Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари ва уларнинг нубувватга далолати. Мўъжиза луғатда рақиб даъво этган пайтда уни ожиз қолдирмоқни англатади. Истилоҳда эса пайғамбарлик даъвосида бўлган кишининг ўз даъвосининг ростлигини кўрсатиб қўйиш учун одатдан ташқари иш қилишидир. Бунда қарши томон унингдек хориқо ишни келтиролмайди. Шу томонлама у кароматдан хосроқ хориқодир. Мўъжизанинг асосий хусусияти хориқо бўлишидир. Бунинг маъноси табиат қонунларига, моддалар хосиятига ва сабабият низомига тескари иш бўлишидир. Мўъжизалар фақат пайғамбарлардан содир бўлади. Сеҳргар, коҳин ва бошқалар бундай ишларни қилиша олмайди.

 Шундан маълум бўладики, мўъжиза Пайғамбарнинг нубувватини инкор қилганда ва ё ёлғон пайғамбарликни даъво этганда юзага чиқмайди. Мўъжиза тасдиқланса, у пайғамбарнинг ростлигини исботлайди ва унга иймон келтиришни вожиб қилади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг мўъжизалари ҳақида таклиф этаётган услубимизга тегишли мавзу жуда ҳам кўп, балки мавжуд ҳадисларнинг ҳаммаси унга мавзу бўла олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шонли ҳаётларини ва пурмаъно сўзларини бирор қиррасини ўргана туриб қанчадан-қанча мўъжизага гувоҳ бўламиз. Мисол тариқасида Ҳасанхон қори эълон этган бир тарихий воқеада айтилишича, имом Шофеъий Йўлбошчимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Эй Абу Нумайр! Нима бўлди нуғайр (қушча)», деган ҳадислари устида тафаккур қилиб етмишта масалани аниқладим, дейдилар. Жумладан имом Шофеъий ушбу ҳадисдан қуйидаги масалаларни олганлар: қофия билан гапиришнинг жоизлиги, ёш бола билан меъёрида ҳазиллашиш улуғликка зид эмаслиги, гўдакка куня қўйиш жоизлиги, ёш болаларни эркалатиш, уларнинг кўнгилларини кўтаришнинг суннатлиги, болаларга ўйнашлари учун вақт, пул сарфлаш мумкинлиги, агар зарар етказилмаса қуш боқишнинг жоизлиги ва ҳоказолар. Бу мўъжиза бўлмай нима? Қайси биримизнинг бирор амалимиздан шунча масала олиш мумкин, ўша амаламиз агар иллатларга ботиб ётмаган бўлса?. Ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор қирраларини олиб кўрайлик. Масалан, бизга ўхшаган башарлик, инсон эканлик томонларини мулоҳаза қилсак. Аллоҳ таоло Исро сураси 93-оятида шундай дейди: «Айтинг: «Эй Пок Парвардигорим, мен фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одам эдим-ку!»

Доктор Муҳаммад Аммора ўзларининг «Расулнинг башарликлари нимани билдиради?» мақолаларида шундай дейдилар: «Қуръон эъжози таъкидлаган Расулнинг башарликлари мавжудни ҳосил қилиш сирасига кирмайди. Балки у ўтган умматларнинг расуллар ва уларнинг мўъжизалари табиати ҳақидаги жоҳилий тасаввуротларига қарши инқилобдир! Бу билан Расулнинг башарлигига эътироз қилганларга башарнинг пайғамбарликка танланишга лойиқ экани эълон қилинмоқда». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башар ва инсонликлари устоз Холид Муҳаммад Холидни ҳайратга солади. «Инсонияту Муҳаммад» китобларида шундай ёзадилар: «Ҳа, Расул инсон эдилар. Бу ердаги инсонлик сифати билан Муҳаммад алайҳиссалом бошқа одамлар билан муштарак бўлган ва бир вақтнинг ўзида у тўғрида бошқалардан фарқланиб турадиган холис башарий табиатга ишора этилмоқда. Бу табиат бизга ўзимизга ишончни ва халқ ичидан юксак намунани дунёга келтирган башарлигимизга буюк эҳтиромни тортиқ этади».

