Аллоҳ таолонинг бандасига берган амрлари

0 920

Аллоҳ таоло: «Бас, сабр қил. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Гуноҳинг учун истиғфор айт. Эртаю кеч Роббингга ҳамд ила тасбиҳ айт», деган (Ғофир, 55).

Ушбу ояти каримада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиш орқали ҳар бир мўмин бандага иймон йўлида зарур бўладиган зоди роҳила тақдим этилмоқда.

«Бас, сабр қил».

Иймон йўлидаги курашда энг зарур амаллардан бири сабрдир. Сабрсиз бир нарсага эришиш қийин. Сабр фақат кофирлар, дин душманлари ва мунофиқлар томонидан бўладиган озорларга, азоб-уқубатларга бардош беришгина эмас.

Сабр улкан заруриятдир. Ҳавои нафсни жиловлаб олиш учун ҳам сабр зарурдир. Кишиларни иймонга чақиришда ҳам, Аллоҳнинг амрларини бажаришда ҳам, Аллоҳ қайтарган нарсалардан тийилишда ҳам сабр зарурдир.

«Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир».

Аллоҳ Пайғамбарига ва мўмин бандаларига нусрат беришни ваъда қилганми, албатта, ваъдасининг устидан чиқади. Сабр қилсанг, бас, нусрат келишига шубҳа йўқ.

«Гуноҳинг учун истиғфор айт».

Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум эдилар, гуноҳлари йўқ эди, лекин шундай бўлса ҳам, бу амрнинг келиши умматлари учун таълимдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда у Зотнинг аввалгию кейинги гуноҳларини авф қилганини эълон этган бўлса ҳам, доимо истиғфор айтар эдилар.

Мўмин киши гуноҳини эътироф қилиб, доимо истиғфор айтиб юриши унинг иймон йўлидаги курашида асосий қуролларидан биридир. Албатта, истиғфор маълум бир лафзларни, жумладан, «Астағфируллоҳ»ни маъносига ҳам эътибор бермай, қуруқ такрорлаш эмас, балки бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда иймон ва эътиқод ила тавба қилишдир.

«Эртаю кеч Роббингга ҳамд ила тасбиҳ айт».

Доимо, хусусан, эрталаб ва кечқурун Аллоҳга ҳамду сано айт. У Зотни турли айб ва нуқсонлардан поклаб ёд эт.

Аллоҳ таоло яна: «Бас, чиройли сабр қил(Маъориж,5).

Яъни кишиларнинг истеҳзо қилишларига, озор беришларига сабр қил, сабр қилганда ҳам чиройли сабр қил. Уларга азоб келишига шошилма.

Чиройли сабрни имом Қуртубий:«Чиройли сабр – ичида жиззакилик ва Аллоҳдан бошқага шикоят қилишлиги йўқ сабрдир», деб таъриф қилганлар.

Аллоҳ таоло:«Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», деган.(Аъроф,199)  

Яъни ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. Қилган хатоларини афв этувчи, кенг бағирли бўл.

Ҳақиқатда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатни муборак шахсларида мужассам қилган эдилар. Ул Зот ҳақидаги ривоятларда кишини ҳайрон қолдирарли даражадаги ҳолатлар зикр этилган. Ул Зотнинг саҳобаи киромлари, ҳақиқий мўмин-мусулмонлар ҳам доимо ояти каримада таъкидланганидек бўлишга, ана шу қоида асосида яшашга астойдил ҳаракат қилганлар.

«Яхшиликка буюр».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чақириқлари яхшиликка буюрадиган чақириқдир. Ислом динида яхшиликка буюриш ҳар бир мусулмон эр ва муслима аёлга фарз қилингандир.

«Жоҳиллардан юз ўгир».

Жоҳиллик нодонлик, илмсизликдир. Ислом мусулмонларни нодонлик ва нодонлардан, илмсизлик ва илмсизлардан юз ўгиришга, ҳар қачон донолик ва доноларга, илму уламоларга юз тутишга чақиради.

Аллоҳ таоло яна:«Ва агар афв этсангиз, кўнгилга олмасангиз ва айбларини кечирсангиз. Бас, Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳимдил Зотдир», деган(Тағобун,14).

Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоят бундай: Бир гуруҳ кишилар Маккада иймонга келиб, Мадинага ҳижрат қилишмоқчи бўлганларида хотин ва бола-чақалари, бизни ташлаб қаёққа борасан, деб тўсиқ бўлишган экан. Вақти келиб, Мадинага боришса, улардан аввал ҳижрат қилганлар динда илғор бўлиб кетишибди. Шунда уларни ҳижратдан тўсган оила аъзоларига иқоб қилишмоқчи бўлганларида Аллоҳ таоло:

«Ва агар афв этсангиз, кўнгилга олмасангиз ва айбларини кечирсангиз. Бас, Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳимдил Зотдир», деган оятини тушириб, уларни бу ишдан қайтарган экан.

Демак, мусулмон одам афв этувчилик сифатига ҳам эга бўлиши керак экан.

Баҳам кўринг

Comments are closed.