Худайбия жанги
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Худайбия жанги

Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари билан умра ниятида Мадинадан Маккага қараб йўл олдилар.

Сафарчилар бир минг беш юз кишидан иборат эди. Буюк ҳаяжон билан кетаётган мусулмонлар Худайбия манзилида тўхташди.

Маккадаги мушриклар уларни ҳеч қачон шаҳарга қўймасликларига амин бўлган мусулмонлар элчи жўнатишга қарор қилишди. Бир неча муваффақиятсиз уринишдан сўнг ҳазрат Усмон элчи сифатида юбориладиган бўлди. Вазият нозик эди. Элчиларни ҳақ ўлим кутаётганди. Ҳазрат Усмон юмшоқ табиатли бўлгани учун вазиятни бироз юмшата олар, деб умид қилишарди.

Ортга қайтиши гумон бўлгани учун ҳазрат Усмон рафиқаси билан видолашди. Саҳобалар қаттиқ хафа, ҳазрат Умму Кулсум дунёси қоронғу эди. Ҳеч кимга кўрсатмай, сассиз кўз ёш тўкарди аёл. Бу атрофдагиларни шунчалар таъсирлантирдики, Пайғамбаримиз алайҳиссалом энг яқин саҳобалари билан жанг байъатини қилиб, лашкарни жангга ҳозирлай бошлади. Шундай мураккаб онда омон қайтган ҳазрат Усмон барчани қувонтирди. Юриш ҳаракати ҳам тўхтади.

Узоқ давом этган музокаралардан сўнг машҳур Худайбия битими тузилди. Битим шартлари жуда оғир эди, баъзи саҳобалар Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига кириб чиқишди. Натижада мусулмонлар Маккага кира олмай қайтишга мажбур бўлишди. Аммо бу битим Аллоҳ томонидан «Фатҳи битим», яъни «Буюк ва қатъий фатҳ» дея тавсифлангач, муслимлар қайғуси қувончга айланди.

Ҳазрати Зайнабнинг вафоти

Ҳазрат Зайнаб розияллоҳу анҳо… Ислом тарихидаги ўрни асло тўлмайдиган муборак хоним… Гулнинг гулларидан бири… Уч гулга оналик қилган гул… Нубувват боғининг нодир гулларининг биринчиси… Абул Осснинг севимли Зайнаби… Бутун аёлларга ўрнак бўларли Пайғамбар алайҳиссаломнинг гули хасталанган эди…

* * *

Ҳижратнинг саккизинчи йили… Ҳазрат Хадичанинг омонати, ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўнғич қизи, Руқайя, Умму Кулсум, Фотималарнинг опачаси, Умоманинг онаси, Абул Осснинг севимли Зайнаби хасталаниб ётиб қолганди…

Ислом пайдо бўлганидан буён барча қийинчиликларни фидойилик билан қаршилаган ҳазрат Зайнаб ҳижрат асносида кўрган муомалалар натижасида тез-тез тоби қочадиган бўлиб қолганди. Аммо бу сафар аҳвол жуда жиддий эди. Буни аёл ҳам, эр ҳам яхши фаҳмларди. Ҳазрат Зайнаб ўзини унутиб, Абул Оссга ачинаётган эди. У ўзига шунчалар боғланиб қолганки, бир гап бўлса, кўтара олмаслиги аниқ. Шу боис бутун кучини жилмайишга, эрини ва қизини хафа қилмасликка сарфларди. Аммо бу икковининг кўз ўнгида шамдай эриб битаётганди ҳазрат Зайнаб.

Истагини оғзидан чиқмасданоқ бажо келтиришга шай Абул Осс севимли Зайнаби ёнидан бир қадам ҳам жилмасди. Ҳазрат Умму Кулсум ва ҳазрат Фотима ҳам опаси қошида эди. Поччаларининг забун ҳоли уларни ҳам қайғуга солар, кўзларини ёшлатарди. Пайғамбар отаси, оналари, сингиллари, саҳобалар – барча-барчанинг уриниб, елиб югуришларига қарамай, ҳазрат Зайнаб тугаб борарди.

Сўнгги дамгача рафиқаси ёнида бўлган Абул Осс бирдан беҳуш йиқилди. Буни кўриб югуриб келганлар ҳазрат Зайнабнинг ҳам жони узилганини кўришди. Эркак бунга чидай олмай ҳушидан кетган эди. Абул Осснинг севимли Зайнаби вафот этганди…

Юзига сув сепилгач, ўзига келган Абул Осс оқ газлама ўралган ётоққа қаради. «Севимли Зайнабим!» дея ингради. Икки кишининг кўмагида ташқарига чиқди. Унинг аянчли аҳволидан юраклари ачишган Пайғамбар алайҳиссалом, уч сингил, оналар ва саҳобалар ўз дардларини унутиб, Абул Оссни юпата бошлашди. Ҳатто Умома ҳам…

Аммо ҳеч бирининг гапи қулоғига кирмасди… Унинг Зайнаби энди йўқ… вафот этди… Энди ўттизга кирганди… Қизи Умома эса ўн тўрт-ўн бешда… Яккаю ёлғиз қизини қучиб, Абул Осс ўкириб юборди…

* * *

Ҳазрат Савдо, ҳазрат Салама, ҳазрат Зайнабнинг энагаси ҳазрат Умму Айман ва ансора ҳазрат Умму Атийялар шошиб йўлга тушишди. Ҳазрат Зайнаб розияллоҳу анҳони ювиб кафанлаш учун…

Уларга Пайғамбар алайҳиссалом шундай буюргандилар: «Ювишни ўнг томондан ва таҳорат аъзоларидан бошланг. Сув билан тоқ – уч, беш, етти маротаба, агар лозим топсангиз, бундан ҳам кўп марта ювинглар. Охирги ювишда сувга кофул солинглар. Ювиб бўлгач, менга хабар қилинг».

Ювғичлар ҳазрат Зайнабни поклашди. Сочларини учга ажратиб тарашди. Сўнг Пайғамбар алайҳиссаломга хабар қилишди. УЗот кўйлагини бериб: – Буни ич кийим қилинглар, – дедилар. Ҳазрат Зайнаб учун қазилган қабрга маҳзун боққан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бироздан сўнг унинг ичига тушдилар. Ичида бироз туриб, қайғуси енгиллашиб чиқди. Бунинг боисини сўраган саҳобаларга шундай жавоб бердилар:

– Зайнабнинг заифлиги ёдимга тушиб, буюк Аллоҳдан қабрни кенг ва салқин қилишини сўрадим. Аллоҳ илтижоимни қабул қилди. Севимли Зайнабини ўз қўллари билан қўйиш учун қабрга тушган Абул Осс оппоқ кафанга чулғанган рафиқасини кўргани ҳамон ҳоли ёмонлашди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қабрдан чиқариб олдилар.

Севимли Зайнабининг ерга қўйилаётганини чуқур ғам, катта дард билан кузатиб турган Абул Осс яна йиқилиб қолди. Унинг ҳазрат Зайнабга бўлган муҳаббатини ҳамма жуда яхши билгани боис ўз ҳолига қўйишди. Жаноза намозини Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари ўқидилар. Абул Осснинг севимли Зайнаби охират оламига равони бўлганди…

* * *

Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрат Зайнаб қабри устида дуо қилдилар. У Пайғамбар алайҳиссалом қизи эди… У илк мусулмонлардан эди… У ҳар қадамни Ислом билан нурлантирган эди… У ҳар соҳада ўрнак эди… У гулнинг гулларидан эди… Абул Оссдай булбулнинг гули эди… У муҳожира эди…

Унинг учун Пайғамбар алайҳиссалом қабрга тушдилар, унинг учун алоҳида дуо ўқидилар. Қабр азобидан муҳофаза этилиши учун шундай муслима ҳаққига қилинган дуо бизнинг ҳолимиз не кечажагини кўрсатади…

Абул Осснинг севимлиси энди қабристон аҳлидан эди. Ўзидан олдин вафот этган ҳазрат Руқайя билан ёнма-ён эди. Абул Осс учун дийдор охиратга қолганди…

Буюк фатҳ

Ҳижратнинг саккизинчи йили… Пайғамбар алайҳиссалом амрлари билан йиғилган Ислом лашкари ўн мингга етган, бутун Мадина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларига мунтазир эди. Сафар қилинади, аммо қаерга? Бир неча кишигина буни билар, қолганлари эса бехабар ҳолда Пайғамбар алайҳиссаломга итоат этишарди.

