Дийдор лаззати (бадиий тўқима)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўлин ой нур сочган ярим тун! Атрофни сукунат қоплаган. Осмонда милтираб турган бешумор юлдузлар кўзни қувонтирадиган даражада мафтункор. Тун чироғи ой ҳам кўзларга нур, қалбларга ҳузур бериб, ширин хаёллар сари етаклагандек гўё…

Тўлин ой! Сени нега бунчалар яхши кўришимни биласанми?!

Нечун сенга узоқ лаҳзаларни бахшида қилиб, нигоҳимни сенга қадашларимнинг боисини англаганмисан ҳеч?! Мен нечун сенга қараб лол қолмайинки, Роббим сени чексиз қудрати ила бунчалар мафтункор қилиб яратган бўлса!

Мен нечун сенга қараб кўзларимга ёш олмайинки, худди мен сенга қараб турганим каби бир замонлар Пайғамбарим соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга тикилиб турган бўлса!

Сенга қарасам, бутун ҳаётларию мамотларини, молу жонларини Аллоҳ учун бахшида қилган, йиғласа, фақат Ислом учун, хурсанд бўлса, фақат Ислом учун хурсанд бўлган саҳобаларга озору ситамлар, қийинчилигу машаққатлар етиб турганда, уларга башорат ва тасалли ўлароқ айтилган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўшал гаплари ёдимга тушади.

Ўша тунда сен худди ҳозиргидек тиниқ ва равшан эдинг. Оламларга раҳмат қилиб юборилган, башариятнинг севимлилари ичра севимлиси, суюклилари ичра суюклиси бўлмиш Набий алайҳиссаломни ҳаётлик вақтларидаёқ кўришга мушарраф бўлган ва охират диёрида Буюк Аллоҳнинг жамолига ташна бўлиб турган саҳобалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиқувчи улуғ башоратга интизор эдилар. Сарвари олам кўкдаги ойга қарадилар. Осмонда назарни чалғитадиган ақалли битта бўлса ҳам, булут парчаси йўқ эди: «Сизлар худди шу ойни кўриб турганингиздек Роббингизни ҳам тиниқ ва равшан кўрасизлар…»

Бундай улуғ башоратдан қалблар ва вужудлар титрамасдан мумкинми?! Бундай улкан хушхабардан кўзлар намланмаслиги мумкинми?! Ҳаётлик вақтида Пайғамбар алайҳиссаломни муборак юзларини кўра олган, охират ҳаётида ўз Роббиларининг жамолини кўриш башоратини олган мусулмонлардан ҳам кўра бахтлироқ кимса борми?

Шундай онда беихтиёр муҳожиру ансорлар – саҳобайи икромларга ҳавас қилади инсон. Умрим давомида кўп сафарлар қилдим, лекин муҳожир бўлолганим йўқ… Кўп меҳмонлар қабул қилдим, лекин ансор бўлолганим йўқ… Набийга уммат бўлдим, лекин саҳобий бўлолганим йўқ… Гоҳида бу дунё матосига алданиб қолиб, гуноҳ амалларни қилиб қўйган мен ожиз банда на муҳожир, на ансор ва на саҳобий бўлишга арзимасман ҳам, балки...

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларини бир бора бўлса ҳам кўриш учун ақалли бир лаҳзага бўлса-да саҳобий бўлишни орзу қилиб кўрганмисиз ҳеч?!

