Ҳадис №5: Ёмонлик ва бидъатларни рад этиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Уммул мўминин Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки динимизда асли йўқ бўлган нарсани пайдо қилса, у, албатта, рад этилур».

Имом Муслимнинг ривоятида:

«Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у, албатта, рад этилур».

 Бухорий ва Муслим ривоятлари.

  Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

 Бу ҳадис Ислом динининг асл қоидаларидан биридир. «Амаллар ниятлар биландир» ҳадиси амалларнинг ички – ботиний тарафи учун мезон ҳисобланиб, агар Аллоҳ толо розилиги мақсад қилинмаган бўлса, ҳеч бир амал учун ажр-савоб йўқ эканлигини англатади. Бу ҳадис амалларнинг зоҳирий тарафи учун мезон ҳисобланади ва ҳар қандай амал, агар Аллоҳ ва Расулининг амри бўлмаган бўлса, қилган кишининг ўзига қайтарилажагини ҳамда кимки динда Аллоҳ ва Расули изн бермаган нарсаларни пайдо қиладиган бўлса, Ислом дини ундан пок эканлигини англатади.

Имом Нававий айтадилар: «Ушбу ҳадисни ёддан билиш ва мункар ишларни қайтаришда уни далил қилиб келтириш керак».

Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: «Бу ҳадис энг сермазмун қоидалардандир. Бирор далилдан шаръий ҳукмни чиқариб олишдан аввал ўша далилни шу қоида асосида текшириб кўриш лозим».

  Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

 1. Ислом дини фақат бўйсуниш ва эргашишдир, унда янгича нарсаларни пайдо қилиш мумкин эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу қисқагина ҳадис билан Исломни «ғулув»га кетувчилардан, яъни динда чуқур кетиб, одамларга Исломни мураккаб қилиб кўрсатиб қўювчилардан ҳамда ботилга эргашувчилардан, яъни Исломга бидъат таълимотларни олиб кирувчилардан ҳимоялаб қўйдилар. Шунинг учун бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган оз сўзлар билан кўп маъноларни ифодалай олиш мўъжизасига бир намуна саналади.

Қуръони Каримда ҳам ҳақиқий ютуқ ва нажот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига ҳеч нарсани қўшмасдан ҳамда чуқурлашмасдан эргашишда эканлигига ишора қилувчи оятлар талайгина бўлиб, ушбу ҳадис шу оятларнинг хулосасидир. «Айтинг: «Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ Ғафур ва Раҳим Зотдир». (Оли Имрон сураси, 31-оят); «Албатта, мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, шу йўлгагина эргашинглар! Бошқа йўлларга эргашмангизки, у сизларни Унинг йўлидан узиб қўяди» (Анъом сураси, 153-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп хутбаларида қуйидаги сўзларни айтганлари ривоят қилинади: «Сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китобидир, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлларидир, ишларнинг энг ёмони кейин пайдо қилинган нарсалардир. Зеро, ҳар бир кейин пайдо қилинган нарса бидъатдир, ҳар қандай бидъат эса залолатдир». (Муслим ривоятлари).

Имом Байҳақий ривоятларидаги ҳадисда эса худди шу сўзлардан кейин қўшимча: «Ҳар қандай залолат эса дўзахдадир» лафзи ҳам ворид бўлган.

 2. Рад этиладиган амаллар.

Мазкур ҳадис шоре (Аллоҳ ва Расул) тарафидан буюрилмаган ҳар қандай амал рад этилишига очиқ ҳужжатдир. Унинг мазмунидан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:

Барча амаллар шариат аҳкомлари билан чегаралаб қўйилгандир.

Барча амалларга мукаллаф бандалардан содир бўлаётган ишлар сифатида Аллоҳ таолонинг китобида ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ворид бўлган буйруқлар ва қайтариқлар асосида ҳукм берилади.

Амаллар шаръий аҳкомлар доирасидан чиқиб кетиши ва улар билан чекланмаслиги мумкинмас. Биз ҳар қандай амал борасида шариат берган ҳукмни тан олмоғимиз лозим. Амалларни шариат устидан ҳоким қилиш эса очиқ залолатдир.