Йўлга тушган қўшинга янги-янги мусулмонлар келиб қўшилишда давом этарди. Маккага етгунига қадар лашкар аниқ манзилни билмади. Шаҳарга етай деганда, Марруз-заҳрон деган жойга қароргоҳ қуришди. – Ҳар бирингиз алоҳида машъал ёқингиз. Ўн минг одамнинг ўн минг машъали кўкда порлаган юлдузлар каби эди…

Бу буюк фатҳда Пайғамбар алайҳиссалом қизларидан ҳазрат Умму Кулсум ва ҳазрат Фотималар ҳам иштирок этишганди. Ислом лашкаридан «Биз, албатта, келамиз» деганлари Маккага юмуқ кўз ва қалбларни Ислом нури билан очиш учун келганди. Аллоҳнинг Расули саҳобалари билан баравар Макка фатҳига чиққандилар. Зўрлик билан қувиб юборилган ватанларига қайтишаётганди улар…

Муҳожирларни оғир кунда бағрига босган, уйининг тўрини, қалбининг қўрини берган ансорлар билан келишганди… Коинот сарвари «Ким Каъбага кирса, Абу Суфённинг уйига кирса, ўз уйида бўлиб, кўчага чиқмаса, омондир», дедилар. Шу тариқа қон тўкилишининг олди олинди.

Юриш режаси тузиб олиниб, ҳар бир бўлимга алоҳида топшириқлар берилди. Қайси бўлим Маккага қаердан кириши, қандай ҳаракат қилиши белгилаб олинди. Биринчи бўлиб жанг бошламаслик, қаршилик кўрсатилгандагина ўқ узиш, қилич ишлатиш амри берилди. Аммо бир гуруҳ одамлар бор эдики, улар «ҳатто Каъба ёпинчиғи остига бекинган бўлсалар ҳам, ўлдирилиши лозим» эди.

Пайғамбар алайҳиссалом қўшинлари еру кўкни такбир билан ларзага келтирганча, Маккага тўрт томондан кирди. Байроқ Хожунга тикилиши керак эди.

Тақдирнинг ажиб ўйинини қарангки, бир вақтлар мушриклар муслимларга қарши иттифоқ тузиб, онт ичган ерда Пайғамбар алайҳиссаломнинг байроғи ҳилпирарди. Макка бир томчи қон тўкилмасдан фатҳ этилди. Бутлардан юз ўгиргани, «Роббим Аллоҳ», дегани учун ақл бовар қилмас қийноқларга солинган ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу Каъбаи Муаззаманинг томига чиқиб, бор овозда «Аллоҳу акбар!» деганча азон айтди. Шу тарзда бутун Макка Ислом нурига чулғанди.

* * *

Ғалабадан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари билан бирга ҳазрат Хадича розияллоҳу анҳо қабри зиёратига бордилар. Ҳар бир одим уларни тобора ўтмишга яқинлаштирарди… Оналари ҳазрат Хадича билан бирга кечирган яхши-ёмон кунлари, кўрган қийинчиликлари, эришган бахт-саодатлари…

Салом беришди, хаёл оламида алик олишди. Дил-ла суҳбатлаша бошлашди. Нени сўйлаганлари номаълум, аммо узоқ вақт қолиб кетишди. Сўнг бошқа қабрларни ҳам зиёрат қилишди.

* * *

Маккаи мукаррамада улар кирмаган ер, бориб кўрмаган биродарлари, деярли, қолмади. Макка фатҳи ортидан содир бўлган Хунайн жангида ҳам иштирок этган ҳазрат Фотима аввал улкан вайронагарчилик, сўнг эса буюк зафарни кўрди…

Ҳазрат Умму Кулсумнинг вафоти

Ҳазрат Умму Кулсум тоби қочиб ётиб қолганида Пайғамбар алайҳиссалом Табук сафарида эдилар. Ҳазрат Усмон ҳам улар билан эдилар.

Кун сайин оғирлашиб бораётган ҳазрат Умму Кулсумга ҳазрат Фотима билан бирга ҳамма ачинарди. Чунки шундай дамларда отаси ҳам, хожаси ҳам ёнида эмасди… Фарзанд кўрмаган эди. Синглиси Фотимадан сўнг энг яқини Пайғамбар отаси ва хўжайини эди. Энди бу иккиси сафарда…

Ислом лашкари Маккага кирганида Пайғамбар отаси ва ҳазрат Усмоннинг соғ-саломатлигини эшитган Умму Кулсумнинг аҳволи бироз ўнглангандай бўлди. Уларнинг дийдорига тўяр-тўймас бу дунёни тарк этди…

Ҳижратнинг тўққизинчи йили эди… Йигирма еттига энди кирган эди. Фарзанди ҳам йўқ эди. Ҳазрат Умму Кулсумнинг ўлими опаси ҳазрат Руқайяникига ўхшаб кетарди. Фарқи – ҳазрат Руқайянинг сўнгги дамларида хўжайини бирга, Пайғамбар отаси эса Бадр жангидан қайтаётган эди. Зафар қозониб қайтаётган ота қизининг ўлимига дуч келганди.

