Рўзанинг шартлари ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўзанинг тўғри бўлиши учун уч хил шарт мавжуд бўлиши лозим.

 Биринчи шарт – лозим бўлиш шартлари.

 Бу шартлар тўртта:

1. Ислом.

Мусулмон бўлмаган одамга рўза фарз бўлмайди. Ундай одам рўза тутса ҳам, рўзаси ибодат ўрнига ўтмайди. Кофир одам Рамазонда Исломга кирса, ўша кирган кунидан бошлаб рўза тутади.

2. Ақл.

Ақли йўқ одамга рўза фарз бўлмайди. Чунки у мукаллаф эмас.

3. Балоғатга етганлик.

Балоғатга етмаган ёш болаларга рўза фарз бўлмайди. Рамазон ойида балоғатга етганлар ўша кундан бошлаб рўза тутишни бошлайдилар.

4. Рўзанинг фарзлигини билиш.

Иккинчи шарт – рўзани адо этиш учун лозим шартлар:

Бу шартлар иккита;

1. Ҳайз, нифос ва беморликдан холи бўлмоқ.

Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга ҳамда бемор шахсга рўза тутиш вожиб эмас. Покланганда ва тузалганда қазосини тутиб берадилар.

2. Муқим бўлмоқ.

Мусофирга ҳам рўза тутиш фарз бўлмайди. Сафардан қайтганда қазосини тутиб беради.

Учинчи шарт – рўзанинг тўғри бўлиши шартлари.

Бу шартлар учта:

1. Ният.

Ниятсиз рўза тўғри бўлмайди.

2. Нифос ва ҳайздан холи бўлмоқ.

Нифос ва ҳайзли бўла туриб тутилган рўза ҳам рўза бўлмайди.

3. Рўзани бузадиган нарсалардан холи бўлмоқ.

Рўза тутиб турганда уни бузадиган нарса ориз бўлса, рўза қолмайди. Ўрнига қазосини тутиб бериш лозим бўлади.

Энди рўза ҳақида «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни шарҳлашга ўтайлик.

Рамазон рўзасининг адоси ва қазоси шаръий наҳорнинг ярмидан аввал ният қилиш ила тўғри бўлади.

Биз яхши биламизки, қилиниши лозим бўлган нарсани шариатда белгиланган вақтда қилишни «адо» дейилади. Қилиниши лозим нарсани белгиланган вақтидан кейин қилишни «қазо» дейилади.

Демак, Рамазон рўзасини вақтида тутиш фарз. Агар биров уни вақтида адо қилмаган бўлса, қазосини тутиши фарз.

Рамазон рўзасини вақтида адо қилиш фарзлигига далил:

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин», деган (185-оят).

Рамазон рўзасининг қазосини тутиш фарзлигига далил:

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутадир», деган (185-оят).

Шунингдек, каффорот рўзалари ҳам фарздир.

Бировни ўлдирган ёки зиҳор қилган одам бошқа каффоротларни бажара олмаса, кетма-кет икки ой рўза тутиши фарз бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

«Ким (қул) топмаса, бас (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин», деган (Мужодала сураси, 89-оят).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қасамхўрликнинг каффороти ҳақида:

«Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоротидир», деган («Моида» сураси, 89-оят).

«Шаръий кундуз» деганимизддан шаръий бўлмаган кундуз ҳам борлиги келиб чиқади. Шаръий бўлмаган кундуз «луғавий кундуз» деб аталади ва у қуёш чиққандан бошлаб ботгунча давом этади. Шаръий кундуз эса тонг отгандан бошланиб қуёш ботгунча давом этади.

Демак, рўза тутмоқчи бўлган киши тонг отгандан бошлаб куннинг ярмигача ният қилиб олса, рўзаси тўғри бўлади.

Бунга ҳанафий уламолар Абу Довуд, Термизий, Насаий ва Ибн Можа раҳматуллоҳи алайҳилар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган қуйидаги ҳадиси шарифни далил қилиб келтирадилар:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Мен ҳилолни кўрдим», – деди.

«Сен, лаа илааҳа иллаллоҳу, деб шаҳодат келтирасанми!», «Муҳаммад Аллоҳнинг Расули, деб шаҳодат келтирасанми?» – дедилар.

«Ҳа!» – деди.

