Мактублар 19 -“Тушликка нима еймиз?”

0 565

“ТУШЛИККА НИМА ЕЙМИЗ?”

ёхуд

энг ҳалол аравакаш

 

(Ўн саккизинчи мактуб)

“Тиланчининг тўрваси тўлмас”

Турк халқ мақоли 

Ассалому алайкум, азиз умр йўлдошим!

Соғ-омонмисиз? Оиламиздагилар ҳам саломатми?

Сизга мактуб йўллаганимдан асло ҳайрон қолманг. Чунки шундай “вазифа”ни қабул қилиб олдим. Бу ҳақда фурсати бўлганда гаплашамиз.

Биз ҳа-ам-мамиз, (яъни шерикларим) соғ-саломатмиз. Ҳатто кайфиятларимиз аъло даражада! Чунки бугун ажойиб бир ҳангоманинг гувоҳи бўлдик. Ўша арқон воқеасини айтиб берайми? Хуршида исмли келин уйидан икки қулоч арқон олиб келган. Арқон нимага керак, деган савол хаёлингизга келмайди, негаки жавобини биласиз.

Балки тепадан туриб, эри келтирган нарсаларни арқонда тортиб олиш аёлларнинг тадбиркорлигига кирар?.. Аммо мен мана шу “тадбиркорлик”ка қаршиман. Негаки, бу жуда қалтис ва хавфли “операция”! Биринчидан, ҳомиладор ёхуд туққан аёл учун бу каби уринишлар зарарли. Иккинчидан, арқон узилиб кетса, тепадан тушган жисм пастда турган ёки ўтиб кетаётган одамлар саломатлигига хавф солади. Учинчидан, ташқи томондан қараганда жуда хунук манзарани ҳосил қилади, бир сўз билан айтсак, маънавиятга тўғри келмайди!

Хуллас, шеригимиз арқон туширгач, эри адашиб, бошқа бировнинг елимхалтасини бойлаб юборибди. Иккинчи қаватдаги жувон билан учинчи қаватдаги келиннинг нарсалари бир-бирига кетиб қолган. Хуршида ойнадан қараб: “Атала олиб келдим, деётгандингиз, қани?” деса, нариги келин: “Вой-вой, дадаси-ей! Аталадан бошқа овқатниям биласизми?” дея жиғибийрон. Эрлар эса ҳайрон…

Энди эркакларни аёлларимизнинг ўрнига қўйиб кўрсак, кўриниш буткул ўзгаради! Эркаклар шифохонада, дейлик. Улар уйдан келган озиқ-овқатларни арқон-парқонда тортиб, бошларини қотириб ўтирмасдан, шартта арава ёллайди: “Ҳой, арава! Мана бу лаш-лушларни иккинчи қаватдаги еттинчи палатага келтириб бериш қанча бўлади?” дейди-да, жавобини кутиб ҳам ўтирмасдан чўнтак ковлашга тушади. Дарвоқе, унақада туғруқхонами, шифохонами қаерда ушбу воқеалар содир бўлса, ўша ерга албатта, арава ҳамда аравакашлар керак бўлади… Кейин қарабсизки, худди бозордагидек аравакашлар у ёқдан-бу ёққа ғизиллаб қатнагани-қатнаган. Муҳтарам эркакларимизнинг ишбилармонликлари соясида янги иш ўринлари очилган! Аравакашларнинг бўлса эгниларида оппоқ халат!

…Шунақа! Аёллар бир сўм бўлсаям, тежалсин, дейди. Эркаклар эса пул кетса-кетсин-у, мен уринмасам бўлгани, дейди! Ё гапим нотўғрими? Эркакларни ёмонлаганим ёқмай, дарров қошларингиз чимирилди шекилли-а? Шошилманг, қовоқ осишга улгурасиз. Чунки хунук хабарларим ҳам йўқ эмас. Аммо нима бўлгандаям оилам, уй-жойим, бола-чақам дейдиган эркакларнинг бошлари омон бўлсин. Бир сўз билан айтганда: “Йигит омон бўлса, мол (пул) топилади!”

Аравакашлар ҳақида ёзаётиб, бир нарсани ўйлаб қолдим. Аслида, ана шу оппоқ халатни ростдан ҳам аравакашларга кийдириш керакмикин, нима дедингиз? Чунки баъзи бир “шифокор”лар уларнинг ҳалолликларидан ибрат олсалар, ёмон бўлмасди!

Бир аравакаш ҳақида эшитганман. У Қўйлик деҳқон бозорида арава тортиб юриб, ердан бармоқ қалинлигидаги қимматбаҳо тилла занжирни топиб олади. Аравакаш йигитнинг танишлари унга ҳавас билан қарайдилар. Аммо йигит тақинчоқнинг эгасини топиб, то омонатини қайтармагунича ахтаришдан тўхтамайди. Ҳатто шериклари уни жиннига ҳам чиқаришади. Омонатдорлигини қарангки, пулга зориқиб қолган энг оғир кунларидаям тақинчоқни сотиб, пулини ишлатишни хаёлига ҳам келтирмайди. Қаноат билан барча эҳтиёжларини фақатгина ўзи топган ҳалол пуллар эвазига кетказади. Анча вақтдан сўнг тақинчоқнинг эгаси топилади. Йигитнинг ҳалоллигига қойил қолган аёл катта миқдорда унга суюнчи пули беради. Уни телбага чиқарганлар энди унга ҳавас билан қарай бошлайдилар. Сабаби, у ўз ҳалоллиги билан барчанинг қалбини забт этиб бўлганди!

