Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унутилиб борилаётган суннатлари (9-мақола)

1 657

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

унутилиб борилаётган суннатлари

Аллоҳ таолога унинг улуғлигига яраша ҳамду санолар бўлсин. У Зот Ўзининг китобида шундай марҳамат қилади:

«Албатта, Биз ерга ва унинг устидаги кимсаларга меросхўр бўламиз ва Бизгагина қайтурлар».
Ёритувчи чироқ бўлган, инсониятнинг муаллими, башариятнинг ҳидоятчиси, саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин! Аллоҳ у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сабаби билан инсонларни зулматдан нурга чиқарган. У Зотнинг оилаларига ва саҳобаларига ҳамда уларга қиёматга қадар яхшилик билан эргашганларга ҳам саломлар бўлсин.

Мен Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўқолиб бораётган суннатларидан мерос масаласини танладим. Сабаби шуки, ҳозирги кунда аксарият инсонлар бу масалага, умуман, эътибор бермай қўйишган. Фақатгина Ислом шариатларига амал қилиб, диний илмлардан хабардор бўлиб яшаётган оилаларгина ушбу мерос масалаларига амал қилиб яшамоқда.

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
«Қуръонни ва фаризни таълим олиб, уни инсонларга ўргатинглар. Бас, албатта, мен қабз қилинувчи кишиман. Ва албатта, бу илм ҳам тез кунда қабз қилинади ва фитналар зоҳир бўлади. Ҳатто икки киши фариза (яъни мерос) тўғрисида ихтилоф қилиб, улар ўртасини ажратиб берадиган кишини топа олишмайди».

Аллоҳ  таоло азиз китобида шундай деган:

«Аллоҳ  сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади. Агар улар иккитадан кўп (аёл) бўлсалар, уларга  у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми. Агар унинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарзини адо этгандан сўнг, оталарингиз ва болаларингиз қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмассизлар. Бу Аллоҳ жорий қилган фарздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир».

«Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг – агар уларнинг боласи бўлмаса – ярми тегади. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади. Улар қилган васиятни ёки қарзларни адо этгандан сўнг. Уларга сиз қолдирган нарсанинг – агар болангиз бўлмаса – чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади. Сиз қилган васиятни ёки қарзингизни адо этгандан сўнг. Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир тегур. Агар улар бундан кўп бўлсалар, учдан бирига шерикдирлар. Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда Ҳалим Зотдир».

«Сендан фатво сўрарлар. Сен: «Аллоҳ сизга калола ҳақида фатво берадир», деб айт. Агар бир одам ўлса-ю, унинг боласи бўлмаса, синглиси бўлса, унга марҳумдан қолганнинг ярми берилади. Агар сингилнинг боласи бўлмаса, у ҳамма меросни олади. Агар сингил иккита бўлса, улар марҳумдан қолганнинг учдан иккисини оларлар. Агар (меросхўрлар) эркак-аёл биродарлар бўлсалар, бир эркак икки аёл ҳиссаси асосида оладилар. Адашмаслигингиз учун Аллоҳ баён қилмоқда. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир».
Ушбу ояти карималар орқали Аллоҳ таоло ҳар бир меросхўрнинг насибасини ойдинлаштириб бермоқда. Меросга ҳақдорлар кимлар эканлигига, уларнинг мерос миқдорларига ва шартларига иршод қилмоқда. Яна шунингдек, ҳикмати олий бўлган Зот, инсон мерос оладиган ҳолатлар ва мерос олмайдиган ҳолатлар, қачон фарз эгаси бўлиб мерос олади ёки қачон асаба бўлиб мерос олади ёхуд қачон иккиси билан бирга олади ва яна қачон мероснинг ҳаммасидан ёки баъзисидан тўсилади, шуларни баён қилиб беради. Албатта, булар бор-йўғи уч оят бўлса-да, лекин ушбу мўъжазлиги билан фароиз илмининг усулларини, мерос ҳукмларининг аҳкомларини ўз ичига жамлаган. Ким ушбу оятлардаги илмларни эгаллаб олса, унга ҳар бир меросхўрнинг насибасини билиш осонлашади. Аллоҳнинг мерос тақсимотидаги улуғ ҳикматини идрок этади. Бу адолатли дақиқ кўринишдаги тақсимотга кўра, ҳеч кимнинг ҳаққи эсдан чиқмаган, бу ҳисобдан каттаю кичикнинг, эркаку аёлнинг шаъни эътиборсиз қолмаган. Балки ҳар бир ҳақ эгасига ўзининг ҳақи шариатнинг комил кўринишида, тенгликнинг энг гўзал суратида ва адолатнинг нозик усулида берилган. Тарика ҳақдорлар ўртасида шундай адолатли ҳикмат ила тақсим қилинганки, унда мазлумга сўз, заифга эса шикоят қолмаган. Унда ердаги қонунларнинг фикрига ҳам ўрин йўқ. Бу тақсимот адолатни рўёбга чиқариш ёки инсон зотидан зулмни кўтаришни мақсад қилиб олган.

