Ҳадис №6: Ҳалол ва ҳаром
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Абдуллоҳ Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим: «Дарҳақиқат, ҳалол нарсалар аниқдир, ҳаром нарсалар ҳам аниқдир. Иккисининг ўртасида эса шубҳали бўлган нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди. Бас, кимки шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини ҳам, номус-обрўсини ҳам покиза асраб қолади.

Бунинг мисоли бировнинг қўрғони атрофида сурувни ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайди. У қўйларининг бехосдан ўша қўрғонга ҳам кириб кетишидан омонда бўлмагани сингари, шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмаган киши кейинчалик ҳаромга ҳам аралашиб қолади. Огоҳ бўлинг: ҳар бир подшонинг қўрғони бўлади! Огоҳ бўлинг: Аллоҳнинг қўрғони Унинг ҳаром қилган нарсаларидир! Огоҳ бўлинг: жасадда бир парча гўшт борки, агар у соғлом бўлса, бутун жасад соғ-саломат бўлади! Агар у айниса, жасаднинг қолган қисми ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг: у парча гўшт – қалбдир»!

Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 ***

 Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

 Шубҳасиз, бу улуғ ҳадис Исломнинг асосини ташкил этадиган ҳадислар қаторига киради. Бир гуруҳ олимлар бу ҳадисни Исломнинг учдан бири деб васфлаганлар. Имом Абу Довуд эса уни Исломнинг тўртдан бири деб атаганлар. Лекин ҳадиснинг мазмунига чуқурроқ разм солган киши унда Исломнинг деярли барча жиҳатлари қамраб олинганига гувоҳ бўлади. Чунки у ҳалол-ҳаромни, шубҳали бўлган нарсаларни ҳамда қалбни ислоҳ қилувчи ва уни бузувчи омилларни баён қилади. Бу эса шариат аҳкомларини, унинг асосий қоидаларини ҳамда шу қоидалардан келиб чиқадиган бошқа аҳкомларни билишни тақозо этади. Ушбу ҳадис тақво негизи бўлган шубҳадан йироқ юриш масаласида асос ҳисобланади.

  Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

 1. Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам аниқ. Аммо у иккисининг ўртасида шубҳали нарсалар бор.

Имом Нававий ушбу ҳадис шарҳида айтадилар: «Нарсалар уч қисмга бўлинади:

— Ҳалоллиги очиқ-равшан бўлган нарсалар, масалан, нон емоқ, гапирмоқ, юрмоқ каби.

— Ҳаромлиги очиқ-равшан бўлган нарсалар, масалан, ароқ ичиш, зино қилиш каби.

— На ҳалоллиги ва на ҳаромлиги аниқ бўлган иштибоҳли нарсалар. Уларнинг ҳукмини кўпчилик билмайди. Уламолар эса оят-ҳадис ҳужжати билан ёки қиёс орқали уларнинг ҳукмини биладилар. Демак, бирон нарсанинг ҳалол ёки ҳаром эканлигида иштибоҳ туғилса ва бу борада оят-ҳадисдан ва ижмодан далил топилмаса, мужтаҳид олим шу мавзуда ижтиҳод қилиши ва шаръий далил билан ўша ноаниқ нарсани ҳалолга ёки ҳаромга нисбатлаб бериши лозим бўлади».

Ҳалол-ҳаромлиги ноаниқ бўлган нарсалардан йироқ юриш кишининг тақвосига далолат қилади. Мисол учун молига рибо пули аралашганлиги эҳтимол қилинган киши билан пул муомаласи қилиш аслида мубоҳ бўлса-да, тарк қилинмоғи афзалдир.

Аммо тақво қилиш даъвоси билан аслида ҳаром бўлиши эҳтимоли жуда ҳам йироқ бўлган нарсалардан-да тийилиб, васвасага тушиш нотўғри. Бундай қилиш тарк қилинмоғи афзал бўлган шубҳалар жумласига кирмайди. Мисол учун, ҳеч бир ҳужжатга эга бўлмай туриб, биронтасига уйлансам-у, келин менга номаълум тарафдан маҳрам бўлиб чиқса, нима қиламан, деб қўрққанидан уйланмай юриш ёки нажосат аралашган бўлса-чи деб, чўлда топилган сувни истеъмол қилмаслик каби «эҳтиёткорликлар» тақводан эмас, балки шайтоний бир васваса, холос.

  2. Иштибоҳли нарсалар ҳам ўз навбатида бир неча хил бўлади.