Бу – ривоят эмас. Сизу биз яшаётган бугунги кунда аҳён-аҳёнда содир бўладиган ноёб воқеъликлардан бири…

*   *   *

Хунук хабарларим ҳам борлигини айтиб ўтганимдим-а? Қуйида ёзажакларим билан танишгач, куласизми, йиғлайсизми, ўзингиз биласиз…   

Бир келин уч кун аввал ўғилчали бўлган эди. Эри бутун бошли туғруқхонани остин-устун қилди. Бўкиб ичиб олганидан оёғида туролмайдиган даражада маст, эшикда туриб олиб, на ўтганга йўл беради на қайтганга. На яхши гапга қулоқ солади на ёмон гапга. Кошки, “Бу ер катта холангизнинг уйи эмас, шифохона, аниқроғи туғруқхона! Бўкирганингизни эшитиб, тағин тўлғоқ тутаётган аёлларнинг дарди қочиб кетмасин”, деган гапларнинг бирортаси таъсир қилса. Гап уқавермагач, қаёқдандир вужудидан куч ёғилиб турган бир йигит келди-да яхшилаб туриб бир мушт туширди, қарабсизки, зўравон олдин “нокдаун”, бир-икки гандираклагач эса “нокаут” ҳолатида чўзилиб қолди. 

Эртаси куни азондан яна шу аҳвол… Чақалоққа жавоб берилгач, ота “Ы операцияси”даги Моргуновга ўхшаб, алпанг-талпанг қилганча “Қайдасан, ФҲДЁ!” дея йўлга тушибди. Эрталаб йўлга тушган ота адашиб-айланиб юриб, тушга яқин бир амаллаб етиб боргач: “Гувоҳномага ўғлимнинг исмини Билл Клинтон деб ёзасанлар!” дея у ердагиларниям обориб-обкелибди. “Яхшилаб ўйлаб кўринг, ҳеч замонда ўзбек миллатига мансуб боланинг исми Билл Клинтон бўладими? Ҳозир мастсиз, “трезвый” пайтингизда пушаймон бўласиз”, деган насиҳатлар қулоғига ҳам кирмабди. “Ким айтди сенларга мени маст деб? Трезвыйман!” дея оёқ тираб туриб олибди. Яхшики, бу ердаям унинг кўзини очадиган бир мард топилиб, боласига ўзбекча исм билан аталиш насиб қилибди. Акс ҳолда, ватанимизда битта Билл Клинтон яшаётган бўлармиди?!.

Мана сизга ичкиликнинг оқибати… Туппа-тузук ақлли одамни жинни қилиб қўйса! Агар ўша отага хаёли жойида пайти туғруқхона ҳамда ФҲДЁ бўлимида қилган ишкалларини кимдир айтса, ишонармикин? Менимча, ишонмайди.

 Энди ФҲДЁ бўлимида ишловчи баъзи ходималарга келсак… Улар ҳақидаям ёзмасам бўлмас!..

– Қизла-а-ар, вой тавба, бир пасда тушлик пайтиям бўлиб қолибди-ку? Бугун нима есак экан-а?

– Кечаги ота келтирган норин умуман ёқмади. Гўшти кам экан! Қурумсоққа ўхшаб, қази-пазиям қўшиб келмаган!

– Келинглар, бугун кабоб еймиз. Кўчанинг нариги бетида роса яхши кабоб пиширади-да! Ҳар биримиз тўрт сихдан есак тўярмикинмиз? – дея атайлаб, гувоҳнома ёздиришга келган оталарга эшиттириб гапирадиган ва егилари келган таомни емасдан қўймайдиган ФҲДЁ ходималарининг бу “ринг қироли”ни кўриб, тиллари айланмай қолгани аниқ. Худди Сойиб Хўжаев: “Сени кўрдиму хаёлим ёввойи кабутардек учди-ю кетди!” дегани сингари бўлимга циркдан қочган айиқдек кириб келаётган маст кишини кўриб, ходималарнинг ширин овқат ҳақидаги иштаҳали хаёллари тумандек тўзғиб кетган бўлса, не ажаб? Эсизгина, тайёр кабобни қўлдан чиқариб ўтиришса-я! Йў-ўқ, бунга йўл қўйиб бўлмайди. “Сен бўлмасанг, бошқаси!” деганларидек, шу маст-аласт бўлмаса, бошқаси-да! Нима кўп, туққан аёл кўп, нима кўп, фарзандли бўлган ота кўп. Шундай бўлгач, ФҲДЁ ходималарининг чегара билмас орзулари ушалмай қолиши мумкинми? Асло!

Мен бир нарсани ҳеч тушунолмайман. Нега энди айнан шифохонада ишловчилар билан ФҲДЁда ишловчиларнинг қоринлари тез очиб қоларкин-а? Ё улар тўйганини билмайдиган одамлар сирасиданмикин? Бу касб касаллигими йўқса нафс касаллиги?! Шахсан ўзим неча бор гувоҳ бўлганман, ҳамма одам бир кунда уч маҳал овқатланса, туғруқхонадагилар камида олти маҳал (у ёғи чегарасиз) овқатланишади. Шу жойда бир ҳажвия эсимга тушиб қолди:

“Бир киши меҳмонга борибди. Мезбон мулозамат билан сўрабди:

  • Хуш келдингиз! Кўнглингиз қандай таомни хоҳлайди?

Меҳмон қувроқ экан, салмоқлаб жавоб берибди:

  • Мен ҳавода учадиганлардан самолёт, қуруқликда юрадиганлардан танк, сувда сузадиганлардан эса пароходдан бошқасини еявераман!”

 

Изоҳга ҳожат йўқ, дея мактубимга нуқта қўяман.

Хайр! Омон бўлинг!

БАҲОР

2012 йил.

 

 

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply