Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Инсон учун энг катта неъматлардан бири – саломатлик. Соғлигимизнинг қадрига етиб, унга доимо эътиборда бўлишимиз шу неъматга бўлган шукронамиз ифодаси эканлигини яхши биламиз. Ўз даврининг буюк жарроҳларидан бири, академик Николай Амосовнинг узоқ яшаш, касаллик оқибатида келиб чиқадиган мусибат, асоратлардан сақланиш ҳақида олтинга менгзалган маслаҳатларини эса кўпчилик билмаса керак. Сизларни унинг олтита «олтин» маслаҳатлари билан таништирамиз.
1. Шифокор сизни соғлом қилиши мумкин, деган фикрга умид қилманг. У сизнинг ҳаётингизни сақлаб қолишга ёрдам бериши, касаллигингизни тузатиши мумкин, лекин қолган умрингизнинг қандай кечиши фақат ўзингизгагина боғлиқ. Мен тиббиётнинг буюк кучига шубҳа қилишингизни хоҳламайман, бир умр унга хизмат қилиб яшадим. Шунинг учун соғликнинг қадр-қимматини ҳам ўз ҳаётим тажрибаси, ҳам илмий тажрибамдан яхши биламан. Бу борада озгина мақтанишни ўзимга эп кўрдим: бир ярим йилдан бери ўзимда тажриба ўтказяпман: кунда уч соат югуриш ва гантеллар билан шуғулланяпман (изоҳ: бу пайтда академик Амосов 70 ёшдан ошган эди). 2. Шифокор сизнинг касаллигингизни даволайди, соғликни эса ўзингиз доимий равишда жисмоний ҳаракат ва машқлар қилиб тиклашингиз мумкин. Соғлик – бу, вужудимиздаги мавжуд орган – аъзоларимизнинг захира имкониятидир. Жисмоний машғулотлар тана аъзоларнинг мавжуд руҳий ва жисмоний функционал кўрсаткичларини қўллаб-қувватлаш ва уларни доимий равишда бир хил даражада ушлаб туриш учун керак. Мисол учун: югуриш, жисмоний машқ ва ҳаракат натижасида пульс ва қон босими бир ярим баравар кўтарилмаслиги, ҳансираш эса тез ўрнига келиши учун, арзимаган елвизакка шамолламаслик, умуман олганда, шамоллашлар дори-дармонсиз тезгина ўтиб кетиши, яхши ишлаб, яхши ухлаб ва яхши ҳаёт кечириш учун жуда муҳимдир. Хулосамиз шуки, бу кўрсаткичларни дори-дармон ёки ҳозирда кенг урф бўлган БИО-ҚЎШИМЧАЛАР билан эмас, фақат мунтазам равишда жисмоний машқлар, жисмоний меҳнат ва очликка, иссиққа, совуққа чидаш йўли билан, тўғри овқатланиш билан ушлаб туриш ва юзага чиқариш мумкин. 3. Касаллик нима эканлигини ҳар биримиз яхши биламиз. Бу бизнинг бахтли, тинч яшашимизга ҳалақит берувчи ҳолатдир. Касаллик сабаблари ҳам аниқ: инфекция, экология, стресс (руҳий ҳаяжон, руҳий зарбалар) ҳолатлари, носоғлом турмуш тарзи, баъзида туғма нуқсонлар. Мен сизга қатъий айтаманки, инсон табиати ва организми мустаҳкам, пишиқ қилиб яратилган. Тўғри, майда-чуйда касалликлардан қочиб қутулолмайсиз, лекин барча жиддий касалликлар инсоннинг нотўғри яшашидан: камҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш ва нотўғри ҳаёт кечириш тарзидан келиб чиқади.Ташқи таъсирлар: камбағаллик, стресслар иккинчи даражали сабаблардандир. 4. Жисмоний машқ ва ҳаракатлар ҳар бир инсон учун ўзига муносиб равишда мўътадил бўлиши керак, лекин асосий шарт – бу, мунтазамлик, аста-секинлик. Масалан, пиёда юриш ёки югуриш: ҳар куни аввалги кунги югуриш ёки юриш даражасига 3-5 фоиз қўшиб борсангиз етади, ва албатта, ёшингиз ва соғлигингиз имкониятидан келиб чиққан ҳолатда бўлиши лозим. Ўзини чиниқтириш ва меҳнат билан шуғулланиш ҳам худди шу тартибда амалга оширилади. Мен ҳеч қандай янгилик киритмадим, лекин соғликни бир хилда ушлаб, асрашнинг уч асосий шарти бор: a) овқатингиздаги ёғ миқдорини максимал равишда камайтиринг, ҳар куни 300 грамм мева ва сабзавотлар ейиш керак; b) энди, жисмоний машғулот масаласига тўхталсак. Бу ўринда маслаҳатимга амал қилишингиз қийинроқ, яхши соғликка эга бўлиш учун инсон кунига камида 1 соат шуғулланиши керак. Лекин замонавий эркак ва аёлларда бунга вақт йўқ ёки албатта, дангансалик бор. Шунинг учун кунига атиги 20-30 дақиқа бадантарбия, (бу эса камида 