Бир китобни қайта-қайта ўқиш бола учун фойдали
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарзандингиз бир ҳикояни қайта-қайта ўқиб беришингизни хоҳлайдими? Сиз эса у китобни аллақачон биласиз, саҳифама-саҳифа, сўзма-сўз ёдлаб олгансиз. Биринчи ўқиганингизда китоб сизга ҳам жуда маъқул бўлган, бироқ ҳозир эса “Болалар бошқа китобни танласайди”, деб турасиз.

Гарчи барчамиз турфа хилликни ёқтирсак-да, болалар учун бир китобни қайта ва қайта ўқишни хоҳлаш одатий ҳол. Бу эса уларни келажакдаги илмий муваффақиятларига замин бўлиши мумкин. Ҳа... Бир китобни кўп марта ўқиш болаларни ақллироқ қилади.

Тадқиқотларга кўра, фарзандларингизга эртак китобларни такрор-такрор ўқиб беришингиз, гарчи бу сизни “ақлдан оздирса” ҳам, уларнинг кўпроқ сўзлар, кўпроқ билим ўрганишига омил бўлади.

Болалар учун фойдали

Барчамиз болаларга китоб ўқиб беришнинг аҳамиятини яхши тушунамиз. Бироқ бир китобни бир неча қайта ўқишнинг фойдалари ундан-да кўп.

Ўйлаб кўринг, “Такрорлаш – билимнинг онаси”, деган нақл бежизга эмас. Бир китобни кўп марта ўқиган болалар ўзларининг ўқиш малакаларини кўпроқ татбиқ қилиб, кўп нарса ўрганадилар.

Тушунишга ёрдам беради

Китобни бир марта ўқиб чиққан бола воқеани тўлиғича тушунмаслиги мумкин. Улар янги китобдаги чиройли расмларга кўпроқ қизиқиб кетиши табиий. Китобни қайта ўқиганда эса болалар ҳақиқатан ҳам тушунишни бошлайдилар ва қизиққанларидан воқеани икир-чикирларигача англаб, яхши эслаб қоладилар.

Сўзларни таниб олишга ёрдам беради

Кўпчилик болалар 5-6 ёшларга бориб, ўқишни ўргана бошлашади. Бироқ кичикроқ болаларга бир китоб кўп бор ўқиб берилганда ҳарфлар ва сўзларни таниб ола бошлайдилар. Бу орқали сиз уларнинг ўқишни ўрганишлари учун улкан замин тайёрлаган бўласиз.

Тилни яхши ўрганишга сабаб бўлади

Тил, жумладан, ўзбек тилини ўрганиш мураккаб жараён. Болалар бир китобни кўп марта ўқиганда ҳар бир сўзнинг сўз бирикмаларида, ибораларда ва жумлаларда ишлатилишига диққат қилиш имкони бўлади. Секин-аста болалар ўзлари ҳам бадиий сўзларни ишлатиб, ифодалар ва иборалар туза бошлайдилар. Бу эса боланинг саводхонлиги ортишига, тилини ривожлантиришга олиб келади.

Такрор ва хотира

Болалар сўзларни такрор-такрор кўриб, эшитавергач, китобни эслаб қола бошлашади. Бу уларнинг миясини, хотирасини машқ қилдиради. Қўл билан кўрсатиб ўқиб берганингизда бола эшитган нарсасини кўрган нарсаси билан мувофиқлаштириб, эслаб қолади.

Қанча кўп китоб ўқилса, шунча яхши. Лекин бир китобни кўп марта ўқишнинг ҳам, кўриб турганингиздек, фойдалари кўп. Хулоса қилиб айтганда, тадқиқотлар боланинг нечта китоби борлиги эмас, китобнинг ўқиш сифати қандай бўлгани муҳимроқ эканини кўрсатади. Шундай экан, кейинги сафар фарзандингиз яхши кўрган китобини олиб келиб, миллионинчи марта ўқиб беришингизни сўраса, ушбу маълумотларни ёдга олиб, мамнуният билан ўқиб беринг!

bilingualkidspot.com

Мавзуга оид мақолалар
  Одам боласининг қанча умр кўриши унинг ўзига эмас, Яратганнинг хоҳиширодаси, банданинг қадардаги ёзилган тақдирига  боғлиқ. Аллоҳ қанча умр берган бўлса, давоми...

01:01 / 25.11.2016 4268
Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юусуф ҳазратларига бағишланган дил изҳори Туғилиб пок отаю  пок онадан, Улғайиб қувват олиб нурхонадан, Болаликдан маърифат давоми...

01:18 / 08.04.2019 5100
Инсон яшаш учун ейиши керак, аксинча, ейиш учун яшамаслиги зарур. Улуғ ҳаким Арастудан «Сен нега сира касал бўлмайсан, бошқалардан фарқинг нимада» деб давоми...

00:58 / 25.11.2016 6675
Оёқ таги ва товоннинг ёрилиши оёқнинг таг қисми ва унга яқин бўлган товон атрофларида, терининг қаттиқ қуриши кўринишида зоҳир бўлади. Унга ҳажмида ва узунликда давоми...

19:44 / 11.12.2016 10454