Тавба қиссалари: Иброҳим ибн Адҳамнинг тавбаси

0 1 151

Албатта, тавба солиҳлар йўлининг бошланишидир. Ютуқ аҳлининг сармоясидир. Муридларнинг аввалги қадамидир. Адашганларга тўғриланиш калитидир. Тавба туфайли кўп ишлар ўнглангандир. Тавба туфайли кўп кишилар нажот топгандир. Одам Атонинг иши ўнглангани тавба қилганидандир. Иблиснинг лаънатга учрагани тавба қилмаганидандир. Тавба ҳақидаги қиссалар Қуръони Карим ва Суннати набавийда кўп келган.

Шунингдек, кейинги даврдаги уламолар ҳам турли кишиларнинг тавбалари ҳақидаги маълумотларни ишончли йўллар билан умматга етказганлар. Мазкур қиссаларда улкан ибратлар борлиги эътиборидан улардан баъзиларини сиз азизларга такдим этишга қарор қилдик.

 ***

Муҳаммад ибн Исҳоқ қуйидагиларни айтди: «Иброҳим ибн Адҳамнинг ходими Иброҳим ибн Башшордан ушбуларни эшитдим: «Эй Абу Исҳоқ! Ишингнинг аввали қандоқ бўлган эди?» дедим. У ўз қиссасини бошлади:

«Отам Балх аҳлидан эди, Хуросон подшоҳларидан бири эди. Бизга ов қилиш маҳбуб эди. Отимни миниб, итимни олиб чиқдим. Шу ҳолда юриб бораётсам, қуёнми, тулкими сакраб қочди. Отимни қистаган эдим, ортимдан: «Сен бунинг учун яратилганинг йўқ! Сенга бу амр қилингани йўқ!» деган бир нидо эшитдим. Тўхтаб ўнгга, сўлга назар солдим. Бир кишини кўрмадим. «Аллоҳ иблисни лаънатласин!» дедим. Кейин отимни қистадим. Бас, олдингидан ҳам баландроқ овозда: «Эй Иброҳим! Сен бунинг учун яратилганинг йўқ! Сенга бу амр қилингани ҳам йўқ!» деган нидони эшитдим. Тўхтаб ўнгга, сўлга назар солдим. Яна ҳеч бир кишини кўрмадим. «Аллоҳ иблисни лаънатласин!» дедим. Яна отимни қистадим. Шунда эгаримнинг қошидан: «Эй Иброҳим! Сен бунинг учун яратилганинг йўқ! Сенга бу амр қилингани ҳам йўқ!» деган нидони эшитдим. «Огоҳлантирдинг! Огоҳлантирдинг! Менга оламларнинг Роббисидан огоҳлантирувчи келди!» дедим. Ўша кундан кейин Аллоҳ мени асраган пайтда Аллоҳга ҳеч осийлик қилмадим. Аҳлимнинг ҳузурига бордим. Сўнг отамнинг чўпонларидан бирининг олдига бордим. Ундан бир чопон ва кийим олдим. Ўзимнинг кийимларимни унга бердим. Сўнгра Ироқ томон йўл олдим. Баланд-паст ерлардан юриб, Ироққа етиб бордим. У ерда бир неча кун ишладим. У ернинг нарсаси менга мусаффо бўлмади. Бир машойихдан сўраган эдим, у менга: «Агар ҳалолни истасанг, Шом диёрига бор», деди. Бас, Мансура деб номланадиган шаҳарга етиб бордим. У ерда ҳам бир неча кун ишладим. У ердаги ҳалол нарса менга мусаффо бўлмади. Бир машойихдан сўраган эдим, у менга: «Агар мусаффо ҳалолни истасанг, Туртусга бор. У ерда кўп мубоҳлар ва кўп иш бор», деди. Туртус томон юзландим. У ерда ҳам бир қанча кунлар ишладим. Боғларга қараб, уларнинг ҳосилини йиғар эдим. Бир куни денгиз бўйида ўтирсам, бир киши олдимга келиб, мени боғига қараб туришим учун мардикор қилиб олди. У боғда кўп кунлар ишладим. Бир куни хўжайин ўз асҳоблари билан келиб қолди. Сўнг ўз жойига ўтириб олиб: «Ҳой, мардикор!» деб қичқирди.

«Шу ердаман!» дедим.

«Бор, бизга энг каттта ва энг яхши анорни келтир!» деди.

Бориб энг катта анорни олиб келдим. Хўжайин уни олиб ёрди. Еб кўрган эди, аччиқ чикди.

«Ҳой, мардикор! Сен бизнинг боғимизда шунча вақтдан бери меваларимизни, анорларимизни еб юрсанг ҳам, чучугини аччиғидан ажрата олмайсанми?!» деди.

«Аллоҳга қасам! Мен сенинг мевангдан еганим йўқ. Чучугини аччиғидан ажрата олмайман», дедим.

Шунда хўжайин ўз асҳобларига қараб: «Манавининг гапини эшитяпсизларми?! Сен Иброҳим ибн Адҳаммидинг!?» деди ва бошқа гап айтмай, қайтиб кетди.

Эртасига хўжайин масжидда менинг сифатимни одамларга айтибди. Уларнинг баъзилари мени танибди. Бас, хўжайин оломон одамлар билан келиб қолди. Уни кўришим билан дарахтнинг ортига беркиниб олдим. Одамлар боққа кириб келишар эди. Улар кираётганларида ичларига қўшилиб олдим. Кейин уларнинг орасидан чиқиб, қочиб қолдим. Ишимнинг аввали, Туртусдан қум юртларига чиқишим ана шундоқ бўлган».

Ибн Кудома алмақдисийнинг «Китобут

Таввобийн» китобидан.

Баҳам кўринг

Comments are closed.