Амаллар ҳолга боғлиқдир

0 320

Амалларнинг турлича бўлиши қалб ҳолатларининг турлича бўлишидандир. 

Яхши биламизки, амалларга туртки бўлувчи, тартибга солувчи нарса – қалбдир. Амалларнинг яхши, кучли, кучсиз, пухта ёки бепарволик билан бўлиши ҳаммаси қалбга боғлиқ. Бунинг ифодасини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан топамиз.

Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Огоҳ бўлингким, ўша нарса қалбдир” дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаий ривоятлари).

Қалбдаги вақтинчалик яхши нарсалар ҳол (ворид) дейилади. Одатда ҳаммада бўладиган яхши ҳолатлар ҳол бўлади. Амаллар ўша ҳолатдан келиб чиққан ҳолда содир бўлади. Ҳол мустаҳкам ўрнашса, у мақомга айланади. Шунинг учун тасаввуфда мақомлар берилади – шукур мақоми, ризо мақоми, сабр мақоми, хавф мақоми, ражо мақоми ва бошқалар. Баъзи етишган мақомдаги сўфийлар йиллар давомида риёзат чекиб, муроқаба қилиб, муҳосаба қилиб, вазифаларни, зикрларни, вирдларни бажариб, нафси устида шуғулланади, маълум бир мақомга етади. Ёки Аллоҳ таоло берган маърифати билан эришиши мумкин.

Одамлар кўпинча тасаввуфни алоҳида бир йўналиш деб тушунишади. Бир қиз сўраяпти: “Менинг тасаввуфга рағбатим кучли. Тасаввуфга кирсам, унинг мажбуриятлари билан бўлиб, бу ёқдаги юмушларим қолиб кетади. Яқинда турмуш қурадиганман, турмуш қурсам, тасаввуфни эплолмай қоламан. Қалбим мойил… лекин мажбуриятларим бор…”

Улар тасаввуф тушунчасини хаёлларида яратиб олиб, қолипга солишга ҳаракат қилишади. Мен у қизга айтдимки: “Бундай саросимага тушишингизнинг сабаби – иккаласини алоҳида нарса деб тушунганингиздан. Тасаввуф ҳаётдан айро эмас, у мусулмоннинг яшаш тарзи. Дин бусиз мукаммал бўлмайди. Буни нотўғри тушуниш, қалбга назар солмаслик оқибатида одамлар ҳаётидаги тўғрилик издан чиқиб кетади. Худди ибодатлардагидек, оилада, кўча юмушларида ҳам қалбни назоратда ушлаш керак.

Масалан бир инсон туғилиб, ўсиб-улғайяпти, шундай экан, ушбу ҳикматга кўра, нимага лаёқати бор бўлса, шуни ривожлантириш керак. Тиббиётга лаёқати борлар тиббий илмларга, бошқа соҳага лаёқати борлар ўша соҳага доир илм-малакаларга аҳамият қаратишлари лозим. Имконият ёки манфаатга қараб бошқа йўналишдан кетиши керак эмас. Болалар билан ҳам ҳисоблашиш керак, қайси фанга, соҳага лаёқати, муҳаббати бўлса, шунга йўналтириш керак…

Кишининг қалби, муҳаббати, иштиёқи бошқа соҳада, ўзи эса бошқа соҳада бўлмаслиги керак. Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаларнинг ҳаётларидан мисоллар жуда кўп. Кимнинг нимага лаёқати бўлса, шунга йўналтирганлар. Масалан Абу Зарр ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумога ўхшаш саҳобаларнинг ёлғиз қолишга, ибодат қилишга иштиёқлари кучли бўлган. Ҳатто Ҳабибимиз алайҳиссалом, сен ҳоким, волий бўлмагин, сен бу ишлар учун заиф одамсан, деганлар. Билганларки, у одамнинг табиати тасаввуфга, ёлғизликка, обидликка мойил. Баъзиларнинг кечалари ибодатга туришга тоқати етмайди, соғликлари кўтармайди. Тунда яхши ухламаса, кундузи яхши ишлай олишмайди. Бундайларга бошқа тарафга – ўзига мос йўналиш бериш керак бўлади. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга ўхшаган саҳобалар жанг майдонида кучли бўлган. Уларга байроқ берилган, салоҳиятларига қараб йўналтирилганлар. Баъзи Усмон розияллоҳу анҳуга ўхшаган саҳобалар тижоратга уста бўлганлар, улар касб-корга тегишли ишларга масъул бўлганлар.

Аллоҳга етишиш йўли турлича, ҳар бир йўналиш орқали етишиш мумкин. Аллоҳ берган имкониятни, қобилиятни ишга солиб ҳаракат қилиш керак.

Қалбнинг ҳолати икки хил бўлади. Бири ўз нафси билан, бири эса жамият билан боғланган ҳолат. Нафс билан бўладиган ҳолатда банда ўзи билан Аллоҳ таоло орасидаги муносабатни назорат қилади. Масалан Аллоҳ берган фазлни, неъматларни эслаб, шукур қилишни бошлайди. Шукур орқали ибодат қилишни бошлайди. Ёки Аллоҳдан қўрқув, жазосига учрашдан, ризосига етиша олмай қолишдан қўрқиш ибодат қилишга ундайди. Фузайл ибн Иёз ҳам ҳаж қилганларида ҳамма Арофатда дуо қилиб турса, у киши дуо қилишга Аллоҳдан ҳаё қилганлар, қайтишларида ҳасрат-надомат билан уч марта гуноҳлари учун мағфират сўраганлар…

Жамият ичидаги ҳолат ҳам муҳим.

Масалан, ёш бир йигитда ҳали оила, бола-чақа масъулияти йўқ. У жидду жаҳд, ғайрат билан, масъулият билан илм ўрганиши, касб эгаллаши керак бўлади. Оилали бўлганидан кейин оиласининг эҳтиёжлари учун ишлаши, ризқ топиши керак. Биз кўпинча ўзимиз билан бўлиб қолиб, жамият четда қолади. Жамиятимиздаги ҳозирги аянчли ҳолатлардан бири – эркаклар эрталабдан кечгача ишда, келгач эса телевизор, телефон, интернетдан бўшамайди. Эрлик, оталик масъулиятини фақат молиявий эҳтиёжни қондиришдан иборат деб билади. Тўғри, бу асосий вазифаларидан бири. Лекин оталикнинг, эрликнинг маънавий масъулияти – таълим-тарбия бериш, илм ўргатиш кабилар қолиб кетади. Аёлларимиз ҳам бу борада қолишмайдилар, қизлар тарбияси ўлда-жўлда, айниқса, узатиладиган қизлар тарбияси сарподан кейинги ўринда бўлиб қолмоқда…

Унутмайлик, биринчи навбатда бандалигимизни бажо келтиришимиз керак. Бандаликнинг ичига жамиятдаги хатти-ҳаракатларимиз, ҳолатларимиз ҳам киради.

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Баҳам кўринг

Leave A Reply