Аёлликка очилган аза
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дарди бошқа...

Дарахтнинг бўйи йиқилганда кўринади, деганлари рост экан. Ўзининг АЁЛ эканини эслатиш учун танасини очиб, гўзаллигини бозорга солиб юришга мажбур бўлаётган чет эллик бахтиқаро хонимларнинг гўёки «эркинлик», «замонавийлик» бўлиб кўринган шармандаликларига тақлид қила-қила шарқона ахлоқнинг илдизларига болта уриб бўлган эканмиз. Аждодларимиз юзлаб йиллар давомида авайлаб келган бу «дарахт» қулагандай бўлди-ю, бизнинг қандай неъматдан айрилиб қолганимиз бор бўйи билан кўринди...

 Эрининг фалокатга учраб, икки ойгина касалхонага тушиб қолиши туфайли «қийналиб» қолиб, «яхши яшашнинг «йўлларини» ўйлаб топган» хотиннинг қорни тўймай қолганидан шу расвогарчиликни қилганига ишонмайман. У икки ойнинг ичидагина «бузуқ» бўлиб қолган эмас. Бузуқ хаёллар бу хотинни олдинроқ маҳв этган бўлиши керак: эҳтимол, у эрининг топиш-тутишидан қониқмай, «бойвачча» эркакларга зимдан ҳавасланиб юргандир, эҳтимол, эрининг бағрида ёшлигидаги «севгилиси»нинг хаёли билан яшагандир...

Ҳар нима бўлганда ҳам, эрини қадрламай, ўзгаларга иштиёқманд бўлиб ёки бетайин орзу-армонлар, афсонавий хаёлотлар билан онгини булғаб кун кечиргани аниқ. Эрининг фалокати туфайли келиб чиққан қийинчиликлар эса унинг учун айни муддао бўлгандай...Лекин дунёнинг ҳисоб-китоби нақадар тўғри эканини ҳисобга олсак, албатта, аёли зинога жазм қилган эркакларда ҳам каттагина айб борлигини англаймиз. Зинокор аёл беор, бетайин эркакларга жазо тариқасида юборилгандай туюлади. Аммо барибир, зинодан қўрқмайдиган, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган аёлни ҳеч қандай шароиту сабаблар билан оқламоқ мумкин эмас. Бундайларни оқлашнинг ўзи нодонлик. Негаки, ҳар қандай (айниқса, шаҳвоний) нафсни тийса бўлади. Одам боласи очликдан, сувсизликдан ўлиб қолиши мумкиндир, лекин ҳирсини қондирмагани учун ўлиб қолган одамни дунё ҳали кўрмаган. Дунёда ўзини тиёлмаган, АЁЛлик ғурурини номаҳрам эркакнинг оёғи остига ташлаган, ўзини булғаган эрли аёлдан ҳам кўра шармандалироқ, хорроқ, аянчлироқ кимса йўқдир. Аёл хиёнати ҳақида эшитганимда, ўйлайвераман: уруш даври аёлларининг зуваласи бошқа ердан олинганмидийкин... Қорахатни кўксига босиб, эрининг тирик эканидан умид узмай, унинг эшикдан кириб келишини ўттиз, ҳатто қирқ йиллаб кутган, эрининг арвоҳига ҳурмат сақлаб, бошқа турмуш қурмай ўтган аёлларда нафс йўқмиди! Тўйининг эртасига куёвини урушга кузатган келинчакларда, ҳали ўттизга ҳам кирмай бева қолган жувонларда нафс йўқмиди! Болалари очликдан чирқираётган хотинлар ҳам нон тилаб бегона эркакларнинг эшигига бормаган эди-ку. Уларнинг қўллари қадоқ, кўйлаклари ямоқ, лекин кўнгиллари тоза, ўй-хаёллари тиниқ, ниятлари яхши эди. Аёллик  қайсидир бир эркакнинг нафсини қондириб юриш эмаслигини яхши англардилар улар. Бузуқлик наслни булғашини, қонни айнитишини билардилар. Асосийси, Худодан қўрқардилар! Раҳматли бувимнинг туғишган опалари бўларди. У кишини «катта буви» дердик. Эри урушда вафот этиб, йигирма беш ёшида уч бола билан бева қолган. «Тишида тишлаб боққан» уч боласининг бири очликдан, бири касалликдан, бири отасига ичикиб вафот этган. Шу-шу бошқа рўзғор қурмаган. Узоқ йиллар ёлғиз яшаганига қарамай, номи ёмонга чиқмаган. У кишини қишлоқнинг катта-ю кичиги «ая» деб чақирар, бирдек ҳурмат қиларди. Катта бувимнинг мунғайиб, хаёлга ботиб ўтирганларини кўп кўрганман. Бир куни у кишини жуда ғалати алфозда учратдим. Катта бувим уй ичидаги ўчоқнинг четига кўксиларини бериб, мўриконга қараганча: «Карома-ат, Салома-ат...» дея раҳматли фарзандларининг отини айтиб чақирар, инграб йиғлардилар... Ўшанда бувимнинг аҳволи мени ларзага солган, овозидаги мунг юрагимни тешиб юборгандай бўлган, бола қалбим билан у кишининг қанчалик катта дардни, кетмас азобни кўтариб, бировга ҳасрат қилмай, унсиз юрганларини англаган, қўшилишиб юм-юм йиғлаган эдим...

