Ўзингизни тежанг, аёллар!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Дунёда энг гўзал ким?», деган саволга адиблар ва рассомлар «Бола кўтарган аёл», деб бир хилда жавоб берган ва уларнинг шу ҳақидаги асарлари энг катта шуҳрат келтирган экан. Хўш, улар нима учун бу саволга келинлик либосидаги қиз ёки қадди-басти ниҳолдек келишган аёлни, гўзаллик салонидан чиқиб келаётган жувонни эмас, аксинча, уй кийимида, кўзида ҳатто сурмаси ҳам бўлмаган, қўлидаги боласини эмизиб турган оддийгина аёлни танлаганлар? Чунки у она, дунёдаги барча меҳр-шафқат митти қалби, нозик жисмида жо бўлган хилқатдир! Унинг мана шу ҳолати, боласига бутун меҳри, энг яхши ҳисларини бериб, эмизиб туриши ҳеч бир келинчакда топилмайди, бирон-бир гўзаллик уйи минг йил уринса-да, бу кўринишни бўёқларда ифодалай олмайди. Сиз ҳомиладор аёлга эътибор қилганмисиз? Унинг доғ босган юзи, тўкилган киприк ва қошлари ҳам кишига завқ бағишлайди, ҳеч бир одам уни «Вой, бунча хунук», демайди. Нега? Чунки, у  – бўлажак она! У ўз жонини хавфга қўйиб, ўз танидан Аллоҳ таолонинг янги бандасини дунёга келтиради. Мен бугун она ҳақида гапирмоқчи эмасман, улар ҳақида энг яхши сўзлар айтиб бўлинган. Мен бугун  жиноятчи аёллар ҳақида гапирмоқчиман. Улар мен учун дунёдаги энг хунук ва энг разил кимсалардир. Улар ўз боласини ўлдирувчи аёллардир. Улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг «Болаларини ўлдирмасинлар», деган амрига хилофан иш қилувчи, уммати Муҳаммадияни кўпайишига ҳисса қўшмайдиган аёллардир. Сизлар, балки, бу иш қадим жоҳилият замонида бўлган, ҳозир ҳеч ким бундоқ қилмайди-ку, дерсиз? Йўқ, бу разил иш, бугунги Ислом дини тараққий этган даврда ҳам авж олган, ҳар куни содир бўлиб турибди, десак адашмасак керак. Бу абортдир. Тиббиёт ходимлари айтганидек, аборт - бу бола ўлдиришдир. Инсон ўз боласини қачон ўлдиради? Албатта, у туғилиб ўзининг ширинлиги билан меҳр қозонганда эмас, ҳали эндигина, Робби унга берган ҳаёт неъматини тотиш учун ёруғ дунёга интилаётган, туғилгач, манфаатли инсон бўлишни ният қилаётган ҳомила чоғида ўлдиради. Шифокорга бориб уни ваҳшийларча қўл-оёқчалари, миттигина бошини уздираётган, буни атрофдагилар билан бемалол гаплашиб туриб амалга ошираётган жонзотни «она» дейиш у ёқда турсин, одам қаторига қўшиб бўладими? Наҳотки, жисмида фарзанд ўстириш салоҳияти берилган зот, ризқ ҳам Аллоҳ таолодан эканини, бир кун нон ейдиган, чиройли кийимлар киядиган ёшга етган болани у ўйламаган тарафдан ризқлантириб, ҳамма нарсасини етказишини тафаккур қилмаса? Наҳотки, у «Уни боқишга қурбимиз етмайди», деган саёз баҳона билан Аллоҳга осий бўлса? Улар наҳотки Қодир Зотнинг ҳақ азобидан эмас, боланинг таъминот масаласидан қўрқиб, бу жирканч ишни қилса? Йўқ, мен бугун диндош дугоналаримга Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифлардан мисол келтириб насиҳат қилмоқчи эмасман, чунки бу мақолани ўқиб турганлар бу борада мендан кўра олимроқдирлар. Мен фақатгина ўзим ўқиб сергакланган, ҳамма билишини истаган маълумотларни сизларга айтишни истадим, холос. Аллоҳ таоло гуноҳ деб белгилаган нарсаларнинг моҳияти доимо инсон манфаатига олиб боради. Гуноҳи каттароқ ишларнинг жамиятга, саломатликка зарари ҳам шунчалик кўп бўлади. Шу ишлардан бири – болани ҳали дунё юзини кўрмай туриб ҳалок қилишдир. Аёллар ўзлари тўқиб олган арзимаган баҳоналар билан, аслида, ўз тинчини ўйлаб, олдириб ташлаётган болалар сабаб улар бу дунёда тузатилмас дардга, охиратда жаҳаннам азобига йўлиқишларини наҳотки ўйлаб кўрмасалар? Келинг, яхшиси келишганимиздек, бу нарсанинг диний эмас тиббий зарарларини ўргансак. «Аборт» инглизчадан олиниб, «йўқ қилиш» деган маънони англатувчи сўздир. Бу нафақат болани, балки