Аллоҳга инонган ҳар бир ёш қизга (давоми)

0 767
Иккинчи шубҳа
Саҳлдан ривоят қилинадики, Абу Усайд Саидий тўй қилиб, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан асҳобларини даъват этди. Келганларга икромиятда бўлган Саидийнинг аёли Умму Усайд бевосита ўзи таомларни дастурхонларга қўйиб, хизматда бўлди. Тошдан ясалган бир идиш ичида хурмо қўйди ва бу хурмоларни қўллари билан эзди ва унинг сувини ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ичиш учун узатди.

 Бухорий ривоят қилган.

Ҳозирги кунда уйига меҳмон чақирганда хеш-ақробалари келганда, дўстлар ташриф буюрганда, давраларда бегоналар ўтирганда уй бекаси бевосита ўзи хизмат қилишини истаганлар, аёл қўлидан шароб ичишни, таом ейишни хоҳлаганлар, унинг ўтириб туришига ошуфта бўлишни орзу қилганлар, у билан суҳбатлашиб, ҳазил-ҳузул қилишни хуш кўрганлар мана шу ҳадисга шама қиладилар.

Маълумки, исломий қоидаларда ман этилган нарса мусофирларга қаҳва ёки таом тақдим этмоқ эмас. Ман этилган нарса аёлнинг очиқ-сочиқ, зеб-зийнатлар билан ўзини кўз-кўз қилиб юришидир. Масала қаҳва ёки таомда эмас, масала, ана шу пайтда аёлнинг қай жозиба ичида эканида. Яъни унинг нақадар жалб қилувчи ҳолда бўлишидадир.

Зотан, олимлар тушунтириб берганлари каби мусулмонлар яхши биладиларки, маълум ўлчовлар доирасида Ислом ҳижобини қабул қилиш дегани эри ўтирган жойда, қариндошларининг даврасида, уйга бошқа меҳмонлар келганда уларга икромиятда бўлинмасин, дегани эмас. Абу Усайд тўйининг асносида аёли кўрсатган ҳурмат ҳам ана шу доирададир. Ибн Ҳожар бу ҳадиси шарифни тушунтирар экан, шундай дейди: «Бу фитна йўқлигига ишонч ҳосил қилинганда ва ҳижобни қўлламоқ шарти ила мумкин эканлиги ҳеч кимнинг хаёлидан чиқмаслиги керак». (Фатхул-Борий, IX, 2306.)

Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган бундай йиғилиш давраларда келиннинг( ёки оила аъзоларидан бошқа бир аёлнинг) унга ҳурмат кўрсатиб, дастурхон тузатиши, бевосита таом тақдим этиши фавқулодда ҳол эмас эди. Қолаверса, бундай ҳолни ман этадиган, таъқиқлайдиган далил ҳам йўқдир. Шу билан бирга бундай воқеалар қандайдир қусурни эмас, ҳурмат-эҳтиромни билдиради.

Бироқ баъзи ғаразли кишилар бу ҳадисни аёлнинг очиқ-сочиқ, ҳижобсиз юриши, вужуд гўзалликларини кўрсатиши оддий ҳол эканини исботлашга уринсаларда, бундай фикр чиқара олмайдилар. Чунки унда мазкур ҳолатни кўрсатадиган ҳеч бир далил мавжуд эмас.

Қолаверса, ярадорларнинг яраларини боғламоқ, чанқаганларга сув бермоқ ва шу каби хизматларни бажариш учун қанча-қанча саҳобаларнинг аёллари жанг майдонларида бўлганлар. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам улардан биридир. Жиҳод майдонларида улар бегона эркакларга вужудларини кўрсатиб, зебу зийнатларини кўз-кўз қилганлар, деб ким ҳам айта олади? Табиийки, ҳеч ким бундай дея олмайди. Агар аёл шифокорлик дипломига эга бўлса, табиийки бу ишни бажараверади. Хўш, ким юқоридаги ҳадисни рўкач қилиб, у ҳам очиқ-сочиқ юриши, бутун вужудини кўрсатиши, ҳар кимнинг олдига ўзи истагани каби чиқиши хулосасини бера олади?

Келин бўлмиш аёл бевосита ўрнидан туриб, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шарбат тақдим этди, дейишдан аёл эркаклар ёнида авратларини очиб, гўзалликларини кўз-кўз қила олади, деган хулоса чиқариш мумкинми?

Бундай дейдиганлар топилса, демак улар фитнакорлардир! Маълумки, Аллоҳ таоло ер юзида ризқ излашни ва тижорат қилишни ҳалол қилган. Шундай экан, деб бир тужжор фоиз олиши, бировни алдаши мумкинми? Биламизки, бундай иллатлар ман этилади. Яъни Исломни тан олган ҳар бир киши бундай йўлдан тойишларнинг оқибатларини жуда яхши билади.

Шундай экан, шубҳа ёйишга ҳаракат қилганларнинг мақсадлари нима? Аёлни ёмон йўлга бошлашни истайдиларми ёки Аллоҳнинг оятидаги «гўзалликларини кўрсатмасин» деган калималарнинг буюклиги, олийлигини англаб етмайдиларми?

Дарвоқе, нима сабабдан улар асосий тамал қолиб, шубҳалар туфайли ўзгариш ясамоқчи бўладилар? Ислом дини, қонунлари яхшиликка қаратилган ва буни исботлашга ҳожат йўқ. У ўз йўлига тўсиқ бўладиган фасод ва буҳронлар билан бугунгача курашиб келди, бундан кейин ҳам курашади. Яъни ўз қонунларини амалга оширишни кучайтиради ёки мазкур қонунларга тескари тушадиган сабабларни ўртадан олиб ташлайди.

Шундай экан, юқоридаги шубҳага аҳамият бериб, узундан — узоқ тўхталишга асос йўқ. Бу нарса фақатгина зеҳниятларни бузиш учун қилинган ҳаракатлардан бири эканини билиб қўйишимиз керак.

давоми бор
Баҳам кўринг

Leave A Reply