«Сеҳрли» савол
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оилани сақлаб қолиш мумкин бўлмаган ҳолатда турмуш ўртоғингизга биргина саволни беринг!

Американинг таниқли ёзувчиси Ричард Пол Эванс унинг оиласи бузилиши арафасида биргина саволни бериш билан эр-хотин муносабати ўзгариб, оила сақланиб қолгани ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

“Катта қизим Жанна яқинда шундай деб қолди: “Кичик қизалоқ бўлганимда менинг энг қўрққан нарсам онам икковингизнинг ажралиб кетишингиз эди. Ўн икки ёшга кирганимда эса мен “Эҳтимол, бу яхшиликкадир, барибир ҳар куни жанжаллашишар эди-ку!” деб ўйладим. – Сўнг табассум ила қўшиб қўйди:  – Аммо муносабатинглар яхши бўлиб кетганидан жуда бахтиёрман”.

Кўп йиллар мобайнида биз турмуш ўртоғим Керри билан “ашаддий курашлар” олиб бордик. Орқага назар ташлар эканман, тушунолмайман, қандай қилиб биз турмуш қурдик?! Ахир бизнинг феъл-атворимиз бутунлай бир-биримизникига тескари-ку. Турмушимиз мобайнида бизнинг қарама-қаршиликларимиз ошиб бораверди. Эл-юртга таниқли бўлишимиз ҳам, моддий томонлама юксалишимиз ҳам ҳаётимизга бирон ёруғлик келтирмади. Аксинча, бу хавф, бу изтироб шу даражага етдики, ҳатто навбатдаги китобимнинг тақдимоти учун сафарга отланишим, вақтинчалик бўлса-да, ҳаётимга осудалик, ёруғлик киритадигандек эди.

Биз одатда тез-тез жиззакилик қилиб, бир-биримизга гап қайтарар, юракларимиз ичига оғир дардларни яшириб, унинг атрофида “улкан тошлардан қўрғон” ясаб олар эдик. Бизнинг турмушимиз “талофот” ёқасида бўлиб, ажралиб кетиш ҳақида жуда кўп маротаба сўз очардик.

Тақдимотим учун сафарда юрган кезларимда оила деб аталмиш бу “тўғон” чилпарчин бўлди. Керри менга қўнғироқ қилди, бу сафар жуда қаттиқ жанжаллашиб қолдик. Сўнгра менда ғазаб ҳисси уйғониб, бир вақтнинг ўзида кучсизлик ва чуқур ёлғизлик ҳисси ҳам пайдо бўлди. Шунда мен Яратганга юзландим, ибодат қилиб, ёлвордим. Меҳмонхонанинг ювиниш хонасига кириб, душ қабул қилар эканман, қалбимда чуқур изтироб ила бу турмушимиз аниқ хато эканини англадим, қалбимдаги оғир яралар мени чидаб бўлмайдиган даражада қийнар эди. Нима учун биз Керри билан тил топиша олмаймиз, мен буни тушунолмасдим. Ахир унинг яхши аёл эканини биламан-ку. Мен ҳам ёмон инсон эмасман-ку. Нима учун муносабатларимизни яхшилаш қўлимиздан келмаяпти? Нега мен феъли меникига бутунлай тўғри келмайдиган аёл билан турмуш қурдим? Нима учун у ўзини ўзгартиришни хоҳламайди? Охири ювиниш хонасининг ерига қулаб тушиб, ўкириб йиғлай бошладим. Бу тубанлик, бу қоронғуликдан миямга келган фикр туфайли бирдан ёруғлик кўрингандек бўлди. Ўзимга ўзим: “Рик, сен уни ўзгартира олмайсан! Сен фақатгина ўзингни ўзгартира оласан”.

Мен яна Яратганга ёлвориб, ибодат қила бошладим. “Роббим, уни ўзгартира олмайман, ўзимни ўзгартиришимга менга куч бер!” Уйимга етиб боргунимча фақат Яратганга ёлворар эдим.

