Яхшидан боғ қолади
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ

  Яратган Роббимизга шукрлар бўлсинким, бизни шу жаннатмакон Ватанда, буюк алломалар юртида, мўмин-мусулмон халқнинг наслидан дунёга келтирди. Ўзининг пок иймони, меҳмондўстлиги, меҳр-оқибати билан тилларда достон бўлган ўзбек халқига мансублигимиз ҳар биримиз учун чинакам фахрдир. Халқимизнинг қайси бир фазилати, қайси бир хайрли хислатини тилга олманг, барчаси иймон билан, исломий ақийда билан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоб-ахлоқлари билан йўғрилганини ҳис этасиз.

Тинчликсеварлик, ватанпарварлик, етимларга ҳимматлилик, адолатпарварлик, болажонлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, бағрикенглик – ўзбегимнинг шу каби юзлаб ажойиб хислатларининг замирида ё бирорта ояти карима, ё бирорта ҳадиси шариф билан бевосита боғлиқликни топасиз. Инсонни қадрлаш, ёши улуғларни ҳурмат қилиш, ўтганларни яхши ном билан эслаш ҳам ана шундай миллий қадриятларимиздандир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган одамни фақатгина яхшилик билан эслашни буюрганлар.

Халқимизнинг ана шу гўзал қадрияти бугун яна бир бор ўзини намоён қилмоқда. Истиқлолимиз раҳнамоси, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этганидан буён у кишининг қабрини зиёрат қилиб, ҳаққига тиловат қилиб, дуо қилаётганларнинг кети узилмаяпти. Ҳар куни мамлакатимизнинг турли бурчакларидан, хорижий давлатлардан зиёратчилар келиб, азиз юртбошимиз хотирасига ўз ҳурмат-эҳтиромларини билдирмоқдалар. Кўплаб давлатлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари ушбу масканни зиёрат қилиб, у кишининг жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътибор қозонган буюк сиёсатчи бўлганини таъкидлашмоқда. Бугун Самарқандга келаётган ҳар бир инсон зиёратни шу жойдан бошлаяпти. Марҳум юртбошимизнинг халқ учун, эл-юрт фаровонлиги учун қилган ҳар бир хайрли иши эътироф этилиб, миннатдорлик билан ёдга олинмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори барча ватандошларимизни қувонтирди.

Юртимиздаги кўплаб муассаса ва ташкилотлар, масжид, дорилфунунлар, иншоот ва кўчаларга у кишининг номи қўйилиши ҳам ана шу эътирофнинг бир намунасидир. Аммо юрт фарзанди учун энг улуғ хотира – халқнинг қалбидан ўрин олиш, Ватанининг тарихида яхши ном қолдиришдир.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, қатъияти ва матонати, олийжаноб инсоний фазилатлари билан Мустақил Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Кучли шахс ва давлат арбоби сифатида нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам юксак ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлди. 

«Яхшидан боғ қолади», дейди доно халқимиз. Мустақилликнинг чорак асрлик солномаси минг-минглаб янги бинолар, йўллар, кўприклар ва бошқа кўплаб замонавий иншоотлар қурилиши билан тўлиб-тошди. Шу қисқа муддат ичида Ўзбекистон Республикаси дунёда иқтисодиёти энг жадал суръатлар билан ривожланаётган бешта давлат қаторидан жой олди. Юрт ободлиги ва тинчлиги, Ватан сарҳадларининг дахлсизлиги, аҳоли хавфсизлиги, турмуш фаровонлиги таъминланди.

         Шу йиллар давомида Мустақил Ўзбекистон Республикаси тинчликпарвар юрт, ташқи сиёсатнинг барқарорлигини ва ҳар қандай можароларни фақат тинч йўл билан ҳал қилишни ёқловчи кучли давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади.

 Истиқлолимиз раҳнамоси миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз ва бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтарди. Азиз-авлиё ва уламоларимизнинг бой меросини теран ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш йўлида беқиёс ишлар амалга оширилди. Хусусан, Абдухолиқ Ғиждувоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Ҳазрати Имом мажмуалари сингари табаррук масканларда олиб борилган катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида бундай обидалар диёримизнинг гўзал, файзли масканларига айланди.

Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг номи ўзбек халқининг хотирасида, аввало, истиқлол меъмори сифатида сақланиб қолади. Ватанимизнинг ҳар бир фарзанди у кишини умрини юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун сарфлаган муҳтарам инсон сифатида эслайди, барча эзгу ишлари учун миннатдор бўлиб, Аллоҳ таолодан мағфират ва раҳмат сўраб дуо қилади.

Азизлар! Хонақоҳлар тўлиб ибодат қилмоқдамиз, масжидларга сиғмай таровеҳ, ҳайит намозларини ўқияпмиз, муҳташам таҳоратхоналарда иссиқ-совуқ сувлар, оппоқ сочиқлар муҳайё. Минг-минглаб кишилар билан ҳаж ва умра сафарларига боряпмиз, истаганимизча Қуръони Каримни тинглаяпмиз, қироат қиляпмиз, исломий илмларнинг исталган йўналишида ўз она тилимизда ёзилган китобларни ўқияпмиз, ҳар куни эрталаб уйдан чиқиб, масжидга, масжиддан чиқиб, тўйхонага боряпмиз. Бунинг учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Буларнинг барчаси Парвардигоримиз ато этган истиқлолнинг шарофати эмасми? Шундай экан, таърифига сўз топилмайдиган улуғ неъмат учун шукрона айтайлик, бу неъматга муносиб бўлайлик ҳамда ана шу истиқлолга эришишимизда юртга бош бўлган, ана шу оғир дамда энг катта масъулиятни зиммасига олган марҳум юртбошимизнинг ҳақларига дуо қилайлик.

Яратган Парвардигор мустақиллигимизнинг асосчиси, халқимизнинг ғамхўр отаси бўлган муҳтарам Ислом Каримовнинг охиратларини обод, жойларини жаннатда қилсин.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жомеъ масжиди имом-хатиби 

Мавзуга оид мақолалар
Тарихда биринчи марта бу йилги ҳаж мавсумида Мино шаҳрида ҳожиларни кенгроқ жой билан таъминлаш мақсадида давоми...

07:33 / 07.07.2019 3086
Саҳобиялар ҳаёти Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Ислом учун ўзини фидо қилган биринчи аёл, жасорат, давоми...

16:00 / 04.11.2019 8512
 Муқаддима Мана, бу йилги ҳаж мавсуми ҳам бошланди. Ҳожиларнинг Маккаи Мукаррамага етиб борганини, у ердаги давоми...

05:37 / 08.04.2019 9623
Ассалому алайкум азиз сайтимизнинг фойдаланувчилари Ҳукмингизга ислом шариатини янги ўрганаётганлар учун давоми...

08:26 / 19.04.2017 4716