Таҳорат ва унинг ҳукмлари

0 3 402

Таҳорат луғатда покликдир. Поклик – бу, инсон табиатан рағбат қиладиган, ўзи ва бошқаларни ҳам шундай бўлишини яхши кўрадиган фитратдир.  Ислом дини инсонларни покликка қаттиқ тарғиб қилади ва ўзларини пок тутувчиларни мақтайди.
«Албатта, Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади» (Бақара сураси, 222-оят).
Ҳадису шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Поклик иймоннинг ярмидир», деб айтганлар.

Имом Бухорий ва бошқалар ривояти.

Ислом поклик дини

Бизнинг ҳаниф Ислом динимиз покликка жуда катта аҳамият берган. Ва мусулмонлар намоз ўқишлари учун аввал таҳорат олишга буюрган. Улар таҳорат қилишаётганда юзлари, қўллари ва оёқларини ювишади.  Аллоҳ мусулмонларга  муайян ҳолатларда  ғусл қилишни ҳам амр этди. Бундан ташқари ,тирноқларни қисқартириш, кийимларни покиза тутиш ва энг хушбўй нарсаларни суртиб юриш, хусусан, бу хушбўйланишни жамоат жойларида, айниқса, жамоат намози ҳамда жума ва ҳайит намозларида мақбул бўлишини тарғиб этди.
Мана, масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтаётган саҳобаларига покиза ва чиройли юришларини тарғиб этиб: «Сизлар биродарларингиз ҳузурига қайтмоқдасиз. Шундоқ экан, уловларингизу либосларингизни чиройли ҳолда тутинглар. Ҳаттоки одамлар ичида гўёки ҳол каби ажраб туринг. Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни яхши кўрмайди», деб айтганлар.

Таҳоратнинг қисмлари

Шариат истилоҳида таҳорат икки қисмга бўлинади.
1. Баданнинг ўзини ҳадасдан (яъни бетаҳоратликдан) поклашлик. Бу махсус аъзоларни ювиш билан (таҳорат қилиш билан) ёки бутун баданни ювиш билан (яъни ғусл қилиш билан) бўлади. Сув топилмай қолган пайтда ёки истеъмолидан ожиз бўлган вақтда ғусл ва таҳоратнинг ўринбосари бўлмиш таяммум билан ҳосил бўлади.
2. Кийимдаги, бадандаги ва макондаги нажосатдан поклашлик.

Сувларнинг қисмлари

Сувлар беш қисмга бўлинади:

1. Ўзи пок ва бошқани ҳам покловчи, ишлатишлик макруҳ бўлмаган сувлар. Буларга осмон, анҳор, қудуқ, булоқ, ёмғир ва қор сувлари киради. Булар аслий сифатида боқий турган сувлардир.
2. Ўзи пок ва бошқани ҳам покловчи, лекин ишлатишлик макруҳи танзиҳий бўлган сувлар. Буларга мушук, ташқарида эркин юрган товуқ, сичқон ва шунга ўхшаш уй ҳайвонлари ичган ва улардан қолган сувлар киради. Чунки уй ҳайвонлари нажосатдан сақланишмайди. Бундай сувлардан фойдаланишдан макруҳи танзиҳийлиги ўша ҳайвонларнинг ҳолатларидан бехабар кишилар учундир. Аммо бу ҳайвонлардан бири тоза нарсани еса-ю, сўнг сувни ичса. Бундай ҳолатда қолган сувни ишлатишда макруҳлик йўқ. Агар бу ҳайвонлардан бири нажосатни еб туриб сўнг сувдан ичса, ундан қолган сув нажосатга айланади ва уни истеъмол қилмоқлик дуруст эмас.
3. Ўзи пок, аммо ҳадасдан поклай олмайди (яъни бетаҳорат одам у сувда таҳорат қилса, таҳоратлик бўла олмайди), лекин ҳубусдан (яъни нажосатдан) бу сув билан покланиш мумкин. Буларга таҳоратдан тушган сувлар киради. Баъзан таҳорати бор одам ҳам таҳорат қилади. Шундаги ишлатилган сув ҳам, ғуслдан тушган сув ҳам оби мустаъмал, яъни ишлатилган сув дейилади ва уларнинг ҳукми бетаҳоратни кетказиш учун ишлатилган сувнинг ҳукми билан бир хил. Яъни ўзи пок, аммо ҳадасдан поклай олмайди. Буларга ўсимликлардан сиқиб чиқарилган сувлар ҳам киради. Мисол: гул суви, қовун шарбати.
4. Нажосат сувлар: Буларга ўзи оз бўлиб, тўхтаб турган ва унга асари кўринмаса-да нажосат аралашган, ёки ўзи оқувчи бўлиб, унга нажосат аралашган ва асари унда зоҳир бўлган сувлар киради. Нажосатнинг асари деганда таъми ёки ранги ва ё ҳиди назарда тутилади. Шунингдек, кўп сувга нажосат аралашиб, сувнинг бирор сифатини ўзгартирса ҳам, нажосат сув ҳисобланади. Аммо нажосат тушган-у, лекин сувнинг сифати, яъни таъми, ҳиди, ранги ўзгармаган бўлса, бу сув нажосат ҳисобланмайди. Кўп сув деганда денгиз, анҳор, ариқ, канал, тўғон сувлари назарда тутилади. Шунингдек, тўрт томони юз газлик бўлган ҳовуз сувлари ҳам, ёки айланасига ўттиз олти газлик жойни ўз ичига оладиган сувлар ҳам ундан ҳовучлаб олганда ости кўриниб қолмаслик шарти билан кўп сувларга киради. Бундан камлари эса оз сувлардир.
5. Ўзи пок, аммо поклашлигида шубҳа бўлган сувлар. Буларга эшак ёки хачирдан қолган сувлар киради. Зеро буларнинг сўлаклари покдир! Бу ерда шак хачирнинг гўшти ҳаром ёки мубоҳлиги тўғрисида келган икки бир-бирига зид хабар сабабидандир. Агар поклаш учун бошқа сув бўлса, шаклик сувдан фойдаланилмайди. Бироқ бошқа сув бўлмаса, бу сув билан таҳорат олинади-да, яна таяммум ҳам қилиб олинади.

