҳга ботишнинг олдини олиш учун фолбинларга бутунлай мурожаат қилмаслик буюрилган.

Мазкур маънавий жиноятларни қилувчилар нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам нуқсонга учрайдилар. Бу ҳукмни ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан оламиз.

Имом Табароний Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки фол очса, қисмат хабарини талаб қилса ёки сафаридан фол орқали қайтса, ҳеч-ҳеч олий даражаларга эриша олмайди», дедилар.

Бу ҳадиснинг арабча матнидаги сўзларга бир оз изоҳ беришга тўғри келади. Ана шунда маъно тўлиқроқ чиқса ажаб эмас. Биз «қисмат хабарини талаб қилса», деб таржима қилган «истақсама» сўзи, фол очишнинг бир турини билдиради. Бундай турдаги фол очувчилар жоҳилият даврида бутларнинг ҳузурида яшар эдилар. Уларнинг ўзига хос ҳаёт тарзи бўлиб, фолни ҳам бут ҳузурида очишар эдилар.

Биров бориб фол очтириш учун пул ёки унинг ўрнини босадиган бирор нарса берса, фолбин камон ўқи солинган идишни олиб чиқиб, фол очирувчига ўқлардан бирини тортишни буюрган. Агар: «Роббим менга амр қилди», деган ёзувли ўқ чиқса, кўзланган ишни қилиш мумкин бўлган. «Роббим мени қайтарди», деган ёзувли ўқ чиқса, у ишни қилишмаган. Ёзувсиз ўқ чиқса, қайтадан фол очишган.

Демак, ҳамма ҳолатда ҳам фол орқали иш кўрганларнинг олий даражаларга ета олмаслиги таъкидланмоқда. Маълумки, шариатнинг ҳамма ҳукмлари беҳикмат эмас. Мен ушбу ҳадисни ажойиб ҳикматли ҳукмга шомил, деб ўйлайман. Уни мақсадга ношаръий йўллар билан эришмоқчи бўлганларни мақсадга ета олмайдиган қилиб жазолаш қоидасига биноан иш кўриш, деб тушунаман.

Ислом шариатида ана шундай қоида бор. Мисол учун, бир меросхўр меросга тезроқ етиш мақсадида мерос қолдирувчининг ўлимига сабаб бўлса, у меросдан маҳрум қилинади. У сабр қилиб кутиб турганида меросдан ўз улушини олар эди. Аммо ундай қилмади, тезроқ молу мулкка эга бўлиш мақсадида ўзига мерос қолдирувчи шахснинг ўлимига сабаб бўлди. Шунинг учун унга қарши кўриладиган жазо чораларидан бири, айнан ушбу меросдан маҳрум қилишдир.

Фолбинга мурожаат қилувчилар ҳам бирор яхшироқ нарсага эришиш ёки ёмонликнинг олдини олиш, қайтариш мақсадида бўладилар. Лекин бу –  ношаръий, ҳаром йўл. Шунинг учун ҳам улар мақсадларига ета олмаслик, олий даражаларга эриша олмаслик билан жазоланадилар.

Шариат бўйича бирор ишни қилмоқчи бўлган одам, аввало, яхши ўйлаши, ўрганиши, биладиганлар билан маслаҳат қилиши, шундан сўнг азм қилса, Аллоҳга таваккал қилиб, ишни бошлаши кўрсатилган. Агар бирор ишни қилиш-қилмасликни танлай олмай ҳайрон бўлса, маслаҳатлардан сўнг ҳам азму қарорга кела олмаса, истихора қилади. Истихора дегани, ётишдан олдин таҳорат олиб, ният қилиб, икки ракаат намоз ўқишни англатади. Намоз охирида истихора дуоси ўқилади. Ётганда тушида бирон-бир ишора бўлади. Шунга қараб иш қилади.

Шу тариқа фолбин билан битиришга ҳаракат қилинадиган ишларнинг ҳаммасини ҳал қилиш мумкин. Шариатга мувофиқ иш олиб борган одам олий даражаларга эришади. Шариатга хилоф иш қилганлар эса икки дунёда ҳам олий даражага эриша олмайдилар.

Мана, фолбинлик, сеҳргарлик ва мунажжимликнинг ҳукми ва уларга тегишли хулосалар билан танишиб чиқдик. Ислом дини бўйича бу ҳақда кўрсатилган таълимотлар билан танишдик. Энди эса амал қилиш керак. Авваллари билмай бу ишларни қилганлар бўлса, тавба этсинлар. Бу ҳукмларни эшитмаган, билмаганлар бўлса эшиттириб, билдирсинлар. Бундай маънавий жиноятлардан қутулиш чораларини кўрсинлар.

Боши қуйидаги ҳаволада: http://muslimaat.uz/bosh-sahifa/tahlil/item/1756-folbin-sehrgar-munajjim ва http://muslimaat.uz/bosh-sahifa/tahlil/item/1763-folbin-sehrgar-munajjim

Мавзуга оид мақолалар
Оила қурмоқчи бўлган кишилар бирбирларига тенг бўлишлари ҳақидаги маълумотлар. Аллоҳ таоло  давоми...

13:11 / 09.11.2016 3844
embedhttpswww.youtube.comwatchv8rqELgyL7wfeatureyoutu.beembed

11:29 / 11.04.2018 2618
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Талаби илмга тўсиқ бўладиган нарсалардан яна бири, таҳсилни ортга суриш, давоми...

14:52 / 31.01.2017 5273