Ўтганлар ортидан қилинадиган амаллар одоби
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Бундан аввал ёзилган мақолаларим ўлим, келган мусибатга сабр қилиш ва бунинг эвазига ажру мукофотларга эришиш билан боғлиқ эди. Мазкур мақола ҳам қайсидир маънода ана шу мавзуларнинг давоми десам, муболаға бўлмайди.

Зеро, ўзимга келган мусибат сабабли ҳар бир нарсани охират тарозусида ўлчаб, ҳар бир яшаб ўтган лаҳзам мени ўлимга яқинлаштираётгани ҳақида фикр юритиб, натижада кўпроқ солиҳ амалларни бажариш иштиёқи вужудимни қамраб олди. Яъни бу мусибатни хулқимдан исёнкорликни кетказиш, ғафлатдан уйғониш, ишларимни ислоҳ қилиб ва албатта, тавба қилиб, Ўзига қайтишим учун Аллоҳ томонидан менга берилган имтиҳон деб қабул қилдим.

Кейинги сатрларда мен ўтган яқинларимиз орқасидан қиладиган ишларимиз ҳақида фикр юритишни ўзимга лозим деб топдим. Чунки баъзиларимиз инсонийлигимизга бориб, яқинларимизга тириклигида етарли эътибор бермаганимиздан, бошқаларимиз эса уларнинг ҳам тириклигида, ҳам ортларидан уларга манфаат берувчи амалларни қилишга ҳаракат қиламиз.

Аммо бу борада биз қай даражада муродни ҳосил қиладиган амалларни қилмоқдамиз. Менинг назаримда, кўпчилигимиз бу борада юртимизда, халқимиз орасида урф бўлган тадбирларни амалга оширамиз-у, лекин ундан ўтганларимиз учун манфаат борми ёки йўқми – буни чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз.

Келинг, аввало, бу масалада шариатимиз бизга нима буюради-ю, нимадан ман қилади, деган саволга жавоб излаб кўрамиз. Фазилатли устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қаламларига мансуб «Ижтимоий одоблар» китобида маййитга савоби етадиган нарсалар ҳақида қуйидаги матн келган:

«Маййитнинг дуо, истиғфор, садақа ва ҳаж каби баданий-молиявий ибодатлардан манфаат олишига барча уламолар иттифоқ қилишган.

Яҳё ибн Саъиддан ривоят қилинади:

«Саъид ибн Мусайяб: «Албатта, киши ўзидан кейин боласининг қилган дуоси ила (охиратдаги даражаси) кўтарилади», дер ва икки қўлини осмон томон кўтариб ишора қилар эди».

Имом Молик ривоят қилган.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Маййит ўлганидан кейин унинг даражаси кўтарилади. Шунда у:

«Эй Роббим, бу нимадан?» дейди.

«Боланг сенга истиғфор айтди», дейилади».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убоданинг онаси у йўқлигида вафот этди. Шунда у:

«Эй Аллоҳнинг Расули, онам менинг йўқлигимда вафот этди. Агар унинг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга манфаат бўладими?» деди.

«Ҳа», дедилар у Зот.

«Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мевали боғим унга садақа бўлсин», деди».

Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Ҳанафийларнинг кучли қавллари бўйича, қорилар қабрнинг олдида ўтириб қироат қилса бўлади. Бошқа жойлардаги қироатнинг савоби етиши ҳақида ҳам шубҳа йўқ. Чунки Қуръон қироати бўлган жойга раҳмат ва барака нозил бўлади. Қуръон қироатидан кейинги дуонинг қабул бўлиши осон. Тўрт мазҳабнинг барчаси Қуръон қироатининг савоби ўтганларга етишига иттифоқ қилган.

