Жаҳолат – разолат омили
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жаҳолат – разолат омили

        Муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодларимизга тўғри тушунтириш, Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.

 ИСЛОМ КАРИМОВ

  Истиқлол шарофати билан серқуёш юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Диёримиз мусулмонларининг асрий орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади. Асосий қонунимизда эътиқод эркинлиги кафолатланди. «Виждон эркинлиги тўғрисида»ги Қонунда эътиқод қилувчиларнинг ҳақ ва ҳуқуқлари белгилаб берилган. Диний ташкилотлар фуқаролик жамиятининг ажралмас таркибий қисми эканлиги эътироф этилди. Муборак ҳаж ва умра сафарини ихтиёр этганлар учун кенг имкониятлар яратилди. Масжид ва мадрасалар сони эҳтиёжга яраша кўпайтирилди. Диний адабиётлар нашри йўлга қўйилди. Маънавиятимизни бойитиш учун барча шарт-шароитлар таъминланмоқда.

   Афсуски, бу неъматлардан фойдалана туриб, ношукрлик қиладиган, ғанимларимиз ноғорасига ўйнайдиган, ўз юртига қарата тош отадиган нобакор шахслар ҳам йўқ эмас. Айниқса, дунёнинг турли давлатларида бўлгани каби бизнинг мамлакатимизда ҳам турли экстремистик, ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб, залолат ботқоғига ботиб қолган кимсаларнинг борлиги кишини ранжитади. Ўз дини, эътиқодидан адашган, бу ҳам етмагандек зўр ғайрат билан бошқа инсонларни ҳам ўз домига тортаётган оқим ва тоифаларнинг баҳор фаслида ердан чиқадиган қўзиқориндек пайдо бўлаётганига нима сабаб бўлмоқда?! Тўхтовсиз огоҳлантириш ва қайтариқларга қарамасдан инсонларнинг уларга эргашиб кетаётганлигига-чи?! Омилик, уқувсизлик, шахсий фикрнинг йўқлиги, жоҳиллик, ақл ишлатмаслик, диний билимларнинг саёзлиги… Бу рўйхатни кўплаб давом эттириш мумкин. Биз эса айни дамда разолатга кўр-кўрона эргашиб кетишга сабаб бўлувчи ЖОҲИЛЛИК борасида сўз юритмоқчимиз.

      Ақл билан жаҳолат бир-бирига зид бўлган тушунчалардир. Бир нарсани чуқурроқ англаш, унинг зарар ёки фойдаларини тўлиқ англаш учун унинг зиддини ҳам билиш ва таққослаб ўрганиш лозим. Шу боис жоҳилликнинг акси бўлмиш илм, ақл юритиш каби тушунчалар билан танишишни жоиз кўрдим.

       Жаҳолат – жуда кенг қамровли тушунча бўлиб, Ислом динида у қаттиқ қораланади ва зараридан сақланиш мақсадида иложи борича ундан йироқ бўлишга ундалади. Ислом мусулмонларга тараққиёт йўлида юришни фарз қилган. Кишиларни илмга ундаган, чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди шунингдек, тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Илмга қизиқтириш борасида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

«Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар» (Зумар сураси, 9-оят).

     يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).

وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا

«Ва айтинг: «Эй Раббим, менга илмни зиёда эт  (Тоҳа сураси, 114-оят).

    Илм бир нарсага ишонч ҳосил қилмай туриб, далилини билмай туриб, тақлид қилишдан қайтаради. Бу борада ҳозирги замон илми эски илмга тўғри келмайди. Чунки қадимда, хусусан, ўрта асрларда, овруполиклар бирор нарсанинг тўғри ёки нотўғрилигига машҳур кишилардан баъзиларининг фикрига қараб баҳо берар эдилар. Мисол учун, Арастудан чиққан ҳар бир фикр тўғри бўлади, ундан хато фикр чиқиши мумкин эмас, деган фикрга ўхшаш. Илм кўр-кўрона тақлиддан қайтаришда Қуръон билан мувофиқдир. Қуръони Каримда бир фикрга ёпишиб олиб, «Бу ишни ота-бобомиз қилган» деб, ўзлари ақл ишлатмай юрганлар танқид қилинган.

      Аслида, илм дегани ишларни ақл ёрдамида бажариш, демакдир. Ақл эса учраган нарсани тушуниб қолиш қобилиятидир. Қуръон барча ишларда ақлни ишлатишга чақиради, ақл ишлатмайдиган жоҳилларни қоралайди. Қуръони Каримда ақлга тааллуқли сўзлар 50 ўринда ишлатилган, «ақл эгаларининг сўзлари» ибораси эса 10 мартадан кўпроқ ишлатилган. Шунинг ўзи ҳам Ислом ақлга катта эътибор беришининг исботидир.

      Баъзи бир чаласавод кишилар «Илмли одам динсиз бўлади, кишининг илми қанча кўпайса, унинг динсизлиги ҳам шунча ортади», деб ўйлайдилар. Ҳақиқий олим тўғри илмий ишлар олиб боргани сайин ўзи чексиз бир оламда яшаётганини билади. Бу оламда ажойиб тартибли интизом ҳукм сураётганини, ҳеч бир нарса тартибсиз ёки беҳуда эмаслигини тўла тушунади. Буларни тўғри идрок этиш Аллоҳга ишонишга олиб келади. 

      Ислом – илм дини эканини фақат жоҳилларгина инкор қилишлари мумкин. Ким Исломнинг илмга муносабатини аниқ билмоқчи бўлса, дин душманларининг бўҳтонларини бир тарафга йиғиштириб қўйсин-у, Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифдан илмга тегишли оят ва ҳадисларни ўргансин. Ким Исломнинг илмга муносабатини аниқ билмоқчи бўлса, тарихга назар солсин, Исломга амал қилинган пайтда ҳар бир мусулмон юртидан кўплаб алломалар чиққанига гувоҳ бўлсин, илм-фан, маданият мислсиз ривожланганини билиб олсин!