Қолдиқлар ҳукми

Ичилгандан қолган оз сувга қолдиқ сув дейилади ва булар тўрт қисмга бўлинади:

1. Ўзи пок ва яна покловчи бўлган қолдиқ сув. Буларга оғзида нажосат бўлмаган ҳолда хоҳ катта киши, хоҳ кичик бола бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин ва хоҳ жунуб, хоҳ ҳайзли бўлсин инсондан қолган сувлар киради. Аммо сув ичаётган вақтида оғзида нажосат асари бўлса (масалан ароқ, тўнғизнинг ёғи, қони ва ҳоказо), у инсондан қолган сув нажосат ҳисобланади. Агар бундай одам лабини ялаб, сўлагини бир неча бор ютган бўлса, ундан қолган сув нажосат бўлмайди, лекин макруҳ ҳисобланади.
Отдан ва ҳар бир гўшти ейиладиган ҳайвондан қолган қолдиқ сувлар ҳам юқоридагидек ўзи пок ва покловчидир. Аммо кавш қайтарадиган ҳайвонларнинг оғзида ўша қайтариб чайнаётган нарсасининг асари бўлса, ундан қолган қолдиқ сув нажосат бўлади. Чунки кавш ошқозондаги нарсани қайтаришдир, шунинг учун ҳам қайтарган нарсаси нажосатдир. Гўшти ейиладиган ҳайвон нажосат еса-ю, оғзида нажосат асари қолмаган бўлса, унинг қолдиқ суви макруҳ бўлади.
2. Нажосат бўлган қолдиқ сув. Уни ишлатиб бўлмайди, у билан бошқа нарса тозалаш ҳам дуруст эмас, мажбур бўлгандан бошқа пайтда бу сувдан ичиб ҳам бўлмайди. Буларга итдан, чўчқадан ва бўри, шер, маймунга ўхшаш йиртқич ҳайвонлардан қолган сувлар киради. Чунки уларнинг сўлаклари сутлари каби нажосатдир.
3. Ишлатишлик макруҳ бўлган қолдиқ сувлар. Яъни тоза сув бўлса-ю, бу қолдиқ сувни ишлатса, макруҳ ҳисобланади. Аммо бошқа сув бўлмаса, уни ишлатиш макруҳ эмас. Буларга мушукдан ва кўчада қўйиб юборилган гўнг титувчи товуқлардан ҳамда йиртқич қушлардан қолган қолдиқ сувлар киради.
(Улардан қолган қолдиқ сувларнинг макруҳлиги уларнинг ҳолатидан бехабар кишилар учундир. Бу сўз юқорида ўтди…Тарж)
4. Ўзи пок, аммо покланишлигида шак қилинган қолдиқ сув. Буларга эшак ёки хачирдан қолган сувлар киради. Ҳар бир ҳайвондан чиқадиган тернинг ҳукми поклик ва нажосатликда ундан қолган қолдиқнинг ҳукми билан бир хилдир.