Бизда турли сабабларга кўра, хусусан, ўтган даврда дин таълимотларидан узоқлашиб кетиш оқибатида ўтганларни йўқлаш деганда, «уч», «етти», «йигирма», «қирқ», «эллик икки», «йил оши», «пайшанбалик» ва бошқа номлардаги худойи ва маросимлар тушуниладиган бўлиб қолган. Бу каби маросимлар кўзга кўринадиган, бировлар биладиган бўлгани учун,«одамлар гапирмасин», «маҳалла нима дейди» каби мулоҳазалар юзасидан ҳам қилинади. Яна бунда бошқаларга ўзини кўрсатиш имкони ҳам бор. Энг асосий омиллардан бири – осон қутулиш. Шу ишларни қилиб қўйиб, бурчни адо этдим, деган даъво қилинади.

Аслида эса маросим ўтказиш тирикларнинг вафот этганлар учун қилинадиган ишлари рўйхатида энг охирги ўринда туради. «Уч», «йигирма», «қирқ», «йил» ва бошқа номлар билан аталадиган маросимлар эса шариатда умуман йўқ. Катта китобларда ҳам, кичикларида ҳам, арабчасида ҳам, ажамчасида ҳам бу номларнинг бирортасини топиб бўлмайди. Китобларда «Мотам муносабати ила қилинадиган таом «вазийма» дейилади» деган гап бор, холос. Лекин ўша вазийманинг куни, ҳажми, унга пишириладиган таомнинг тури ва бошқа нарсалари белгиланган эмас. Бундай эҳсонни киши ўзидан, оиласидан, қарамоғидагилардан орттирганида, балоғатга етмаган болаларнинг ҳаққини аралаштирмай, кўнгли истаган пайтда қилиши мумкин. Бунга турли бидъат-хурофотларни аралаштирмаслик шарт.

Ўтганларни, хусусан, ота-оналарни йўқлаш, руҳларни шод қилиш ва ортларидан савоб юбориш ҳақида сўз юритилар экан, қуйидаги ҳадиси шарифни ёдга олиш зарур бўлади:

Анас ибн Моликдан эшитган кишидан ривоят қилинади:

«Набий солаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, амалларингиз ўлган яқинларингиз ва қариндошларингизга кўрсатилур. Агар яхши бўлса, улар башорат олурлар. Агар бошқача бўлса: «Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби ҳидоят қилмай туриб, уларни ўлдирмагин», дейишади».

Аҳмад ривоят қилган.

Демак, вафот этган ота-онамиз ва яқинларимизни ёдлашимиз йилда бир ёки икки марта ёзиладиган дастурхон пайтидагина эмас, ҳамиша, ҳар лаҳзада бўлиши лозим». (Иқтибос тугади).

Эътибор берган бўлсангиз, маййитлар манфаат оладиган нарсаларнинг аввалида дуо, истиғфор, садақа ва ҳаж каби баданий-молиявий ибодатлар турибди.

Беш маҳал ўқиладиган фарз, вожиб ва суннати муаккада бўлган намозларни ададини оладиган бўлсак, бир кунда энг ози 11 маротаба саломдан олдин ота-оналаримиз ва барча мўмин-мусулмонларга мағфират сўраб дуо қиламиз. Ундан ташқари, исталган вақтда такрор-такрор истиғфор айтиб, марҳумларимизга ҳадя қилишимиз мумкин.

Исталган вақтда ва исталган жойимизда Қуръондан қироат қилиб, ўтганларимизга бағишлашимиз мумкин.

Мазкур баданий ибодатларнинг адади ёки чегараси йўқ ва унда исрофга йўл қўйилмайди.

Аммо садақа масаласига келганда, бизда кўпроқ бу ибодат тури ўтганларимизга бағишлаб дастурхон ёзиш керак, деган тушунчага айланиб қолган. Энг ажабланарлиси, баъзи хонадонлар учун бундай маросимни ўтказиш масаласи шунчалик катта аҳамиятга эгаки, маййит қабрга қўйилиб улгурмасдан маросим кунини белгилаш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Ҳозирги кунимизга назар солсак, зоҳиран «йигирма», «йил оши» деган маросимлар йўқ бўлиб кетгандек. Лекин аслида буларнинг ўрнига ўтганларнинг хотирасига атаб «Эҳсон» дастурхонини ёзиш урфга айланди. Кимлардир бу маросимни бир маротаба қилиб, ўзларининг ўтган яқинлари олдидаги «бурчини» тугал қилаётган бўлса, қолганлари ҳали-ҳануз ўша аввалги «кун саноқлари»дан келиб чиқиб, бир йилда икки маротаба «эҳсон» дастурхонини ёзишмоқда. Яъни маросимнинг фақат номи ўзгарди-ю, моҳияти эса ўша-ўша. «Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деганлари шу бўлса керак.

