Яхшилигу ёмонлик Аллоҳдан

0 753

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: «У ўз ўлимидан олдин ўғлига айтди: «Эй, ўғлим! Сен ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, сени четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини тота олмассан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, албатта,  Аллоҳ аввал яратган нарса қаламдир. У Зот  унга: «Ёз», деди. «Эй Роббим, нимани ёзаман?»– деди. «Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча, тақдирларини ёз», деганларини эшитганман. Эй, ўғлим, албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким мана шундан бошқа (ақида)да ўлса, мендан эмас, деганларини эшитганман».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Демак, бу ҳаётимиздаги ҳар бир яхши ва ёмон кунларимиз  Аллоҳдан экан, ўтган ҳар бир кунимизга шукр қилиб, етган синов ва илтижоларга сабр қилиб яшашимиз лозим. Ҳар бир нарсани Аллоҳдан деб билишимиз иймон ҳаловатидан экан. Энди баъзан қўни-қўшни ёки қариндош-уруғлар ичида сафар ойида тўй қилиб бўлмайди ёки сешанба куни кир ювиш бехосият экан ёки супургини тик қўйсанг, уйда жанжал чиқади ва ҳоказо бидъат-хурофот гапларни эшитиб қоламиз. Бу нарсалар  одамлар  ўзлари тўқиб чиқариб олган нарса эканини уларга айтсанг, баъзилари  «хўп» деб қўя қолади ва билганидан қолмайди.

Лекин мана шу кичкина арзимаган бўлиб кўринган  бидъатлар иймонимизга улкан зарарлар етказади. Ва уни заиф қилиб қўяди. Бу нарсалардан холис қутулиш учун мусулмон одам, аввало, эътиқодини софлаб олиши керак. Илм ўқиши керак. Роббисини жуда яқин таниб олиши керак. Иймонли одамни, илмли одамни шайтон йўлдан оздира олмайди. Унинг қалбига ҳар хил асоссиз бидъат-хурофотлар уруғини соча олмайди.
Шунинг учун битта илмли, тақводор, эътиқодли олим Аллоҳга юзта обиддан афзалдир, дейилган. Илми бор одамнинг асоси бор, ҳужжати бор, тоғдек мустаҳкам эътиқоди бор. Унга ҳар қандай буҳронлар таъсир қилмайди.

Бидъат ўзи нима? У ҳар бир тўқиб чиқарилган нарсалардир. Тўқиб чиқарилган нарсалар эса залолатдир. Залолат эса ўз эгаси билан жаҳаннамдадир.

Гулбаҳор

Баҳам кўринг

Leave A Reply