Шулардан маълум бўляптики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башарликлари башарият учун шараф ва икромдир. Бунга иқрор бўлгач, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу қирраларини бир мисолда кўриб чиқсак. Пайғамбар алайҳиссалом Хадича онамизга уйланган пайтларида айни ўйнаб куладиган, нафснинг кўйида жавлон урадиган ва ўзининг кучига мағрур бўлинадиган бир даврда эдилар. Онамиз Макканинг энг бойлари қаторида эдилар ва молларини тижорат учун Расули акрам қўлларига топшириб қўйгандилар. Тасаввур қилинг: агар биримизда шундай имконият бўлганда нима бўларди? Осмондан тушгандек мол-дунёга эга бўлиб қолган инсон энди бор ҳаётини роҳат-фароғат, лаҳву лағвнинг барча алвонини татиб кўришга интилишини гапирмайлик-да, жуда бўлмаганда ўзни тийиб олиш, ўзгармаслик бирортамизнинг қўлимиздан келадими? Ўзимиз пок деб ҳисоблайдиган қалбимизни дунё ҳаври ҳароратидан юзага келадиган эврилишлардан ҳимоя қила оламизми? Энди Расулуллоҳдан эшитинг; Насроний олим Назми Лука «Муҳаммаднинг хос ҳаёти» китобида шундай дейди: «Саййида Хадичага уйлангандан сўнг Муҳаммад томонидан унинг молини исроф қилиш кузатилмади. Ваҳоланки бой хотинларга манфаат кўзлаб уйланадиганлар доим шундай қилишарди. Балки у кўринишда камтарин ва покиза эди».

 Доктора Бинти Шотиъ айтадилар: «Қурайш аҳли уйқуга чўмган пайтда у ердаги ғорга беркиниб тааммулларига шўнғирдилар. Зулумотли бу онларда ҳақ нуридан шуъла истар ва хилватларида ҳидоят унси ва нафс роҳатига интилардилар». Ровийларнинг айтишича Хадича розияллоҳу анҳога уйлангандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидаги зоҳидлик, дунёга кампарволик кучая борган. Ҳиро ғорида узлатга чекинишлари доимийлик ва борган сари кўпайишлик касб этган. Тоҳо Ҳусайн «Ислом ойнаси» китобида ёзади: «У Зотга Хадичадан фарзандлар насиб қилди, хотиржамлик ва тўкинликка эришдилар. Лекин ҳаётларининг бу босқичида Қурайш ёшларида кузатилмаган хислатлар юзага чиқди. Лаҳв ва лағвдан қаттиқ нафратланардилар, такаллуфдан ўзни йироқ тутардилар. Қавмлари ихлос билан ибодат қилган бутларни ёмон кўрардилар. Гапирганда энг ростгўй, муомалада энг омонатдор ва олийжаноб кишига нуқс бўладиган ҳар қандай разолатдан узоқ эдилар. Шу билан бирга. қариндошликни уловчи, ҳақни риоя этувчи ва яхшиликни авло билувчи эдилар.»

Бу ўринда фақир бир инсоннинг қўлига ниҳоясиз бойлик тушганда, ўзгармагани, балки бунинг акси бўлганига эътибор моликдир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўз ва ишларидаги ноъананавий мўъжизаларига гувоҳ бўлишни истасангиз, хоҳлаган ҳадис китобини қўлингизга олиб, хоҳлаган саҳифасини очинг ва кўзингиз тушган ҳадисни ўқиб, озгина тааммул ва тадуббур қилинг. Шунда севимли Пайғамбаримизнинг буюкликлари олдида ожизлигингизни тан олмай иложингиз йўқ. Ҳамма ўзим, ўзим дейдиган кунда умматим, умматим дейдиган Зотга Аллоҳнинг салавот ва саломи бўлсин.

Mubashshir Ahmad

 
Мавзуга оид мақолалар
 Кимки Ҳажни ирода этса, тавба билан бошлаши лозим бўлади. Қилган зулмларини қайтариши, қарзларини узиши, давоми...

15:18 / 10.11.2016 3626
9 « ». . Тўққизинчи ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий давоми...

21:18 / 21.05.2018 5182
Бўш вақтларимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари ҳаётидан ҳикояларни ўқиб чиқар давоми...

13:42 / 25.12.2018 3592