Ватан ҳимояси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ватан ҳимояси

Ватан ҳимояси – бу чегарада туриш ёки аскар бўлишгина эмас, балки ҳамманинг қалбан, қайси касбда бўлмасин, унга хизмат қилишидир. Ҳар ким ватанини севса, уни ардоқласа, ҳимоясига шай турса, шу ҳам ватанга хизмат саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги озорлар сабаб Мадинага ҳижрат қилган бўлсалар-да, умрларининг то сўнгги онигача ҳамшаҳарларини баддуо қилмадилар, бирор марта бўлсин, Макка аҳлига бало сўрамадилар. Аксинча, Макка учун дуо қилдилар. Бу ватанни севишга, унинг ҳимояси учун тайёр туришга, унинг хизматини олий билишга ёрқин мисолдир. Шунингдек, ўз юртимиз фахри бўлган, “Саҳиҳ Бухорий”нинг муаллифи, буюк муаллим Имом ал-Бухорийни эсланг. Илм олишлари учун у зотни оналари Мадинага ташлаб қайтар эканлар, она қалбида ватан хизмати, илмга хизмат, диннинг ривожига хизматни ўзига бўлган хизматдан олий қўйиш бор эди. Имом Бухорий юртга қайтганларида баъзи сабабларга кўра Бухорода туролмай, Самарқандга чиқиб кетган бўлсалар-да, бирор марта Бухоро халқи учун, Бохоро ҳудуди учун бало сўраб дуо қилмадилар. Бу ҳам ватан хизмати бўлиб, унинг ҳимояси учун жонни фидо қилишдек шарафдир. Кейинги машҳурлардан ҳам олим, ҳам шоир, ҳам подшоҳ бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти-да бизга улкан сабоқдир. Тақдир экан, Андижондан чиқиб кетиб, ҳинд ерларини макон тутди. Аммо умрининг охиригача юрт соғинчи билан яшамадими Бобур Мирзо?! Андижоннинг нони, қовуни, сувини соғиниб, армон билан ўтмадими?! Бироқ бирор марта юртига бало сўраб дуо қилмаган, тарих гувоҳ. Бу ҳам ватан хизматини қилишга интилиш, уни асраш, унга заррача ёмонликни-да раво кўрмаслик эмасми?! Замонамизнинг мужаддиди бўлган, бизга устозлик қилиб, токи охирги онларигача дин хизматида юрган устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаётларидан ҳам мисол келтира оламиз. Ватан хизмати учун у кишидек фидойи инсонларни тарих соғинч билан эслайди. Ҳазрат юртдан олисда илм олиб юрганларида ҳам, қанча қийинчиликни кўрмасинлар, бирор марта Ўзбекистон шаънини ёмон қилмадилар, ҳеч қачон юртга тош отмадилар, асло ватанга бало сўрамадилар. Аксинча, ҳали шундай кунлар келадики, юрт илмга интилиб яшайдиган бўлади, дея китобларни ёзавердилар; илм учун, юрт учун, гарчи юртдан олисда бўлса-да, хизмат қилавердилар. Бу ҳам Ўзбекистон олдидаги бурч эмасмиди?! Бу ҳам юрт ривожига хизмат эмасмиди?! Бу ҳам ватан ҳимояси эмасмиди?! Биз талабалар ватан учун нима қиламиз?! Энг буюк ишимиз яхши илм олиш, ниятни холис қилиб, юрт ва дин хизматини ўз манфаатларимиздан устун қўйишдир. Шундагина устозлар каби бизга ҳам ватан равнақи учун “бир дона ғишт қўйиш” бахти насиб этади. Ота-оналар фарзанд тарбиясида жиддий туриб, "Биз юрт учун хизмат қиладиган инсонни тарбия қиляпмиз", дея ёндошишса, албатта, бу ҳам юрт ҳимояси, ватан хизматидир. Шарт эмас ҳамманинг тинчлик пайтида чегарада туриши, шарт эмас ҳамманинг аскар бўлиши... Барча ўз вазифасини виждонан бажарар экан, юрт ривож топади, ватан юксалади, бировга қарамлик каби салбий ҳолатлар бўлмайди, иншааллоҳ.

Тошкент Ислом Институти 4-босқич талабаси Юнусхўжа Орифхон

Мавзуга оид мақолалар
«Муслиманинг қўллари билан савоб» фестивали масжид қуришга ёрдам беради Симферополда «Муслиманинг давоми...

14:10 / 13.12.2017 5101
  Масаллиқлар 1 кг оқ ун, 2 стакан илиқ сут, 1,5 чой кошиқ туз, 30 г хамиртуруш, 200г сариёғ Ўзбекистонда илгари давоми...

13:05 / 29.11.2016 3810
.Ва Унинг оятбелгиларидан сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва давоми...

22:58 / 16.07.2023 1477
  Савол Ўзга ибодатлар каби қурбонликнинг ҳам қазоси бўладими Жавоб Намоз, рўза ва закот каби қурбонликнинг давоми...

09:54 / 28.08.2018 3840