Қариндошлар орасида никоҳ мумкинми?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Ассалому алайкум, Шайх жаноблари! Мен ЮНЕСКО ташкилоти қошида ташкил этилган «Ипак йўли» радиопроектида радиорепортёр бўлиб ишлайман. Асосан, аёллар масалалари, муаммолари бўйича репортажлар тайёрлайман. Яқинда қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳақида туркум репортажлар тайёрлаш учун Наманган вилоятида хизмат сафарида бўлиб қайтдим.

У ерда аксарият оилаларда қариндошлар ўртасидаги никоҳни учратиш мумкин. Ака-укалар ҳам бир-бири билан қуда бўлишган. Тиббиёт ходимларининг айтишича, улардан ногирон фарзандлар туғилган, мана шундай оилалардан интервю ҳам олганман. Галдаги репортажимни «Қариндошлар ўртасидаги никоҳга дин вакилларининг муносабати» деган мавзуда тайёрламоқчи эдим. Шайх ҳазратлари, сизга бир савол билан мурожаат қилмоқчи эдим. Динимизда қариндошлар ўртасидаги никоҳга рухсат берилганми ва қандай ҳолларда? Мен баъзи диндорлар билан гаплашиб кўрдим, лекин улардан ҳар хил жавоблар оляпман. Шунинг учун сиздан мана шу саволга аниқлик киритиб беришингизни илтимос қиламан. Олдиндан ташаккур!

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бу масала Қуръони Каримда батафсил баён қилинган. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: «Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-син­гилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингиз­нинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғин­гиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у (хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қизларига уйлани­шингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир» («Нисо» сураси, 23-оят). Бу ва бошқа оятларни, умуман, никоҳи ҳаром қилинган аёллар ҳақидаги барча далилларни ўрганиб чиқилганидан сўнг, уламоларимиз уларни қуйидаги икки гуруҳга тақсим қилганлар: 1. Никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар. 2. Никоҳи вақтинча ҳаром қилинган аёллар. Никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар уч хил бўлади: а) насаб йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилин­ган аёллар; б) эмизиш йўли билан никоҳи абадий ҳаром қи­линган аёллар; в) қудачилик йўли билан никоҳи абадий ҳаром қи­линган аёллар. Насаб йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилин­ган аёллар қуйидагилар: 1. Она. Инсон онасига уйланиши ҳаром. «Она» деганда, момолар ҳам назарда тутилади. Бу ҳукмнинг ҳикматини шарҳлаб ўтиришнинг кераги ҳам йўқ. Ўз-ўзидан маълум нарса. Ўзининг туққан онасига эрлик қилиш нафақат инсон, балки ваҳший ҳайвон табиатига ҳам зид нарсадир. Ахир бола онанинг бир парчаси ҳисобланади. Бу нарсани ўйлашнинг ўзи ҳам оғир. 2. Қиз. «Инсон» деган номга эга бўлган шахс учун ўз қизига уйланиш хаёлига ҳам келмаслиги аниқ ишдир. «Қиз» деганда, қиз набиралар ҳам кўзда тутилади. Ўз жигаргўшасига эрлик қилишни раво кўрган шахсни инсон ҳисоблаш тасаввурга ҳам сиғмайди. Умуман, бу иш инсон табиатига мос эмас. 3. Опа-сингиллар. Мусулмон инсонга ўз опа-сингилларига уйланиш ҳаромдир. Бунда туғишган