Уйга келгач, турмуш ўртоғим менга ҳатто совуқ нигоҳини ҳам ташлаб қўймаса керак, деган ўй тинчлик бермасди. Ўша кеча турмуш ўртоғим билан бир тўшакда ёнма-ён эканмиз, бир-биримиздан нақадар узоқ эканимиздан миямга фикр келиб қолди.

Тонгда Керрига ўгирилиб сўрадим:

– Сенинг бугунги кунингни яхшилашим учун нима қилай?

У эса:

– Нима? – дея жаҳл қилди.

Мен яна саволимни қайтардим.

Керри:

– Ҳеч нима! Нимага сўраяпсиз? – деди.

Мен эса:

– Чунки мен жиддий тарзда сенинг бугунги кунингни яхшилашни истайман! Айт, нима қилай? – дедим.

Шунда у менга беадабларча, юзини бужмайтириб:

– Қандайдир иш қилмоқчи бўлсангиз, у ҳолда ошхонамизни ювиб қўйинг! – деди.

Назаримда, у менинг портлаб кетишимни кутаётгандек эди, аммо мен: “Хўп!” дедим. Турдим-у, ошхонага бориб, ҳамма ёғини ювиб чиқдим.

Эртасига эрталаб мен турмуш ўртоғимдан яна шу саволни сўрадим:

– Сенинг бугунги кунингни яхшилашим учун нима қилай?

Керри:

– Гаражингизни тозалаб қўйинг! – деди.

Жаҳлим бўғзимга тиқилди. Чунки ишим жуда ҳам кўп эди. У менинг жиғимга тегиш учун атайлаб шундай деганини тушундим. Индамасдан гаражимга кириб кетдим ва у ерни саришталай бошладим.

Эртасига эрталаб мен ўша саволимни яна қайтардим.

Керри:

– Бас қилинг, нима учун бундай қиляпсиз?! – дея сўради, йиғидан ўзини зўрға тияр экан.

Мен эса:

– Чунки мен ҳақиқатдан ҳам сенинг ҳаётингни яхшилашни истайман. Сен менга азизсан! Сен менга кераксан ва мен турмушимиз бузилиб, иккимиз икки тарафга кетишимизни хоҳламайман! – дедим.

Бир ярим ҳафта мобайнида мен бу саволимни ҳар куни такрорлайвердим. Сўнг мўъжиза юз берди, Керри йиғлаб юбориб, тинчланар экан, деди:

– Илтимос, бу саволингизни бошқа қайтарманг! Муаммо сизда эмас, ҳамма муаммо менда! Менинг феълим ёмон эканини жуда яхши тушунаман. Ҳайронман, нима учун ҳали ҳам мен билан яшайсиз?!

Унинг юзини нозиклик билан икки қўлим орасига олиб, кўзига тикилиб:

– Чунки мен сени яхши кўраман! Айт, сени бахтли қилиш учун нима қилай? – дедим.

Керри меҳр билан кўзимга боқиб:

– Аслида бу саволни мен сизга беришим керак эди! – деди.

Мен эса:

– Ҳа, сен сўрашинг керак, аммо ҳозир эмас! Чунки мен ўзгаришни истайман! Шуни билгинки, бу дунёда сен мен учун энг қадрдон инсонимсан! – дедим.

Шунда у кўксимга бошини қўяр экан:

– Мени кечиринг! Мен шунча йилдан бери сизни қийнаб келдим. Келинг, тез-тез бир-биримиз билан ёлғиз қолиб, гаплашиб ўтиришга вақт ажратайлик, – деди.

Биз узоқ вақт бир-биримизга илиқ гаплар айтдик. Уруш-жанжалларимиз ҳам тўхтади.

Сўнгра Керри мендан:

– Сизнинг бугунги кунингизни яхшилашим учун нима қилай, сиз учун энг яхши турмуш ўртоқ бўлиш учун нима қилай? – деб сўрай бошлади.

