ФОСИҚЛАР КИМЛАР?

0 456

Фосиқлар

Аллоҳ субҳанаҳу таоло халойиқни яратди ҳамда уларни ҳидоятга бошлаб, тўғри йўлни кўрсатишлари, зулматлардан нурга, куфр ва исёндан иймону ҳақиқат нурига чиқаришлари учун расул ва набийларни элчи қилиб юборди. Расул ва набий алайҳимуссаломлар уларни залолатдан кейин ҳидоятга бошладилар. Эргашишлари учун Аллоҳ таоло амр қилган нарсаларни уларга баён қилдилар, бироқ баъзи халқлар юз ўгириб, ўзларига зулм қилдилар. Улар тийилмаган, жиловланмаган, огоҳлантирмайдиган, Аллоҳ таоло таъқиқ қилган нарсаларни назарига илмайдиган ҳавойи нафс ва шаҳватларига эргашдилар. Бундай одамлар ким ўзи? Аллоҳ субҳанаҳу таоло фосиқлар деб васфлаган кимсалар кимлар? Фосиқлар деб кимларга айтилади? Уларнинг сифатлари қандай? Фисқнинг ҳукми ва турлари қандай?

Фосиқнинг таърифи

Луғавий ва истилоҳий бир қанча ифодалар билан фосиқни таърифлаш мумкин. Қуйида ана шуларнинг баёни келади:

·                       Фосиқнинг луғавий таърифи: фисқ луғатда исённи ва Аллоҳ субҳанаҳу таолонинг амрини тарк этишни англатади. У ҳақ йўлдан чиқишдир. Айтиладики, فسق, يفسق, فسقا, فسوق лафзлари диндан чиқишни ҳамда маъсиятга мойилликни ифодалайди. Яна «Роббининг амридан фосиқ бўлди», дейилади. Бу эса У Зотнинг тоатидан бурилиб, бош тортди, деганидир. Фисқ – буйруқдан четга чиқиш. Фосиқ ва фиссиқ киши – фосиқликда бардавом бўлган кишидир. Аёлларнинг фосиқаси – ахлоқсиз фожиралар. Фосиқ – ҳақдан, тақводан ва тўғри йўлдан узоқлашган фожир шахсдир. Араб тилида фосиқнинг кўплик шакли فسقة ёки فاسقة дир.

·                       Фосиқнинг истилоҳий таърифи: банданинг тоатлардан чиқиши ҳамда маъсиятларни қилишда ҳаддан ошишидир.

Фақиҳлар наздида фосиқ – кабира гуноҳларни қиладиган, сағийра гуноҳларни қилишда қатъий туриб оладиган бандадир.

Фосиқлар – Аллоҳ субҳанаҳу таолонинг иймон ва солиҳ амалларни бажариш борасидаги буйруқларини тарк этувчилардир.

·                       Фисқнинг ҳукми: Ислом дини фисқни ҳаром қилган, чунки унда Аллоҳ субҳанаҳу таолонинг аҳкомларидан чиқиш, буйруқларига хилофлик қилиш ва таъқиқларидан узоқлашмаслик бор. Ислом шариатидаги фосиқнинг жазоси эса, фақиҳлар матнда келтирганларидек, ҳад ва таъзирини бериш билан бўлади.

Фосиқларнинг сифати

Аллоҳ субҳанаҳу таоло Қуръони Каримда фосиқларнинг сифатини зикр этиб, шундай марҳамат қилади:

«Улар Аллоҳнинг аҳдини боғланганидан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни кесадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир» (Бақара сураси, 27-оят).

Бузиш – тузилгандан сўнг бўшатиб юборишдир. Аллоҳнинг аҳди – Аллоҳ субҳанаҳу таоло Ўзига иймон келтириб, итоат қилиш ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсуниш борасида инсонларга топширганларидир.

Қуйидагилар фосиқларнинг сифатларидир:

• Аллоҳга иймон келтирмаслик ҳамда У Зотни ягона деб билмаслик билан Аллоҳнинг аҳдини бузиш.

• Аллоҳ субҳанаҳу таолога итоат қилмаслик ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунмаслик.

• Аллоҳ субҳанаҳу таолонинг иймон, тавҳид, тоат, силаи раҳмни бардавом қилиш борасидаги амрларни бузиш.

• Ер юзида фасод қилиш. Бу эса Аллоҳ таолога иймон келтиргандан кейин куфр келтириш, маъсиятларни қилиш ҳамда Аллоҳ субаҳанаҳу таолонинг ғазабини келтирадиган мункар ишларни бажариш билан бўлади.