опа-сингил бўлса ҳам, ота бир бўлса ҳам, она бир бўлса ҳам, баробардир. Аввало, буларнинг асллари бир қондан, бир қориндан пайдо бўлиб, бир хил сутдан катта бўлганлар. Инсонийлик табиатининг ўзи уларнинг эру хотин бўлишларини кўтармайди. Уларнинг никоҳлари ўзларига ҳам, фарзандларига ҳам соғлик жиҳатидан зарар келтириши турган гап. Бу ҳақиқатни тиб илми ҳам тасдиқлади. Дунёда илм ривож топган давлатлиги билан фахрланиб юрган катта давлатлардан бири ўша илмий тажрибалар асосида «кишилар соғлигига зарар экан» деб мелодий 1967-санада яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни ман қилиш ҳақида қонун қабул қилди. Бу иш мақтаниш йўли билан эълон ҳам қилинди. Уларнинг бу мақтанишлари, бу илмий тараққиётлари оддий мусулмонлар учун кулгули бир ҳол эди. Чунки ўша илм даъвосини қилган катта давлат бу масалада мусулмонлардан роппа-роса ўн тўрт аср ортда қолган эди. Шунинг ўзи ҳам шариат йўлидан юрмаслик қанчалар хатарли эканини кўрсатиб турибди. Опа-сингилларга уйланиш ман этилишининг бошқа ҳикматлари ҳам бор. Чунки бундоқ никоҳдан кўплаб ижтимоий зарарлар келиб чиқади. Агар мазкур шахслар орасида никоҳ жоиз бўлса, улар бир оила аъзолари сифатида бирга яшаш ва инсоний алоқаларда бўлиш имконига эга бўлмай қоладилар. Чунки никоҳи жоиз эркак-аёл бир жойда туриши, бирга ёлғиз қолиши кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Хотин эрини унинг опа-сингилларидан ҳам қизғанадиган бўлиб қолади. Бу мулоҳаза никоҳи ҳаром қилинган бошқа тоифа аёлларга ҳам боғлиқдир. 4. Аммалар. Мусулмон киши ўз аммасига уйланиши ҳаром­дир. «Амма» ота томонидаги аёл қариндошлардан, киши учун она ўрнига ўтадиган шахсдир. Амма билан никоҳда бўлиш отага нисбатан беодоблик бўлади, десак, хато қилмаймиз. Бунинг устига, амма билан никоҳда бўлиш соғлик, қариндошлик ва ижтимоий томонлардан ҳам кўплаб зарарларга сабаб бўлади. 5. Холалар. Мусулмон киши учун ўз холасига уйланиш ҳам ҳаром ҳисобланади. Чунки хола она томон вакиллари ичида онанинг ўрнига ўтадиган шахсдир. Амма тўғрисида айтилган гапларнинг ҳаммаси холага ҳам тўғри келади. 6. Ака-укаларнинг қизлари. Мусулмон инсон учун ака-укаларининг қизларига уйланиш ҳам ҳаромдир. Киши учун ака-уканинг қизи ҳам ўз қизидек гап. Шунинг учун ҳам улар орасидаги никоҳ ҳаромдир. Одоб-ахлоқ, қариндошлик, соғлиқ, ижтимоий алоқаларга етадиган зарарлар туфайли бундоқ никоҳ ҳам ҳаром қилинган. 7. Опа-сингилларнинг қизлари. Мусулмон инсон ўз қиз жиянларига, опа-сингил­ларининг қизларига никоҳланиши ҳам ҳаром. Чунки  қиз жиянлар ҳам худди қизидек гап. Ушбу тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаромлиги Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасидаги ояти каримада очиқ-ойдин зикр қилинган. Эмизиш йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар қуйидагилар: Ояти каримада бу тоифадаги аёллардан фақат икки тоифаси – эмиш туфайли ака бўлганлар ва эмиш туфайли опа-сингил бўлганлар зикр қилинган. Қолганлари эса Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умумий қоидага айланиб қолган ҳадиси шарифларида зикр қилинган: «Насаб туфайли ҳаром бўлганлар эмиш туфайли ҳам ҳаром бўлурлар». Яъни насаб алоқаси бўйча қайси тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмизиш орқали (бировнинг боласини бегона аёл эмизиши туфайли) ҳам ўша тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлади. Мисол учун, туққан онасининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмизган онасининг ҳам никоҳи ҳаром бўлади. Туғишган синглисининг никоҳи ҳаром бўлга­нидек, эмикдош синглисининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади ва ҳоказо. Шу эътибордан қуйидагилар ҳаром бўлади: 1. Эмизган она. Бунга момолар ҳам киради. 2. Эмикдош қиз. Бир одамнинг хотини бегона қизни эмизса, ўша қиз эмизган аёлнинг эрига ҳам қиз бўлади. Чунки аёлнинг сути эри билан бўлган жинсий алоқаси, ундан бўлган ҳомиласи туфайли пайдо бўлган. Шунинг учун эркак киши ҳам хотинини эмган болага сут орқали боғланади. Бунга эмиш туфайли қизнинг қизи ҳам, ўғилнинг қизлари ҳам киради. Яъни кишига унинг эмикдош қиз набиралари никоҳи ҳам ҳаромдир. 3. Эмикдош опа-сингиллар. Мусулмон киши ўзи билан эмикдош бўлган опа-сингилларига уйланиши ҳаромдир. Бу хилдаги опа-сингиллар эмиш йўли билан турли ҳолатларда юзага келиши мумкин. 1. Бир боланинг онасини бегона қиз эмса, улар орасида эмикдошлик сабабли опа-сингиллик ёки опа-укалик пайдо бўлади. 2. Бир бола бегона аёлни эмса, аёлнинг туққан қизлари боланинг эмикдош опа-сингилларига айланади. 3. Бир бола ва бир қиз бошқа бир аёлни эмсалар ҳам, эмикдош ака-сингил бўлади. 4. Эмикдош аммалар. Бир ўғил бола бегона аёлни эмса, ўша аёлнинг эрининг опа-сингиллари унга эмикдош аммаларга айланадилар ва боланинг уларга уйланиши ҳаром бўлади. 5. Эмикдош холалар. Бир ўғил бола бегона аёлни эмса, ўша аёлнинг опа-сингиллари мазкур болага эмикдош холага айланадилар ва уларга уйланиши ҳаром бўлади. 6. Эмикдош ака-укаларнинг қизлари. Бола ўз онасини эмган бегона болалар билан, ўзини эмизган бегона аёлнинг болалари билан ва ўзи билан бирга бошқа бегона аёлни эмишган болалар билан эмикдош ака-укага айланадилар. Ана ўша эмикдош ака-укаларга бир-бирларининг қизларига уйланишлари ҳаром бўлади. 7. Эмикдош опа-сингилларнинг қизлари. Эмикдош опа-сингиллар ким эканлигини аввалда айтиб ўтдик. Уларнинг қизларига уйланиш ҳам ҳаромдир. 8. Эмикдошлик қайноналар. Бунда хотинининг эмизган онаси ва момоси кўзда тутилган. У хотинга ақди никоҳ қилиши билан, худди насаб жиҳатидан унга она ва момо бўлган аёллар унинг эрига ҳаром бўлганидек, аёлнинг эмикдошлик она ва момолари ҳам ҳаром бўладилар. Ақди никоҳ бўлса, бас. У хотин билан бирга яшамай туриб ажрашиб кетса ҳам, барибир. 9. Эмикдошлик бўйича ўгай она ва момолари. Бошқача қилиб айтганда, бир кишига уни эмизган аёлнинг эрининг бошқа хотинлари ва уларнинг оналари ҳам ҳаром бўлади. 10. Эмикдош фарзандларнинг хотинлари. Бир одамнинг аёли эмизган боланинг хотини унинг эрига ҳаром бўлади. Чунки бу ҳолда эмикдошлик ўғилнинг хотини, у эркакка эмикдошлик келин бўлади. Насабий келинга уйланиш абадий ҳаром бўлгандек, эмикдошлик келинга уйланиш ҳам абадий ҳаромдир. 