Ана ўша аёлларга таскин, суянч, юпанч керакмасмиди?! Керак эди. Жудаям керак эди. Лекин улар ўзларининг ҳаловати учун эрининг арвоҳини чирқиратадиган даражада пасткаш, нафс кўйида охиратини куйдирадиган даражада нодон эмас эдилар. Ҳозирги замонда аҳволи ўша аёлларнинг аҳволидан кўра ночорроқ, ёмонроқ аёл борми? Орамизда кийимига ямоқ тушган, қорни нонга тўймаётган, болалари очликдан ўлаётган аёл борми? Йўқ! Демак, эри бўлатуриб «бузилиб» кетаётган, яхши топиб-тутмаётгани баҳона эрининг «кўзига тупроқ сочаётган» хотинларнинг дарди бошқа.

Дунё кечикиб билган ҳақиқат

Ҳар қандай жамиятда аёлнинг бўйнидаги масъулият эркакларникидан каттароқ. Чунки аёл фарзанд туғади, уни тарбиялайди, яъни келажак авлоднинг тамал тошини қўяди. «Жаннат оналар оёғи остидадир», дейилган. Лекин афсуски, бу улуғликка бола туққан ҳамма аёл ҳам муносиб бўлолмайди. Агар аёлнинг ўзи тарбиясиз, енгил-елпи ҳаётга иштиёқманд, нодон бўлса, болаларига қандай тарбия беради? У келтирган оқибат аянчли оқибатдир, яъни бир эркакнинг наслини бузади, бир авлоднинг қонини булғайди. Айни шу ҳақиқатни яқингинада япон олимлари илмий исботлаб бердилар. Японияда кўп сонли кўнгилли иштирокчилар устида олиб борилган узоқ йиллик илмий текшириш якунида жуда кўпчиликни лол қилган хулосалар жаҳон оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинди. Бу ҳақда Британиянинг The Daily Mail газетаси шундай ёзади: «...Текширишлар якунида маълум бўлишича, бир аёл нечта фарзанд кўрса, (биттами, ўнтами) уларнинг ҳар бирига шу аёлнинг (онанинг) табиатидан, феъл-атворидан ўн етти фоиз турли ўхшашликлар, хусусиятлар ўтади. Отадан эса болага ўн фоиз хусусият, феъл-атвордаги ўхшашликлар ўтиши мумкин, холос. Лекин шунда ҳам бу ўхшашлик болаларнинг ҳаммасига бирдек ўтмайди, яъни уч-тўрт фарзанддан биттасигагина ўтиши мумкин. Ҳатто ўз отасининг феъл-атворидан бир фоиз ҳам «улуш» олмаган фарзандлар учрар экан...» Кўринадики, оилада онанинг ким эканлиги болаларнинг қандай одам бўлиб шаклланишини белгилайди. Дунё энди билган бу ҳақиқатни бизнинг донишманд халқимиз бир неча юз йиллар олдинроқ англаган ва ўз хулосасини чиқариб қўйган эди: «Отаси ёмон – биттаси ёмон, онаси ёмон – ҳаммаси ёмон!»

Уқувсизлар «фалсафаси»

Дунёдаги энг хунук ҳолат – аёлнинг дилозорлиги. Дунёдаги энг хунук аёл – эрига бақираётган аёл. Дунёдаги энг шарманда кимса – ўзини бозорга солаётган хотин. Дунёдаги энг аҳмоқ кимса – эри билан оиладаги бошқарувни талашаётган хотин. Дунёдаги энг адашган кимса – ўзини тарбияламай туриб, ахлоқини ислоҳ қилмай туриб бола кўпайтирадиган, бола туғиб қўйишнигина оналик деб тушунадиган хотин. Дунёдаги энг бечора кимса эса – хотиндан ёлчимай ўтган эр...

