Умму Кулсум бинт Али

0 947

Умму Кулсум ҳижрий олтинчи йил, милодий 627 (628) йили Мадинаи Мунавварада  дунёга келди. Оталари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Али мендандир. Мен Алидандирман. Мен адо этишим лозим бўлган нарсаларни фақат ўзим ёки Алигина адо этади», деб таърифу таҳсин қилган улуғ зот Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудир.  Оналари  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жигаргўшалари, севикли қизлари, аҳли жаннатнинг саййидаси Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳодир. Гўдакка Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Умму Кулсум” деб исм қўйдилар.

Умму Кулсум 10 ёшга етмасидан суюкли боболари ‒ Пайғамбаримиз алайҳиссалом фоний дунёга риҳлат қилдилар…

Кунлардан бир куни ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тўхтатиб:

‒ Умму Кулсумни менга никоҳлашингни сўрайман, ‒ дедилар.

‒ У ҳали жуда ёш…,

‒ Уни менга никоҳла, ё Али! Аллоҳга қасамки, унинг суҳбатини менчалик орзу қиладиган ҳеч ким йўқдир.

‒ У ҳолда қизимни сенинг олдингга юборай. Агар рози бўлсанг, уни сенга никоҳлаб бераман.

Бу суҳбатдан сўнг Али розияллоҳу анҳу уйга кетдилар. Уйга келгач, қизлари Умму Кулсумни чақирдилар. Унга бир ҳирқани бериб, шундай дедилар:

‒ Бу ҳирқани мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобга олиб бор ва унга отам сизга айтган ҳирқа мана шу, дегин, ‒ дедилар.

Умму Кулсум ҳирқани олиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келди. Изн сўраб ичкарига кирди ва отаси тайинлаган гапларни айтди. Асл кўзланган мақсаддан у бехабар эди.

Ҳазрати Умар кўзлари севинчдан порлаб:

‒ Отангга менинг қабул этганимни, рози бўлганимни айт, ‒ дедилар.

Ҳазрати Умар уйларидан чиқиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидларига келдилар. Равзаи шарифдаги бу жой асҳоби киромнинг доимий йиғиладиган жойига айланган эди.

Ҳазрати Умар келганларида ҳеч ким йўқ эди. Бирин-кетин саҳобалар кела бошладилар. Биринчи бўлиб Али, кейин Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Абдураҳмон ибн Авф келдилар.

Ҳамма йиғилганидан сўнг Ҳазрати Умар:

‒ Менга саодат тиланг… Мени табрикланг, ‒ дедилар.

‒ Кимга уйланяпсиз, ё амирал мўминин?! ‒ деб сўрадилар.

‒ Абу Толибнинг ўғли Алининг қизига. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қиёмат куни менинг насабим ва ақраболаримдан бошқа насаб ва қариндошлик кесикдир”, деб айтганларини эшитгандим. Исломга кириш ва қизимни Аллоҳ расулига бериш билан унга қариндош бўлдим. Бу қариндошликни унинг наслидан қиз олиб, куёв бўлиш билан мустаҳкам қилишни хоҳладим, ‒ дедилар Ҳазрати Умар.

Мажлисга йиғилганлар Ҳазрати Умарни табриклаб, унга хайр ва саодат тиладилар. Умму Кулсумга ҳазрати Умар 40 минг дирҳам маҳр бердилар ва никоҳларига олдилар. Бу воқеа ҳижрий 17 йил, милодий 638 йили содир бўлди.  

Умму Кулсум розияллоҳу анҳо мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобнинг хонадонларида итоатли, вафодор завжа ўлароқ яшади.

Ҳазрати Умарнинг шиддати, оила эҳтиёжини таъминлашда ва мусулмонларга, уларнинг молларига нисбатан жуда эҳтиёткорлиги машҳур эди. Умму Кулсум ҳам мустаҳкам имон ва ахлоқ соҳибаси эди. Шу сабабли ҳазрати Умарнинг аҳволини жуда яхши англар, ҳар бир вазиятдан рози бўлиб, ҳеч қачон нолимасди.

Кунлардан бир кун ундаги қаноат ва итоат даражасини очиқча кўрсатувчи бир воқеа содир бўлди:

Умму Кулсум Ҳазрати Умардан берухсат Рум императори Ҳирақлнинг завжасига бир ҳадя юборди. Чопардан ҳадяни олган Рум маликаси хизматчилар ва сарой аъёнларини йиғди.Уларга:

‒ Бу ҳадя мусулмонлар халифасининг завжаси, Пайғамбарнинг набирасидандир. Бу ҳадя эвазига мен ҳам бир нарса юбормоқчиман, ‒ деди. Сўнг Умму Кулсумга миннатдорчилик билдириб, бир мактуб ёзди, кўплаб совға-саломлар жўнатди. Туҳфалар орасида қимматбаҳо мунчоқ ҳам бор эди.

Чопар Мадинаи Мунавварага келгач, мактуб ва совғаларни Ҳазрати Умарга топширди. Ҳазрати Умар Умму Кулсумни берухсат бундай иш қилгани учун койидилар. Юборилган барча моллар ва қимматбаҳо ҳадяни Байтуллоҳга беришга амр этдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўта адолатли ва умматнинг ишларини ўйлайдиган ҳоким бўлганидек, оиласининг барқарорлигини, ҳузур-ҳаловат ва фаровонлигини ҳам сақловчи киши эдилар. Шунинг учун ўзларининг хусусий молларидан ҳадя миқдорича нафақа ажратиб, завжаларига бердилар.

Умму Кулсум розияллоҳу анҳо Ҳазрати Умардан икки фарзанд ‒ бир ўғил ва бир қиз дунёга келтирдилар. Ўғилнинг исми Зайд ибн Умар, қизнинг исми Руқайя эди. Хайрли бўлишин орзу қилиб, унга холасининг исми берилган эди. Умму Кулсум фарзандларининг гўзал тарбия олиб, улғайишлари учун ғайрат қилди ва бунга муваффақ бўлди…

Умму Кулсум Муовия ибн Абу Суфён  розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида ҳижрий 42-50 йиллар, милодий 662-670 йиллар орасида, 36-44 ёшларида вафот этди. Умму Кулсум жанозасини Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу, баъзи ривоятларда Саид ибн Ос розияллоҳу анҳу ўқиган.

РАЙҲОНА тайёрлади. 

Баҳам кўринг

Leave A Reply