11. Хотинининг эмизган қизи. Бир киши хотин олди. У киши бошқа эридалик чоғида бир қизни эмизган эди. Ўша қиз янги эрга эмикдошлик бўйича ўгай қиз бўлади. Агар эркак мазкур хотин билан эру хотин бўлиб, қовушиб яшаган бўлса, эмикдош ўгай қиз унга абадий ҳаром бўлади. Агар хотинга ақди никоҳ қилиб туриб, бирга яшамай туриб ажрашиб кетса, унинг эмизган қизига уйланса, бўлади. Зотан, насаб масаласи ҳам шунга ўхшаш. Эмикдош қариндошлар билан никоҳда бўлиш ҳаром қилинишининг тўла ҳикмати, бошқа ҳукмларнинг тўла ҳикмати каби, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум. Аммо бу ҳукмнинг ҳозирча бизга маълум ҳик­матлари ҳам бор. Гўдак фарзанднинг суяги ва эти она сути туфайли шаклланади. Бу, инсоннинг бутун вужудида эмган сутининг доимий таъсири бўлади, деганидир. Чунки суяк ва эт инсонда умр бўйи қоладиган ва ҳар лаҳзада вужудга ўз таъсирини ўтказиб турадиган нарсалардир. Ана шундоқ таъсирга эга бўлган бир хил сутдан эмиб катта бўлган кишиларнинг никоҳ алоқасида бўлишлари ўта зарарли бўлади. Уларнинг ўз соғ­лиқларига ҳам, улардан пайдо бўладиган зурриётга ҳам катта мусибат етказади. Бунинг устига, аёл киши гўдакни эмизганда унга фақат сутинигина ўтказмайди, балки меҳр-муҳаббатини, ўзидаги ҳис-туйғуларни, руҳий-маъна­вий ҳолатларини ҳам ўтказади. Ана шундоқ нарсаларда шерик бўлган кишиларнинг никоҳ алоқасида бўлишлари яхши эмас. Худодан юз ўгирганлар ҳам бу ҳақиқатни энди-энди тушуниб келмоқдалар. Она сутидаги хислатларни тан олмоқдалар. Бир куни келиб Исломнинг бу ҳукмини ҳам тан олишлари турган гап. Қудачилик асосида никоҳи абадий ҳаром аёллар: 1. Ўгай оналар. Буларга ўгай момолар ҳам қўшилади. Отасининг отаси ёки онасининг отаси никоҳига олган аёллар ҳаммаси киради. Бу ерда оталик ҳурматини сақлаш бор. Отасига хотин бўлган аёл боласига ўгай она бўлади. Отаси билан никоҳ алоқасида бўлган аёл ота билан ақди никоҳ қилиши билан ўғлига абадул-абад ҳаромга айланади. Қуръони Карим оятида («Нисо» сураси, 22-оят) бу иш қаттиқ қораланганидан ҳам билиб олса бўлаверади:

«Оталарингиз ўз никоҳларига олган аёлларни сиз ўз никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли. Бу иш, албатта, фоҳиша, ғазабнок иш ва қандай ҳам ёмон йўлдир!» 2. Фарзандларнинг хотинлари. Бунга ўғилларнинг ва ўғил набираларнинг хотинлари киради. Ўғил ва ўғил набиралар ўз пуштидан бўлса ҳам, эмикдошли орқали бўлса ҳам, ўғилнинг ўғли бўлса ҳам, қизнинг ўғли бўлса ҳам, барибир. Ўғил ва ўғил набирага хотин бўлган келинлар, ақди никоҳдан сўнг бевосита қайноталари ва катта қайноталарига абадий ҳаром бўлиб қоладилар. Чунки келин ҳам қиз кабидир. 3. Қайиноналар. Хотиннинг онаси ва ота ҳамда она томонидан бўлган момоси ҳам эрга абадий ҳаром бўладилар. Қизга ақди никоҳ бўлиши билан она ва момолар бевосита куёвга ҳаром бўлиб қолади. Аввало, қайноналар ҳам онадирлар. Муқаддас ҳисобланган никоҳ робитаси шарафидан улар ҳам она ўрнига ўтадилар. Иккинчидан, қайнонага унинг қизидан айрилиб туриб уйланиш мумкин бўладиган бўлса, она қизиникига кела олмайдиган бўлиб қолади. Қизи эрини ўз онасидан рашк қиладиган бўлиб қолади. 