аёлнинг ўз соғлигини ҳам топиб бўлмайдиган қилиб йўқотишидир. Медицина ҳар доим абортга қарши бўлган, чунки аборт бола ўлдиришдир. Хоҳланмаган ҳомиладорлик абортга кўрсатма бўла олмайди. Абортнинг икки хил кўриниши бор: официал (расмий) ва криминал (жиноий). Расмий – бу ҳужжатли, яъни онанинг ҳаётига хавф туғдириши аниқ бўлганда. Бу ишни қонуний ҳужжатлар асосида, хавфсизлик қоидаларига амал қилиб бажарилади. Жиноий аборт яширинча, кўпинча стерил бўлмаган шароитда амалга оширилади. Криминал аборт қонун томонидан тақиқланиб, аборт қилувчи ва қилдирувчилар жавобгарликка тортилади. Азиз дугонажон, мана шу жиҳатига эътиборингизни қаратинг: онанинг ҳаётига хавф туғилганда болани олиб ташлашга баъзи истисноларга кўра шариатнинг ўзи ҳам рухсат беради. Бу нарсанинг мажбуриятдан бўлиши, мажбурият эса гуноҳ саналмаслиги ҳам аниқ. Аммо никоҳий ёки беникоҳ бунёд бўлган ҳомилани зулман йўқ қилиш гуноҳи азим, жиноят экан. Хўп, айрим аёлларимиз Аллоҳнинг буйруғи, Расулининг қайтариғига эътибор қилмай, Аллоҳ таолонинг Раззоқ сифатини тан олмасдан бу ишни амалга оширибдилар, аммо унинг оқибати қандоқ бўлишини ўйлаб кўрмадими? Агар унинг охиратдаги жазосидан қўрқмаса, лоақал бу дунёдаги азоби, танга етадиган заҳматидан қочсалар бўлар эди. Аборт орқали инсон нималарга йўлиқади? «Абортдан кейин она организми шок ҳолатга тушиб қолади, чунки аёл организмининг бутун тўқималари қон-томир, овқат ҳазм қилиш, асаб ва эндокрин тизимлари ҳомила ривожланишига қаратилган бўлади. Жисмда бола орқали катта йўқотиш рўй беради. Гормонал, иммун, юрак-жигар функциялари бузилади, айланиб юрган қон ҳажми кескин, бирданига камаяди. Артериал қон босими назорати бетартиб бўлади, аёлнинг ўзи инжиқ, жаҳлдор бўлиб қолади. Уйқусиз, тез чарчайдиган, ҳар қандай инфекция организмга тез ва осон тушиб, аёл касалликка берилувчан бўлиб қолади». Энди ўйлаб кўринг, бундоқ хотин кимга керак, қайси қайнона кунда касал бўлаётган келинга кўзи учиб турибди? Қоматини сақлаш, ёшлик даврини таглик ювиб, уйқусиз ўтказмасликни орзу қилган аёл оиласидагиларнинг кўзига шумшук кўриниб, умри даволаниш билан ўтади. Ҳаммадан ёмони – дард тортавериб ичи дорихона бўпкетгач, юзига тез ажин тушиб, суяклари мўртлашгани сабаб, қадди эрта дол бўлади. «Бачадон найлари яллиғланиши, хирургик тозалашдан кейин бўладиган жароҳат туфайли «бачадон ташқари ҳомиладорлиги» рўй беради. Бу эса фақат операция қилиб, кўпинча, бачадонни олиб ташлаш билан якунланади». Бунисига нима дейсиз? Бир болани боқишдан қочиб, бир умр бефарзанд бўлиб қолишнинг ўзиёқ Аллоҳнинг катта жазосидир. «Ҳомила бачадондан ажратиб олинганда ўша соҳа ва унинг атрофида чандиқ пайдо бўлади. Бу чандиқлар бачадонга хос тўқимага эга эмаслиги туфайли кейинги ҳомиладорликда уруғланган тухум ҳужайра бу ерга тўғри келиб қолса, ҳомиладорлик ўз-ўзидан тўхтайди. Бир неча марта аборт қилингандан кейин бачадонда чандиқсиз соғлом жойнинг ўзи қолмайди. Бундоқ бачадонда пайдо бўлган ҳомила ҳам, озиқланиши, кислородга тўйинмаслиги оқибатида ногирон ёки ўлик туғилиши эҳтимоли жуда юқори бўлади». Қаранг-а, Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган боладан «боқа олмаслик» ёки бошқа арзимаган сабаблар билан воз кечган аёллар «ўзларини тайёр» деб билиб, болали бўлганларида, у ақлан ёки жисмонан нуқсонли бўлиб туғилса, нима қиладилар? Тайёр инсон бўлиб дунёга келган гўдакни ўлдирадиларми? Аллоҳ агар улардан бир бола туғилишини истаса, албатта, ўша иш содир бўлади. Шундай экан, аёллар фарзандни соғлом ҳолда қабул қилиб, бироз меҳнатдан сўнг яна аввалгидек тинч ҳаёт кечиргани яхшими ёки бир умр гуноҳининг жавоби ўлароқ дунёга келган ногиронни боқиб, ўтган афзалми? «Булардан