Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни йиғлатган воқеалар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари учун дуо қилиб, уларга меҳрибонлик билан йиғлашлари ҳақида
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Китобидаги Иброҳим алайҳиссалом дуоларини тиловат қилдилар: «Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни менинг динимдадир)». Ва яна Аллоҳнинг Китобидаги Исо алайҳиссалом дуоларини ҳам тиловат қилдилар: «Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта, Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан».Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтариб: «Умматим, умматим», деб йиғладилар. Аллоҳ таоло буни эшитиб: «Эй Жаброил, Муҳаммаднинг олдига бориб сўра-чи, нима уни йиғлатмоқда?» деди. Ваҳоланки, Аллоҳ Ўзи билиб туриб сўрашни буюрмоқда! Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, (йиғлашлари сабабини сўраб) айтган жавобларининг хабарини Аллоҳга етказдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ буни билувчироқ эди. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй Жаброил, Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳузурига бориб: «Биз умматинг учун қайғураётган нарсада рози қилиб, сени хафа қилмаймиз», деб айтгин», деди. Имом Муслим ривоятлари.
 Ўғиллари Иброҳимнинг вафотида йиғлаганлари
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Сайф ал-Қайннинг олдига кирдик. У Иброҳимнинг эмизикли отаси эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни олиб ўпдилар ва ҳидладилар. Сўнгра яна унинг олдига Иброҳим жон бераётганда кирдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф у Зотга: «Сиз ҳамми, Эй Аллоҳнинг Расули...?!» деди. У Зот: «Эй Ибн Авф, бу раҳматдир», дедилар ва яна йиғладилар. Сўнгра у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, Эй Иброҳим», дедилар». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган.
Оналарининг қабрларини зиёрат қилиб йиғлаганлари
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарининг қабрини зиёрат қилдилар. Ўзлари йиғладилар, атрофидагиларни ҳам йиғлатдилар. Кейин: «Роббимдан у (онам)га истиғфор айтишга изн сўрадим, изн берилмади. Унинг қабрини зиёрат қилишга изн сўрадим. Изн берилди. Бас, қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки, у, албатта, охиратни эслатади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Тириклайин кўмилган қизлар учун йиғлаганлари
Валид ибн Назир Ал Ромлий Масарра ибн Маъбаддан, у киши Бани Ҳорис ибн Абулхаромдан, у киши Лахимдан, Лахим ал-Вазиндан ривоят қиладилар: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, албатта, бизлар жоҳилият аҳлларидан эдик ва бутларга ибодат қилар эдик. Бизлар болаларимизни (тириклайин кўмиб) ўлдирар эдик. Менинг бир қизим бор эди. У бутларга ибодат қиладиган ёшга етиб, уни чақирсам, хурсанд бўлиб ёнимга келадиган бўлгач, кунлардан бирида мен уни чақирдим. У менга эргашди. Бизлар ўз аҳлларимиздан узоқ бўлмаган бир қудуқ ёнига етгач, мен қизимнинг қўлидан ушлаб, қудуққа улоқтириб юбордим. Менинг қизимдан охирги эшитган сўзим «Эй дадажон, эй дадажон!» деган сўз бўлди», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар, ҳатто муборак кўзларида ёш қалқиди. Шунда Расулуллоҳ билан турганлардан бири: «Сен Расулуллоҳни хафа қилдинг-ку», деди. Расулуллоҳ ҳазратлари: «Жим бўл, у ўзи учун муҳим бўлган нарсани сўраяпти» , дедилар-да, сўнг унга: «Менга яна сўзингни қайтариб айт», дедилар. У эса яна сўзини қайтарди. Расулуллоҳ яна йиғладилар, ҳатто кўзларидан қалқиб чиққан ёшдан муборак соқоллари ҳўл бўлди. Сўнг дедилар: «Албатта, Аллоҳ жоҳилият даврида қилган амалларингизни (гуноҳларингизни) кечиради. Энди (бундан буён ) амалларингизни чиройли қилинг» . Имом Доримий ривоят қилган.
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф тайёрлади.
Мавзуга оид мақолалар
Шакирийя таоми Ассалому алайкум Ошхонамизга хуш келибсиз Бугун сизлар билан Шомнинг машҳур таомларидан давоми...

21:50 / 17.03.2017 4328
Худайбия жанги Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари билан умра ниятида Мадинадан Маккага қараб йўл давоми...

16:00 / 29.12.2016 3714
Аввалги ҳадис ва ривоятларда отаонага уларнинг ҳаётлик даврларида яхшилик қилиш ҳақидаги таълимотлар давоми...

21:48 / 12.11.2016 6503
Биринчи ҳикояБолалар катталарга ҳар доим ҳам ичларидаги ҳистуйғуларини ошкор қилаверишмайди. Бунга давоми...

22:56 / 12.05.2023 1714