1000 та ҳаракат), яхшиси икки килограммлик гантеллар билан шуғулланиш керак. Бунга ишга бориш ва келишда пиёда юришни қўшсангиз (ҳеч бўлмаса кунига 1-3 км), асабларингизга ҳам яхши дам бўлади. Югуриш ҳақида гарчи жуда фойдали бўлса-да, айтмай қўяқолай; c) энг қийин шарт: ўзингизнинг руҳий ҳолатингизни бошқариш. Ўзингизнинг руҳиятингизни бошқаришга ўрганинг. Ҳайвонлар бундай ҳолатда югуриш ва бир-бири билан уришиш натижасида стрессдан чиқади. Инсон-чи? Рецептлар, қўлланмалар жуда кўп, уларни ёзмай қўяқолай. Ўзимнинг энг содда усулимни айтай: жаҳлим чиққан ва стресс ҳолатларда катта миқдорда адреналин ажралганида: фикримни аста-секин, ритмик нафас олишга жамлайман ва мускулларимни бўшаштираман. Бундай ҳолатда энг яхши усул – серғайрат, фаол ҳаракатлар қилиш, лекин ҳамиша ҳам бунинг иложи йўқ. Жисмоний меҳнат ва ҳаракат адреналинни парчалайди ҳамда шу йўл билан томирлар ва тана аъзоларини спазмдан сақлаб қолинади. 4. Агар ёшингиз олтмишга етмаган бўлса ва сизда касаллик белгилари бўлмаса, арзимаган хасталик учун поликлиникага югурманг. Чунки бизнинг шифокорлар табиатга унчалик ишонмайди. Улар тинчлик ва дам олишни буюришга мойил бўладилар. Касалликни аниқлашса, маслаҳатлари шундай бўлади: дам олинг ва даволанинг! Уларга асир бўлишдан сақланинг! 5. Организмда қудратли иммунтизим ва касалликка қарши компенсатор механизмлар бўлади. Улар ишлаб кетиши учун маълум муддат берилиши керак. Тажрибали, ҳақиқий шифокорнинг муолажалари ва дори-дармонлар табиий тузалишни тезлаштиради. Агар сизга яхши шифокорга учраш насиб қилган бўлса, унинг қадрига етинг ва арзимаган нарсалар учун ортиқча безовта қилманг. Шуни билингки, яхши шифокор – бу, фақатгина яхши мутахасссис эмас! Шифокорингизнинг тавсияларини аниқ бажаринг, ундан қўни-қўшнилардан эшитган дориларингизни қўллашини талаб қилманг. Яна такрор айтаман, камроқ дори ичинг. Айни пайтда «капельницалар» урф бўлди. Нафақат касалхонада, балки уйда ҳам қуйиляпти. Жонлантириш бўлимида керак бўладиган «оғир артеллерия» уй шароитида керакми? Буни ўйлаб кўриш керак. Хулоса қилиб айтаман, соғлом бўлиш учун инсонда ирода бўлиши керак. Гар иродасиз бўлсангиз, шифокор, касаллик ва жисмоний машқлар каби учбурчакдан қай бирини танлашингиз мумкин? Менинг маслаҳатим: жисмоний машқлар ва меҳнатни танланг. Ишонинг, бу ўзини ўзи оқлайди! Хуллас, ҳар бир инсон ўз тақдирининг хўжайини. Ва соғлигининг ҳам масъули! Қизиқ савол: нега одамлар кўп касалланади? Менинг фикримча, инсонларнинг тўқсон фоизи тўғри яшаш тарзини билганида, соғлом бўлган бўлар эди. Афсуски… Мунтазам равишда жисмоний меҳнат ва машқлар билан шуғулланиш инсон иродасининг кучли бўлишини талаб қилади. Аксарият одамлар эса иродасиз ва дангаса. 6. Яна бир гап: дунёда илмсиз, тажрибасиз шифокорлар жуда кўп. Исботи дейсизми? Уларнинг ўзидан сўранг, нималарни ўқийди ва нима қила олади? Камдан-кам шифокор ўз устида ишлайди ва ўқийди. Амалий фаолиятдаги шифокорлардан баъзиларигина ўз устида ишлайди, холос. Жарроҳлар амалиётни ўз соҳасида амалга оширадилар, негаки, бусиз иложи йўқ. Терапевтлар эса ўрганиши шарт эмас, бунинг учун бошқа мутахассислар етарли. Охирида айтишим жоизки, тиббиётда ҳам жуда кўп адашмовчиликлар ва нотўғри илмий хулосалар мавжуд. Бу статистик кўрсаткичларни нотўғри кўрсатишдан келиб чиқади. Масалан, сизнинг фикрингизча, нима учун саратон касаллиги кўпайиб кетди? Дунё миқёсида бу касаллик кўпайгани йўқ, фақатгина инсон умрининг узайиши ҳисобига кўп қайд этиляпти, чунки саратон билан кўпинча ёши улуғ инсонлар касалланади. Булар академик Амосов фикрларининг асосий мағзи, холос, қолган мулоҳазаларини унинг кўплаб илмий ишлари билан танишганингизда билиб оласиз. Интернет маълумотлари асосида Раъно Тожибой қизи тайёрлади.