«Эй Билол! Одамларга эълон қил! Рўза тутсинлар!» – дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Мисол учун, биров ухлаб қолиб, саҳарликка тура олмади. У уйғонгандан кейин ният қилиб олаверади. Аммо шаръий наҳорнинг ярмидан олдин ният қилиши шарт.

Ният луғатда «қасд қилиш» маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса «ният–қалбнинг бир нарсани қилишга азм ила иккиланишсиз эътиқод қилишидир».

Бас, кимнинг қалбида эртага Рамазоннинг кунларидан бири экани ва ўзи рўза тутиши ўтса, ният қилган бўлади.

Ниятнинг жойи қалбдир. Қалбда ният йўқ бўлса, тил билан айтишлик кифоя қилмайди. Лекин ниятни тил билан талаффуз қилиш суннатдир.

Барча турдаги рўзалар учун тонг отиш пайтида ёки кечаси ният қилиш афзалдир.

Ният масаласида рўзалар иккига бўлинади:

1. Кечаси ният қилиш ва тайин қилиш шарт рўзалар. Бундай рўзаларга «зиммада собит бўлган рўзалар» ҳам дейилади. Улар: Рамазоннинг қазоси, бузиб юборилган нафл рўзаларнинг қазоси, каффорот учун тутиладиган рўзалар ва мутлақ назр қилинган рўзалардир.

2. Кечаси ният қилиш ва тайин қилиш шарт бўлмаган рўзалар. Бундай рўзаларга «муайян замонга боғлиқ рўзалар» ҳам дейилади. Улар Рамазон рўзаси, барча нафл рўзалар бўлиб, шаръий кундузнинг ярмидан олдин қилинган ният ила тўғри бўлаверади.

Рамазон рўзасини нафл нияти ила ёки мутлақ ният ила ёхуд бошқа вожиб рўза нияти ила адо қилса ҳам бўлади. Фақатгина сафарда ва беморликда бўлмайди.

Бу жумлани соддароқ қилсак, Рамазонда унинг рўзаси нияти ўрнига нафл ёки умумий равишда рўза тутишни ният қилса ёхуд қазо, каффорот, назр рўзаларни ният қилган бўлса ҳам, Рамазон рўзаси ўрнига ўтаверади деган маъно чиқади.

Бир киши Рамазон куни нафл рўза тутишни ният қилса ҳам фарз рўзани тутган бўлади. Бошқа бири «Рамазон рўзасини тутишни ният қилдим» дейишнинг ўрнига, «рўза тутишни ният қилдим» деса ҳам, фарз рўзани тутган бўлади. Яна бир киши Рамазон куни «ўтган йилги қазони ёки каффорот учун тутишим лозим бўлган рўзани ёхуд назр қилган рўзани ният қилдим» деса ҳам, Рамазоннинг фарз рўзаси ўрнига ўтаверади. Чунки Рамазон ойи ўша ойнинг фарз рўзасини тутишга тайин қилинган ва ўша фарз рўзадан бошқа рўза бу ойнинг ичига сиғмайди.

«Фақатгина сафарда ва беморликда бўлмайди» деган истисно қилувчи жумладан «Рамазон ойида сафарга чиққани ёки бемор бўлгани учун рўза тутмасликка рухсати бўлган одам ўз ихтиёри билан бошқа вожиб рўзани тутишни ният қилса, ўша ният қилган рўзаси ўтади, Рамазоннинг фарзига ўтмайди» деган маъно чиқади. Бу ижтиҳод Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига оиддир. Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимо бунда ҳам фарзнинг ўрнига ўтади деганлар.

Шунингдек, нафл ва муайян назр ҳам тўғри бўлади. Фақатгина охирги ҳолатда бўлмайди.

Яъни худди Рамазон рўзаси каби нафл ва муайян назр рўзани ҳам шаръий кундузнинг ярмидан аввалги ният ила тутса бўлади. Фақатгина нафл ва муайян назр рўзани бошқа вожиб рўза нияти ила тутиб бўлмайди. Чунки рўза тутувчи ўзига вожиб бўлган нарсани ўзи бекор қила олмайди.

Қазо, каффорот ва мутлақ назр рўзалар учун кечаси тайин қилиб ният қилиш шарт қилинган.

Чунки мазкур турлардаги рўзалар учун ажратилган тайинли вақт йўқ. Шунинг учун уларнинг бошланиш вақтини тайин қилиш вожиб бўлади. Нафл рўза учун кечаси ният қилиш шарт эмас. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир:

Мўминларни онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни олдимга кириб:

«Ҳузурингизда бирор нарса борми?» – дедилар.

