Олим ўлса, олам йиғлайди

0 1 759

Шу замоннинг Қуёши бўлиб,

Қалби иймон нурига тўлиб,

Зиё нурин элга улашиб,

Юрганингиз қандай бахт эди!

 

Қуръон илмин ўрганиб пухта,

Шу ҳаётга қилиб омухта,

Ҳақни айтиб, бўлмайин сохта,

Турганингиз қандай бахт эди!

 

Пайғамбарга меросхўр бўлиб,

Дину дунё илмин шимириб,

Билганини элга илиниб,

Берганингиз қандай бахт эди!

 

Элнинг Сизга саволи қат-қат,

Ҳақ ризосин кўзлабон фақат,

Жавоб қилиб уларга, албат,

Берганингиз қандай бахт эди!

 

Тунингизни тонгларга улаб,

Элга фақат ҳидоят тилаб,

Ҳақдан дуо — иноят сўраб,

Қилганингиз қандай бахт эди!

 

Бугун Сизни йўқотиб қўйдик,

Бахтимизни бой бериб қўйдик.

Ҳузурига жўнатиб қўйдик,

Борлигингиз қандай бахт эди!

 

Пайғамбарнинг ёшига кириб,

Китобларни чиқариб, шошиб,

Фикрлари уммондек тошиб,

Кетганингиз бир армон энди.

 

Элга бўлди катта мусибат,

Доғда қолдик, босибди ғафлат,

Ақлимизни шошириб ҳайрат

Йўқлигингиз бир армон энди.

 

Йиғилишиб тумонат одам,

Йиғладилар, тутишиб мотам,

Маърифатда беназир хотам

Ҳазратимиз бир армон энди.

 

Эслаб Расул мусибатини,

Фикр қилдик оқибатини,

Саҳобалар чин тоқатини,

Кўз олдимга келтирдим энди.

 

Моҳларбону чекади фарёд,

Шундай зот ҳам ўтдими ҳайҳот?!

Охиратин қилгайсан обод,

Бу ҳам бизга бир ибрат энди.

 

Моҳларбону

Ўш шаҳри

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply