«ҲУББУН НАБИЙ» (5)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй ибни Аббос, сен мендан кўра фақиҳроқ эдинг»

Абдуллоҳ ибн Аббос Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амакиларининг ўғли бўлиб, Набий (алайҳиссалом)нинг ишларини кўриб, улар билан бирга ўтириб, сўзларини эшитиб ўсди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)Абдуллоҳ ибн  Аббоснинг ҳаққига туғилган куниёқ дуои хайр қилганлар, яъни:«Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин ва унга таъвилни билдиргин», деб дуо қилдилар. Баъзи ўринларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга ҳамроҳ бўлганлар ва  унга болалигидаёқ ўзларининг машҳур ҳадисларини айтиб берар эдилар. Жумладан:«Ҳар қандай ҳолатингда Аллоҳни ёдингда тут, у ҳам сени ҳифзу ҳимоясига олади. Аллоҳни ёдингда тутсанг, уни рўпарангда топасан». Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот этган пайтларида унинг ёши ўн учда эди. Шунингдек, Ибни Аббос илмни севувчи, Қуръон ва суннатга бор вужуди билан интилган кимса эди. Шунинг учун у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга ғазотларда қатнашган, у киши билан осон ва қийинчиликда бирга умр ўтказган, унинг чақириғининг аввалида ва неъмат мукаммал бўлганидан сўнг ҳам у   Зотга ҳамроҳ бўлган саҳобалардан илм ўрганишни истади. Сўнгра  саҳобалардан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадислари ва Қуръоннинг маъноларини ўрганишга қарор қилди. Бир куни у дўстига:«Бугунги кунда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалари кўпдир. Кел, улардан илм ўрганамиз», деди. Дўсти унга:«Қўйсангчи, эй ибни Аббос, одамларни сенинг илмингга муҳтож жойлари бор, деб ўйлайсанми? Ахир уларнинг ичида Абу Бакр ва Умарлар бўлса», деди. Ибни Аббос айтади:« Сўнгра мен илм талаб қилишга киришдим. Дўстим эса чавондозлик ва отлар минишга киришди». Кунлар ўтди ва Ибни Аббос илм талаб қилишда тер тўкди. Ҳаттоки у олим ва фақиҳга айланди. Саҳобалар унинг олимлиги ва фақиҳлиги туфайли у билан машварат қилардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобаларидан кўплари вафот этиб кетдилар. Одамлар Ибни Аббоснинг илмига эҳтиёж сездилар. Одамлар унинг атрофида тўпланар, сўрар ва илмидан ўрганардилар. Дўсти унинг атрофидаги одамларнинг галасини унинг илмига ва фиқҳига эҳтиёжманд эканликларини кўради ва: «Эй Ибни Аббос, сен мендан кўра фақиҳроқ эдинг», деди. (Яъни келажакка мендан кўра яхшироқ назар солдинг). Ибни Аббос Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у Зот васият қилган талаби илмни яхши кўради. Сўнгра у илм талаб қилишга ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ҳаётлик пайтларида эшитилган сўзларини ўрганишга киришди. Шунингдек, Қуръон оятларининг тафсирини, ғозий ва ғазотларнинг хабарини ҳам ўрганишга киришди. Ибни Аббос илмни Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобаларидан ўрганди. Ибни Аббос ўзи ҳақида ривоят қилади. Бир пайтда у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобаларидан бирида ҳадис борлигини билиб қолади ва ундан сўраб билиш учун шошилади. Лекин у ўша саҳобийни ухлаётган ҳолида топади. Нима қилишга қарор қилди экан? Ахир у Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амакиларининг ўғли-ку?! Шундай бўлса-да, Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амакиларини ўғли илм қадрини ва уламоларни ҳурматлашни биларди. Шунда у ридосини ёстиқ қилиб тахлаб, унинг остонасига қўяди ва шамол уни тупроқ билан бўяб ташлашига қарамай ўтиради. Унинг уйғонишини кутиб ўтирарди. Киши уйқусини тугатди. Ўрнидан туриб таҳорат олди ва кийимларини кийди. Эндигина чиқиб кетмоқчи эди ҳамки, қараса, Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амакиларининг ўғли эшиги тагида ўтирибди ва ридосини ёстиқ қилиб, суятиб олибди. У:« Эй Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амакиларининг ўғли, сени бу ерга нима етаклаб келди? Нима учун мени чақиртириш учун одам жўнатиб қўяқолмадинг?. Мен бориб ҳожатингни чиқарардим», деди. Шунда Ибни Аббос:« Одобли ўқувчи илмни ҳам, муаллимни ҳам эъзозлайли. Йўқ, ҳузурингга мен келишимга сен ҳақлироқсан», деди. Ундан ҳадис ва оятлар ҳақида сўраб ўрганади.* *(Холид Муҳаммад Холиднинг«Рижал ҳавла Расул», яъни «Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг атрофидаги кишилар»китобидан). Ундан «Бу оят қачон нозил бўлган? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) у оят ҳақида нима деганлар? Мусулмонларнинг ундаги аҳкомларга эргашишлари қандай эди?» деб сўрайди. Шу тарзда у саволида давом этади ва тушуниб, англаб, ҳаттоки жуда кўп илм ўрганади. Бир куни ундан: «Эй Ибни Аббос, бу илмга қандай етишдинг? Яъни бу илмни қайдай ўргандинг?» деб сўрашди. У: «Сўровчи тил ва фаҳмловчи қалб билан», деб жавоб қилди. Ибни Аббос Ислом олимларидан бир олимга ва диннинг фақиҳига айланди. У таъвил ва тафсирни ўрганди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг масжидларида одамларга бир кун таҳорат, намоз, закот, ҳаж ва савдо-сотиқ каби ибодатларининг кайфиятини ва яна бир кун Қуръон тафсирини ва яна бир кун эса ғазот илмларини ўргатишга киришди. Шунингдек, бир кунини ҳадис ва яна бир кунини Ислом сабабидан уларга келган Аллоҳнинг неъматларини билишлари учун Исломдан олдинги араб тили ва араб халқларининг урф-одатларини ўргатиш учун бағишларди. Ибни Аббос одамларга илмни фақатгина ўзининг гапи ва сўзи билан ўргатибгина қолмасдан, балки унинг барча ишлари инсонлар учун таълим эди. Унинг уйида кўплаб фақир, мискин ва муҳтожларга таом бериларди ва йўловчиларга сув бериларди. Ўзи эса илм денгизи эди. Ундан барча баҳраманд бўларди. У обид бўлиб, Аллоҳнинг оятларини ўқир, уларга амал қилар ва одамларга ўргатарди. Ана кўрдингми эй ўғилчам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бўлган муҳаббат ва суннатларига бўлган севги ибни Аббоснинг қалбида қандай эди. У қобилятли илм толиби бўлиб Набий алайҳиссаломнинг оли байтларидан бўлиш мақомидан ёмон шаклда фойдаланмади. Балки барча насаб ва обрў эгаларига илмда тавозули бўлиш,унга ҳурмат кўрсатиш ва уни қадрлашда гўзал наъмуна қолдирди. 1-савол: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абдуллоҳ ибн Аббос учун қандай дуо қилдилар? 2-савол: Ким «Сен мендан кўра фақиҳроқ эдинг, эй Ибни Аббос» деган?