Қудуқларнинг сувлари

Аксар қудуқларнинг сувлари оз сув, деб эътиборга олинади. Чунки уларнинг сатхи ўн газ, ўн газдан кам бўлади. Агар қудуқда, қони оқувчи ҳайвон ўлса, шу қудуқнинг суви, девори, ичидаги челаги ва арқони нажосат бўлади. Қудуқдан топилган ҳайвон шишиб ёки титилиб кетган бўлса, яъни аъзолари ажраб туклари тўкилиб кетса, бу қудуқнинг ҳамма суви чиқариб ташланмаса тоза бўлмайди. Агар ҳамма сувини чиқариб ташлашнинг имкони бўлмаса икки юз челак сувни чиқариш билан қудуқ покланади. Уч юз челак сувни чиқариб ташлаш эса мустаҳабдир. Сув чиқариш ўлган ҳайвонни чиқаргандан кейин саналади. Бунда ҳар бир қудуқнинг ўз челаги эътиборга олинади. Агар қудуқда бир ҳайвон ўлган бўлса-ю, у ҳали шишмаган, титилмаган ва ёки туклари тўкилиб кетмаган бўлса ва унинг катталиги одамдек ёки қўйдек ёки эчки боласидек бўлса ҳам, бу қудуқнинг ҳукми юқоридаги чириган ўлимтик топилган қудуқнинг ҳукми билан бир хил бўлади. Яъни имкон қадар ҳамма сув чиқариб ташланади, имкон бўлмаса, икки юз челак сувни чиқариб ташланади. Уч юз челак сувни чиқариб ташлаш эса мустаҳаб бўлади.
Агар қудуқдан топилган ўлимтик ҳайвоннинг катталиги мушукдек ёки каптардек ва шунга ўхшаш ҳайвонлардек бўлса, ундан қирқ челак сувни чиқариб ташлаш вожиб, олтмиш челак сув чиқариб ташлаш мустаҳаб бўлади. Агар ўлимтикнинг катталиги чумчуқ ёки сичқон ҳажмидек бўлса, қудуқдан йигирма челак сув чиқариш вожиб, ўттиз челак сув чиқариб ташлаш эса мустаҳабдир. Юқорида санаб ўтилган ҳайвонлар тўғрисида хабар орқали ҳужжат ворид бўлганлиги учун улар ўртасида катта-кичиклигининг фарқи йўқ.
(Яъни  чақалоқнинг ўлими билан кексанинг ўлими бир деб ҳисобга олинади. Шу ўринда жўжа билан товуқнинг, кучук билан итнинг, қўзи билан қўчқорнинг ҳам фарқи йўқ…Тарж).
Аммо зикр қилинмаган ҳайвонлар ўлимтиги қудуқдан топилса, ўз туридаги каттасига ҳисоб қилинади.
Агар қудуққа ҳайвон тушиб кетса-ю, тирик чиқариб олинса, унинг аслига қаралади. Асли нажосат бўлса, имкон қадар ҳамма сув чиқариб ташланади. Имкон бўлмаса, икки юз челак чиқариш вожиб, уч юз челак чиқариш эса мустаҳабдир. Асли нажосат бўлган ҳайвон, чўчқадир. Агар ана шу каби асли нажосат бўлган ҳайвон қудуққа тушиб кетса, ҳамма сув чиқариб ташланади. Имкон бўлмаса, икки юз челак чиқариш вожиб, уч юз челак чиқариш эса, мустаҳабдир.
Агар тушиб кетган ҳайвоннинг асли чўчқага ўхшаш нажосат бўлмаса-ю, баданида ғализа нажосат бўлса ҳам, ҳукми юқоридагидек бўлади. Аммо баданида нажосат бўлмаса, сувни чиқариб ташлаш вожиб эмас, лекин қалб хотиржамлиги учун йигирма челак сув чиқариб ташланса, яхши бўлади. Бу гап қудуққа тушган ҳайвоннинг оғзи сувга тегмаганда эътиборга олинади. Аммо ҳайвоннинг оғзи сувга тегса, энди унинг сўлаги эътибори билан ундан қолган қолдиқ сув ҳисобга олинади. Қолдиқ сувлар ҳақидаги сўзлар юқорида ўтди.

Тушиши билан сув нажосат бўлмайдиган нарсалар

Қудуққа тушиши билан уни нажосат қилмайдиган ҳайвонларга жасадида қон оқадиган томири бўлмаган ҳайвонлар киради. Мисол учун тошбақа ва ҳоказолар. Яна сақланишликнинг имкони йўқ нарсаларнинг оз миқдордагисининг қудуққа тушишлиги уни нажосат қилмайди. Қўйнинг қумалоқлари, туя ёки сигирларнинг тезакларига ўхшаш. Буларнинг кам-кўплиги қараган кишининг эътибори билан билинади. Яъни қараган киши кўп деса, қудуқ нажосат бўлади, кам деса, нажосат бўлмайди. Чунки мана шу ҳолат кечирилгандир.

Нажосат

Нажосат икки қисмга бўлинади:

1. Ҳақиқий нажосат – буларга олди ва орқадан келадиган нарсалар, қон, маст қилувчи ичимликлар, чўчқа гўшти ва ҳоказолар киради.
2. Ҳукмий нажосат – ҳадасдир, яъни ғусл ва таҳорат қилиш вожиб бўлган вақтдаги бетаҳоратликдир.
Ҳақиқий нажосат ҳам иккига бўлинади:
1. Ғализа (оғир) нажосат – буларга қон, инсоннинг олди ва орқасидан чиқадиган нажосатлар, маст қилувчи ичимликлар, ўлимтик ҳамда чўчқанинг гўшти, териси ва ҳоказолар киради.
2. Хафифа (енгил) нажосат – буларга қўй, мол ва туя каби гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг пешоби, гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезаклари киради.

Авф қилинган нажосатлар.
Агар нажосат, инсоннинг орқасидан келганга ўхшаш бир дирҳам миқдорида ғализа (қуюқ) бўлса, фақат намозини ўқиб олиш учун авф қилинган. Бир дирҳам тахминан уч граммга тўғри келади. (Бир дирҳам миқдоридан кўп бўлса, нажосатини тозалаб, намозини қайтадан ўқийди). Агар нажосати ғализа сийдикка ўхшаш суюқ бўлса, инсоннинг кафти кенглигича миқдордагиси билан намоз дуруст бўлади. Кафт кенглигидан кўпроқ бўлса, намозини қайта ўқийди. (Игнанинг учи каби) оз миқдорда сачраган сийдик кечиримлидир, чунки ундан сақланиш қийин. Қассобга зарурат сабабидан етган қон ҳам кечиримлидир. Кўчалардаги лойга аралашиб кетган нажосат ҳам, сақланишнинг имкони йўқлиги учун кечиримлидир.
Нажосати хафифадан авф қилингани, кийимнинг ёки баданнинг тўртдан бирига етганидир. Бу айтилган нарсалар оқмайдиган нарсалар хусусидадир. Оқадиган нарсалар эса хоҳ оғир, хоҳ енгил нажосат бўлсин, унинг фарқи йўқ, барибир, нажосат ҳисобланади.
Қуш ва кабутар каби гўшти ейиладиган қушларнинг тезаги покдир.

