Сўкиш ва беҳаёлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сўкиб гапириш, тилни беҳаё сўзлар билан булғаш ўта хунук бўлиб, шариатимиз ундан қайтарган. Беҳаёликни манбаи бузуқлик ва разилликдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Фаҳшдан сақланинг. Чунки Аллоҳ таоло бузуқ сўзни ва бузуқ сўз билан булғанишни суймайди». Насаий ривоят қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни Бадр жангида ўлдирилган мушрикларни сўкишдан қайтариб, дедилар: «Уларни сўкманглар. Чунки айтаётганингиздан бирортаси уларга етмайди. Тириклар эса (бу сўкишларингиздан) озорланади. Огоҳ бўлинг! Беҳаёлик разилликдир». Ибн Абу Дунё ривоят қилган. Расули Акрам айтдилар: «Мўмин сўкмайди, лаънатламайди, қўполлик ва беҳаёлик қилмайди». Термизий ривоят қилган. Расули Акрам дедилар: «Беҳаёлик ва баён мунофиқликнинг иккита тармоғидир». Термизий ривоят қилган. Баён деганда айтилиши жоиз бўлмаган нарсани айтиб юбориш назарда тутиляпти. Шунингдек, бу ўринда баён деганда изоҳнинг ҳаддан ошиб, такаллуф даражасига бориши ҳам эҳтимол қилинган. Яна бири дин ишларнинг баёни, Аллоҳ таоло сифатларининг баёни ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки бу мавзуларда узундан-узоқ изоҳларга берилиб, омманинг эътиборини чалғитишдан кўра, керакли гапни қисқа ва лўнда етказган афзал. Кўпинча баённинг ҳаддан ошиши шубҳа ва васвасаларга сабаб бўлади. Аксинча баён ихчам бўлса, қалблар уни дарҳол қабул қилади, довдираб қолмайди. Ниманидир беҳаёларча тушунтиргандан кўра, ўша нарсанинг очилмасдан қоронғи бўлиб қолиши тузукроқ. Ахнаф ибн Қайс деди: «Сизларга дардларнинг ёмони нима эканини билдирайми? Беҳаё тил ва ёмон хулқ!» Демак, беҳаёликнинг ҳар қандай тури қаттиқ қораланади. Хўш, беҳаёликнинг чегараси қаер ва унинг моҳияти нима? Беҳаёлик, хусусан, сўкиш ― уят саналган ишларни ошкора очиқ лафзлар билан ифодалашдан иборат. Беҳаёлик шу чегарадан бошланади. Ва айни пайтда унинг моҳияти ҳам шудир. Сўкиш кўпинча жинсий алоқа ҳодисаси билан боғлиқ лафзлар орқали ифодаланади. Уят лафзларни баралла ва очиқ қўллаш фосидларнинг одати. Солиҳ кишилар бу уятдан ўзларини тиядилар. Агар шунга дахлдор ниманидир эслатиш зарурати туғилса, разм ва ишоралар билан чекланадилар. Аҳли аёлга нисбатан ҳам ишоратан гапириш гўзал ва маъқул кўрилган одат ҳисобланади. Масалан, «менинг хотиним фалон деди» дейилмайди, балки «ичкари хонада шундай гап айтилди» ёки «парда орқасидан шундай гап эшитилди» ёхуд «болаларнинг онаси айтди» дейилиши ҳаёга яқинроқ. Бу борада зийрак ва «ёпиқ»роқ бўлиш мақтовга муносиб сифатдир. Очиқлик эса хунук, қолаверса, беҳаёликка бошлайди. Ҳижолатга сабаб бўладиган пес, кал, бавосир каби жисмоний айбларни очиқ айтиш ҳам дуруст эмас. Балки вазиятга қараб рамзлар билан ишора қилиш одобга мувофиқроқ. Озор етказишни қасд қилиш сурбет ва фосиқ кишилар даврасига кўп қўшилиш, сўкишга одатланиш каби иллатлар беҳаёликка сабаб бўлади. Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга менга насиҳат қилинг деди: «Аллоҳдан қўрқ! Кимдир, қайсидир айбингни юзингга солиб койиса, сен унинг айбини юзига солма. Шунда зарари унинг ўзига, ажри сенга бўлади. Ҳеч нарсани сўкма,– деб насиҳат қилдилар Расули Акрам.– Ўшандан сўнг ҳеч нарсани сўкмадим, – деди аъробий». Табароний ривоят қилган. Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Энг катта гуноҳи кабира кишининг ўз ота-онасини лаънатламоғидир». Шунда: - Эй Аллоҳнинг расули, киши ўз ота-онасини қандай лаънатлайди? – дейишди. - Кимдир бировнинг ота-онасини сўкади, натижада у ҳам бунинг ота-онасини сўкади, - дедилар Расули Акрам. Имом Аҳмад ривоят қилган.
Имом Ғаззолийнинг «Тил офатлари» китобидан.
Мавзуга оид мақолалар
Савол Пайғамбаримизнинг мунаввар юзлари қандай тузилишда бўлган         Жавоб Пайғамбаримизнинг давоми...

13:35 / 05.12.2017 2631
Ёмонликлар онаси ҳақида Қуръони Каримнинг «АлИсро» сураси 32оятида «Зинога яқинлашманглар Чунки бу давоми...

09:26 / 24.11.2016 4205
Муқаддас Ислом дини манбаларида илм, уламолар ва толибларнинг фазли ҳақида ниҳоятда кўп ва хўп маълумотлар давоми...

00:11 / 01.10.2023 1198
7 . « ». . Еттинчи ҳадис Назр ибн Шайбон шундай сўзлаб берди у Абу давоми...

18:05 / 21.05.2018 4652