Ўн йил хизмат қилиб, юз йил яшади

Сен Зайд ибн Хориса ҳақидаги қиссани ўқиган пайтингда, у сени ҳайрон қолдирган эди. Энди мана бу эса сенга яна ҳам ажабланарлироқ бўлади. Бола ўз ота-онасиникидан бошқа кишиникида туришни яхши кўришлиги бу ҳозирги кунимиздаги болаларда ҳам баъзан содир бўлиб турадиган ишдир. Лекин она ўз боласини бировнинг уйига ҳадя қилиб юбориши бу жуда ғайриоддийдир. Лекин агар бу уй Набий (алайҳиссалом)нинг хонадонлари бўлса-чи? Унда бунинг ҳеч қандай ҳайратланарли жойи қолмайди. Қани айтинглар-чи, бизлардан қайси биримиз у Зотнинг борлигини ва ўзига яқинлигини билса-ю, болаларининг тарбиясига аралашувини, улар билан ўтиришини, вақтини у Зотдан ўрганиш билан ўтказишни ва у Зотни яқиндан кўришни орзу қилмайди дейсиз? Албатта, бу меҳрибон она Умму Сулайм бинти Малхон Ансориядир. Унинг Анас ибн Молик исмли ўғли бор эди. У боласини қаттиқ яхши кўрса-да, лекин Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бўлган севгиси унданда кўпроқ эди. Шунинг учун у ўғлини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га йўлдош бўлиши ва улар билан ҳамнафас бўлишини  истади. Лекин у қай йўл билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида яшайди? Умму Сулайм Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ўғли Анас у кишиниг истакларини бажариши учун бирга бўлишини сўради. Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)га хизмат қилиб, буйруқларига бўйсунишини ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса унга таълим бериб, динни тушунтириб, яхшиликни ўргатишларини илтимос қилди. Сен Умму Сулаймнинг бу тадбири ҳақида нима дейсан? Анас бунга рози бўлармикан? Онасининг уйи Мадинада бўлиб , Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг масжидларининг ёнидадир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам Мадинада масжидга қўшни бўлиб яшардилар. Ўша вақтларда Анас ўн ёшда эди. Агарда сен унинг ўрнида, унинг замонида бўлганингда бунга рози бўлармидинг? Нима учун? Энди бундан сўнг Анас билан нималар содир бўлганини кўргин-чи. Дарҳақиқат, онаси уни Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)га хизмат қилиши ва у Зотнинг ёнларида бўлиши учун бериб юборди ва:«Бу менинг котиб, яъни ёзишни биладиган ўғлимдир», деди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан унинг учун дуо қилишларини сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг ҳаққига нима деб дуо қилар эканлар? Улар: «Аллоҳим, унинг молини ҳам, зурриётларини ҳам кўп қилгин ва унга берган нарсаларингни баракали қилгин», деб дуо қилдилар. Анас Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўн йил хизмат қилди: Соҳибини уйидан чақириб кел, мана бу нарсаларни масжидга ташлаб кел, садақани етказиб бер ва шунга ўхшаш ишлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хизматкорлари ҳозирги замон тушунчасидаги хизматкорлар эмасди. Расулуллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг уйлари кичкина ва таомлари ҳам жуда кам бўлган. Келинглар, энди Анаснинг ўзига қулоқ солайлик. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қандай муомалада бўлганларини бизларга ривоят қилиб берсин. Анас айтади:« Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўн йил хизмат қилдим ва ҳеч қачон улар менга «уф» демадилар ва:«Нима учун буни қилдинг?» ёки:«Нима учун буни қилмадинг?» демадилар. (Термизий ривояти). Яъни уни бу йўл билан урушмадилар ҳам, айбламадилар ҳам. Кел, энди уларнинг муомалалари қандай бўлганини кўрамиз. Шундай қилиб, Ҳабиби унга гўзал муомала қилардилар ва унга меҳрибонлик қилардилар. Унга тушунтирардилар. Қилган ишига ҳам, бирон ишни қилмагани учун ҳам ғазабланмадилар. Аксинча юмшоқ муомалада бўлиб, унинг ҳаққига дуо қилардилар. Анаснинг ҳикоя қилишича, бир куни уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз ҳожатлари учун юборадилар. Шунда Анас:«Аллоҳга қасамки, бормасман», деди. Лекин ичида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга буюрган заҳотлариёқ борадиган эди. Бормаслигини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га айтганида улар сукут қилдилар, на гапирдилар ва на раддия қилдилар. Анас ташқарига чиқиб кетди. Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) чиқиб кетдилар. Озгина вақт ўтгандан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўчадан ўтиб кетаётиб қарасалар, Анас болалар билан  ўйнаб юрибди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) энди нима чора қўллайдилар экан ёки бўлмасам Анасга нима дер эканлар? Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) очиқ чеҳра билан кулган ҳолда унинг қулоғига: «Эй Унайс (Анасгинам), мен буюрган ишга бордингми?» дедилар. Қаранглар, эй суюклиларим, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ходимлари Анас билан муомалалари қандай эди? Қаранглар, уларнинг талабларини бажармасликка қасам ичган бола билан қандай йўл тутдилар. Улар ундан фақат илтимосларини бажаришини талаб қилмадилар, балки уни эркалатиб чақирдилар. Нима учун энди Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Анасга дўстларининг олдида эмас, қулоғига пичирлаб гапирдилар? Албатта, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Анаснинг ўз дўстлари олдида яхши кўринишда намоён бўлишига харис эдилар ва у ҳақида яхшиликни билишларини истардилар (яхши фикрда бўлишларини истардилар). Энди Анас уларга нима жавоб қайтарар экан? Тезда бориб келармикан? Ҳа, дарҳақиқа,т Анас хурсанд бўлганча:« Эй Аллоҳнинг Расули, иншааллоҳ, тезда бориб келаман», дея чопиб кетади. Шуни билгинки, эй ўғилчам, Анас онаси ва укаларини ташлаб қўймади. Балки онаси ва укаларининг олдиларига кўп бориб турар ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам аҳён-аҳёнда Умму Сулайимни зиёрат қилар ва Анаснинг уйида намоз ўқир ва уйнинг эгалари у Зотнинг орқаларида намоз ўқирдилар. Анас айтади:«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар. Бир куни улар мени ҳожатлари учун юбордилар. Мен эса «Аллоҳга қасамки, бормасман», дедим ва ичимда эса менга буюрган заҳотлариёқ бораман дедим ва йўлга чиқдим ва бозорда ўйнаб юрган болалар олдидан ўтиб қолдим ва мен ҳам улар билан ўйнашга тушиб кетдим. Бир пайт Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) орқа гарданимдан ушладилар. Мен уларга қарадим ва улар кулиб:« Эй Унайс (Анасгинам), мен буюрган ишга бориб келгин», дедилар. Мен: «Ҳа, бориб келаман, эй Аллоҳнинг Расули»,  дедим. Келинг, энди эй болаларим, Анаснинг бундан кейинги ҳаётини томоша қиламиз. Дарҳақиқат, унинг намози Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг намозларига ўхшаш эди. Нима учун бундай ҳам бўлмасин. Ахир Анас у кишининг дўсти, уларни кузатиб турувчи ҳамроҳларидир ва уларнинг доимий ҳолатларини кўради-ку. Анас узоқ умр кўрди ва саҳобаларнинг энг охиргиларидан бўлиб вафот этди. Унинг болалари ва набиралари кўпайиб, юздан ошиб кетдилар. Шунингдек, у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан икки минг икки юздан (2200) ортиқ ҳадисларни ривоят қилган. Уларни баъзи муаллифлар жамлаганлар ва икки минг икки юз саксон олти (2286) ҳадисга етган. Яна у кўплаб инсонларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадис ва амалларини ўргатди. Мана бу Набийни (алайҳиссалом) севган кимсанинг оқибати ва эришган мукофоти. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни эъзозлаганларни  Аллоҳ азза ва жалла  эъзозлайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса Аллоҳнинг ҳабиби бўлибгина қолмасдан, унинг дўсти ҳамдирлар.