Нажосатни тозалаш йўл йўриғи

1. Нажосат теккан кийимнинг камида бир марта ювиш билан, кўринадиган нажосат бўлса, айни ўзини кетказиш билан тозаланилади. Бу оқар сув ёки устидан сув қуйиш билан бўлиши керак. Аммо нажосатли кийимни бирор идишга солиб ювилса, уни идишдан олиб, уч марта устидан сув қуйиб, ҳар сув қуйгандан сўнг яхшилаб сиқиш билан тозаланади. Агар кийимдаги нажосат пешобга ўхшаш кўринмайдиган бўлса, юваётган одам тоза бўлди, деб қаноат ҳосил қилгунича ювилади.
2. Ердаги нажосатнинг устидан уч мартагача тоза сув қуйилади ва ҳар сафар бир парча тоза латта билан артиб ташланади. Агар нажосатли ерга кўп сув қуйилса-да, нажосатнинг асари қолмаса, у ер ҳам намоз ўқиш учун пок бўлади. Булар қаттиқ ерларда шундоқдир. Аммо нажосатли ер юмшоқ, сув қуйганда шимиб кетадиган бўлса, ундаги нажосатнинг асарини кетказиш билан тозаланилади.
Ерни пол латта билан тозаланса, ҳам пок бўлади. Уни сув билан тозалаш шарт эмас. У ерда намоз ўқиш жоиз. Лекин таяммум учун пок бўлмайди. Чунки бу ер ўзи пок бўлса-да, бошқани поклай олмайди. Таҳоратда ўзи пок ва бошқани ҳам покловчи сув шарт қилинганга ўхшаш, таяммумда ҳам пок тупроқ шарт қилинган.
3. Бадандаги нажосат қонга ўхшаш кўринадиган бўлса, уни айни ўзини кетказишлик билан, пешобга ўхшаш кўринмайдиган бўлса, ювгувчи гумонининг ғолиби билан тозаланади. Уч марта ювиш билан кўпинча тоза бўлди, деган гумон ғолиб бўлади.
4. Нажосат бўлган нарса куйдирилиб кулга айланса, тоза бўлади.
5. Ёғ ва мой каби оқувчи нарсаларни устидан сув қуйиш билан покланади. Шу тариқа уч марта қилинади. Ёки оғзи очиқ бир идишдаги ёғга сув қуйиб, ёғ тепалаганда, уни ҳаракатга келтирилади-да, кейин сув чиқиб кетиши учун устини очиб қўйилади. Шу тарзда уч марта бажарилади. Агар ўша ёғ суюқ бўлса ,шундай қилинади. Аммо қаттиқ бўлса нажосат теккан жойини кесиб ташланади.
(Нажосат теккан нарсани ювиб сиқишнинг иложи бўлмаса, қатрон қилинади. Мисол учун бир пиёлага ёки косага нажосат теккан бўлса, уч марта ювилиб, ҳар гал томчи сув унда қолмагунича бир жойга қўйилади, лекин ювиб, сувини бирор нарса билан артиб олиш қатрон ҳисобига кирмайди. Шу ўринда дарз кетган идишларни ишлатиш макруҳлигини ҳам айтиб ўтиш лозимки, агар уларга нажосат тегса, қатрон орқали ҳам тозалаб бўлмайди. Пичоқ, қилич ва шунга ўхшаш нарсаларга нажосат тегса, у ишқалаш билан пок бўлади. Гилам, палосга ўхшаган нарсаларнинг устидан бир кеча ва кундуз сув оқизиб қўйилса, пок бўлади…..Тарж).
6. Нажосат бўлган ҳовузни бир томонидан тоза сувни оқизиб, иккинчи томонидан чиқариб юбориш билан покланади. Тоғара ёки товоқ каби нарсаларни ҳам бир томонидан сув қуйиб иккинчи томонидан оқизиб юборилади.
Қудуқ, кўл ва ҳаммомнинг ҳам суви бир томонидан тоза сув киргизиб, иккинчи томонидан чиқариб юборилса, тозаланади. Худди шуни сингари нажосат бўлган ёғни бир томонидан ўз жинсидаги тоза ёғни оқизиб, иккинчи томонидан чиқариб юборилса, тоза бўлади.
7. Оёқ кийимига теккан қуюқ нажосат қуруқ бўлса, уни ишқалаб аслини кетказиш билан покланади. Аммо пешобга ўхшаш суюқ нажосат теккан бўлса-ю, агар қуриб қолган бўлса ҳам, фақат ювиш билан покланади.
8. Кийимда одамнинг қуриган манийси бўлса, ишқалаб аслини кетказиш билан покланади. Агар асли кетса-ю, унинг изи қолса, зарари йўқ. Аммо хўл бўлса, у фақат ювиш билан тозалаш вожиб. Қуриган нажосат ювиш ёки ишқалаш билан аслини кетказиб тозаланилади. Уни кесак, қоғоз билан тозалаб бўлмайди. Чунки кесак ва шу кабилар қуриган нажосатни ўрнидан кўчириб ололмайди.
9. Ўлимтик ҳайвонларнинг териси ошлаш билан пок бўлади. Чўчқа билан инсоннинг териси ошланса ҳам, пок бўлмайди. Чунки инсоннинг асли мукаррамдир, чўчқанинг асли, яъни айни ўзи нажасдир.
10. Ўзи нажосат бўлса-ю, бошқа салоҳиятли нарсага айланса ҳам, пок бўлади. Мисол учун маст қилувчи ичимликлар сиркага, кийикнинг қони мушкка айланса. Нажосатдан покланишда ният шарт қилинмайди, балки уни покловчи нарса шарт қилинади.

Қазои ҳожат ва истинжо одоблари

Ҳожатхонага кираётган киши учун қуйидагилар одоб ҳисобланади:
1. Киришдан олдин ушбу дуони ўқийди:
«Аллоҳумма инний аъузу бика минал хубси вал хобаис»
(Маъноси: Эй Роббим, эркак ва аёл шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилайман.)