Ибн Мунзир иштибоҳли нарсаларни уч қисмга бўлганлар:

Биринчи ҳолатда киши бир нарсанинг ҳаромлигини аниқ билади-ю, кейинроқ у ҳалол бўлиши ҳам мумкин деган эҳтимол пайдо бўлади. Шунда у нарса ҳалол бўлиб қоладими? У ҳолда ўша нарсанинг ҳалоллиги аниқ бўлмагунга қадар, унга яқинлашмаслик лозим. Масалан, олдимизда бирини мўмин киши, иккинчисини эса бутпараст сўйган икки гўшт турган бўлса, биз қай бири бутпарастники, қайсиниси мўминники эканлигини аниқ билмай шубҳаланаётган бўлсак, аниғини билмагунча ундан истеъмол қила олмаймиз.

Иккинчи ҳолатда эса бир нарса аниқ ҳалол бўлади, кейин эса унинг ҳаром бўлиш эҳтимоли пайдо бўлиб қолади. Масалан, киши ўзининг ҳалол хотинини талоқ қилган-қилмаганлигида шубҳаланиб қолса, таҳорат қилгани аниқ эсида бўла туриб, кейин таҳоратини бузган-бузмаганлиги эсидан чиқиб қолса, нима қилинади? Бу ўринларда ҳалоллиги аниқ бўлган нарсани юқоридагидек асоссиз шубҳа-гумонлар билан ҳаромга ҳисоб қилинмайди, яъни унинг хотинига талоқ тушмайди ҳамда таҳоратсиз бўлиб қолмайди.

Учинчи ҳолатда эса киши бир нарсанинг ҳаромлигида ҳам, ҳалоллигида ҳам баробар даражада шубҳаланиб қолади. Бундай ҳолатларда қаердан келиб қолгани номаълум бўлган хурмо донасини кўрганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганларидек, шубҳали нарсадан эҳтиёт бўлмоқлик авлороқдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Гоҳида мен аҳли аёлим ҳузурига кирганимда, тўшагим устида ётган хурмога кўзим тушиб, уни емоқчи бўлиб қўлимга оламан-да, кейин унинг закот ёки садақа молларидан бўлиши мумкинлигидан қўрқиб, ташлаб юбораман». (Бухорий, Муслим ривоятлари).

  3. Шубҳалардан йироқ бўлиш ҳақида салафлардан қилинган нақллар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Комил тақво – банданинг Аллоҳ таолодан ҳатто заррача нарса хусусида ҳам қўрқмоғи ва ўзи билан ҳаром ўртасига тўсиқ қўйиш мақсадида ҳаром бўлиши эҳтимолидан қўрқиб, баъзи ҳалол нарсаларни ҳам тарк қилмоғидир».

Ҳасан Басрий айтадилар: «Тақводор кишиларда тақво шу даражага бориб етадики, улар ҳаромдан қўрққанлари боис, кўпгина ҳалол нарсалардан ҳам тийилиб турадилар».

Суфён Саврий айтадилар: «Тақводор кишилар одатда тақво қилинмаса ҳам бўлаверадиган масалаларда ҳам ўзларини тийганликлари боис тақводор деб номландилар».

 Ибн Умар розияллоҳу анҳудан: «Мен ўзим билан ҳаром нарсалар ўртасида аслида ҳалол нарсалардан иборат бир парда қўйиб, уни ҳеч қачон бузмасликни хоҳлар эдим».

Суфён ибн Уяйна айтадилар: «Банда токи ўзи билан ҳаром ўртасида ҳалолдан бўлган бир тўсиқ қўймагунича ҳамда гуноҳ ва шубҳали нарсаларни ҳам тарк қилмагунича иймон ҳақиқатига эриша олмайди».

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан собит бўлишича, у киши бир марта билмаган ҳолда шубҳали нарсани еб қўйганлар. Сиддиқ разияллоҳу анҳуга ҳалиги нарсанинг шубҳали эканлиги айтилгач, дарҳол бармоқларини оғзиларига тиқиб, қайт қилиб ташлаганлар.

Иброҳим ибн Адҳамдан:

— Замзам сувидан ичмайсизми? – деб сўрадилар. Шунда у киши:

— Агар ўзимнинг идишим бўлганида, ичардим, – дея жавоб бердилар.

Бу билан у киши ўша идишларнинг ҳаммаси султоннинг молидан эканлигига, султоннинг молига эса баъзи мўминлардан зулман олиб қўйилган моллар ҳам аралашганлигига ишора қилган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан Аллоҳ рози бўлсин, уларга чиройли суратда эргашган салафларни ҳам Аллоҳ раҳмат қилсин. Улар ҳар қандай шубҳадан йироқ бўлдилар ва динларини пок сақладилар.