Яқинда бир танишим:«Ўғлимни уйлантирадиган вақти келди, ўзининг кўз остига олгани бор экан. Қизнинг отаси билан гаплашдим, икки томон бир-бирига маъқул тушди, шунинг учун ёшларни унаштириб қўйдик», деди. Мен:«Муборак бўлсин, тўйни ҳам яқин орада бошлаб юбораркансиз-да», десам, «Йўқ, тўйни кузда қиламиз», деди. Хайрон бўлиб:«Икки ёш бир-бирига маъқул тушган, ота-оналар рози бўлса, тўйни чўзишни нима кераги бор десам»,«Катта қудамнинг яқинда отаси вафот этган эди, шуни йиллик эҳсонини ўтказиб олишсин, кейин тўй қиламиз», деди.

Демак, ҳали ҳам эски тушунча бўйича «азадан бир йил ўтмасдан тўй қилмаслик» тамойилига амал қилиб юрган одамларимиз бор экан. Қизиқ, агар ўша режалаштирилган «йиллик эҳсон» вақти етгунча яқинларидан яна кимдир вафот этса, бечора унаштирилган ёшлар висол тўйини қачонгача кутишига тўғри келади?

Энди ўша «эҳсон» деб аталмиш маросимнинг ўзига қайтадиган бўлсак. Очиғини айтганда, баъзида маросимларга бориб, бу «эҳсон»ми, тўйми ёки ақиқа зиёфатими – фарқлаш қийин бўлиб қолади. Чунки учаласи ҳам одатда тўйхоналарда ўтказилади. Учаласида ҳам бир хил дастурхон ёзилади. Учаласида ҳам ош тортилади. Уччаласида ҳам домлаларимиз мавъиза қилишади. Фақатгина мезбонларнинг эшик тагида чўпон-қийиқча кийиб турганидан ҳамда тўйхона тўрида ҳофизларнинг бор ёки йўқлигидан маросимнинг сабабини ажратиш мумкин.

Бундан бир неча йил муқаддам юқори лавозимда ишлайдиган бир инсоннинг волидаи муҳтарамаси вафот этган эди. Одатга кўра, бир оз вақт ўтиб катта «эҳсон» маросими ўтказилди. Мусибатдан чамаси бир йил вақт ўтиб, иккинчи «эҳсон» маросимини ўтказиш вақти келганда «Мен одатга мувофиқ маросим ўтказиб бўлдим. Яна шунақа маросимни ўтказишга эҳтиёжим йўқ. Чунки ҳозирги одатга кўра «эҳсон» маросимларининг дастурхони тўй маросимларникидан фарқи йўқ», деб ана шу маросимда дамланиши керак бўлган ошни меҳрибонлик уйларига тарқатиб юборганди.

Хўш, хурсандчилик сабабидан қилинаётган зиёфатни-ку «никоҳни эълон қилиш суннатдан» ёки «чақалоқ дунёга келиши муносабати билан зиёфат бериш унинг шукронасидан» деб асослаш мумкин. Лекин ўтганларимизга бағишлаб хурсандчилик зиёфатидан қолишмайдиган даражада дастурхон ёзишнинг хосияти нимада?