2. Ҳожатхонага чап оёғи билан кириб, ўнг оёғи билан чиқади;

3. Чиққандан сўнг ушбу дуони ўқийди:
«Ғуфронака, Алҳамдулиллахиллазий азҳаба ъаннил азаа ва аъфаний»
(Маъноси: Гуноҳларимни кечирган, мени хотиржам қилган ва мендан азиятни кетказган Аллоҳга ҳамд бўлсин).

4. Қазои ҳожатни ўтирган ҳолда қилади, фақат ўтира олмайдиган узри бўлса, турган ҳолда қазои ҳожат қилади.

5. Қазои ҳожат вақтида, истинжо ва тошга артаётган ҳолатида бош кийим билан Аллоҳдан ва малоикалардан ҳаё қилган ҳолда ўтиради.
Қабр устига қазои ҳожат қилиш ёки кенг дала бўладими, бирор бино ичи бўладими, қиблага юзланиб ёки орқа қилиб ўтириш ҳам макруҳи таҳримийдир, яъни ҳаромга яқин макруҳ. Тўхтаб турган оз сувга ҳожат қилиш ҳаромдир, агар тўхтаб турган сув кўп бўлса, унга ҳожат қилиш макруҳи таҳримийдир. Агар сув оқувчи бўлса, унга ҳожат қилиш макруҳи танзиҳий бўлади. Бу дегани сувга пешоб қилса бўлади, дегани эмас. Фақат бу ерда масала сифатида келтирилмоқда. Сувхоналарга, сув оқиб келадиган ерларга, инсонлар юрадиган, салқинлаб ўтирадиган, тўпланадиган жойларга қазои ҳожат қилиш макруҳдир. Яна ҳожат вақтида гапиришлик, тили билан Аллоҳ таолони зикр қилишлик, қуёш ёки ойга юзланиб ўтиришлик ҳам макруҳдир. Истинжо деб нажосат чиқадиган ўринларни сув билан тозалаш, истижмор эса тош билан тозалашга айтилади. Бу эркакларга ва аёлларга суннати муаккададир. Лекин нажосат махражга, яъни нажосат чиқадиган ўринга дирҳам миқдоридан кўпроқ ёйилган бўлса, кесак ёки варақнинг ўзи кифоя қилмайди, балки сув билан ювиш вожиб бўлади. Истинжони чап қўл билан қилиш мустаҳаб амалдир. Истинжони қоғоз ишлатиб сўнг сув билан ювиш фақат бири билан кифоялангандан кўра афзал ҳисобланади.

Таҳорат ва унинг ҳукмлари

Аллоҳ Таоло: «Эй иймон келтирганлар, намозга турсанглар, юзингизни ювинглар ва қўлларингизни тирсагигача (қўшиб) ювинглар ва бошларингизга масҳ тортинглар ва оёларингизни тўпиғигача (қўшиб) ювинглар», деб айтган (Моида сураси, 6-оят)
Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): «Эй Ибн Аббос, сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу валайҳи васалламнинг қай тарзда таҳорат қилганларини кўрсатайми?» деганларида, Ибн Аббос: «Ҳа», дедилар. Шунда у зот идишни қийшайтириб (сувни) қўлларига оқизиб уни ювдилар. Кейин ўнг қўлларини киргизиб, ундаги сувни наригисига қўйиб, ҳатто кафтларини ювдилар. Сўнгра оғизни ва бурунни ювиб, кейин қўлларини барча қисмини идишга солиб, бир сиқим сув олиб юзларига ишқаладилар.
Кейин ўнг кафтларида бир сиқим сув олиб, пешоналарига сепдилар. Ва у юзларидан оқиб турарди. Кейин билакларини тирсакларигача уч марта ювдилар. Сўнгра бошлари ва қулоқларини устига масҳ тортдилар.
Кейин қўлларини жамлаб бир сиқим сув олиб, сув барча қисимга етиши учун оёқларига урдилар. Кейинги оёқларини ҳам шундай қилдилар.

(Абу Довуд ва бошқалар ривояти).

Таҳоратнинг дуруст бўлиш шартлари

1. Ювилиши фарз бўлган ҳар бир аъзони қолдирмасдан ювишлик;
2. Аъзоларга сув етишлигидан тўсадиган нарсаларнинг бўлмаслиги. Сувдан тўсадиган нарсалар: ёғ, хамир, мум, аёллар тирноқларига қўядиган лак ва ҳоказолар.
3. Таҳоратга киришишдан олдин таҳоратга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай нопокликлардан холи бўлишлик. Пешоб томаётган вақтда томишини тўхтатмасдан туриб қилинган таҳорат, бурун қонаётганда оқаётган қонни тўхтатмасдан қилинган таҳорат дуруст бўлмайди, чунки булар (бавл ва қон) таҳоратга тўсқинлик қилувчи нопокликлардандир.
Лекин бурни тўхтамасдан қонайдиган, пешоби ҳам тўхтамасдан томиб турадиган кишининг таҳорати ва намози узр сабабидан дуруст бўлади. Фақат шу шарт биланки, узрлик одам ҳар бир намознинг вақти учун алоҳида таҳорат қилади.