Ҳозир ҳам Табук жангидан қайтган ва қизининг сўнгги дамларига базўр етишган эдилар. Бунинг устига ҳазрат Умму Кулсумнинг хасталигида хўжайини сафарда эди… Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шу қадар ғамга ботдиларки, кўз ёшлари соқолларини ҳўл қилиб юборди.

Қизининг ёнига кирганларида ҳазрат Умму Кулсумнинг жони узилаётганди. Ҳазрат Усмон чидай олмай йиғлаб юборди. Пайғамбар алайҳиссалом уни суяб ташқарига олиб чиқдилар. Аёллар ичкарига киришди.

Ҳазрат София, ҳазрат Асмо бинти Умайс ва ҳазрат Умму Атийя Пайғамбар алайҳиссалом қизларини ювиб кафанлашди. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюргандилар: – Қизим Умму Кулсумни уч-беш ёки ундан кўпроқ марта ювинглар! Сўнг эркаклар маросимни бошлаб, Бақийъ қабристонига йўл олишди.

Аввал ҳазрат Руқайя, сўнг ҳазрат Зайнаб, энди эса ҳазрат Умму Кулсум… Пайғамбар алайҳиссаломнинг уч севимли гуллари Бақийъ қабристонида ёнма-ён ётардилар. Ҳазрат Фотимагина қолганди.

Жаноза намозини Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари ўқидилар. Қабрга қўйишаётганда ҳазрат Усмон ҳушидан айрилаёзди. Бир йил олдин севимли Зайнабини йўқотган Абул Осс унинг ёнида дарди янгиланиб йиғлаб турарди. Икки божа бир-бирини қучганча ғамларини тўкишарди. Иккисининг ҳолига чидай олмаган ҳазрат Али ҳам уларнинг ёнига бориб, қучоқлаганча йиғлаб юборди.

Орада анча вақт ўтса-да, ўзини ўнглаб ола билмаган ҳазрат Усмонга Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қилдилар: – Ўнта қизим бўлганида эди, (бири вафот этса, бошқасини) Усмонга берардим!

Ҳаёт давом этаверишини уқтирган Пайғамбар алайҳиссалом улар буни исташмаса ҳамки, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Абул Оссни ўзлари уйлантириб қўйдилар, хайр тилаб, дуо қилдилар.

Аммо ҳар иккиси ҳам янги оилаларидан рози бўлишса-да, севимли завжаларини унута олишмас, тўлдириб бўлмас бўшлиқни ҳис қилишарди юракларида. Ҳазрат Умму Кулсум ҳам вафот этди… Тўрт гулнинг фақат биттаси қолган эди…

Пайғамбар чечаги

Бир куни… Пайғамбар алайҳиссалом оламни нурлантирган кўзлари билан ҳазрат Алига боқиб дедилар: – Ё Али! – Лаббай, ё Расулуллоҳ! – Аллоҳ таолони севасанми? – Ҳа, Расулуллоҳ! – АллоҳнингРасулини севасанми? – Ҳа, Расулуллоҳ! – Қизим Фотимани севасанми? – Ҳа, севаман, – бироз юзи қизариб деди ҳазрат Али. – Ҳасан билан Ҳусайнни ҳам севасанми? – Ҳа, Расулуллоҳ, севаман. – Ё Али! Кўнгил битта, севги тўртта… битта кўнгилга шунча севгини қандай сиғдиряпсан? – !..

Ҳозиржавоб Али нима дейишини билмай қолди. Аллоҳ таолонинг Расулига жавоб бера олмай, рухсат сўраб уйга қайтди. Шу қадар маҳзун эдики, ҳазрат Фотима кўрар-кўрмас нима бўлганини сўради. Ҳазрат Али бўлган воқеани дона-дона сўзлаб берди. Фикрини сўради. Пайғамбар чечаги қуёшдай кулимсираб деди: – Эй болаларимнинг отаси! Бориб набийлар Набийига «Инсоннинг олд-орқаси, ўнг-чапи, ост-усти бўлгани каби кўнгилнинг шундай ёнлари бор. Мен ҳам Азиз ва Жалил Аллоҳни ақл ва иймоним-ла, Аллоҳ таолонинг Расулини руҳим ила, Фотимани инсоний нафсим билан, Ҳасан ва Ҳусайнни оталик шафқат ва марҳаматим-ла севаман. Кўнглимнинг ҳар жиҳатида бошқа бир севги яшайди», денг.

