Muslimaat.uz сайтининг янги талқини синов режимида ишламоқда

Ёсин сурасини ўқийлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ГУНОҲЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАЙЛИК, ДЕСАК,

ЁСИН СУРАСИНИ ЎҚИЙЛИК

Ёсин сураси Маккада нозил бўлган. У 83 оятдан иборат.

   Сурага унинг аввалидаги «йа» ва «син» муқаттаот ҳарфларидан ташкил топган «йа син» калимаси ном бўлиб қолган.

  Бу сураи шарифанинг фазли ҳақида кўпгина ҳадислар ривоят қилинган. Уларнинг аксариятида Ёсин сураси Қуръоннинг қалби экани таъкидланган. Шунинг учун «Қуръон қалби» деган ном сурага иккинчи ном бўлиб қолган.

  Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Ёсиндир. Ким Ёсинни қироат қилса, Аллоҳ унга бу қироати учун Қуръонни ўн марта қироат қилган (савоби)ни ёзади», дедилар (Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган).

  Ҳар бир нарсанинг қалби унинг асосий аъзоларидан бири бўлади. Ёсин сураси ҳам Қуръоннинг қалби бўлиши билан ана ўша мартабага эришган. Бу сураи каримада иймон ва унга боғлиқ нарсалар, киши ҳаётида учраб турадиган турли ҳолатлар ва Аллоҳга суянишга чорловчи оятлар бўлгани учун ҳам у олий мақомни олган.

  Ёсин сурасини доим қироат қилиб юришни ўзига вазифа қилиб олганларнинг фазилати ҳам шундайдир. Тасаввуф йўлини тутган зотлар ҳар куни бомдод намозидан кейин бу сураи каримани ўқишни ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар.

Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёсин Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳни ва охират кунини умид қилиб ўқиса, албатта, мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар», дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривоят қилганлар)

Ёсин сураси фақат бу дунёда эмас, у дунёда ҳам фойда берар экан. Ким уни ният ва тадаббур ила Аллоҳни ва охират кунини умид қилиб ўқиса, албатта, мағфират қилинар экан.

Ёсин сурасини ўликларга ўқиш икки хил тушунилган. Бири ўлим тўшагида ётганларга ўқиш бўл­са, иккинчиси ўтиб кетганларга бағишлаб ўқишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кечаси Ёсинни Аллоҳнинг розилиги талабида ўқиса, мағфират қилинади», дедилар (Имом Молик ва Имом Байҳақий ривоят қилганлар).

Мазкур ҳадиси шарифлар ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларга амал қилароқ, мусулмонлар ичида бу сураи каримани ёдлаш, уни доимо ўқиб юриш кенг одат тусига кирган. Агар бу амалга суранинг маъноларини англаб етиш ва тадаббур қилиш ҳам қўшилса, айни мурод ҳосил бўлар эди. Зеро, Ёсинни ўқишга бунчалар тарғиб қилувчи ҳадислар бежиз келмаган.

Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби Ёсин сурасида ҳам асосий эътибор эътиқод масаласига қаратилади. Хусусан, қайта тирилиш, пайғамбарлик ҳамда Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти масалаларига алоҳида эътибор берилади.

Сураи кариманинг бошида Қуръони Ҳаким билан қасам ичилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий пайғамбар эканликлари таъкидланади. Жаҳолатга ботган Қурайш кофирларининг ҳадларидан ошиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқарганлари ҳақида сўз юритилади.

Шундан сўнг бир қишлоққа юборилган пайғамбарлар ва улар билан ўша қишлоқ аҳолиси орасида бўлиб ўтган ҳодисалар келтирилади. Пайғамбарликни инкор этганларнинг оқибати нима билан тугаганига урғу берилади. Иймонга келган бир одамнинг ўзини қандай тутгани ва унинг оқибати нима бўлгани ҳам ажойиб услуб билан баён этилади.

Кейин эса Аллоҳ таолонинг борлиқдаги ваҳдониятига ва чексиз қудратига далолат қилувчи ҳодисалар ҳақида гап кетади. Қуриб-қақраб ётган ерга ҳаёт кириши, кеча билан кундузнинг алмашинуви, қуёшнинг зиё сочиб, ўз ўрнида айланиши, ойнинг буржларга чиқиб-ботиб туриши ва бошқа жараёнлар тўғрисида сўз юритилади.

Шунингдек, сурада қиёмат куни ва унинг даҳшатлари, сур чалиниб, ўликларнинг қайта тирилиши, уларнинг маҳшарга тўпланиши, кишиларнинг мўмин ва кофирга ажралиши, уларга мукофот ва жазо берилиши каби мавзуларга ҳам ўрин берилган.

Ким ушбу масалаларни ўз ичига олган Ёсин сурасини иймон билан ўқиса, гуноҳлари мағфират бўлишига лойиқдир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

ҳазратларининг китоблари асосида

ҒИЁСИДДИН тайёрлади.

 
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир буюк инсон ортида буюк аёл туради, дейишади. Тиришқоқ, солиҳа, муслима аёллар яхши, тақводор авлодни тарбиялашни бу дунёдаги асосий мақсадларидан бири давоми...

05:34 / 25.01.2019 364
 Қош қўяман деб, кўз чиқарманг Саҳобалардан бири «Эй Расулуллоҳ, одамларнинг энг қаттиқ балога дучор бўладигани кимлар» деб сўраган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

21:43 / 25.01.2017 1194
Сулаймон ибн Сурд розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилинади «Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари давоми...

08:03 / 12.11.2016 1018
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим  Юраклар тўлди, эй воҳ, бениҳоя дарду ҳасратдан, Суяклар зирқирар, тан ўртанар ўтли мусибатдан, Асар ҳам қолмади бу жисму жон ичра давоми...

21:01 / 02.02.2017 5732