Таҳоратнинг фарзлари

Юқорида зикр қилинган ояти каримага кўра, таҳоратнинг фарзлари тўрттадир:
1. Юзни бир марта ювмоқлик. Ювиш дегани сув тегиш лозим бўлган ўринлардан сувни оқизмоқликдир. Юзнинг чегараси узунасига соч чиққан жойдан жағнинг остигача, кенглиги икки қулоқ юмшоғининг орасидаги ўриндир.
2. Икки қўлни тирсаклари билан қўшиб бир марта ювишлик.
3. Бошнинг тўртдан бирига бир марта масҳ тортиш.
4. Икки оёқнинг ҳам ошиғи билан қўшиб бир марта ювишлик. Оёқнинг ошиғи қадамдан юқорида, тўпиқдан пастдаги бўртиб кўриниб турган суякдир.
Таҳорат қиладиган киши агар тирноқлари узун бўлса, унинг остига сув етказишлиги ва яна кўзи атрофига йиғилиб қоладиган кирларни олиб, остига сув теккизишлари ҳам шартдир.

Таҳоратнинг суннатлари

1. Ердан юқорироқ ўринга ўтириб таҳорат олмоқ.
2. Таҳорат пайтида қиблага юзланган бўлмоқ.
3. Аъзоларни ювишда бошқа кишидан ёрдам сўрамаслик, лекин ожизлиги ва касаллиги сабабли ёрдам сўраса, дуруст бўлади.
4. Мубоҳ сўзларни тарк қилиш.
5. Оғизга ўнг қўл билан сув олиш, бурунга ҳам ўнг қўл билан сув олиб, чап қўл билан қоқиш.
6. Аъзонинг ювилиши фарз бўлган ўрнидан яна ҳам кўпроқ ювиб, ҳадисда келганидек Қиёматдаги оқлик ва қашқани узайтириш.
7. Кенгроқ узукни таҳорат вақтида ҳаракатлантириб қўйиш ҳам одобдир, аммо узук тор бўлса, унинг остига сув тегишлиги учун ҳаракатлантириш шарт бўлади.
8. Таҳоратдан сўнг қиблага юзланиб тик турган ҳолатда шаҳодат калималарини ва маъсур дуоларни ўқиш ҳам таҳорат одобларидандир.

«Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳу. Аллоҳумма ижъалний минат таввабийна важъалний минал мутатаҳҳирийн».
(Маъноси: Гувоҳлик бераман, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У ёлғиздир, Унинг шериги йўқ ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг бандаси ва элчисидир. Аллоҳ мени тавба қилгувчилардан ва поклангувчилардан қил».

Имом Муслим ва Термизий ривояти.
9. Модомики, макруҳ вақтлар бўлмаса, таҳоратдан сўнг икки ракат намоз ўқиб қўйиш ҳам одобдандир. Нафл намозларни ўқиш макруҳ ҳисобланадиган вақтлар қуйидагилар.
1. Субҳи содиқ киргандан сўнг то қуёш чиққунча.
2. Қуёш чиқишни бошлагандан то бир найза бўйи кўтарилгунча, қарийб бу ярим соатга боради. (Шу пайтда намоз ўқиш ҳаромдир. Агар фарзни бўлса ҳам. Ҳатто Бомдодни қазо қилган одам шу вақтни ўтказиб, кейин ўқийди….Тарж)
3. Кундузнинг ўртасида, яъни қуёш тиккага келганда, тақрибан бу вақт, пешиндан ярим соат олдин бўлади. Буни завол вақти дейилади. Шу орада ўқилган намоз ҳам ҳаромдир.
4. Аср намози ўқиб бўлингач, то шомгача бўлган вақтда нафллар макруҳдир.
5. Қуёшнинг нури кетган вақтдан то шомгача ўқилган намоз ҳам ҳаромдир, бу тақрибан қуёш ботишидан ярим соат олдинги вақт ҳисобланади. (Аммо ўша куннинг асрини ўқимаган бўлса, уни модомики, қуёшнинг ярми ботаётган бўлса ҳам ўқиб олади…Тарж).

Таҳоратнинг макруҳлари

Қуйидаги ишлар таҳоратда макруҳи танзиҳий ҳисобланади:
1. Сувни исроф қилиш.
(Ҳатто уч марта ювиш суннат бўлган ўринларни икки марта ёки уч марта ювганлиги ўртасида шак қилиб қолса, модомики, икки марта ювган бўлса ҳам, уч марта ювганликка ҳисоб қилади. Чунки шу ўринда икки марта билан кифояланса зарари йўқ, аммо тўрт марта бўлиб кетса, бидъат ва исроф ҳисобланади. Энди бундан сақланган маъқулдир….Тарж).
2. Сувни ўта кам ишлатишлик.
(Ҳатто ювиш лозим бўлган ерларга сувнинг оқиб бормаслиги ва у жойларни нам қўл билан ишқалаб, шу билан кифояланиш ҳам макруҳдир….Тарж).
3. Сувни юзга зарб билан уриш.
4. Рўзадор одамнинг бурнига ва оғзига сувни қаттиқ тортиш ҳам макруҳдир. Чунки бунда рўзанинг очилиб кетиш хавфи бор.
5. Нажосатли ўринларда таҳорат олишлик.
6. Заруратсиз таҳорат асносида гаплашишлик.
7. Бурунга, оғизга сув олиш ва ниятга ўхшаган таъкидланган суннатларни тарк қилишлик ҳам макруҳдир.

