Болам ёлғон сўзлаяпти...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бола тарбиясига оила муҳитининг таъсири жуда катта. Фарзандлар биринчи бўлиб ота-онасининг гап-сўзи, хулқи, муомаласидан андоза олишади. Кўчада бир аёлнинг ҳасрат билан «Болам ёлғон сўзлаяпти...» деганини эшитиб қолдим. Болалар рост ёки ёлғон гапиришни кимдан ўрганишади? Жавоби оддий — ота-онасидан.

 Абдулқодир Гилоний ҳазратларининг болалик чоғларида кечган бир воқеа жуда ибратли. Макка сафарига отланган карвонда илм олиш ниятида йўлга чиққан ёш Абдулқодир ҳам бор эди. Саҳрога етганларида карвон қароқчилар ҳужумига учрайди. Бор нарсаларини талон-тарож қилади. Қароқчилар бошлиғи Абдулқодирга яқин келиб:

— Сенинг ниманг бор? — сўрайди. — Қирқ тиллам бор. — Қани улар? — Чопонимнинг этагига тикилган. Қароқчи олдинига боланинг гапига ишонмайди. Яна сўрагач, Абдулқодир тилла тангаларини чиқариб беради. Ўзи айтмаса, қароқчилар билишмасди, аммо сафарга отланаётиб, онасига ёлғон гапирмасликка ваъда берган эди. Ўша ваъдасига содиқ иш тутди. Боланинг рост гапи тўдабошига қаттиқ таъсир қилиб, тортиб олинган молларни эгаларига қайтариб беради. Бу «ҳунар»идан бутунлай воз кечади. Онасининг «Ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка ваъда бер» деган сўзи фарзанди учун нега бунча қадрли бўлган? Чунки меҳрибон онанинг ўзи ростгўйлик қадрини англаган ва бутун ҳаётини шу асосга қурган. Нега биз бугун боламизга «ёлғон айтма» десак ҳам яна алдайверади? Чунки ўзимизнинг сўзимизда ёлғон бор. Сўраб келган одамга боламиздан «Уйда йўқлар» деб айттирамиз ёки қўнғироқларга «Йўқ эдилар» деб жавоб беришни буюрамиз. Оддий юмушларда ҳам фарзандимиз кўз олдида ёлғон ишлатаверамиз. Болалар – оила ойналари.«От изини той босади», дегани каби фарзанд ҳам ота-она изидан улғаяди. Айтганларини, қилганларини қайтаради. Вояга етиб ҳам уларнинг изидан боради. «Онасини кўриб қизини ол» нақли ниҳоятда ўринли. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар!» (Аҳзоб ,70). Аллоҳдан қўрққан банда рост гапиради. Фарзандларимиз яхшихулқли одобли бўлишларини истасак, уларга рост гапиришни ўргатишимиз керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйликда хавфу хатар кўрсаларинг ҳам, рост сўзланглар, шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсаларинг-да, ёлғондан сақланинглар. Чунки барибир, ёлғоннинг охири вой», деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа). Фарзандларимизга рост сўзлашни, чиройли одобни мерос қилайлик.
Зебунисо ҲУСАЙН қизи
Мавзуга оид мақолалар
Бугун дам олиш куни бўлишига қарамасдан ҳар кунгидек эрта уйқудан турдим... Айтганча... Қизалоғим Рима ҳам давоми...

03:45 / 28.11.2016 3939
Британиянинг Нюкасл дорилфунунида ижтимоий сўров ўтказилиб, унда ўттиз ёшдан қирқ ёшгача бўлган 200 эркак ва давоми...

10:09 / 22.11.2016 2838
Савол Эркак ва аёлнинг олд жинсий аъзосидан чиққан ел таҳоратни бузадими Жавоб . «Эркак ва давоми...

16:02 / 13.01.2017 5232
Нигериялик муслима талаба, фан доктори Мистура халқаро илмий танловда тиббиёт соҳасида катта ютуқларни давоми...

16:15 / 20.08.2019 2640