 4. Ҳар қандай подшонинг ўз қўрғони бор, Аллоҳнинг ердаги қўрғони У ҳаром қилган нарсаларидир.

Ҳадисда бу масала зикр қилинишидан мақсад, одамлар кўра оладиган ва сезги аъзолари ёрдамида билишлари мумкин бўлган нарса мисолида улар кўра олмайдиган, улар идрокидан ташқарида бўлган бошқа нарсани баён қилишдир.

Қадимда араб подшолари ўзларига тегишли чорва молларини боқиш учун алоҳида яйловлар ажратиб қўйганлар ва у ерга бошқалар киришини тақиқлаганлар. Ўз-ўзидан маълумки, подшонинг тақиқидан қўрққан киши чорваларини унинг яйловига кириб қолишидан чўчиб, уларни узоқроқда ўтлатишни афзал кўради. Огоҳлантиришларга эътибор бермаган киши эса подшо яйловларига бемалол яқинлашиб, уларнинг шундай ён-верида молларини ўтлатиб юраверади ва охир-оқибат ўзи истамаган ҳолда моллари подшо яйловларига кириб қолади. Натижада у жазога тортилади.

Аллоҳ субҳанаҳунинг ҳам ерда шундай қўрғони бўлиб, у маъсиятлар ва тақиқланган ишлардан иборат. Шунинг учун ким бирон маъсият ёки ҳаром иш қилиб қўйса, дунё ва охиратда Аллоҳнинг жазосига учрайди. Ким шубҳали амалларни қилиб юриш билан бу қўрғонга яқинлашадиган бўлса, тез орада ҳаромга кириб қолиши ҳам мумкин.

  5. Қалб салоҳияти.

Юрак инсон жисмидаги энг муҳим аъзо бўлгани боис, жасаднинг саломат бўлиши кўп жиҳатдан унга боғлиқдир. Бунга тиббий жиҳатдан ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Инсоннинг тириклиги юрак билан боғлиқ. Модомики, юрак мунтазам равишда барча аъзоларга қон ҳайдаб турар экан, инсон соғ-саломат бўлади.

«Ақл аслида юракда бўлади, инсон миясидаги ақл ҳам аслида юракдаги ақлдандир» деган тушунчага шофеийлар айни ҳадисни далил келтирганлар. Бу сўзларига улар қуйидаги оятни ҳам ҳужжат қилганлар: «...Уларнинг қалблари ҳеч нарсани англамайди...» (Аъроф сураси, 179-оят).

 Файласуф ва мутакаллим олимлардан ҳам шунга ўхшаш нақллар ривоят қилинган. Аммо Абу Ҳанифа мазҳабларига кўра ақл миядадир. Табиблар ҳам шундай дейишади. Бунга улар қачон инсон мияси ишдан чиқса, унинг ақлдан озишини ҳужжат қилиб келтирганлар. Тиббиёт ва анатомия илмидан ҳозиргача маълум бўлиб турган нарса шуки, бевосита фикрлаш манбаси мияда жойлашган. Негаки барча сезги аъзолари миядан содир бўлаётган буйруқларга биноан ишлайди.

Лекин юрак барча аъзолар, жумладан мия ҳаёти учун ҳам бирдан-бир асл манба бўлиб қолаверади. Демак, ҳадис тананинг ҳам, фикрнинг ҳам салоҳиятли бўлишини қалбга боғлаган экан, уни ўша асл манбага боғлагандир. Юқоридаги оятда ақлнинг қалбда деб ишора қилинишига келсак, мия фикрлашнинг тўғридан-тўғри, яқин манбаси бўлиши билан бир қаторда, юрак ҳам унинг узоқроқда жойлашган манбасидир.

Ушбу ҳадисда қалбнинг маънавий салоҳияти назарда тутилган бўлиб, унинг маъноси киши кўнглининг Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билолмайдиган энг ичкари жойларидан бошлаб салоҳиятли бўлиши демакдир. Ибн Мулаққиннинг «Ал-Муин ало тафаҳҳуми Арбаин» китобида шундай ворид бўлган:

 «Қалбнинг салоҳияти беш нарсададир:

1) Қуръонни тадаббур билан ўқиш;

2) қоринни бўшроқ тутиш (овқатни кўп емаслик);

3 ) тунда қоим бўлиб, намоз ўқиш;

4) саҳарда Аллоҳга дуо-тазарруъ қилиш;

5) солиҳ кишилар суҳбатида бўлиш».