Таҳоратнинг сифатлари

Таҳорат уч қисмга бўлинади:
1. Фарз – таҳоратсиз киши намоз ўқимоқчи бўлса, хоҳ у нафл бўлсин, хоҳ жаноза намози бўлсин ёки тиловат учун сажда қилмоқчи бўлсин ёки Қуръони каримдан агар бир оят бўлса ҳам ушламоқчи бўлсин, унга таҳорат қилиш фарз бўлади.
2. Вожиб – Каъбаи Муаззамани тавоф қилмоқчи бўлган таҳоратсиз кишига таҳорат қилишлик вожиб.
3. Мандуб, яъни тавсия қилинган – таҳоратсиз кишининг уйқудан олдин таҳорат қилиши, уйқудан уйғонгандаги таҳорат ва яна доимий таҳоратда юришлик, таҳоратли кишининг яна таҳорат олиши, ғийбат, чақимчилик, ёмон сўзлардан сўнг таҳорат қилиб олиши, ҳар бир хатодан кейин таҳорат олиш, маййитни ювгандан сўнг таҳорат олиш, ҳар намозга алоҳида таҳорат олиш, жунуб кишининг ғусл қилишдан олдинги таҳорат олиши, ёки жунуб кишининг овқатланишдан, ичимлик ичишдан, ухлашдан, яна бир бор эр-хотинлик қилишдан олдинги қилган таҳорати, ғазаб келганда қилинадиган таҳорат, чунки ғазаб шайтондан бўлиб, шайтон эса ўтдан яратилгандир, ўт эса сув билан ўчирилади, Қуръон қироат қилиш учун, ҳадис ўқиш учун, шаръий илмларни дарс қилиш учун, азон ва иқомат айтиш учун, хутба ўқиш учун, Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларини зиёрат қилиш учун, Арафот тоғида туриш учун, Сафо ва Марвани сайр қилиш учун қилинган таҳорат мандуб ҳисобланади. Яна туя гўштини егандан сўнг таҳорат олиш ҳам мандубдир. Уламоларга мухолиф бўлишдан чиқиш учун ҳам таҳорат олиш одобдир. Мисол учун аёл кишини ушлаш билан имом Шофеъий наздларида таҳорат синади, худди шунингдек, кафтининг ичи билан ўз авратини ушласа ҳам синади. Бизнинг мазҳабимизда бу кўринишда таҳорат синмаса ҳам, таҳорат қилиб олиш одобдандир. Чунки ҳамма уламоларнинг иттифоқига кўра қилинган ибодат чиройлидир.

Таҳоратни синдирувчилар

1. Кишининг икки орқа ва олди нажосат йўлидан чиқадиган ҳар қандай нарса таҳоратни синдиради. Улар хоҳ бавл бўлсин, хоҳ ел бўлсин, хоҳ нажосат бўлсин, хоҳ қурт бўлсин, фарқи йўқ. Ва яна шу икки йўлдан бирига бармоқни киришлиги ёки орқага ҳуқна (клизма) қилиб уни чиқариб ташлашлик билан ҳам таҳорат синади.
2. Баданнинг қайси жойидан қон ёки йиринг чиқса-ю, тоза жойга ёйилса ҳам, таҳорат бузилади. (Лекин жароҳат катта бўлса-ю, чиққан қон ёки йиринг шу жароҳат ичида айланиб юрса, таҳорат синмайди).
3. Оғиз тўлдириб қайт қилишлик билан ҳам таҳорат синади. Инсон қайт қилганда оғзи тўлиб гапира олмай қолса ёки оғзини беркита олмаса, шу оғзи тўлиб қайт қилган, дейилади. Оғзи тўлмай озгина қайт қилса, худди кекиргандагидек таҳорат синмайди.
4. Ёки инсон қон қайт қилса-ю, тупугига қоннинг ранги ғолиб бўлиб қизарса, синади. Аммо тупугининг ранги сарғайса, синмайди. (Демак, бунда оғизнинг тўлишига эмас, балки тупугининг рангига эътибор берилади. Аммо тиш қонаса ва қонаган еридан оқиб ёйилса таҳорат синади. Бу ўринда тупургининг рангининг эътибори йўқ. Кўпчилик буни чалкаштириб тушунади. Демак, қон қайт қилганда тупугининг ранги қизарганлиги эътибори билан таҳорат синса, тиш қонаганда шу қонаганлик эътибори билан таҳорат синади. Бу жойига диққат қилинг!….Тарж).
5. Киши ёнбошлаб ёки бир нарсага суяниб ухласа ва шу суянган нарсаси олиб қўйилганда йиқиладиган даражада ухласа, таҳорати синади.
6. Маст бўлиш, ҳушдан кетиш ва яна жинни бўлиш билан ҳам таҳорат синади. (Агар киши бир-икки хўплам Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани ўзи билмай ичиб юборса, модомики маст бўлмаса, таҳорат синмайди. Чунки қоидага биноан таҳорат нажосатни чиқиши билан синса, рўза бир нарсани кириши билан очилади. Шунга кўра, сигарет ва нос рўзани очади, лекин таҳоратни синдирмайди, модомики маст қилиб қўймаса. Лекин Аллоҳ ҳаром қилган маст қилувчи ичимликларни бир-икки хўплам ичса, сигарет ва носга ўхшаш ҳаром нарсаларни истеъмол қилса бўлар экан, дегани эмас, балки таҳоратни синдириши ёки синдирмаслиги бир масала, холос. Аммо шу хатолардан кейин кимки таҳорат қилиб олса, яхши бўлади. Бу ҳақда таҳоратнинг сифатлари тўғрисидаги бобда ишора қилдик….Тарж)
7. Рукуъ ва саждаси бор намозда балоғатга етган хоҳ эркакнинг, хоҳ аёлнинг қаҳ-қаҳ отиб кулиши билан таҳорат синади. Ёнидаги киши эшитадиган даражадаги кулгини қаҳқаҳа дейилади. Аллоҳ билан муножот қилаётганда бу каби нарсаларни қилувчиларга жазо сифатида, таъзирини бериш учун таҳоратини янгилашни шарт қилинмоқда.
(Кулиш уч хил бўлади:
А) Қаҳ-қаҳ отиб кулиш. Кишининг ўзидан бошқа одамлар эшитадиган даражадаги кулгиси қаҳ-қаҳа, дейилади.
Б) Қиқирлаб кулиш. Киши фақат ўзи эшитадиган даражада кулишига қиқирлаб кулиш дейилади. Рукуъ саждаси бор намозда қиқирласа намози бузилади, лекин таҳорати синмайди.
В) Табассум – бу билан таҳорат ҳам намоз ҳам бузилмайди.
Демак, ёш гўдак бутун яъни рукуъ ва саждали намозда қаҳ-қаҳа билан кулса унинг таҳорати синмайди, рукуъ саждасиз намоз бу жанозадир. Унда қаҳ-қаҳа билан кулиш дуруст бўлмаса ҳам, таҳоратни синдирмайди….Тарж).