Халқимизда «Яхши от кейин чопади», деган нақл бор. Нега яхши от кейин чопади? Чунки у ўзидан олдин югураётган отларни кузатади: қаерда тойиляпти, қаерни айланиб ўтиш керак, қаерда йиқилиш хавфи бор... Шунга қараб, тадоригини кўриб чопади. Эътибор берсангиз, аёлларимизнинг кўпчилиги Ғарб аёлларига ошкора ҳавасланади. Улардан ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлар ҳам бордир, балки. Беҳад қулайликлар ичида яшаётгани билан айримларимизнинг ҳавасимизни келтираётган ғарблик аёллар (ўхшатиш жоиз бўлса) – биздан олдин чопаётган «уюр». Биз уларнинг хатосини, қаерда тойилиб, қаерда йиқилиб қолаётганини кўриб турибмиз, лекин жуда кўпчилигимиз бундан хулоса чиқармай, олдиндаги «от»ларнинг белини синдираётган «чуқур»ларга қараб чопишдан чўчимаяпмиз.

Масалан, ўтган асрнинг бошларида Америка ва Ғарб аёллари ўртасида феминистик мафкура шаклланган ва бу оқим ҳозирга қадар ўша давлатларнинг аёллари ўртасида ўз кучига эга. Яъни улар барча жабҳаларда, айниқса, оилада эркаклар билан тенглашишга интилиб, бу йўлда улар билан тинмай беллашдилар. Эркакларга итоат қилмаслик учун уларга қарши курашишгача бориб етдилар. Афсуски, айни шу ҳолат ҳар хил тарзда бизнинг аёллар ўртасида ҳам кузатилмоқда. Англамаяпмизки, эркаклардан ўтаман деган ўша шаддод Ғарб аёллари ўз қилғиликлари туфайли бугун беқадр. Уларнинг эркаклари никоҳ масъулиятидан қочадиган бўлиб қолган. Энди у хонимларнинг бор-йўқ ташвиши эркакларини «Никоҳ уйи»га етаклаш учун минг бир ҳийлалар ўйлаб топишдан иборат бўлиб бормоқда. Негаки, инсон боласининг ҳаммасига оила керак.

Ғарб аёлларининг эркакларга итоат қилмаслик учун курашишлари бориб турган аҳмоқликдан ўзга нарса эмас эди. Чунки дунёдаги ҳеч бир эркак қўлида таёқ билан хотинига зуғум ўтказиб, уни исёнга сабаб бўлар даражада азоблаб ёки кишанга солиб бўйсундиришга ҳаракат қилмаётганди. Ғарблик феминист аёлларнинг бор фожеаси – уларнинг асл АЁЛ бўлишни уддалай олмаганликларида, рўзғорбоп бўлишни эплай олмаганликларида, оилавий масалаларда уқувсиз эканликларида, ўйин-кулгига ўчликларидадир.

Бизнинг баъзиларимиз ўшаларга тақлидан эркакларга нисбатан зулмкор, муросасиз бўлишни ўргандик. Билмаяпмизки, эркакларга бемаъни талабчанлик, ярашиқсиз қайсарлик қилиш билан дунёдаги ҳеч қайси аёл барака топмайди, истаганига эришмайди. Тарихда дунёни бошқарган ҳукмдорларнинг асосий маслаҳатчилари ҳам уларнинг оқила аёллари эди. Бу мастура аёллар ўз султонларига шаддодлик қилиш, манаман дейиш билан эмас, мутелик, итоатгўйлик билан, ҳалимлик билан, ҳузурида қулдек мунтазир туриш билан эгалик қилганлар. Ана шунинг номини аёллик «санъати» дейдилар. Бу санъатни билмайдиганларга АЁЛман дейишга йўл бўлсин!

Ўзини суйдира олиш «илми»

Бир дугонамнинг етмишга кирган бувиси бўларди. Унинг чолини бир кўрсангиз эди: қўпол, тўғри гапни ҳам уришаётгандай қилиб айтади. Кампир эса ҳалимгина, ҳамиша кулиб туради. Шу чол-кампир эллик йилдан ортиқ бирга яшашган. Дугонам айтарди: — Бувам билан шунча йил қандай муроса қилгансиз-а, буви, десак, бувим: «Аёл киши феъли ёмон эркакни тадбир билан тузатиши, уни рисолага солиши керак. Буванг менга суяниб қолган, унинг машмашалари – менга эркалик қилгани-да», дейдилар...