Ё Роббим! Лекин Ўзинг меҳрибонсан! Роҳману Роҳиймсан! Тақдиримдаги охират ҳаёти фақатгина Ўзингга маълум. Сендан ёлвориб сўрарим шулки, менинг ҳам кўзларим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бир марта бўлса ҳам кўрса. Қулоқларим насиҳатларини бир бора бўлса ҳам эшитса…

Шундай илтижолар ва хаёллар оғушида тун зулмати узра нур истаб ёстиққа бош қўяман. Дийдор соғинчи шу қадар кучли бўлса, кўражак тушингни бутунлай ўз изнига қўйиб бермай, воқеалар ривожини ҳам ўзинг хаёл қилиб, руҳингга ҳам илинаркансан киши…

Узоқдан Мадина кўрина бошлади. Қалбимни тасвирлаб бўлмас ҳаяжон, вужудимни аллақандай титроқ қамраб ола бошлади. Кўзларимдан ёшлар титраб тўкила бошлади. Нафасим тезлашди…

Йўқ-йўқ! Мен бунга тайёр эмасман. Орқамга тисарилдим. Икки-уч қадам ташламасимданоқ, яна тўхтаб орқамга қарадим. Кўзларим йиғидан ўзини тия олмади. Гўё бир нарсамни йўқотганман-у, бориб олмасам, яна йўқотиб қўйишим мумкиндек, Мадина томон югура бошладим.

Кўзланган манзилга ҳам етиб келдим. Атрофимда ўша мен билган, эшитган саҳобалар – муҳожиру ансорлар юришибди. Мен уларнинг ҳар бирига алоҳида назар ташлаб қараяпман-у, лекин уларнинг ҳаммаси менга эътиборсиз. Мени кўришмаётгандек гўё. Қанийди, улардан бирортаси мени қўлимдан тутса-ю, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб борса. Йўқ! Улар мени эшитишмаяпти. Кўришмаётгандир ҳам, балки.

Қалбим маҳзун бўлиб, нима қилишимни билмай турган пайтимда ажиб бир ҳодиса рўй берди. Шундоққина орқамдан қалбларга ҳузур бағишловчи, қулоқларга ором берувчи, вужудларни сармаст қилувчи бир товуш эшитилди.

«Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ» Бу товуш қанчалар лаззатли. Қанийди, шу он яна такрор бўлса-ю, бу товушни такрор ва такрор эшитсам… Қулоқларимга нотаниш, лекин қалбим учун таниш овоз. Бу муборак ва мафтункор овоз бир инсондан бошқа ҳеч кимда бўлмасди ҳам.

Қалбим орқамда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам турганликларини ҳис этарди. Орқамга ўгирилиб қарашга ўзимда куч топа олмай қолдим. Орқамга ўгирилсам, нима қиламан? Муборак юзларига қараб нима дейман? Тилини ғийбату ёлғондан тиймаган, гуноҳлар ипига тамоман ўралиб қолган, салавот айтишни ўзига одат қилиб олмаган, суннатларга бепарво бўлган мендек гуноҳкор уммат у Зотнинг муборак юзларига қандай қарасин?

Бу лаҳзаларнинг оний бир лаҳза эканлигини англаб етганимдан сўнггина қарашга ўзимда куч топа олдим. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига қарадим-у, кўзларим жиққа ёшга тўлди. Бомдоддан сўнг улкан осмон узра нур сочган қуёш янглиғ муборак юзларида табассум балқиди. Бу табассум сўнмаслиги учун бор-будимни беришга ҳам тайёр эдим.

Юзларига юзимни қўйиб, қаттиқ қучоқлаб олдим. Ўпкам тўлиб, пиқиллаганча «Сизга ҳам Аллоҳнинг саломи ва раҳмати бўлсин, ҳабибим, ҳабибим…» дер эдим.

Тилларим ўзга сўз айта олмас, вужудим бундайин дийдор лаззатидан сармаст эди. Қалбимда эса турли ҳислар куртак ота бошлади: «Ё Роббим! Ўзингга шукрлар! Дуоларимни мустажоб қилдинг. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дийдорларига мушарраф этдинг. Ўзингга ҳамдлар! Ўзингга ҳамдлар! Ўзингга санолар!»