Модомики, мақсадимиз ўтганларимизга кўпроқ савоб етказиш, уларнинг охиратдаги даражаларининг кўтарилишига сабаб бўлиш экан, келинг, қилаётган амалимизнинг молиявий томонини оддий арифметик ҳисоб-китобда кўриб чиқайлик. «Эҳсон» маросимини камтарона қилиб ўтказиш учун камида 2-3 млн. сўм сарфлашга тўғри келади. Ҳақиқий муҳтож, фақир ва ночор кишилар маросимга таклиф қилинганларнинг учдан бирини ҳам ташкил қилмайди. Баъзи маросимларда умуман ундай одамларни учратмайсиз. Демак, бу маросимнинг ўтганларимизга етиб борадигани фақат амри-маъруф ва қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савоб ҳамда кўпчиликнинг дуоси бўлиши мумкин.

Бу «эҳсон» маросими эркаклар учун бўлгани сабабли, аёллар учун уйда алоҳида дастурхон ёзилади. Сарф-ҳаражат эркакларникидан қолишмайди. Боз устига аёллар йиғилган жойда ҳуда-беҳуда гап-сўзлар ҳам кўпайиб кетади. Хуллас, аёлларнинг маросимидан ўтганларга етадигани ҳам нари борса худди эркаклар учун ўтказилган «эҳсон» маросимидек.

Бундан ташқари, мазкур маросимларни ташкил қилиш учун бир нечта одамнинг вақти, меҳнати сарф қилинади.

Юқорида келтирилган Шайх ҳазратларининг сўзларига эътибор берган бўлсангиз, бундай эҳсонни киши ўзидан, оиласидан, қарамоғидагилардан орттирганда, қилиши мумкин дейилган. Лекин атрофимизга назар солсак, ичимизда молининг закотини адо қилмаётган, ҳаттоки уни адо қилиш фарзлигини билмайдиган, аммо хонадонида мусибат бўлса, элга катта қозонда ош дамлаб «эҳсон» қилишни ўзи учун «вожиб» деб биладиган бойларимиз қанча.

Ана энди шу «эҳсон» учун тайёрлаб қўйган пулларимизни сарфлашнинг бошқа йўлини кўриб чиқсак. Масалан, шу пулга ўтганларимиз номидан бир муҳтож оилани камида 2-3 ойлик рўзғорини бут қилиш учун садақа қилсак-чи?!. Ёки шу пулга маҳалламиздаги бир йўлни таъмирлашга ўтганларимиз номидан садақа сифатида сарфласак-чи?!. Ёки шу пулга бир қанча мевали кўчат сотиб олиб, уларни ўтганларимиз номидан садақа сифатида экиб, бир боғ ташкил қилсак-чи?!. Ёки шу пулга бир қанча хоҳ диний, хоҳ дунёвий илмлар адабиётини сотиб олиб, илм йўлига кирган қўли калтароқ талабага ўтганларимиз номидан ҳадя қилсак-чи?!.

Ахир, ўша муҳтож оила бут қилиб берган рўзғоримизни еб бўлгунича, ўша таъмирлаган йўлимиз ишдан чиққунича, эккан боғимизнинг меваларидан одамлар тановул қилгунича, талаба илмни ўрганиб, ўзгаларга манфаати етгунича биз номидан садақа қилган яқинимизга давомли тарзда савоби етиб туради-ку, иншааллоҳ.

Инсоф билан тан олайлик – садақанинг асли шу эмасми? Беш юзта ўзига тўқ одамни жамлаб, хўжакўрсинга қилинган «эҳсон»дан манфаат кўпроқми ёки оммага эълон қилмай экилган битта мевали дарахтнинг манфаатими?

Қонимизга сингиб кетган одатлардан яна бири – бу Ийд кунларида мусибат юз берган хонадонларда фотиҳагарчиликлар уюштириб, «бел боғлаб» туриш. Аслида, йилига икки маротаба келадиган бу кунлар биз мусулмонларга Аллоҳ таоло томонидан берилган байрам, яъни шод-хурсандчилик қилинадиган кунлардир.

Шу кунларда яқинларимизни жамлаш учун байрам дастурхони ёзиладиган, ширинликлар ва ҳадялар улашадиган, қавми-қариндош, ёру-дўстларимизни йўқлаб, уларни байрам билан муборакбод этиш учун бир фурсат.