Аллоҳ таоло:

«Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар», (Фотир сураси, 28-оят) деб марҳамат қилган.

     Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, унинг яратганларидан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузилиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларни тўлиқ ўрганиб ҳам уларни яратган Зот – Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади. Аввало, ҳар бир мусулмон фарзанди диний ва дунёвий билимларни керакли даражада эгаллаб, улғайишга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг имконияти, одатда, ҳаммада ҳам бўлавермайди. Шунинг учун диний билимлардан энг зарур ва муҳим моддаларини ўрганиб, мусулмончилиги учун лозим бўладиган маълумотларни эгаллаш ҳамма учун зарурдир. Масалан, ҳаром, ҳалол, гуноҳ, савоб, таҳорат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, ота-она ва бошқа яқин қариндошларнинг ҳақ-ҳуқуқлари каби муҳим масалаларни билиб олишлик энг долзарб вазифалардир.

     Бугунги кунда, глобаллашув жараёни ўсиб бораётган даврда диний ва дунёвий билимларни керагича ўзлаштириб олишга шароитлар етарли даражада мавжуд. Айниқса, илму фан ва техника ҳамда элекроника, интернет воситаларидан оқилона фойданилса, қисқа муддатда кўп илмларни эгаллаш мумкин.

     Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини огоҳлантириб, уларни иттифоқ бўлишликка чақириб, ихтилофга бормасликка буюриб ва жамиятдаги жоҳил кимсаларга беэътибор бўлмасликка чорлаб шундай деганлар:

 «Сизлар бир кемага миниб, йўлга чиққан йўловчиларга ўхшайсизлар. Ичларингиздан бир онгсиз, безори одам қўлига болтани олиб, кемани теша бошласа, сизлар лоқайдлик қилиб, уни бу ишдан қайтармасангиз, ҳаммангиз бирга ғарқ бўлурсиз. Қайтарсангиз, ҳаммангиз омон қолурсиз».

      Шу ҳадиси шариф моҳиятидан келиб чиқсак, жамиятнинг ҳар бир аъзоси бир-бирининг тинчлиги ва осойишталиги учун масъул ва жавобгар эканини тўғри англаши керак бўлади. Юқоридаги ҳадиси шарифдан сабоқ оладиган бўлсак, унда теран ҳикмат борлигини идрок этамиз. Зеро, юртимиз фуқаролари ҳам ўзлари ва келажак авлодларнинг бахт-саодатли, фаровон ҳаёт кечириб, тинчлик ва хотиржам яшашларига ўз ҳиссаларини қўшиб, ҳозирдан юрт тақдири ҳақида қайғуришлари, унинг тараққиёти ва равнақи йўлида қўлларидан келганча хайрли ишларни амалга оширишлари керак бўлади.

     Яхши ният ва холислик миллий ва диний қадриятларимизнинг теран илдизлари сирасига киради. Халқимиздаги «Яхши ният – ярим мол», деган мақол замирида ҳам миллий қадриятлар билан боғлиқ тушунча ўз аксини топган. Оддий халқ орасида муҳим бир ишни бошлаш олдидан яхши ният қилиш, тушкунликка тушмаслик, фақат яхшиликни ирода этиш керак, дейиш ҳам ушбу мақолнинг мазмуни билан уйғунлик касб этади. Бир ҳадиси шарифда:  «Барча ишлар ниятга қараб баҳоланади», дейилган (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Демак, пок ва холис ният ҳар бир ишда шарт эканини асло унутмаслик даркор. Аммо диний-эстремистик оқимлар манфур ниятлари амалиётларини оқлаш ва омма эътиборини тортиш мақсадида муқаддас динимиз номидан иш тутиб, фатволар беришдан тоймаётганларига лоқайд қараш тўғри эмас. Масалан, аҳолисининг кўпчилиги мусулмон бўлган мамлакатимизда Исломнинг асосан беш аркони бажарилиб турган бўлса-да, мусулмонобод юртимизни «дорул-ҳарб», яъни «кофиристон» деб эълон қилиб, жамият кишилари ўртасида бузғунчилик, низо чиқариш, нифоқ солиш, давлат сиёсий бошқарувига аралашиш, диний уламоларнинг жонига қасд қилиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Энг ачинарлиси шундаки, бу оқимлар ҳали онги тўлақонли шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз ёшларни тузоғига илинтириб, улардан ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқдалар. Уларга қарши курашиш, олиб бораётган ишлари очиқ-ойдин жоҳиллик эканини англатиб, тўғри йўлга йўллаш бугунги кундаги муҳим вазифаларимиздандир.

Исоқжонова Муҳсина,

 Хадичаи Кубро аёл қизлар мадрасаси 4-курс талабаси

 
Мавзуга оид мақолалар
  Олтинчи насиҳат Рамазон саховат ва эҳсон ойидир Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни садақа давоми...

10:24 / 07.03.2017 5267
Ислом келишидан аввал арабларда аёл зотига энг қадри паст мавжудотлардан бири сифатида қаралар эди. Улар давоми...

06:49 / 12.12.2016 3400
САВОЛ Икки йўлдан бошқа ердан чиққан нарсаларнинг қай бири таҳоратни синдиради ЖАВОБ Нажосатларгина чиқса давоми...

22:11 / 17.03.2017 4680
Бирлашган Араб Амирликлари тарихидаги биринчи космонавт Хазза алМансури ХКС халқаро космик давоми...

14:50 / 26.09.2019 3617