4. Ўгай қизлар. Яъни хотиннинг бошқа эридан бўлган қизи ҳам эрга ҳаром бўлади. Бунга ўгай қиз набиралар ҳам киради. Бу масалада Қуръони Каримда бошқа тоифалардан фарқли равишда алоҳида тафсилот келган: «...ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қара­моғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у (хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ...» Бир киши бир аёлга ақди никоҳ қилса-ю, бирга эру хотин бўлиб яшамай, қовушмай туриб у билан ажрашган бўлса, у аёлнинг бошқа эридан бўлган қизига уйланса, бўлади. Аммо она билан ақди никоҳдан кейин эру хотин бўлиб яшаган (қовушган) бўлса, унинг бошқа эридан бўлган қизига уйланиб бўлмайди. Чунки онасини хотин қилганидан кейин у аёлнинг қизи ҳам эркакка худди ўз қизидек бўлиб қолади. Агар онаси билан никоҳда бўлганидан кейин у билан ажрашиб қизини олиш мумкин бўлса, она билан қизнинг орасидаги алоқаларга футур етади. Она ўзининг иккинчи эрини бошқа эридан бўлган қизидан рашк қиладиган бўлиб қолади. Уламоларимиз шу маънодаги масалада бир қоида ишлаб чиққанлар. У қоидада: «Қизларга ақди никоҳ қилиш оналарни ҳаром қилади. Оналар билан қовушиш қизларни ҳаром қилади», дейилади. Баъзи уламолар, ушбу қоидага биноан, бир одам аёл киши билан фосид никоҳ орқали ёки зино йўли билан қовушган бўлса ҳам, ўша аёлнинг қизи у эркакка ҳаром бўлади, деганлар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қудачилик алоқа­лари туфайли баъзи аёлларнинг никоҳи абадий ҳаром қилиниши ҳам Ислом шариатининг бошқа ҳукмлари каби улкан ҳикматларга асослангандир. Аввало, қудачилик алоқалари Аллоҳ таоло томонидан берилган бир неъматдир. У орқали бир-бирига бегона кишилар қариндош бўладилар. Аллоҳ таолонинг номи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида ўрнатилган алоқанинг ўзига яраша ҳурмат- эҳтироми бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Исломда қудачилик алоқаси керакли нуқталарда насаб алоқасига тенглаштирилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида: «Қудачилик яқинлиги ҳам худди насаб яқинлиги кабидир», деганлар. Шунга кўра, насаб йўли билан қайси тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром қилинган бўлса, қудачилик йўли билан ҳам худди ўша тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром қилинган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Насабдан етти ва қудачиликдан ҳам етти (тоифа аёл) ҳаром қилинди». Бухорий ривоят қилган. Шу билан бирга, қудачилик туфайли никоҳни ҳаром қилиш йўли билан, шак-шубҳалардан холий бўлган ҳолда қариндошлик алоқаларини ривожлантиришга йўл очилган. Никоҳи вақтинчалик ҳаром қилинган аёллар: Бу ҳолда эр киши учун маълум бир аёлга уйланиш маълум бир сабабга биноан вақтинчалик ҳаром бўлади. Агар ўша сабаб йўқ бўлса, у аёлга уйланса бўлаверади. Никоҳи вақтинчалик ҳаром бўлган аёллар қуйидагилар: 1. Ўзи уч талоқ қилган аёл. Эр киши ўз аёлини бир талоқ ёки икки талоқ қилса, қайтадан ярашса, бўлади. Аммо уч талоқ қилгандан кейин ўша эр учун у аёл вақтинчалик ҳаромга айланади. Қуръони Каримнинг ҳукмига биноан, у аёл бошқа эрга тегиб, табиий ҳолатда, яъни ўлим ёки талоқ туфайли ажрашгандан кейингина биринчи эрга никоҳи ҳалол бўлади. Бунинг учун, албатта, иккинчи эр билан эру хотин бўлиб яшаши шарт. Иккинчи эр жинсий алоқага қодир бўлмаса, аёл қайтадан биринчи эрга ҳалол бўлмайди. Никоҳ тўғри никоҳ бўлиши ҳам шарт қилинган. 