Қачонки одамлар ўзларига ёқиб қолган амал билан шариат устидан ҳукм чиқармоқчи бўлсалар, ҳар бир мусулмон бундай амални ботил деб билмоғи ва уни кескин рад этмоғи лозим.

Рад этилиши лозим бўлган амаллар икки турли бўлиши мумкин:

Биринчи. Бу турдаги амаллар ибодатларда бўлади. Қайси бир ибодат Аллоҳ ва Расули ҳукмидан четга чиқадиган бўлса, у, албатта, эгасига қайтарилажак мардуд амалдир.

Аллоҳ Макка мушриклари ҳақида айтади: «Ёки уларнинг диндан Аллоҳ таоло изн бермаган нарсаларни ҳам шариатга киргазиб берувчи шериклари борми?..» (Шўро сураси, 21-оят).

Иккинчи. Рад этилиши лозим бўлган амалларнинг иккинчи тури муомалалардадир.

Шариатга буткул зид бўлган ҳар қандай шартнома ва келишув ботил ҳисобланади ва ўз эгасига қайтарилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида содир бўлган қуйидаги воқеа бунга далилдир. «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: «Менинг ўғлим фалончининг хизматини қилар эди. Ўша кишининг аёли билан зино қилиб қўйибди. Ўғлимни ундан юзта қўй ва бир қул эвазига жазодан қутқариб олдим»,– деб фатво сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Юзта қўйинг билан қул ўзингга қайтарилади. Ўғлингга эса юз дарра урилиб, бир йилга сургун қилинади»,– дедилар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 3. Мақбул амаллар.

Динда кейинчалик пайдо қилинган амаллар орасида шариат аҳкомларига зид келмайдиган, балки шаръий далил ва қоидалар уларни қувватлайдиганлари ҳам бор. Бундай амаллар мақбул ва мақтовга сазовор амаллар ҳисобланади. Саҳобаи киромлар ҳам шу каби амалларни жоиз санаганлар. Бу эса улар тарафидан ижмо деб эътироф этилади. Сўзимизга энг ёрқин мисол Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврларида Қуръони Каримнинг яхлит китоб шаклида жамланиши ва Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларида шу китобдан нусхалар кўчирилиб, турли ўлкаларга қорилар билан тарқатилишидир. Бундан ташқари, наҳв (синтаксис), фароиз (мерос илми) ва тафсир каби диний фанларнинг алоҳида китоб қилиб жамланиши, ҳадис иснодлари ва матнлари ҳақида баҳс юритувчи илмлар ва шу каби Ислом шариатининг асосий манбалари ҳисобланувчи бошқа назарий билимларнинг яратилиши ҳам таҳсинга сазовор янгиликлардандир. Жамият ривожи ва уммат ислоҳи учун зарур бўлган барча дунёвий илмлар ҳам ана шу қоида доирасига киради.

4. Ёмон бидъат ва яхши бидъат.

Юқорида айтиб ўтганларимиздан сўнг қуйидаги хулосага келамиз:

Динда кейинчалик пайдо қилинган амалларнинг Аллоҳ шариатига хилоф бўлганлари ёмон бидъат ва очиқ залолатдир.

Кейин пайдо бўлган амалларнинг шариат доирасидан чиқмаган, унга мувофиқ келганлари мақбул ва мақтовга сазовордир. Уларнинг баъзилари мандуб ё мустаҳаб бўлиши, баъзилари эса ҳатто фарзи кифоя бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун имом Шофеий айтадилар: «Қуръони Каримга, саҳиҳ суннатга, саҳобаи киромлар ижмосига ёки улардан ворид бўлган саҳиҳ асарга зид равишда пайдо қилинган ҳар қандай янгилик бидъат ва залолатдир. Аммо мазкур манбаларга зид келмайдиган бирон хайр-яхшилик пайдо қилинса, у, албатта, мақтовга сазовор «бидъат» – янгиликдир».

Ёмон бидъатлар ичида фақатгина макруҳ бўлганлари ҳам бор. Аммо фақат зарар ва фасод келтирадиган ҳамда Исломнинг асл мақсадлари ва аҳкомларига зид бўлган бидъатлар ҳаром қилингандир. Таъкидлаб ўтиш лозимки, бундай бидъатлар кишини очиқ залолатга, қинғирликка ва ҳатто куфрга ҳам етаклайди. Чунончи, илоҳий ваҳийни ва Аллоҳ шариатини инкор этувчи, шариат соясида ҳаёт кечиришни қолоқлик ва заифлик деб билувчи, инсон ўйлаб чиқарган қонунларни ҳоким қилишни талаб этувчи ҳайъатлар ва жамоаларга аъзо бўлиш ҳам одамни куфрга олиб кириб кетиши мумкин.

Шунингдек, сўфийликни даъво қилиб, шаръий ибодатларга эътиборсиз бўлган, Аллоҳ таолонинг ҳалол ва ҳаром учун қўйган ҳудуд-чегараларига риоя қилмасликка журъат этадиган, «Аллоҳ таоло бутун борлиқ билан бирлашиб кетган» ҳамда «Аллоҳ таоло хоҳлаган махлуқнинг вужудига кириб олиши мумкин» деган куфрона тушунчаларга эътиқод қиладиган жамоаларга қўшилишнинг ҳукми ҳам шундай.

Ҳозирда кўпчилик орасида тарқалган бидъатлардан яна бири қандайдир булоқ, дарахт, мозор каби нарсаларни улуғлаш, табаррук санаш ва уларни фойда ёки зиён келтиришга қодир деб эътиқод қилишдир.

Мушриклар бир сидр дарахтини улуғлашар ва унга қурол-аслаҳаларини осиб қўйишар эди. Шунинг учун улар бу дарахтни Зоти анвот (қуроллар осиладиган дарахт) деб аташарди. Ҳунайн жангидан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар билан бирга ўша сидр дарахти олдидан ўтиб қолдилар. Шунда саҳобалар:

— Ё Расулуллоҳ, анавиларда Зоти анвот бўлгани каби, бизга ҳам Зоти анвот қилиб беринг! – дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

— Аллоҳу акбар!.. Бу Мусо алайҳиссаломга қавми айтган гапнинг ўзгинаси-ку! Улар: «Анавиларнинг илоҳлари бўлгани сингари, бизларга ҳам бир илоҳ қилиб беринг!» дейишган эди ,– дедилар. Сўнгра, қўшиб қўйдилар: – Сизлар жоҳиллик қилаётган қавмсизлар, ҳали сизлардан аввал ўтган қавмлар йўлига изма-из эргашасизлар...

 5. Имом Муслим ривоятларида келган: «Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у, албатта, рад қилинур» лафзининг маъноси.

Баъзи кишилар ўзлари бидъат ўйлаб чиқармасалар-да, бошқалар чиқарган бидъатларни қилиб юрадилар. Бундайларга Имом Бухорийнинг «Кимки динимизда асли йўқ бўлган нарсани пайдо қилса...» ривоятини келтирсангиз, саркашлик билан: «Буни мен пайдо қилганим йўқ, шунинг учун қилавераман», - дея жавоб бериши мумкин. Шунда унга Имом Муслимнинг «Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у рад қилинур» ривоятини келтирсангиз, бидъатчи учун узр-баҳоналарга ўрин қолмайди.

 6. Ҳадиснинг мазмунидан қуйидаги нарса маълум бўлади:

Ким Ислом шариатига мувофиқ бўлмаган бирон бидъатга асос солса, бошқаларнинг гуноҳи унинг зиммасига юкланади, амали ўзига қайтарилади ва Аллоҳ Таолонинг азоби ваъда қилинган кишилар қаторига киради.

 7. Ҳадис мазмунидан қуйидаги фиқҳий қоида ҳам келиб чиқади:

Бирон амалдан қайтариш шу амал бажарилган тақдирда, унинг фосид саналишини ва эътиборга олинмаслигини билдиради.

 8. Ислом дини комил ва бенуқсон диндир.

Мавзуга оид мақолалар

03:48 / 26.11.2016 3567
Муборак Рамазон ойининг кириб келишига ҳам бир ойдан оз муддат қолди. Ушбу мақолада биз Рамазонга ва рўза давоми...

16:54 / 20.04.2019 2077
Рамазон мағфират ойидир. Қанчаданқанча рамазонлар ўтиб кетади, бироқ кўплаб инсонлар ундан давоми...

19:02 / 24.12.2016 3219