Шу онахон вафот этди. Чол чиндан ҳам кампирига эркалик қилиб кун кўриб юрган экан, унга чиндан ҳам суяниб қолган экан. Онахоннинг вафотидан кейин узоқ яшамади. Дугонамнинг айтишича, буваси кампирини кўмиб келгач, одамови бўлиб қолган, ҳеч ким билан гаплашмай, бир нуқтага тикилиб ўтирадиган одат чиқарган экан. Онахоннинг маъракаси ўтган куннинг эртасига чолни унинг қабри ёнидан ўлик ҳолда топишган...

Тўғри, у бирга яшаган даврларида хотинига ҳинд кинолари ёки турк сериалларидаги ошиқ каби мулозамат, эътибор кўрсатмагандир, хотинини ортиқча эркалатмагандир. Лекин аёлини юракдан, унсизгина, астойдил суйгани аниқ. Тўғрироғи, табиатан жуда қўпол эрга ҳам хотин (мулойим феъли туфайли) ўзини суйдира олган. «Эркаги кўзига чўчқадай кўринишини қўшни аёлга энсаси қотиб сўзлаётган аёл»да эса айни шу хислат йўқ. Негаки, АЁЛлик «илми»нинг ўзаги ҳам шу – ўзини суйдира олиш!

Фақат калтабин аёлгина «Эрим мени, албатта, суйиши керак, мен унга бола туғиб бердим, уйига бекалик қиляпман, шу туфайли ҳам у мени суйишга мажбур», деб ўйлайди. Оилага, рўзғор тутишга тайёр бўлмаган қиз эса турмушга чиққач, «Мана энди менинг «законний» эрим бўлди», дея хотиржам тортиб, назокатнинг ўрнига талабни оширади. Ўзининг хотин эканини ширин муомала, ширин изҳорлар билан эмас, ноўрин талаб ва тергашлар, кесатиқлар билан «эслата бошлайди»: «Менам хотинман, унга ҳаққим бор, бунга ҳаққим бор, ундай қилишингиз керак, бундай қилишингиз керак – вазифангиз!» Ҳаётда эркакни уйдан бездиришнинг бундан осон йўли бўлмаса керак...

«Соҳибжамол ва махлуқ» мультфильмини кўргансиз. Шу мультфильм болалар учун эмас, балки катталарга сабоқ бўлсин учун ишлангандек туюлади менга. Мультфильм қаҳрамони ойимқиз ширин муомала, оқилалик билан аламзада, қўпол махлуқни одам қилади, унинг барча камчиликларидан кўз юмади, ҳар қанча бесўнақай ва хунук, муросасиз эканига қарамай, унга назокат билан, меҳр билан ёндашиб, ҳаётга қайтаради.

Назаримда, ҳамиша эридан нолиб юрадиган аёл эрини эмас, ўзини шарманда қилаётгандек. АЁЛ бўлмоқни эплолмаётганини кўрсатиб қўяётгандек. «Қорнини тўқ, устини бут қилиб қўйган» эркакнинг кўнглини ололмагани, ўзига меҳрибон қилолмагани аёлнинг ношудлигидан дарак эмасми? «Ҳаётингда шундай яшаки, сен кетгач, ҳеч ким сенинг ўрнингни тўлдиролмасин!» деган эди файласуфлардан бири. Аёл киши эрининг шундай жуфти бўлиб яшамоғи керакки, эркакка усиз дунё қоронғу бўлсин, эркак уйига келганда яйрасин, эркакнинг бор парвоналиги шу аёли, оиласи учун бўлсин. Агар бунинг акси бўлса, хотини вафот этиб, бошқасига уйланган эркаклар «янги хотин»ининг меҳридан ийиб, «Мана энди хотин кўрдим, илгари қандай яшаган эканман-а...» деб юрса, бунақа нўноқ аёлликнинг боридан йўғи! Аёл кишининг дилозорлиги – АЁЛликка очилган аза бўлса керак...

Дилфуза КОМИЛОВА

Мавзуга оид мақолалар
   Ҳуда Идрис ўз бизнесини 12 ёшида бошлаган. Саудия Арабистонидаги мактабларда бир нечта дастурлаш давоми...

14:15 / 08.03.2017 3500
Бу байрамнинг пайдо бўлиш тарихидан хабардор бўлган одам жаҳолат, ширк, куфр, зулм билан илм, иймон, Ислом, давоми...

22:13 / 01.01.2017 4331
Одамлар милодий янги йил кечасини дастурхон атрофида ўтказадилар. Биз Ашуро куни дастурхон безаймиз. Ўзим давоми...

22:20 / 27.08.2020 4889
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қачон Рамазон келса, давоми...

06:31 / 11.02.2017 7141