Куламиз, ўйнаймиз валек Пайғамбаримизнинг севгисини унутмаймиз

Бахрайн шаҳрининг кўчаларининг бирига болалар ўйнагани чиқдилар. Улар коптокларини ирғитиб, чавгон ўйини таёқчасини ўйнай кетдилар. Улар коптокни у ер-бу ерга улоқтириб хурсанд ва шодланиб турган пайтларида, қарасалар, бир киши ўтирибди. Лекин у оддий бир киши эмасди. Шунингдек, у болаларнинг ҳурсандликлари ва уларнинг озор бермайдиган оддийгина ўйинлари учун хурсанд бўладиган солиҳ киши эмасди. Шунингдек, у мусулмон ҳам бўлмаган киши бўлиб, уни мусулмонларни хурсанд, лаззатланган, кучли ва соғлом кўриш сиқилтирарди. Болалар ўйнаб турган бир пайтларида копток ҳалиги кишининг олдига тушиб қолади. Ооҳ! Энди нима қиларкин? Бундан олдин сен билан ҳам худди шунга ўхшаш воқеа юз берганми? Олдига копток тушиб қолган киши нима қилганди? Йўқ, эй суюклиларим. Ҳалиги киши табассум ҳам қилмади, коптокни болаларга ирғитмади ҳам ва уларга келинглар, коптокни олиб кетинглар, демади. Балки у коптокни болаларга беришдан бош тортди. Болалар унга ялиндилар ва коптокни қаттиқ талаб қилдилар. Лекин у бундай қилишдан бош тортди. Улардан бир болакай келди ва ҳалиги кишининг ҳузурида қасам ичмоқчи бўлди. Бола ҳалиги кишининг ўзини ҳам ва на унинг қайси динга эътиқод қилишини ҳам билмасди. У киши мусулмон эмас эди. Бола у кишига: «Сендан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг севгиси ҳаққи сўрайман, коптокни бизларга қайтариб бер», деди. Яъни «Агарда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни яхши кўрадиган бўлсанг, бизларга коптокни қайтариб бергин», деди. Шунда ҳам ҳалиги киши коптокни қайтаришдан бош тортди ва Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сўка кетди. Унга ўхшашлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни яхши кўрармидилар? Ахир у у Зотга кофир-ку. Қандай унга Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг муҳаббати ҳаққи деб айта оламиз. Болалар ўзларининг Пайғамбарларини – суюклиларини сўкаётганини эшитгач, нима қилдилар? Дарҳақиқат, уни таёқчалари билан ура кетдилар ва дўппослаганларидан ҳалиги киши ўлиб қолади. Бу воқеа Умар ибн Ҳаттобнинг ҳалифалик кунларида содир бўлганди. Бу иш борасида мусулмонлар фойдасига ҳукм қилинди. Умар ибн Ҳаттобга бўлиб ўтган воқеа етиб боради. Ислом учун шаҳарларнинг фатҳ бўлиши, мусулмонларни бойитадиган, уларни бахтли қиладиган ва уларга тақсимланадиган ғаниматлар ҳам Умарни (розияллоҳу анҳу) бунингчалик хурсанд қилмаганди. Умар (розияллоҳу анҳу): «Ҳозирда Ислом (юксалди) азиз бўлди. Албатта, ёш болалар Пайғамбарларини сўккани учунуларнинг жаҳллари чиқиб ўчларини олганлар», деди. Абдураҳмон ибн Абдулваҳоб ал Бобтинийнинг «Оталар болаларни тарбиялашда  мурожаат қилинадиган китоби». Муҳаммад Нур Сувайднинг «Набавий тарбиянинг манҳажи».

давоми бор

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга шукроналар бўлсинки, У Зот бизни бутун оламдаги Ислом уммати қаторида Қурбон ҳайитидек қутлуғ кунга давоми...

13:03 / 16.02.2017 4200
Саудия Арабистонига ҳаж учун ташриф буюрган ҳиндистонлик жуфтлик фарзандли бўлишди. Саудия Арабистони давоми...

09:11 / 18.07.2019 2074
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Мўминлар дўстликда, ўзаро раҳм қилишда ва давоми...

23:10 / 09.02.2023 2165
  Жорий йилнинг 20 октябрида «islom.uz» портали ўзининг 10 йиллигини нишонлади. Байрам тантанасини фазилатли давоми...

20:37 / 02.01.2017 3370