Орамиздаги қалин девор қулаб тушди. Йўқ, биз бирданига ҳамма муаммоимизни ҳал қилиб олмадик. Секин-секин, ўйланиб, очиқ гаплашиб, бир-биримизни бахтли қилиш учун нималар қилишимизни, бу ҳаётдан биз нималарни исташимизни гаплашиб олдик. Биз бутунлай жанжаллашмай қўйдик ҳам дея олмайман. Аммо жанжалларимизнинг “табиати” ўзгарди. Биз жанжалларимизга “кислород” бермай қўйдик. Улар кундан-кунга камайиб борарди. Бошқа ҳеч ким иккинчимизни ярадор қилишни истамас эди.

Мана, Керри билан турмуш қурганимизга ўттиз йил ҳам бўлибди. Мен нафақат турмуш ўртоғимни яхши кўраман, балки у билан бирга яшаш менга ёқади, мен бундан жуда мамнунман! Бизнинг феълларимиздаги фарқлилик иккимизнинг кучли тарафларимиз бўлиб чиқди, қолганларига эса асабимизни кетказмасликни ўрганиб олдик. Биз бир-биримиз учун қайғуришни ўргандик!

Оила тиришқоқликни талаб этади. “Оилада яшаш” йўлига қадам қўяр экансан, суюкли инсонинг билан қадам ташлаб кетиш Яратганнинг бизларга берган беқиёс неъматлари ичида катта туҳфадир.

Яна бир нарсани тушундимки, оила бизнинг феъл-атворимиздаги нохуш тарафларимиздан теккан яралардан фориғ бўлишга ёрдам берувчи улуғ неъмат ҳисобланар экан.

Кўпгина китобларда ёзилганидек, севги ва муҳаббат – бу бир-бирига қарам бўлиш, бир-бирининг мустамлакаси бўлиш дегани эмас. Севги ва муҳаббат (ҳатто ўзига зарар қилиш эвазига бўлса ҳам) маҳбубига самимий бахт улашиш, жуфти ҳалолини ўзининг нусхасига ўхшатиш эмас, балки унга сабрли бўлиб, унинг хотиржамлиги учун қайғуришдир. Қўполлик қилиш эса – бу худбинликдир.

Мен Керри иккаламизнинг оилавий тажрибамиз ҳар бир жуфтлик учун иш беради, деб айта олмайман. Мен ҳатто ҳар бир инсон ўз оиласини ажралиб кетишдан қутқариб қолиши керак, деб ҳам айтмайман. Аммо Яратганга чексиз ҳамду сано бўлсинки, менинг Ўзи инъом этган оилам бор. Ўша куни миямга келган бу илҳомни, бу саволни гапира олганимга шукроналар айтаман. Ҳар тонгда ўз тўшагимда жуфти ҳалолимни кўраётганимдан, унга шу саволни бера олганимдан жуда бахтиёрман: “Сенинг бугунги кунингни яхшилашим учун нима қилай?”

Мадина Джураева таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Савол Пайғамбаримизнинг мунаввар юзлари қандай тузилишда бўлган         Жавоб Пайғамбаримизнинг давоми...

13:35 / 05.12.2017 2626
Уч яшар қизча ҳофизул Қуръон бўлиб, бутун Нигерияни ҳайратда қолдирди. Айтиш керакки, ўтган йили уч ёшга давоми...

14:50 / 11.12.2016 2686
Кўплаб ғарб аёллари ўзларининг инсоний қадриятларини поймол этаётган ва қўпол тарзда эксплуатация давоми...

05:05 / 12.02.2017 3767
 Устозим, сизга демоқчи бўлганларим.... Муҳтарам  Устозим  Бугун сизни эсладим... аслида сизни унутганим ҳам давоми...

09:18 / 03.10.2017 7353