Хотира
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Эй Аллоҳ! Фақат Ўзингга ибодат қиламиз, фақат Ўзингдан ёрдам сўраймиз. Тўғри йўлга ҳидоят қилгин. Адашган ва ғазабга учраганлардан қилиб қўймагин! Омин! Ушбу онларни  ҳадя этган Роббимизга юзининг улуғлигича, салтанатининг буюклигича ҳамд ва санолар бўлсин! Умматнинг меҳрибон устози, севиклиси – пайғамбарларнинг афзали, охиргиси Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) салавот ва саломлар бўлсин! Ушбу келажак сатрларда адолатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақларида кўнглимиздаги баъзи хотираларни эсга олмоқчимиз:

Шайх ҳазратлари ҳақларида биринчи марта яқин дўстимиз Рустамов Баҳромбекдан 2006- ёки 2007- йилларда эшитгандим. Шунда дўстим: бизнинг юртимиздан ҳам дунёда нечтадир шайхлардан бирлари борликларини айтиб қолди. Кейин, бироз вақт ўтиб, Чорсудаги масжидда, Шайх ҳазратларини биринчи марта кўриш бахтига муяссар бўлгандим, ўшанда ҳазрати Умарнинг (розияллоҳу анҳу) ғайри динларга бўлган муносабатлари ҳақидаги ривоятни айтиб бергандилар. Ҳа, ўшанда ўзгача бир завқ билан ўзгача оламни ҳис қилгандим! Шайх ҳазратлари билан бўлган охирги иккита учрашувни эсга олсам: Улардан биринчиси 2014 йил Рамазон ҳайити байрами куни, пешиндан олдинги вақтда Шайх ҳазратларининг уйларида бўлдим. Шайх ҳазратлари биз билан бирма-бир кўришдилар, бизлар икки киши эдик, иккинчи киши наркоманияга қарши қайсидир ташкилотда ишлашини айтиб, баъзи маълумотларни айтиб ўтди, бу орада мен жим турардим. Шунда Шайх ҳазратлари мендан «Сиз қандайсиз?» деб сўраб қўярдилар, мен ҳам ўз навбатида Шайх ҳазратларидан ҳам ҳол-аҳвол сўрардим. Шайх ҳазратлари билан бу ҳол бир неча марта такрорланганидан худди мени у зот эркалаётгандек туюларди.. Бояги киши ташқарига чиқиб кетди. Энди Шайх ҳазратлари билан ёлғиз қолдик. Муҳаммад Фатҳ укамиз келиб бизларга бир пиёладан чой узатди, олиб ичдим. Кейин Шайх ҳазратларига иккита савол бердим: Ҳазратдан Нобел мукофоти ва китоблар  ёзиш ҳақида сўрадим. У зот саволларимга жавоб бердилар. Суҳбат охирида Ҳазрат қўлларини баланд кўтариб, овоз чиқармасдан дуо қилдилар ва шундан кейин хайрлашдик. Иккинчи учрашув – охирги учрашув бўлиб қолди. 2015 йилнинг 5 март куни яна Ҳазратнинг хонадонларида Аср вақтидан кейин, дўстимиз Ҳусниддин ва бир неча кишилар биргаликда кирдик. Шайх ҳазратлари: «Саволлар борми?» деб сўрадилар. Биз: «Йўқ», дедик, яъни дуо олгани келганимизни билдирдик. Шундан сўнг, дуо қила бошладилар. Дуода Ҳазрат, оилаларимизга яхшилик тилаб, аброр бандаларидан бўлишимизни сўраб дуо қилдилар, пешона тери билан ризқ топиб, оила боқишимизни ва бошқа кўплаб яхшиликларни тилаб дуо қилдилар. Учрашув охирида оилаларимизга салом айтишимизни айтдилар… Бу учрашув охиргиси эмас, деб ўйлардим-у, лекин бир хаёл ҳам йўқ эмас эди, яъни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у кишидан кейин кўплаб улуғ зотлар 63 ёшларида бу дунёдан у дунёга рихлат қилганлари. Ҳа, 10 март куни кечқурун Ядро физикаси институти ётоқхонасидаги хонада эдим, дўстимиз Ҳусниддиндан телефон келиб қолди ва Ҳазратнинг   дунёдан   ўтганларини айтди. Йўқ, бунга сира ишона олмасам-да, кўзимдан ёшлар қуйила бошлади. Кейин тўхтадим, «Йўқ, бу хабар янглиш бўлса керак», деб ўйладим, лекин рост бўлиб чиқди… Кейинроқ уйга – Шахрисабзга, оилам олдига борганимда болаларим ўйнар экан, хаёлимда улар худди боболаридан айрилгандек эди. Лекин … Бир нарсани алоҳида таъкидлашни жоиз деб биламан. Шайх ҳазратларининг китобларини ўқиган одам  аксарият китобларининг кириш қисмида бир ажойиб жумлага назари тушади, яъни «Китобдан яхшиликлар топсангиз, Аллоҳдан деб, камчиликлар бўлса, камина ходимингиздан деб билгайсиз». Ҳа, албатта, бу жумла ҳақиқий мўмин банданинг таянч нуқталаридан бўлиши керак бўлган жумла, деб ўйлайман!… Эй Аллоҳ! Ўзинг яккасан, ягонасан, туғмагансан, туғилмагансан, тенги йўқсан, ҳожатбарордирсан. Шайх ҳазратларини Ўз раҳматингга олгин ва бизларни Ўзингнинг содиқ ва тақводор бандаларингдан қилгин. Омин!

Нуралиев Сардор Жўрақулович, Шахрисабз

Мавзуга оид мақолалар

14:42 / 09.12.2016 3591
Таомланганда, энг аввало, эътибор бериладиган нарса унинг ҳалоллигидир. Таом икки шартга кўра ҳалол бўлмоғи давоми...

17:18 / 01.01.2017 2415
Сентябрь, янги ўқув йили барча ўқувчилар учун ҳар йили бир олам ҳаяжон билан бошланади. Биринчи синфга давоми...

16:00 / 22.08.2019 2654