Мен шунга яна бир нарсани – ҳалол луқмани ҳам қўшган бўлардим. Менимча, ана шу нарса барча салоҳиятнинг аслидир. Таомни уруғ десак, амал унинг мевасидир. Агар таом ҳалолдан бўлса, у ҳалол ишлар тарзида мева беради, ҳаромдан бўлса, унинг меваси ҳам ҳаром ишлар бўлиб униб чиқади. Агар таом иштибоҳли бўлиб кирса, шубҳали ишлар тарзида униб чиқади.

Саломат қалб Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида нажот топиш аломати ҳамдир. «У шундай кунки, унда на мол-давлат ва на фарзанд-зурриётлар ёрдам берур. Магар Аллоҳ ҳузурига саломат қалб билан келган кишигина нажот топади». (Шўро сураси, 88-89-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам дуоларида шундай дер эдилар: «Парвардигоро, сендан саломат қалб беришингни сўрайман».

Имом Нававий айтадилар: «Қалбнинг саломат бўлиши – хиёнат, адоват, ҳасад, хасислик, бахиллик, кибр, ўзгалар устидан кулиш, риё, сумъа, макр, ҳирс, тамагирлик, тақдирдан норози бўлиш каби ички иллатлардан саломат бўлиш билангина ҳосил бўлади». Ибн Ражаб айтадилар: «Саломат қалб ҳамма офат ва ёмонликлардан соғ бўлган қалб деганидир. Бу эса Аллоҳга муҳаббат билан тўлган, Унинг Ўзидан ҳам, Ундан узоқлаштирадиган ҳар қандай амалдан ҳам қўрқишдан бошқа нарса қолмаган қалб демакдир». Ҳасан Басрий бир кишига айтдилар: «Қалбингни даволагин. Зеро, Аллоҳ ўз бандаларидан талаб қилган нарсаси улар қалбларининг саломат бўлишидир».

Қалбнинг фаолияти ўнгланса, қолган аъзолар фаолияти ҳам ўнгланади. Агар қалб солиҳ бўлиб, унда Аллоҳ суйган ишлардан бошқа нарсанинг муҳаббати қолмаса, қолган аъзолар ҳам Аллоҳ таоло ирода этгандан бўлак ишларга ҳаракат қилмайди, Унинг ризосигагина интилади, У ёмон кўрган нарсалардан тийилади. Ҳатто банда Аллоҳ таолонинг бир нарсани ёмон кўришини аниқ билмаса ҳам, У ёмон кўрган ишлар жумласидан бўлиб қолиш эҳтимолидан қўрқиб, ундан узоқлашади.

 6. Бу ҳадис мўмин кишини ҳалолга, ҳаромдан узоқлашишга, шубҳали нарсаларни тарк қилишга, дини ва обрўсини пок сақлашга, одамларда ёмон гумон уйғотиши мумкин бўлган амаллардан ўзини йироқ тутишга ва гуноҳларга аралашиб қолмасликка ундайди.

 7. Бу ҳадис маънавий қувватларни кучайтиришга, нафсни ичкаридан ислоҳ қилишга бўлган чақириқдир.

 8. Бу ҳадис ҳаром ишларга олиб борадиган баҳоналарнинг олдини олишга ундайди.

Мавзуга оид мақолалар
САУДИЯ АРАБИСТОНИ ТАРИХИДА 1 МАРТА АЁЛ КИШИ ДЕПУТАТ ЭТИБ САЙЛАНДИ      Саудия Арабистони тарихида илк бора шаҳар ҳокимиятига депутат этиб аёл киши сайланди. давоми...

19:52 / 24.02.2017 2654
 Албатта, Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига берган улуғ неъматларидандир. Бу ой раҳматлар ёғиладиган, гуноҳ ва хатолар кечириладиган, ажр ва давоми...

10:22 / 07.03.2017 1982
Раҳматли бувам «Аллоҳ таолонинг барча ишларида ҳикмат бор», дер эдилар. Зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган бу сўзнинг тасдиғини ўз ҳаётимда кўрдим. Келинг, сизга давоми...

05:05 / 07.03.2017 2694
 Ҳaммa тaйёpгapлик ниҳoяcигa eтиб, Ҳaж caфapигa жўнaш нaвбaти ҳaм кeлaди. Шyндa Ҳаж aмaллapидaн биpинчиcи эҳpoм бўлaди. Эҳpoмнинг лyғaвий мaънocини юқopидa aйтиб ўтдик. Улaмoлap тaъpифидa давоми...

04:31 / 10.11.2016 1936