ташқари, аборт қилдирганда она организми ўзида рўй берган катта йўқотиш ўрнини тўлдириши учун кўп вақт керак бўлади. Чунки ҳомиладорлик юз берганда организмда ишлаб чиқариладиган гормонлар, ферментлар, қон ҳажми деярли икки баравар кўпаяди. Ҳомиладорлик тўсатдан тўхтатилганда эса, бу моддалар ҳаддан ташқари кўплик қилади. Бу эса ўз навбатида, баъзи орган ва тўқималарда қайта тиклаб бўлмас ўзгаришларга олиб келади. Аёлда ёшига мос бўлмаган ланжлик рўй беради, ҳаёт сифати бузилади». Ўйлаб кўринг-чи, бу ишдан кимга зарар бўлди? Фақат аёлга! Бу билан динимизга футур, ибодатларга камчилик етиб қолдими? Асло! Бу нарса ана шу сабабларни билгани учун ҳам Аллоҳ томонидан тақиқлангандир. Аллоҳ бандаларига қийинчилик бўлишини истамайди. У Зот бизга доимо энг яхши нарсаларни раво кўради. Мен бир аёлни яқиндан биламан, кўп бора ҳомиласини олдирган. Натижада ички аъзолари шикастланиб, дардманд бўлиб қолди. Шифокорга мурожаат қилганда қандай даво чораси кўришганини эшитиб «субҳаналлоҳ», дедим: у аёл фарзандли бўлиши керак экан. Туғилган болажон онасидаги дардни даволаб, дунёга келар экан. Буни қаранг-а, бола боқиш, гўзаллик, тинчлигига зарар етишидан қўрққан аёл жинояти, гуноҳининг орқасидан орттирган касаллигига яна бола орқали даво топди. Орада топгани охират юкини оғирлашгани бўлди, холос. Мен тақдирга бўйинсунмаганларга ҳайрон қоламан, улар ўзларича нималар қилмоқчи бўладилар, дунёга келтириш пешонасига ёзилган боладан қўрқиб нима ишлар қилишмайди-я! Агар Роббимиз унга уч дона болани тақдир қилган бўлса, ҳар қанча сақланиб, аборт қилдирса ҳам, у, барибир, ҳар қандай йўл ва сабаб билан дунёга келади-ку, ахир. У ўлдирган болалар фақатгина Қиёматда аҳволини ёмонлаштиради, уларнинг ёқасидан тутади. Яна бир нарса, агар бола тўла ривожланмай ногирон ҳолда туғиладиган бўлса, Аллоҳнинг Ўзи уни табиий равишда туширар экан. Унда шунча ногиронлар қаердан келган, дерсиз? Жавоби оддий: улар ота ёки онасининг гуноҳи, ношаръий ҳаёт кечириши оқибатида дунёга келганлар. Сиз тинчлик билан яшаб турган хонадонда шундоқ бола туғилганини кўрганмисиз? «Хулоса шуки, аборт бир томондан бола ўлдириш бўлса, иккинчи томондан аёлнинг умри қисқаришидир. Бир марта ҳомиладор бўлиб аборт қилдирган аёл, кейинги абортга ҳеч иккиланмасдан бора олади. Бундоқ аёллар ОНА бўлишга мутлақо нолойиқдир!» Бу сатрларни ўқиб турган муслимамиз ҳеч қачон нопок йўлда юрмаслигига ишонаман. Аммо ўзи истамаган ёки боқишдаги қийинчиликдан қўрқиб болаларини ўлдиришга ҳаракат қилувчилар орамизда бўлса керак. Ўйлаб кўрайлик: икки бегона инсондан бир болани бунёд этган Каромат соҳиби, наҳотки, унинг ризқига ожиз бўлса, наҳотки, биз шундоқ ўйлаш даражасига тушиб қолган бефаҳм бўлсак? Наҳотки, юраги остида ривожланиб ёруғ дунёга интилаётган зурриёдини ўлдириш эвазига қадди-қоматини сақлаган аёл чиройли ҳисобланса? Аллоҳнинг митти бандаси, Муҳаммад Мустафо соллaллоҳу алайҳи васалламнинг мўмин умматчасини жисмида кўтариб юрган жувондан-да гўзалроқ аёл борми дунёда? Наҳот, нозик қалб эгаси бўлган хилқат шуни тушунмаса…. Зебуннисо Қутбиддин қизи
Мавзуга оид мақолалар
 Вақт ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳрибон амакилари Абу Толиб бошчилигида тижорат давоми...

12:02 / 01.12.2017 2577
Ассалому алайкум ҳурматли муслималар Ва ниҳоят, фарзандларимиз учун ўтказилган танлов ўз ниҳоясига етди. давоми...

13:40 / 11.02.2017 5415
Маълумки, шариат истилоҳида рўза тонг отгандан то қуёш ботгунича ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни давоми...

15:26 / 02.05.2019 3992
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Муҳтарама ва азиза опасингиллар Барчаларингизга маълумки, давоми...

08:04 / 21.01.2017 4097