Қалб муҳрланганининг аломати қандай бўлади?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Ассалому алайкум, Устоз, бир саволим бор эди. Қалб муҳрланганининг аломати қандай бўлади? Агарда қалб муҳрланса, уни очиш йўллари борми? Мен илм олиб юрардим, дарсларни яхши бажариб турардим. Ичимга баъзи нарсалар ҳақида ёмон фикрлар кела бошлади мен ўзимни тўхтата олмай қолдим, хатто Қуръон, Аллоҳ таоло ҳақида нотўғри фикрлар келди. Булардан қандай қутулсам бўлади?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ё Аллоҳнинг Расули! Хаёлимиздан баъзи нарса ўтади. Бироқ қуёш нури тегиб турган ҳамма нарсани бизга мулк қилиб берилса ҳам, уни айтишни истамаймиз», дейишди. «Шуни топдингизми?» дедилар.

«Ҳа», дейишди. «Ўша равшан иймондир», дедилар». Васвасага учраган киши уни беркитиши, бировга айтмаслиги матлубдир. Унинг ҳақида гапириш қабоҳатдир. Васваса ила бошни машғул қилишдан хатолар юзага келади. Бунинг иложи мазкур васвасани тарк қилиб, фойдали иш ила машғул бўлиш керак. Бу ҳадисда келган масала, айниқса, тасаввуфда кенг баён қилинган муҳим масаладир. Шайтон хароба қалбларни эгаллаб олади, шунинг учун уларни васваса қилишнинг кераги бўлмайди.

Покланиб, тақвонинг маълум бир даражасига етиб борган, Аллоҳга яқинлашиб қолган қалблар борки, шайтон уларга ҳарчанд осилсин, йўлдан ура олмайди. Бундай қалбларга  шайтон энди васваса қилишдан умидини узади. Бироқ покликка, холисликка интилаётган, нафс билан жиҳод қилаётган қалблар борки, шайтон ана шу қалбларга жидду жаҳд билан осилиб, уларни васваса қилади. Демак, инсоннинг қалбида турли шайтоний васвасалар бўлиб туриши яхшиликнинг аломати экан. Чунки бундай қалб иймонга, ихлосга томон интилаётган бўлар экан. Шунинг учун шайтон талвасага тушиб қолган бўлар экан. Хаёлига келган шайтоний фикрлардан ўзи ҳам қўрқиб кетаётган инсон буни яхшилик аломати деб билиб, янада ўзига бардам бўлиб, тақвони, ибодатни, зикрни ўзига лозим тутиши керак экан.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга васваса ҳақида савол берилди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У – айни иймондир», дедилар.

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси бошқача қилиб айтганмизда, «Васваса айни Иймондир» бўлади. Бу қанақаси? Ахир васваса шайтондан, иймон Раҳмондан-ку! Васваса Иймоннинг кушандаси-ку! У қандоқ қилиб айни иймон бўлиши мукин? Бу гап, олов – сувдир, деганга ўхшамайдими? Ушбу ҳадиси шариф билан дастлаб танишган одамда шунга ўхшаш саволлар пайдо бўлиши мумкин.

Аммо каминада бу саволлар пайдо бўлмади. Чунки ушбу сатрлар ёзилишидан йигирма бир йил олдин ўтган тажриба бу маънони тушунишга ёрдам берди. Умумжаҳон Исломга даъват қилиш куллиясига янги ўқишга келган пайтим эди. Бирдан қалбга васваса тушиб, бўлмағур фикрлар хаёлга ўралашиб қолди. Дунё кўзимга тор кўриниб, ҳеч нарса татимайди. Бировга айтишнинг иложи ҳам йўқ. Бу ҳолат бир неча кун давом этди. Сиқилиш, ташвиш юқори чўққисига етди.

Ана шундай оғир дамда кўзим Ҳаким ат-Термизийнинг араб тилидаги «Муридлар одоби» китобига тушди. Муаллифи Термизий бўлгани учун, ўз ватандошимиз экан, деб китоб дўконидан харид қилган эдим. Китобни қўлга олдим. Тўғри келган жойини очиб ўқий бошладим.

Васваса ҳақида гап борар эди: «Мурид қалбига васваса тушса, яхшилик аломати, деб билсин. Чунки шайтон уни йўқлаб қолибди. Одатда, шайтон обод бўлаётган қалбларни васваса қилишга уринади. Хароба қалблар шундоқ ҳам унинг мулки ҳисобланади, овора бўлиб уларни васваса қилиб ҳам ўтирмайди. Шайтон обод қалбларни хароба қилиш умидида уларга васваса қилади. Уриниб-уриниб, ниятига эриша олмагач ташлаб кетади», дейилган эди. Қалбимга «ялт» этиб ёруғлик тушди. Хурсанд бўлиб кетдим. Ориз бўлган нарса, васваса эканини тушундим. Унинг нима учун бўлаётганини ҳам англадим. Мана бугун эса Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васваса ҳақида «У –  айни иймондир», деб айтган ҳадисларини ҳеч қийинчиликсиз тушуниб турибман.

Демак, киши вақтида англаб етиб, Аллоҳ таолодан дарҳол паноҳ сўраса, қалбига тушган васваса унга зарар етказа олмас экан. Бу эса ақидавий, руҳий-маънавий соғломлик учун ниҳоятда зарурдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шайтон бирингизга келиб «Буни ким яратди? Уни ким яратди?» дейди. Ҳаттоки «Роббингни ким яратди?» ҳам, дейди. Қачонки шунга етганда, у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар». Учовлари ривоят қилган.