Фисқнинг турлари

Ислом шариатида фисқнинг икки тури бор. Қуйида уларнинг баёни келади:

  • Катта фисқ. У яна катта ширк ва катта куфр деб ҳам юритилади. Фисқнинг бу тури Ислом динидан чиқариб, иймоннинг сифатини йўқ қилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

«Чунки улар Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирдилар ҳамда фосиқ ҳолларида ўлдилар» (Тавба сураси, 84-оят).

Аллоҳ таоло яна бундай марҳамат қилади:

«Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар ўзлари фосиқлардир» (Нур сураси, 55-оят).

  • Кичик фисқ. Унинг кичик куфр, кичик ширк деган номлари ҳам бор. Фисқнинг бу тури иймоннинг аслини зое қилмайди ҳамда Ислом динидан чиқармайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар» (Ҳужурот сураси, 6-оят).

У Зот таоло шундай марҳамат қилади:

«Олди-сотди қилганингизда гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир» (Бақара сураси, 282-оят).

Фосиққа тааллуқли ҳукмлар

Фақиҳлар фосиққа тааллуқли бўлган бир қанча масалалар баёнини келтирганлар. Қуйида мана шунга алоқадор ва тартибланган аҳкомлар келтирилади:

·                       Намозда фосиқнинг имомлик қилиши. Намозда фосиқнинг имомлик қилиши борасидаги ҳукмда фақиҳлар орасида ихтилоф бор. Ҳанафий мазҳаби фақиҳлари намозда фосиқ мусулмоннинг имомлик қилишини кароҳиятли жоиз, деб келтирганлар.

Моликий мазҳаби фақиҳлари наздида бу мўътамад бўлиб, фосиқ имом ортидаги намоз кароҳиятли тўғридир. Агар унинг фисқи намозга алоқадор бўлса, у ҳолда тўғри бўлмайди.

Шофеъий мазҳаби фақиҳлари эса фосиқ имом ортидаги намоз кароҳиятли жоиздир, дейишади. Агар фосиқ имом фисқда ўзи каби бўлса, кароҳияти йўқ, аммо унинг фисқи очиқ бўладиган бўлса, кароҳиятлидир, деб келтирганлар.

Ҳанбалий мазҳабида эса фосиқ имомнинг ортида намоз ўқиш мутлақо тўғри бўлмайди. Унинг фисқи эътиқодий масалаларга тааллуқли бўладими ёки ҳаром қилинган ишларни қилишга алоқадор бўладими, тенг ҳолатдадир. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавли далилдир:

«Ахир, мўмин бўлган одам фосиқ бўлган одамдек бўлурми?! Тенг бўлмаслар» (Сажда сураси, 18-оят).

Яна айтадиларки, фосиқ имомнинг ортида намоз ўқиб, иқтидо қилувчиларнинг зиммасида намозларини қайтадан ўқиш бор.

·                       Ҳадис ривояти. Мусулмон уламоларининг жумҳури Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қиладиган кимсага фисқдан саломат бўлишини шарт қилиб қўйганлар.

·                       Фатво. Ислом шариатининг жумҳур фақиҳлари фисқ ўз соҳибини фатво чиқаришдан ман қилади, шунингдек, фосиқнинг фатвоси қабул қилинмайди, деган ижтиҳодда тўхталганлар.

Ҳанафий мазҳабининг баъзи фақиҳлари эса фатвоси қабул қилинишини келтирганлар.

  • Гувоҳлик. Фақиҳлар фосиқнинг гувоҳлиги мақбул эмаслигига иттифоқ қилганлар ва бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлини далил қилиб келтирганлар:

«Ва сиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар» (Талоқ сураси, 2-оят).

Адолат – гувоҳда мавжуд бўлиши лозим бўлган шартдир. Шунингдек, Аллоҳ таоло яна бундай марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» (Ҳужурот сураси, 6-оят).

·                       Никоҳдаги валийлик. Ҳанафий ва моликий мазҳаби фақиҳлари фосиқ шахснинг никоҳдаги валийлигини жоиз валийлик, деб келтирганлар, фақат моликий мазҳаби фақиҳлари унинг никоҳдаги валийлигини кароҳиятли, деб айтганлар. Шунингдек, улар яна одил валийнинг валийлиги фосиқнинг валийлигидан авлороқдир, деганлар.

Шофеъий ва ҳанбалий мазҳаби фақиҳлари эса фосиқнинг валийлиги билан никоҳ боғланмайди, деганлар.

Баҳам кўринг

Leave A Reply