Аллома Қуртубий ўзларининг тафсирларида шундай дейди:
«Ушбу ояти карима диннинг рукнларидан бир рукндир, ҳукмларнинг устунларидан бир устундир, оятларнинг оналаридан бир онадир. Бас фароиз (илмининг) қадри улуғдир. Ҳатто у илмнинг ярмидир». Қуртубий давом этиб яна шундай дейди:
«Агар ушбу ҳадис собит экан, билгинки, фароиз саҳобаларнинг улуғ илмларидан ва юксак мунозараларидан бири бўлган. Лекин инсонлар уни зое қилишди…»
Ислом шариати мерос низомини молиявий низомлар ичида энг гўзал, энг ҳикматли ва энг адолатли суратда жорий қилди. Ислом дини инсониятнинг барчаси учун, у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, мулкка қонуний  йўл билан эгалик қилишлик ҳуқуқини берди. Шунинг билан бирга, бир шахснинг ҳаётлик давридаги мулки, у вафот топгач унинг эркак ёки аёл меросхўрларига кўчиб ўтишлигини ҳам қарор топтирди. Бунда меросхўрлар катта ёки кичик деб ажратилмайдиган бўлди. Дарҳақиқат, азиз ва мўътабар калом орқали мерос ҳукмлари, ҳар бир меросхўрнинг ҳолати комил ва шомил даражада баён қилиб берилди. Башариятдан ҳеч ким учун мерос тақсимлаш ёки меросхўрлар учун бирор нарсани ҳаддини белгилаш масаласи қолмаган. Қуръони карим мерос аҳкомлари ва миқдорларида асосий манбадир. Суннат ёки ижмоъ билан собит бўлган мерос масалалари камроқ келтирилган. Ислом шариатида Қуръони карим мерос ҳукмларини тафсилий баён қилганидек, бошқа ҳукмларни баён қилмаган. Ислом дини мерос масалаларини бу қадар олиймақом даражада баён қилишидан кўп нарсани мақсад қилади. Зеро, мерос мулкка эгалик қилиш сабабларининг энг муҳимларидан, мол эса якка шахслар ва жамият учун ҳаётнинг асосий негизи ҳисобланади.
Ҳанафийларнинг ҳужжати:
Банданинг Аллоҳ таолодан бўлган молиявий қарзларини адо қилишлик ибодатдир. Ибодатлар эса ўлим билан соқит бўлади. Аслида, ибодатни ният ва ихтиёр билан адо қилинади. Бу нарсалар маййитдан содир бўлишлиги тасаввур қилинмайди. Демак, шахснинг вафоти билан бу нарсалар ундан соқит бўлса  (гарчи у гуноҳкор бўлиб, охиратда бу хусусда сўралса-да), унинг ортида қолганларга ҳам ушбу қарзларни адо қилишлик вожиб бўлмайди. Унинг иши Аллоҳ таолога топширилади. Хоҳласа, адолати ила азоблайди, хоҳласа, лутфи ва карами билан кечириб юборади. (Бу, маййит агар васият қилмаганда, шундай бўлади. Агар маййит васият қилса, барчанинг иттифоқи билан унинг Аллоҳ таолодан бўлган молиявий қарзлари ҳам қолдирган тарикасидан адо қилинади).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ сизларга вафотингиз пайтида амалларингизга зиёда ҳолда молларингиздан учдан бирини садақа қилди», дедилар.
Ояти каримада:
«… у қилган васият ёки қарзини адо этгандан сўнг…» дейилиб, васият қарздан олдинга қўйилмоқда. Аммо шаръий ҳукмда кўриб ўтганимиздек, қарз васиятдан олдин туради. Бир киши, бунинг ҳикмати нима деса, унга шундай жавоб берамиз:
«Оятдаги васиятнинг олдин келиши унга эътиборни кўпроқ қаратиш ва меросхўрларнинг васиятни адо қилишга қизиқтириш мақсадида бўлса, ажабмас. Меросхўрлар васият ишини енгил санамасинлар. Чунки васият хайрия ишларидан бўлиб, унинг муқобилида эваз бўлмаганлиги сабабли меросхўрларнинг бахиллиги тутиб, уни адо қилишни енгил санашлари  мумкин. Қарзнинг эса муқобилида эваз бор ва уни талаб қилувчи ҳақдор ҳам бор. Ушбу сабабдан ояти каримада васият олдин келтирилмоқда. Валлоҳу Аълам».

Лекин ҳозирги кунда мерос тақсимлаш ёки уни васият қилишни енгил санаш у ёқда турсин, бу ишни қилмаётган диндошларимиз талайгина. Инсонларга бу масалани Қуръон ва Ҳадисда келтирилган қатъий ҳукмлигини тушунтириш бу илмдан хабардор ҳар бир кишининг вазифасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қуръонни ва фароизни таълим олиб, уни инсонларга ўргатинглар. Бас, албатта, мен қабз қилинувчи кишиман. Ва албатта, бу илм ҳам тез кунда қабз қилинади ва фитналар зоҳир бўлади. Ҳатто икки киши фариза (яъни мерос) тўғрисида ихтилоф қилиб, улар ўртасини ажратиб берадиган кишини топа олишмайди», деган ҳадисларидаги «Ҳатто икки киши фариза (яъни мерос) тўғрисида ихтилоф қилиб, улар ўртасини ажратиб берадиган кишини топа олишмайди», сўзлари ўз тасдиғини топадиган кун келмасдан фароизга эътиборимизни каратишимиз керак, деб ҳисоблайман.

 

Робия МАННОБЖОНОВА,

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта-махсус

Ислом билим юрти 3-босқич талабаси

 

Баҳам кўринг

1 комментарий

Leave A Reply