Аллоҳнинг ҳузуридаги энг яхши дўстлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг ҳузуридаги энг яхши дўстлар, ўз дўстига энг яхши бўлганидир», деганлар».

Кичкинтойларим!

Ҳар бир мусулмон Аллоҳ табарока ва таолонинг ҳузурида одамларнинг энг яхшиси бўлишни орзу қилади. Лекин Аллоҳнинг ҳузурида энг яхши дўстлар бўлишга қандай эришиш мумкин? Аллоҳ таолонинг наздида энг яхши дўстлар бўлишга олиб борадиган нарсалар нима?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўстларнинг энг яхшиси деб, ўз дўстларига фойдаси тегадиган, уларга ёрдам берадиган инсонларни айтганлар. Доимо дўстларимизни хурсандлик ва қувонч билан қаршилашимиз, ўзимизга яхши кўрган нарсамизни уларга ҳам яхши кўришимиз, агар ёрдамга муҳтож бўлсалар, уларга ёрдам беришимиз лозим. Агар у бемор бўлса, уни кўришга боришни унутмаслик лозим. Яхши ва ёмон кунида дўстнинг ёнида бўлиш лозим. «Дўстларнинг энг яхшиси» дўстини намоз вақти келиши билан эслайдиганидир. «Дўстларниг энг яхшиси» дўсти муҳтож бўлса, ёрдам берадиганидир. «Дўстларнинг энг яхшиси» дўстини ўзидан устун қўядиганидир. «Дўстларнинг энг яхшиси» дўстларидан ёрдам сўраганига ёрдам берадиганидир. «Дўстларнинг энг яхшиси» дўсти ундан қарз сўраса, унга қарз берадиганидир. «Дўстларнинг энг яхшиси» дўсти бемор бўлганида, уни кўргани борадиганидир. «Дўстларнинг энг яхшиси» агар дўстига яхшилик етса, бундан хурсанд бўладигани ва уни табриклайдиганидир. «Дўстларнинг энг яхшиси» дўстини учратганида салом берадигани ва уни таклиф қилса, борадиганидир. «Дўстларнинг энг яхшиси» дўстида айб кўрса, тўғри йўлга бошлайдигани, уни тўғрилайдиганидир.

Абу Хулда раҳимаҳуллоҳ: «Ибн Сиррин ҳузурига мен ва Абдуллоҳ ибн Авф кирдик, бизни кутиб олди ва: «Сизларни қандай хурсанд қилишни билмайман», деди. Бас, кўзада асал келтирди. Пичоқда кесиб бизга едира бошлади», дейдилар.

Дўстларига яхши бўлган дўст, дунё нарсаларидан бирор нарсада бахиллик қилмайди. Солиҳлардан бири: «Дунёнинг ҳаммаси менга бир луқмада бўлса, сўнгра дўстим келса, ўшани унинг оғзига қўйишни хуш кўраман», деган экан. Энг яхши дўст дўстларини ўта муҳтожлигини билганида маҳзун бўлади, ҳожатларини адо этишда ҳаракат қилади. Бир киши дўстининг қарзи борлигини билгач, унинг уйига борибди. Дўстининг ҳолини сўрабди. Бас, дўсти унга қарздор бўлганини айтибди. Дўсти унинг қарзини тўлабди ва уйига хафа бўлиб йиғлаб қайтибди. Хотини унга: «Қилган ишинггиздан хурсанд бўлмайсизми, нима учун йиғлаяпсиз?» дебди. У киши эса: «Мендан сўрашга муҳтож бўлгунича, дўстимни ҳолини билмаганим учун йиғлаяпман», деди.

Азиз болажонлар! Энг яхши дўстлар ана шундоқ бўладилар. Дўст бошга кулфат тушганда билинади, деб бекорга айтилмаган. Энг яхши дўстинг ёрдамга муҳтож бўлганингда, биринчи бўлиб сенга ёрдам берганидир. Аллоҳ барчаларимизга ҳузуридаги энг яхши дўстлардан бўлишни насиб этсин. Омин!

Мавзуга оид мақолалар
БАЪЗИ СМСЛАР ХАТАРЛИ ТУЗОҚДИР Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

02:36 / 12.02.2017 3571
Бир нарсанинг мавжудлик ва йўқликдан, мавжудлик эса содир бўлишлик ёки азалийликдан холи бўлмаслиги, икки давоми...

01:53 / 15.12.2016 3312
  Қисқача иймон Маъноси Аллоҳга Ўз исму сифатларидагидек иймон келтирдим ва Унинг барча давоми...

06:09 / 27.04.2017 4874