«Йўқ», – дедим.

«Ундоқ бўлса, мен рўзадорман», – дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шак куни нафл рўза тутмоқ одатда тутиладиган рўзасига тўғри келиб қолганлар ва хос кишилар учун афзалдир. Улардан бошқалар кундузнинг ярмидан кейин оғизларини очадилар.

Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни қечқурун қуёш ботаётганда Рамазоннинг ҳилоли кўринмаса ва ҳаво булутли бўлса, ўттизинчи кун шак куни бўлади. Чунки ўша куннинг Шаъбоннинг ўттизинчи куними ёки Рамазоннинг биринчи куними эканида шак бўлади. Агар ҳаво очиқ бўлса ҳам, ой кўринмаса, шак бўлмайди.

Бир киши маълум кунларнинг, мисол учун, душанба ва пайшанба кунларининг рўзасини тутишни одат қилган бўлса ва ўша куни шак кунига тўғри келиб қолса, рўзасини Рамазондан бир кун демасдан тутса бўлади. Шунингдек, Шаъбоннинг охирги уч кунини тутса ҳам жоиз. Аммо охирги бир ёки икки кунни алоҳида тутиб бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рамазонни бир ёки икки куннинг рўзасини тутиб кутиб олманглар. Илло, бир кишининг тутиб юрадиган рўзаси бўлса, майли», – дедилар».

Олти саҳиҳ китобнинг соҳиблари ривоят қилишган.

Муфтий ва қози каби хос кишилар ҳам шак кунининг рўзасини тутишлари жоиз.

Рамазондан олдинги куннинг рўзасини тутишга одатланилса, бир кун зиёда тутиш шарт экан, деган гумон пайдо бўлиши хавфи бор. Шунинг учун шак куни шаръий кундузнинг ярми ўтгунча ҳам ўша кун Рамазоннинг биринчи куни эканлиги аён бўлмаса, одатдаги нафл рўзасини тутаётганлар ва муфтий ва қози каби илмли кишилардан бошқалар шаръий кундузнинг ярмидан кейин оғизларини очадилар.

Шак куни Рамазондан бошқа вожиб рўзани ният қилиш макруҳдир.

Агар ўша кун Рамазондан бўлиб чиқса, нияти борлиги учун рўзаси тўғри бўлади. Агар ўша кун Шаъбондан бўлиб чиқса, Рамазонни ният қилган бўлса ҳам нафл рўза ўрнига ўтади. Агар оғзини очиб юборса, қазосини тутмайди. Чунки у гумон билан рўза тутгандир.

«Агар эртага Рамазон бўлса, рўза тутдим, бўлмаса йўқ» деб ният қилса, рўзаси рўза бўлмайди.

Чунки бу ҳолда жазм ила ният қилмаган.

Рамазон рўзаси ва ундан бошқа рўза ниятида тараддудга тушиш макруҳдир. Агар эртасига Рамазонлиги аён бўлса, рўза Рамазон рўзаси ўрнига ўтади. Бўлмаса, нафл бўлади.

Бунда «Агар эртага Рамазон бўлса, унинг фарз рўзасини ният қилдим. Агар эртага Шаъбон бўлса, нафл рўза ният қилдим» деган бўлади.

Энди Рамазон ойининг бошланишини аниқлаш учун янги ой, ҳилол кўришга оид масалаларни баён қилиш бошланади.

Маълумки, Рамазондан олдинги Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни мусулмонлар янги ойни кўришга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун ўша куни қуёш ботиши пайтида унга қараб турилади. Агар ой янгиган бўлса, бир кўриниб ўтади ва эртасига биринчи Рамазон бўлади. Агар янги ой кўринмаса, Шаъбонни ўттиз кунлик қилиб, индинига рўза тутиш бошланади. Аммо ойни кўришга боғлиқ бир қанча ҳолатлар бор. Ўшаларнинг баъзилари ҳақида «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни ўрганамиз.

Ким рўза тутиш ёки очиш ҳилолини ёлғиз ўзи кўрса ва унинг гапи рад қилинса ҳам, рўза тутади.

Бир юртда фақат биргина киши Рамазон киргани ёки чиққанининг аломати бўлган ҳилолни кўрди. Келиб қози ҳузурида гувоҳлик берганда қози гувоҳлигини қабул қилмаса, икки ҳолатда ҳам рўза тутади.

Агар тутмаса, қазосини тутади. Унга каффорот вожиб бўлмайди.

Чунки каффорот шубҳа ила собит бўлмайди.

Булутли кунда адолатли бир кишининг агар у қул ёки аёл бўлса ҳам, рўзани бошлаш ҳақидаги гувоҳлиги қабул қилинади.

Чунки бу диний хабар бўлиб, унинг қабул бўлиши учун фақат адолат шарт қилинган.

Рўзадан чиқиш ҳақидаги гувоҳликка агар кун булутли бўлса, гувоҳликнинг нисоби, лафзи ва адолат шарт бўлади. Даъвода шарт бўлмайди.

Рамазоннинг йигирма тўққизинчи куни рўза тугаганини билиш учун ой кўрилганда кун булутли бўлиб турса, гувоҳларнинг сони камида шариатда талаб қилинган икки эр киши ёки бир эр, икки хотин киши бўлиши шарт. Шунингдек, гувоҳлик берувчи киши шаҳодат лафзини ҳам айтмоғи шарт. Бунинг устига гувоҳлик берувчилар адолатли, ҳур бўлишлари, туҳматчилиги учун дарра урилмаган шахслар бўлиши шарт. Рўзани очиш ҳақидаги гувоҳликка шартларнинг оғир қўйилишининг сабаби бу иш бандаларга манфаат берувчи, оғизларини очишга омил бўлувчи эканлигидандир.

Биров ёки бир неча киши ойни кўрмай туриб, бугун Рамазон кирган ёки чиққан бўлса керак, деган даъвони қилсалар, мазкур даъво ўтмайди.

Кун булутсиз бўлса, икки ҳолатда ҳам кўп кишиларнинг гувоҳлиги шартдир.

Яъни рўзани бошлаш ёки тугатиш ҳақидаги ҳилол кўришда кун булутсиз, очиқ бўлса, кўп сонли кишиларнинг гувоҳлик беришлар шарт. Кўпнинг миқдори қанча, деганда баъзилар, «бир маҳалла одамлари» деса, Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи «эллик киши» деганлар. Умуман, раҳбар одам тўлиқ ишонч ҳосил қиладиган даражада кўп одам бўлиши лозим.

Ўттиз кун рўза тутилгандан кейин икки одил кишининг ойни кўрганлик ҳақидаги гувоҳлиги билан оғизни очиш ҳалол бўлади. Бир одил кишининг гувоҳлиги билан эмас.

Бир қавм ҳаво булутли бўлиб турганда икки адолатли кишининг гувоҳлиги асосида Рамазон рўзасини тутишни бошладилар. Аммо ўттиз кун рўза тутсалар ҳам Шавволнинг ҳилоли кўринмади. Шунда бир адолатли киши мен Шавволнинг ҳилолини кўрдим, деб гувоҳлик берса, етмайди. Икки одил киши гувоҳлик берсагина, рўзани тугатиб, ҳайит қилинади.

Бу маънодаги масалаларда мусулмон оламининг бир тарафида ҳилолни кўриш шаръий асосда собит бўлса, бошқа ўлкаларнинг одамлари ҳам унга амал қилишлари лозимлигини жумҳури уламолар таъкидлаганлар.

Қурбон ҳайитини белгилаш ҳам рўзаникига ўхшаш бўлади.

Яъни қурбон ҳайити ҳилолининг собит бўлиши ҳақидаги ҳукм ҳам худди рўза ҳайит ҳилолининг собит бўлиши кабидир.

Мавзуга оид мақолалар
  Керакли масаллиқлар 1 кг ун, 1 кг гўшт, 1,5 стакан сув, 0,5 стакан ёғ, 30 г хамиртуруш, 500 г пиёз, туз, давоми...

12:10 / 29.11.2016 4711
55 йил илгари Валентина Терешкова тарихдаги илк аёл сифатида фазога чиққан эди. Фақат аёллардан иборат давоми...

17:36 / 08.03.2019 2915
Қуръон мусобақаси аёллар беллашуви иштирокчилар чиқиши ниҳоясига етди Тошкент шаҳрида давом этаётган давоми...

13:19 / 26.04.2018 3418
18 апрель куни Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта махсус Ислом билим юртида аёл ҳакамлар иштирокида мажлис бўлиб давоми...

21:28 / 19.04.2018 2830