Рўзани бузадиган нарсалар ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ким жинсий яқинлик қилса ёки унинг икки йўлидан бирига яқинлик қилинса, рўзаси бузилади.

Қасдан ғизо ёки даво бўладиган нарсани еса ёки ичса ҳам, рўзаси бузилади.

Бу ҳолатларда қазосини тутади ва худди зиҳор қилувчи каби каффоротни адо қилади.   Каффоротни адо қилиш Рамазон фарзини адо қилишни қасдан бузганда вожиб бўлади. Бошқасида вожиб бўлмайди. Хато туфайли, мажбурланиш оқибатида, кечаси деб гумон қилиб еб-ичганда, қорнига ёки димоғига терисининг тешикларидан бошқа тарафдан дори етганда, майда тошни ютганда, оғзи тўлиб қусганда фақат қазосини тутади. Агар қайт рўзадордан ғолиб келса ёки эсидан чиқиб оғзини очиб юборса ёки эҳтилом бўлса, назар солиб туриб маний нозил қилса, томоғига чанг, тутун ёки пашша кирса, қазо тутмайди. Агар ҳайвонга, ўликка ёки фарждан бошқа ерга жинсий яқинлик қилса ёхуд ўпиш ёки ушлаш орқали маний нозил қилса, қазо қилади, каффорот йўқ. Агар тиши орасига кириб қолган нўхатдан кичикроқ нарсани еса, рўзаси бузилмайди. Аммо ўша нарсани оғзидан чиқариб туриб кейин еса, рўзаси бузилади. Бир дона кунжутни чайнаб еса ҳам, рўзаси очилмайди. Қайта қусиш, агар кўп бўлса, рўзани бузади. Агар киши ўзини мажбур қилиб қусса, рўзаси очилади. Бирор нарсанинг мазасини татиб кўриш ёки чайнаш макруҳдир. Фақатгина, ёш болага овқат чайнаб бериш, зарурат юзасидан, бундан мустасно. Ўпиш, агар ортидан бирор нарса бўлиш хавфи бўлса, макруҳдир. Мисвок қилиш ва сурма қўйиш макруҳ эмас. Ўта қари шахс рўза тутишдан ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради. Кейин рўза тутишга қодир бўлиб қолса, қазосини тутади. Ҳомиладор ёки эмизикли аёл ўзи ва боласига зарар етишидан қўрқса, бемор хасталиги зиёда бўлишидан қўрқса ва мусофир(ҳам) оғизларини очадилар ва фидясиз қазо қиладилар. Зарар қилмаса, сафарда рўза тутган афзал. Агар бемор тузалганидан, мусофир муқим бўлганидан кейин бир муддат яшаб ўлса, меросхўри қазо қилган миқдорича фидя беради. Агар оз яшаб ўлса, соғ ва муқим бўлган кунлари миқдорича фидя беради. Бунинг учун васият шартдир. Васиятга амал қилиш учдан бирдан бўлади. Ҳар бир қазо қилинган намознинг фидяси бир кунлик рўзанинг фидяси миқдорича. Бировнинг ўрнига бошқанинг қилган ибодати ўтмайди. Нафл рўзани бошлагандан кейин охиригача тутиш лозим бўлади. Илло, рўза тутиш манъ қилинган кунлар бундан мустасно. Мазкур кунларда назр рўза тутса бўлади. Лекин уни очиб юбориб, кейин қазосини тутади. Агар тутаверса, рўзаси рўза бўлади. Нафл рўза тутувчи зиёфат узри ила рўзасини очса бўлади. Кейин қазосини тутади. Мусофир муқим бўлган, ҳайзли аёл пок бўлган, ёш бола балоғатга етган ва кофир мусулмон бўлган куни куннинг қолган вақтида ўзини тияди. Охирги иккиси қазо тутмайди. Муқим сафарга чиқса, ўша куннинг рўзасини охирига етказади. Агар очиб юборса, унга каффорот лозим бўлмайди. Ойнинг ҳаммасида мажнун бўлишлик рўзани соқит қилади. Баъзисида эмас. Агар бир неча кун ҳушидан кетиб ётган бўлса, ўша кунларнинг қазосини тутади. Илло, ниятини қилган кунни тутмайди. Рўзанинг бузилиши икки хил бўлади. Биринчиси – қазо ва каффоротни вожиб қиладиган ҳолатлар. Иккинчиси – фақат қазони вожиб қиладиган ҳолатлар.  
Мавзуга оид мақолалар
Фарғона вилоятида якунига етган яна бир Қуръон мусобақаси Қўштепа тумани Муборак жоме масжидида бўлиб ўтди. давоми...

12:20 / 07.02.2018 2626
Маълумки, қадим замонларда одамлар савдо ва иқтисодий муомалаларини қўлларидаги мулк бўлган нарсаларни давоми...

15:53 / 07.10.2016 3251
embedhttpswww.youtube.comwatchvNZr8zPQEkqoembed Кеча Денгиз масжидида ўтган дарсда айтган эдим. Қалбларни титратадиган, яъни давоми...

14:39 / 25.03.2019 3424
httpsyoutu.bePKN7qzgee0U

12:04 / 02.05.2019 1736