2. Эри бор аёл. Эри бор аёлнинг ҳам, модомики, эр билан никоҳ алоқаси бор экан, бошқа эркак учун никоҳи ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло эрли аёлларга уйланиш мумкин эмаслигини Қуръони Каримда баён қилган: «Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди)» («Нисо» сураси, 24-оят). Эри бор аёлга никоҳ маъносида кўз тикиш ҳам жоиз эмас. У бировнинг ҳаққи ҳисобланади. Бу иш бировнинг ҳаққига нисбатан тажовузкорлик ҳисобланади. Агар ушбу ҳукм бўлмаса, оилаларнинг тинчи қолмайди. Насаблар аралашиб кетади. 3. Идда ўтирган аёл. Эридан талоқ ёки вафот туфайли ажраб, идда ўтирган аёлга уйланиш ҳам ҳаром. Бундай аёлга ҳатто совчи қўйиш ҳам ҳаром экани маълум. Бу ҳолда аввалги эрнинг ҳурматидан ўтирилаётган идда чиққунча кутиб туриш керак бўлади. Идда ўтирган аёлга уйланувчи одам, аввало, ўша ҳурматни оёқости қилган бўлади. Идда ичидаги аёл аввалги эридан ҳомила бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун ҳам идда ўтирган бўлади. Иддадаги аёлга уйланган одам наслу насабнинг бузилишига ҳам сабаб бўлади. 4. Самовий динга эътиқод қилмайдиган аёл. Бу гап мусулмон киши учун муслима, масиҳия ва яҳудия аёлдан бошқа аёлга уйланиб бўлмаслигини билдиради. «Самовий дин» деганда, Ислом, масиҳий ва яҳудий динлари тушунилади. Бошқа ҳар қандай динга эътиқод қилган ёки динсиз бўлган ҳеч бир хотинга уйланиб бўлмайди. Шунингдек, Исломдан юз ўгирган, муртад аёлга ҳам уйланиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мушрика аёлларга, то улар иймонга келмагунларича, уйланмасликни мусулмонларга қаттиқ тайинлаган: «Мушрика аёлларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг» («Бақара» сураси, 221-оят). Албатта, бу ҳукм ҳам беҳикмат эмас. Мушрика асл мусулмон кишига хотин бўлиши жуда ҳам қийин. Чунки ақидадаги ихтилоф катта ихтилофдир. Хотин киши доимо эрига таъсир ўтказиб туради. Бу эса мусулмон киши учун ўта хавфлидир. Самовий китоби йўқ, турли бидъат-хурофотларга эътиқод қиладиган, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули, қиёмат, савоб ёки гуноҳ каби тушунчалардан йироқ аёл билан бир ёстиққа бош қўйиш турли-туман муаммоларни келтириб чиқаради. Болалар масаласида ҳам мушкулотлар келиб чиқади. Бундай никоҳ туфайли эру хотин орасида тотувлик, хотиржамлик ва ўзаро ёрдам юзага чиқиши қийин. Эътиқоддаги ихтилоф доимо ўзини кўрсатиб туради. Икки томон доимо бир-биридан чўчиб, ўзи ёқтирмаган ҳолни кутиб туради. Аллоҳ таолога, Расулуллоҳга, қиёматга, ҳисоб-китобга ва шу каби нарсаларга иймони йўқ ёки нотўғри эътиқоддаги аёлдан яхшилик кутиб бўлмайди. У ҳар лаҳзада хиёнат қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мушриклар билан никоҳ алоқаси ўрнатмаслик ҳақидаги амр келган оятдан кейинги оятда «Ана ўшалар