Сўнгги йилларда диний идора раҳбарияти, масжидларимиздаги имом-хатиблар томонидан Ийд кунларини азага айлантирмаслик ҳақида қайта-қайта хитоблар бўляпти.

Лекин минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик хонадонларда шариатимизга зид бўлган бу одатга амал қилиш давом этмоқда. Одамлардан «Нега Ийд куни фотиҳагарчиликка боряпсиз?», деб сўрасангиз, «Эшикни катта очиб, бел боғлаб туришса, кирмай ўтишга ҳижолат бўляпмиз», дейишади. Ўша хонадон эгаларидан нега эшик очиб, фотиҳагарчилик уюштираяпсиз, деб сўрасангиз, «Одамлар, барибир, фотиҳа ўқигани эшигимиздан кириб келади-ку?» дейишади. Хуллас, қарс икки қўлдан чиқади.

Тўғри, ўтганларни ёд этиш, уларни эслаб, дуои хайрлар қилиш эзгу амаллардан. Бу амаллар айнан Ийд байрами кунлари эмас, балки юқорида келтирилган Шайх ҳазратларининг сўзларига мувофиқ ҳамиша, ҳар лаҳзада бўлиши лозим. Ахир, бошқа байрам кунларида мусибат юз берган хонадонларда фотиҳагарчиликлар уюштирмаймиз-ку.

Қолаверса, бу фотиҳагарчиликларда турли тоифадаги, аксари илмсиз бўлган одамлар Қуръондан ўзларича, қироат қоидаларига риоя қилмай, лафзларни бузиб тиловат қилишади. Ўз-ўзидан, нафақат ўтганларга, балки ўша тиловат қилаётган одамнинг ўзига ҳам бундай нуқсонли қироатдан савоб ҳосил бўлармикин, деган савол ҳам пайдо булади.

Баъзи уламолар мусибат аҳлига бир маротабадан ортиқ таъзия билдиришни макруҳ деган эканлар. Чунки бунда уларга мусибатларини эслатиш, яраларини янгилаш бор, дейилган экан.

Хулоса қилиб айтганда, ўтганларнинг ортидан қилинадиган амалларни шариатимиз белгилаб берган қоидаларга риоя қилган ҳолда бажарсак, иншааллоҳ, ҳам ўтганларимиз, ҳам ўзимизнинг охиратимиз учун манфаат топган бўламиз.

Али розияллоҳу анҳу: «Илм амал ила хитоб қилади, амал жавоб берса берди, бўлмаса илм қочади», деганлар. Аллоҳ таоло бу мақолада ёзилган масалаларга, аввало, ўзим, хонадонимиз аҳли, ва барча яқинларимиз томонидан амал қилишни насиб қилсин. Омин!

Сўзим сўнгида айтадиганим – ушбу мақолани мени гўдаклигим ва болалигимда менга ғамхўрлик қилиб, эркалаб, дуо қилиб кетган марҳум буваларим ва бувиларим, менга ўз фарзандидай меҳр бериб, сийлаган марҳум тоғам ҳамда менга ўз садоқати ва муҳаббатини бериб, менга шириндан-шакар фарзандларни ҳадя қилган марҳума жуфти ҳалолимга бағишладим. Аллоҳ таоло барчаларини Ўз раҳматига олиб, уларни мағфират қилсин. Омин!  

 Шоюсуф Усманов

Мавзуга оид мақолалар
Масаллиқлар 1та тухум 34 ош қошиқ ўсимлик ёғи 300 гр сут 1 ош қошиқ хамиртуруш Чимдим шакар 1 чой давоми...

08:02 / 29.11.2016 4573
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Ёшлар орасидаги саволжавобда, давоми...

03:12 / 13.12.2016 6676
ЗАКОТ БЕРИШДА ХАТО ҚИЛСА, НИМА БЎЛАДИ Айтайлик, бир киши закотни беришдан олдин яхшилаб суриштирган бўлса, давоми...

09:19 / 07.10.2016 4005