Гапиришга ўзимни мадорсиз ҳис қилдим. Лекин мен у Зотнинг олдиларига фақат ўзим учун эмас, балки мен билан бирга тамоман бошқа макон ва замонда яшаётган умматлар номидан ҳам келганимни хотиримга олдим-да, дилимдагиларни айта бошладим:

Жаҳолату разолатдан узоқ бўлиб, Лаззат топдик ибодатдан, Расулуллоҳ. Ҳаққа банда, сизга уммат бўлдик – шукр, Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Баҳонани кўпайтириб, қилдик гуноҳ, Исломдан бир билим олмай, бўлдик гумроҳ, Шайтонни-да қилсак ҳамки яқин ҳамроҳ, Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Кийим кийдик мақтов учун, чирой учун, Миннат билан қилдик ёрдам биров учун, Ғамламасак ҳамки савоб-сўров учун, Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Уялмадик тубанлигу иснодлардан, Узоқ бўлдик тавбадаги фарёдлардан, Афзал билдик ухламоқни бомдодлардан, Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Савоблардан гуноҳларни кўп қилсак ҳам, Кетин узмай ёлғонларни тўқисак ҳам, Адо эмас, қазо намоз ўқисак ҳам, Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Кичик қорин тўйиб кетди, тақво тўймай, Ғийбатларни қатор қилдик, тилни тиймай, Гуноҳкормиз, лек айтамиз тилдан қўймай, Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Маҳшар куни ошганида азобимиз, Ҳақ олдида бўлганида жавобимиз, Етмай қолса жаннат учун савобимиз, Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Гапларим тугар-тугамас, масжид томондан азон овози эшитила бошлади. Ҳа! Бу Билол розияллоҳу анҳунинг овозлари эди. Қалбларга сакинат берувчи, тилларни зикрга ундагувчи муборак каломлар…

Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар. Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ,…

Шундай лаҳзаларда кўзларим аста бу лаззатли тушни тарк эта бошлар, қулоқларим узра эшитилаётган Билол розияллоҳу анҳу айтаётган азон товуши масжидимиз муаззинининг Бомдод намозига айтаётган азони билан сингиб кетарди.

Бу лаззатли уйқуни менга насиб қилган Роббимга ҳамдлар бўлсин. Бундай тушларни яна ва яна соғиниб қоларман, балки. Кейинги гал Набий алайҳиссаломни кўрганимда нималарни сўрасам экан? Роббимдан Абу Бакр розияллоҳу анҳуникидек ҳалимликни сўраб беришлариними? Умар розияллоҳу анҳуникидек шижоатними? Усмон розияллоҳу анҳуникидек ҳаёними? Али розияллоҳу анҳуникидек илмними? Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудек онам ҳақларига дуо қилишлариними ёки ёддан ўчмас илмними?..

Не бўлганда ҳам бу лаззатли туш давомида ўзим ва барча умматлар учун манфаатли бўлган нарса – Расули акрам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини сўрашга муваффақ бўлдим. Бу шундай улуғ дуо эдики, бу дуони Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам охират учун асраб қўйгандилар.

Ё Аллоҳим! Биз ожиз ва гуноҳкор бандаларингни ўз раҳматингдан дариғ тутмагин! Қиёматда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан бизларни баҳраманд қилгин! Омин! Я Роббил ъаламийн!

(Юқоридаги гаплар фақатгина менинг хаёлларим ва орзуларимдан иборат ижод маҳсулидир)

Ёлқин, 2012

Мавзуга оид мақолалар
Чеченистоннинг Грозний шаҳрида «Болалар ва ўсмирлар туризми ва экскурсияси уйи» томонидан чечен тили давоми...

15:56 / 24.01.2017 2748
19 « » « » « » , . . « ..». Ўн тўққизинчи ҳадис Абу Ҳурайра давоми...

22:36 / 27.05.2018 3608
Болалигимни эсласам, кўз олдимга райҳон ифорлари таралиб турган озода, саришта ҳовлилар келади. Қайси бир давоми...

21:08 / 21.09.2023 1829
Сиз оиланинг шаъни ва ғурурисиз, ўзбегим аёллари  Доно халқимизда Аёл бир қўли билан бешикни ва бир қўли давоми...

17:00 / 15.01.2018 4613