Ҳазрат Али дарҳол ортга қайтиб, Пайғамбар алайҳиссаломга шуни сўзладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулимсираб: – Бу сенинг эмас, Пайғамбар шохидан узилган чечак сўзидир! – Тўғри, эй Аллоҳнинг Расули!

* * *

Саодат даврининг бир куни… Бир қария Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб дардини англатди: – Эй Аллоҳнинг Расули! Кўриб турибсиз, қариман. Еб-ичишга ҳеч вақом йўқ. Эҳтиёжимни қондиришингизни истайман.

Ўша дамларда у Зотнинг уйларида ҳам ҳеч нарсалари йўқ эди. Бироз ўйлаб туриб дедилар: – Сизни бир ерга юбораман, эҳтиёжингизни қондирасиз. – Аллоҳ ва Унинг Расули яхшироқ билади. Ҳазрат Абу Заррни чақириб, қарияни қизи Фотиманинг уйига олиб боришини айтдилар. Абу Зарр қарияни олиб жўнади.

– Эй жаннат чечаги, бу қариянинг эҳтиёжини қондиринглар, деб Аллоҳнинг Расули юбордилар. Ҳазрат Фотима новдадай титраб кетди. Унинг шу онда бу қарияга берадиган ҳеч нарсаси йўқ эди. Бир муддат ўйланиб тургач, узил-кесил қарорга келди ва ичкаридан кўз қорачиғидай асраб юрган маржонини олиб чиқди. Маржонни Уҳуд жангида шаҳид бўлган амакиси ҳазрат Ҳамза ҳадя қилганди.

Қария Пайғамбар алайҳиссалом қизини дуо қилганича йўлга тушди. Масжид ёнидаги одам гавжум ерга бориб, кучи етгунча бақирди: – Буни оладиган борми? Қариянинг қўлидаги маржонни таниганлар Пайғамбар қизининг бундай фидойилигидан мамнун бўлиш билан бирга маржоннинг бозорга чиққанидан ранжидилар ҳам.

– Қанчага сотасиз? – Битта улов сотиб олиш ва яшашга ҳам озроқ қолишга етадиган нархда сотмоқчиман. – Эй қария, мен шу нархда сотиб оламан. Маржон ҳазрат Ҳамзадан хотира эканлигини билган саҳобалардан бири қарияга истаганидан ҳам ортиқроқ пул берди ва қулини чақириб деди:

– Буни Аллоҳнинг Расулига олиб бориб бер. Сени эса у Зотнинг ҳурмати учун озод этаман. Қувончдан боши кўкка етган қул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маржонни топширди ва бўлган воқеани сўзлаб берди. Бундан мамнун бўлган Пайғамбар алайҳиссалом кулимсирадилар: – Буни қизим Фотимага бер. – Ҳозироқ, афандим. Маржон эгасига топширилди…

Буюк Аллоҳнинг ҳикматига қарангки, бу маржон ҳам қариянинг эҳтиёжини қондирди, ҳам бир қулнинг озодликка чиқишига сабаб бўлди, ҳам яна эгасига қайтиб келди...

давоми бор......

Мавзуга оид мақолалар
Кундузлари узун, кечалари қисқа бўлган бугунги кунларимизда Бомдод намозининг вақти анча барвақт бўлиб давоми...

06:27 / 23.12.2016 5621
Муҳтарама синглим Сиз буюк ойда турганингизни ҳис этмоқдасиз, лекин бу ойни бошқа ойлардан ажратиб турувчи давоми...

21:24 / 06.03.2017 5176
Аллоҳнинг бандаларига фазли Аллоҳ таоло бандаларини кўпгина неъматлар ва фазллар билан неъматлантириб, давоми...

10:18 / 11.06.2019 5993
 Ҳикоя қилишларича, бир камбағал киши ҳайит кечаси кўчаларни кезиб юриб, кўп одамларни гўшткабоблар еб давоми...

20:43 / 02.01.2017 3639