Зайтуна коллежи ҳақида биласизми?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Зайтуна коллежи  АҚШнинг  Калифорния штатидаги Беркли шаҳрида жойлашган бўлиб, аҳли сунна вал жамоа эътиқодида таълим беради.  Бу коллеж  Aмерика Қўшма Штатларидаги аккредитациядан ўтган биринчи мусулмон коллежи бўлиб (бакалавриат даражасида), 2008 йилда Ҳамза Юсуф, Заид Шокир ва Ҳатем Базианлар томонидан ташкил этилган. Коллеж мақомини олишдан аввал Зайтуна 1996 йили Ҳамза Юсуф ва Ҳешам Aлалуси томонидан асос солинган нотижорий институт бўлган.

Зайтуна институтининг ваколати араб ва исломшунослик бўйича дарслар ўтказиш, шунингдек, жамоатчиликка хизмат қилиш ва ижтимоий кўмак тарқатиш билан шуғулланиш эди. Зайтуна институти Калифорния штатининг Хейвард шаҳрида ўз кампусига эга бўлди ва 2001 йилда Заид Шокир ва бошқа ўқитувчилар синов тариқасида тўрт йиллик ўқув курсларини йўлга қўйдилар, натижада бешта талаба мазкур курсларни битиришга муваффақ бўлди. Пилот дастурининг илғор тажрибаси билан Зайтуна институти кейинчалик Зайтуна коллежига айлантирилди.

Зайтуна институти 2008 йилда ёзги араб интенсив дастурини ўтказди. 2009 йилда  расмий равишда  Зайтуна коллежи сифатида фаолият бошлади.  2010 йилдан бакалавриат унвонини берувчи курслар очилди. Коллеж Хейвард шаҳридан Беркли шаҳрига кўчирилди ва бу ўз навбатида Зайтуна коллежига қўшимча имкониятлар яратди. У Берклидаги Калифорния университети ва Илоҳиёт курслари битирувчиларининг иттифоқи каби йирик муассасалар билан ҳамкорлик қила бошлади.

Зайтуна коллежининг мақсади эркин санъат ва гуманитар фанларни анъанавий ислом таълими ўқув дастурига киритишдан иборатдир. 2014-2015 ўқув йилида Зайтуна коллежида элликка яқин талаба таҳсил олган. Уларнинг аксарияти кампусда истиқомат қиладилар. Коллежда асосий фан сифатида фиқҳ ва ақийда фанлари ўқитилади. Шунингдек, араб тили грамматикаси ва Ислом ҳуқуқшунослиги фанидан тортиб Aмерика тарихи ва адабиёти фанини ўргатувчи бир неча курслар мавжуд. Ёз фаслида эса бу ерда  араб тилида интенсив машғулотлар ўтказилади.

Зайтуна коллежи Америка ғарбидаги мусулмон туб аҳоли жамоатчилиги учун “Ислом динини ўргатувчи таълим марказларини яратиш керак” деган талаб ва таклифлардан сўнг ташкил топган. Бу коллеж Aмерика ва мусулмон дунёси ўртасидаги тафовутни бартараф эта оладиган муассаса сифатида эътироф этилган.

 Коллеж профессор ва устозлари араб тили, исломшунослик ва эркин  санъат фанлари бўйича етук мутахассислар ҳисобланишади.  Муассаса ўз номини “зайтун” сўзидан олган. Инжил ва Қуръонни ўрганувчи олимлар зайтунни катта фойда ва қиймат манбаи деб билишади.

Зайтуна коллежи амалиёт, дарс бериш ва эркин фикр алмашиш орқали Исломнинг замонавий дунёда ҳал қилувчи ролини намойиш этишни мақсад қилган. Талабалар таълим олиш билан бирга, атрофдаги мусулмонлар жамоасининг ҳаётига ҳам бефарқ қарашмайди. Улар бу жамоаларда маърузалар ва ваъзлар ўқийдилар,  диний маросим ва йиғинларни бошқарадилар, бевосита ўзлари ҳам иштирок этадилар. Айниқса ёшлар билан ҳамкорликда иш юритиб, уларга ўз маслаҳатларини беришади.

***

Коллеж устозларидан бири шундай дейди: “Биз келажакда тез суръатда ўсиб бораётган мусулмонлар жамоасига ва ўзгараётган Aмерикага хизмат қилиш учун зарур бўлган диний етакчи раҳбарлар, имомлар, олимлар ва фуқаролар етиштириб чиқаришга муваффақ бўламиз.

Бизнинг фикримизча, бугунги кунда исломий таълимнинг асосий мақсадларидан бири ‒ бу илмий анъанани сақлаб қолиш ва уни нафақат мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари учун ҳам жонли, яхлит ҳақиқат сифатида тақдим этишдир. Зайтуна коллежи исломий, шаръий  илмлардан таълим беришни ва бу таълимда юқори чўққиларни забт этишни ният қилган”.

Сабина Абдумавлонова, 

Муяссархон Қаюмова 

тайёрлашди.

Мавзуга оид мақолалар
Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Франциянинг Charlie Hebdo нашри каби нашр давоми...

23:15 / 30.10.2020 1872
Давлатимиз раҳбари ҳозирги кунда бутун дунёда катта ташвиш ва хавотир уйғотаётган масалага тўхталиб давоми...

23:09 / 30.10.2023 1437
27 декабрь 2023 йилҚадим Бухоронинг етти пир мақбараларига қилинган зиёрат сафаримиз дастлаб тариқат давоми...

20:22 / 27.12.2023 556
Куни кеча 27 июнь 2019 йил санасида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида оммавий ахборот воситалари куни давоми...

10:14 / 28.06.2019 2312