Узрли кишининг таҳорати

Узрли киши ким? Кишининг бавли томиб турса, яъни уни ушлаб туришни имкони бўлмаса ёки қорни оғриб ичи кетаётган бўлса, ё ел чиқиб туриши билан касалланган бўлса ва ёки истиҳоза, яъни касаллик қони келиб турган бўлса, хуллас, шунга ўхшаш таҳоратни бузиб турувчи нарсаларга инсон йўлиққан бўлса, шу узри бир вақт фарз намози мобайнида тўхтамаса, у киши узрли ҳисобланади. Аммо кишининг узри бир вақт фарз намози мобайнида тўхтаса, узрли ҳисобланмайди. Масалан, бир кишининг узри пешиннинг аввалида бошланган бўлса ва пешиннинг вақти чиқиб кетгунча тўхтамаса, шу киши узрлик ҳисобланади. Кишининг узри аср вақтининг кириши билан тўхтаб то чиқиб кетгунича қайталамаса, узрлик ҳисобланмайди. Узрлик киши намозни охирги вақтига олиб бориб ўқишлиги яхшидир, унинг узрини тўхтаб қолиш эҳтимоли борлиги учун.

Узрлик кишининг ҳукми

Узрлик киши ҳар бир намознинг вақти учун таҳорат қилади ва шу таҳорати билан ўша вақтда хоҳ фарз, хоҳ нафл бўлсин истаганича намоз ўқиши мумкин. Ҳар бир намози учун алоҳида таҳорат қилиши вожиб эмас. Мисол учун, узрлик киши Бомдодни ухлаб қолиб қазо қилган бўлса, қуёш найза бўйи кўтарилгач, янги таҳорат билан Бомдоднинг қазосини ўқийди ва шу таҳорат билан пешинни ҳам ўқий олади, модомики, узрли еридан бошқа ўринда таҳоратни синдирувчи амал содир бўлмаган бўлса. Демак, узрли кишининг таҳорати фарз намозини ўқиб бўлиши билан эмас, балки вақтининг чиқиши билан, синади. Бомдодга қилинган таҳорат қуёш чиқиши билан, ийд намози учун қилинган таҳорат пешин вақтига чиқиши билан, синади. Бир киши пешинни ўқиб бўлиб янги таҳорат олган бўлса, кейин аср вақти кирса, пешиннинг вақти чиққанлиги сабабли таҳорати синади ва яна аср вақти учун алоҳида таҳорат олади.

Узрли кишига вожиб бўлган нарсалар

Узрли киши имкон қадар ўзига зарар етмайдиган даражада узрини тўхтатишга ёки камайтиришга ҳаракат қилади. Мисол учун истиҳоза, яъни касаллик қони оқиб турса, уни тўхтатишга ёки камайтиришга ҳаракат қилади. Агар намозни туриб ўқиганда қон оқиб кетса, ўтириб ўқийди. Агар кийимига узр сабабидан етган нажосатни ювиб ташласа, ўқиётган намозидан фориғ бўлмасдан яна кийими нажосат бўлишини билса, уни ювмасдан ўша намозини ўқиб олади. Аммо намозни ўқиб олгунча кийимига нажосат тегмаслигини билса, у нажосат теккан кийимини ювиб олиши вожиб бўлади.

Таҳоратсиз кишига ҳаром бўлган нарсалар

1. Таҳоратсиз киши хоҳ нафл бўлсин, хоҳ фарз бўлсин, намоз ўқиши ҳаромдир.
2. Жаноза намозини ҳам бетаҳорат ўқиш ҳаромдир.
3. Сажда тиловатини бетаҳорат бажармоқлик ҳам ҳаромдир. Чунки саждада намоз маъноси бор.
4. Таҳоратсиз Байтуллоҳни тавоф қилиш ман этилади. Бунга тавофнинг фарз ёки нафл бўлишининг фарқи йўқ. Чунки тавоф ҳам намоздир. Фақат унда гаплашишлик мубоҳ қилингандир. Агар бир киши Байтуллоҳни таҳоратсиз тавоф қилса, ўзи гуноҳкор бўлса ҳам, тавофи дуруст бўлади. Чунки тавоф учун таҳоратли бўлиш шарт қилинмайди, балки у вожибдир.
5. Таҳоратсиз кишининг Қуръон китобини ёки баъзи  оятларини, агар бир оят бўлса ҳам, ушлашлиги дуруст эмас. Аммо Қуръон китобининг устида ундан ажраган ғилоф бўлса, ушлаш мумкин бўлади.

Баҳам кўринг

Comments are closed.