Бу ҳадиси шариф мўмин кишига васваса зарар қилмаслиги ҳақидаги гапни тасдиқлаш учун келтирилган. Ушбу ҳадиси шарифда инсон хаёлидан кечадиган баъзи васвасалар шайтондан экани баён қилинмоқда. Шу билан бирга, ўша шайтон васвасасини қайтариш йўли ҳам кўрсатилмоқда.

Шайтон Одам Ато билан ўзи орасида бўлиб ўтган машҳур можародан бери одам боласига душман. У Қиёмат кунигача одамизотни васваса қилишга қасам ичган. Шунинг учун ҳам инсон ҳаргиз бу лаънатланган душманини унутмаслиги керак. Гоҳида хаёлига келиб қоладиган васвасали фикрлар, «уни ким яратган, буни ким яратган» каби саволлар бора-бора «Роббингни ким яратган?» каби телба фикрга олиб келиши ҳам турган гап.

Шунинг учун мазкур ҳолат юзага келганда дарҳол, «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожим», деб Аллоҳдан паноҳ сўрасин. Ҳамда мазкур хаёлларни бас қилсин, миясидан қувсин! Шу билан иш тугайди. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади. Акс ҳолда оқибати чатоқ бўлиши мумкин.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шайтон васвасасининг ҳақлиги.

2. «Уни ким яратди, буни ким яратди?» деб бориб «Роббингни ким яратди?» дейишгача бориш ҳам мумкинлиги.

3. Бундай ҳолатларда Аллоҳдан паноҳ сўраш лозимлиги.

4. Бундай саволларни дарҳол бас қилиш лозимлиги.

Сиртдан содда кўрингани билан бу ҳадисда зикр қилинган масала ўта муҳимдир. Васваса кишилар учун энг нозик ва энг хатарли нарса, у ақида бобида зарар етказади. У туфайли инсон диндан чиқиб, кофир бўлиши ҳеч гап эмас. Ушбу ҳадисда шундоқ катта муаммонинг ҳал этиш йўли тақдим этилмоқда. Ҳозирги кунда мусулмон оламидан ташқари васваса хасталигига учраганлар кун сайин кўпайиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Руҳий ва асабий касаллар сони тинимсиз ўсиб бормоқда. Бу эса ушбу ҳадиси шариф ва кейинги келадиган ҳадисларнинг ҳикматига инсоният қанчалик муҳтож эканини кўрсатади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шайтон биринчи келиб: «Осмонни ким яратган? Ерни ким яратган?» дейди. У: «Аллоҳ», дейди. Ким шунга ўхшаш бирор нарсани сезса, дарҳол «Аманту биллаҳи ва Русулиҳи» – Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирдим, десин», дедилар». Бу ҳадиси шариф ўтган ҳадисни тафсир қилиб келмоқда. Васвасани аввалги босқичидаёқ Аллоҳга ва У Зотнинг пайғамбарларига бўлган иймонни эълон қилиб, шайтонни қувишга маслаҳат берилмоқда. Шаҳр ибн Хавшаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен тоғам ила Оишанинг ҳузурига кирдим. Бас, у: «Биримизнинг кўнглида агар уни гапирса, охирати куядиган нарса пайдо бўлади. Агар юзага чиқса, у сабабли қатл қилинади», деди.

У (Оиша) уч марта такбир айтди. Сўнг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша нарса ҳақида сўралган эди. Шунда у Зот «Агар бирингизда ўша нарса бўлса, уч марта такбир айтсин. Зотан буни фақат мўмингина ҳис қилади», дедилар».

Шарҳ: Яъни кўнгилга келаётган васвасанинг ёмонлигини ва уни айтса охирати куйишини ҳис қилиш ҳақиқий мўминга хос ҳолатдир. Ўша пайтда мўмин кишини шайтон васваса қилаётган бўлади. Агар у дадил бўлиб, уч марта «Аллоҳу Акбар!» деса, шайтон орқа-олдига қарамай қочади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар бўлмаган нарсаларни сўрайверадилар. Ҳаттоки, «Аллоҳ ҳамма нарсани яратувчи.Бас, Аллоҳни ким яратган?» дейишади», дедилар». Шунинг учун бизда воқеликда йўқ нарсани сўраш мумкин эмас. Воқеликда йўқ нарсани сўрайвериш ўша нарсанинг воқе бўлишини сўраш, исташ бўлиб қолади. Тарихдан маълумки, шундай бўлди ҳам. Инсон ўзига ана шу кулфатни тили билан сотиб олди. Шунинг учун бундан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Бу ҳам шайтоннинг катта ва кучли васвасаси доирасига киради. Бундай ҳолатдан мўмин банда эҳтиёт бўлиши керак. Ибн Касир ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нақл қилади. У киши Аллоҳ таолонинг «Нас» сурасидаги «ал-Васвас ал-Хоннас» деган қавлини тафсир қилиб: «Шайтон одам боласининг қалбида чўккалаб ўтирган бўлади. Қачон у унутса ва ғофил бўлса, васваса қилади. Қачон зикр қилса, беркинади», деган. Валлоҳу аълам.

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловоту дурудлар давоми...

17:42 / 14.02.2017 5629
Ватан ҳимояси Ватан ҳимояси бу чегарада туриш ёки аскар бўлишгина эмас, балки ҳамманинг қалбан, қайси давоми...

12:36 / 15.01.2018 2718
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий қайси ойда туғилганлар           Жавоб Расулуллоҳ давоми...

05:36 / 28.11.2017 2385
.Мени Қуръон ёдлашга ундаган ва ҳимматимни оширган нарса шу бўлдики, қиёмат кунини тасаввур қилдим. Ҳамма давоми...

21:14 / 27.09.2023 2146