дўзахга чақирурлар», деган. Демак, мушрикага никоҳланиш билан мусулмон эркак дўзахга бўлган даъватга яқинлашган бўлади. Шунинг учун «мусулмонман» деган одам бу ишни хаёлига ҳам келтирмаслиги керак. Аллоҳ таоло мусулмонларга ғайридин аёллардан фақат масийҳий ва яҳудий динига эътиқод қиладиганларига уйланишга рухсат берган, холос. Аллоҳ таоло: «Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Мўминаларнинг афифалари ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афифалар ҳам», деган. Шу ҳукмга биноан, баъзи саҳобаи киромлар ҳам аҳли китоб – масиҳия ва яҳудия аёлларга уйланганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Ноила бинти ал-Фироза ал-Калбия исмли масийҳия аёлга уйланганлар. У аёл кейин ҳазрати Усмон билан яшаб туриб мусулмон бўлган. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ҳам Мадоин шаҳрилик яҳудия аёлга уйланганлар. Чунки масийҳий ва яҳудий динидаги аёларнинг ҳам Аллоҳга, илоҳий китобга, Набийларга, қиёматга, ўлгандан кейин қайта тирилишга, ҳисоб-китобга ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларга иймони бўлади. Бу маънолар уни бошқалардан кўра Исломга яқинлаштиради. Шунинг учун мусулмон эри билан яхшиликда яшаши мумкинлигига умид қилинади. Шу билан бирга, барча мазҳаблар бўйича ҳам бундоқ никоҳ макруҳ ҳисобланади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўз даврларида аҳли китоб аёлларга уйланган кишиларга уларни талоқ қилишни амр қилганлар. Кишилар, нима, уларга уйланиш ҳаромми, деб сўрашганда, «Йўқ, лекин мен улардан бузуқларига кўнгил бериб кетишингиздан қўрқдим», деганлар. Ака-ука ва опа-сингилларнинг болалари бир-бирлари билан никоҳланишига шариатда рухсат бор. Аммо бегонадан бўлиши афзаллиги таъкидланади. Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлаганлар: 1. Диндорлик. 2. Серфарзандлик. Бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади. 3. Аввал турмуш қурмаган бўлиши. 4. Диндор ва қаноатли оиладан бўлиши. 5. Ҳасаби-насаби яхши бўлиши. 6. Ҳуснли бўлиши. Эрнинг кўнгли тўқ бўлади. Муҳаббат қўяди. Бошқаларга қарамайди. 7. Қариндошлардан бўлмаслиги. Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиши эҳтимоли кучли. Яна, Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига футур етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўлса, болалар соғлом туғилиши эҳтимоли кўпроқ бўлади. Куёв-келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўладилар, ижтимоий алоқалар ривожланади. Валлоҳу аълам.
Мавзуга оид мақолалар
     Икки амалиёт бор. Биз уларни Аллоҳнинг Китобида ўқиймиз. Уларнинг бирига Аллоҳ Ўзининг олий Зотини давоми...

11:00 / 23.02.2017 6474
«Қудрати ва шарафи чексиз Аллоҳ иймон келтирган қулларини уларнинг хулқидан исёнкорликни кетказиш, давоми...

18:53 / 01.02.2017 10309
Қизғин тарзда ўтаётган ҳадис мусобақасида тушлик ва жума намози сабабли танаффус эълон қилинди. Шу давоми...

17:51 / 04.05.2018 2907
Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг оталари исми Ҳорис ибн Ҳазн ибн Бужайр ибн Ҳазм ибн Рувайбаҳ ибн давоми...

14:34 / 15.03.2017 3903