Рамазони шариф
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

          

  Ҳар йили муборак Рамазон ойи яқинлашиб келар экан кишилар уни кутиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлайдилар. Лекин афсуски, бу тайёргарликларнинг кўпи Рамазони шарифнинг асл моҳиятидан узоқ бўлган тайёргарликлар бўлади. Аслида йилнинг ўн икки ойининг энг улуғи бўлган, алоҳида ажраб чиққан, Аллоҳ таоло ўзининг охирги китоби ва абадий мўъжизаси Қуръони Каримни нозил этган, рўзасини тутишга амр қилган бу мўътабар ойни бошқачароқ кутиб олиши лозим бўлади. Ушбу муборак ойни рўзасини Аллоҳ таоло амр қилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб, ўргатганларидек тутиш, бу ойни файзу баракотидан кўпроқ манфаатдор бўлиб қолиш йўлларини яхшилаб ўрганиш билан кутиб олиш керак бўлади. Чунки бу улуғ имконият, Аллоҳнинг розилиги топиш имконияти, тақво ҳосил қилиш имконияти ва бошқа яхшиликлар имконияти йилда бир марта берилади, холос. Шунинг учун Рамазон рўзаси ҳукмларини уни тутишдан олдин яна бир бор пухта ўрганиб олиш лозим бўлади. Бундай ўрганиш билмаганга билим, билганга янада мустаҳкам бўлади. Айниқса, узоқ вақт ҳудосизлик тузуми остида эзилган, ўз динини ўрганиш имконидан маҳрум бўлганлар учун жуда ҳам зарурдир. Рамазон сўзи арабча бўлиб,«рамзау» ўзагидан олинган ва луғатда ўта иссиқ маъносини билдиради. Уламоларимиз бу луғавий маънони воқеълик ва балоғат илми нуқтаи назаридан шарх қиладилар. Рамазон воқеъликда рўза тутиш аввалги даъфада ўта иссиқ вақтга тўғри келганини билдиради. Балоғат илмида эса ўта иссиқ маъданннинг зангини куйдирганидек, Рамазон ҳам унинг рўзасини тутганларнинг гуноҳларини куйдириб, ўзларини сайқаллаб поклайди. Рўза, шариат уламолари таърифида, Рамазон ойида тонг отгандан қуёш ботгунга қадар ният қилиб, ўзини емоқ- ичмоқ ва шаҳвоний ишлардан тутиб туришдан иборат бўлиб, Ислом динини асосий беш рукнидан бири ҳисобланади. Ушбу беш рукн, иймон, намоз рўза, закот, ҳажлар бўлиб,улардан бирортасисиз, жумладан, рўзасиз Исломни тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас.

            Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳар бир балоғатга етган ақлли шахсга, Аллоҳнинг амри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алйҳи васалламнинг суннатлари ва Ислом умматининг ижмоъси ила иккинчи ҳижрий йилда фарз бўлган. Яъни иккинчи ҳижрий йилда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳақидаги оятларни нозил қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўза тутиб, бошқаларни ҳам тутишга ундаганлар, кўплаб ҳадиси шарифларида рўзанинг фарз эканини баён этганлар.

         Рамазон рўзасини фарз эканлигига ўша вақтдан ҳозиргача ҳамма мусулмонлар иттифоқ қилганлар. Ҳеч ким буни инкор қилмаган. Ким Рамазон рўзасини тутиш фарз эканлигини инкор этса, кофир бўлади. Ислом миллатидан чиқади, диндан қайтган муртадга берилган жазога тортилади.

       Коммунистик мафкура расман бекор қилингунга қадар, бизнинг юртимиздаги худосизлар очиқдан-очиқ Исломни, жумладан, Рамазон рўзасини инкор қиладиганлар, кофирликлари билан фахрланадиганлар кўп эди. Энди эса очиқ айтиш зоҳиран мулоҳаза қилинмай қолди. Аммо бошқача кўриниш пайдо бўлди. Одамлар ичида мен динни ҳурмат қиламан, ўзимни мусулмон ҳисоблайман, аммо дин дегани Худо билан банданинг ўртасидаги хос алоқа бўлиши керак. Худони тан олдикми, етади, бошқа томонни ўзимиз биламиз, дейдиганлар учрай бошлади. Улар бу гаплари билан кўпчиликни ҳам ўзларига ўхшаб адаштирмоқдалар. Ислом шариати қоидасига биноан, уларга ҳам ўзларининг гуноҳлари , ҳам уларнинг гапига кириб алданганларнинг гуноҳлари бўлади. Уларнинг гапига кириб адашганларга эса ўз гуноҳлари бўлади.

        Ислом одамлар ўзига белгилаб оладиган дин ёки шариат эмас. Ислом – Аллоҳнинг бандаларга амр қилиб, ишониш ва татбиқ қилиши лозим бўлган ақидалар ва амалиётлар мажмуасидир.  Бандалар Аллоҳ юборганидек эътиқод қилишга, Аллоҳ буюрганидек амал қилишга мажбурдирлар. Ана шандай бўлгандагина кишилар Аллоҳ таолога бўйсунган, таслим бўлган, яъни мусулмон бўлган бўладилар. Акс ҳолда эса мусулмонликдаен асар ҳам қолмайди. Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, кимдир бирон фирқага, ташкилотга , жамиятга «Мен сизларнинг фикрингизга қўшиламан-у, ишларингиз, ҳар бир аъзога қўйган талабларингизга бўйсунмайман», деса, албатт, ундай одамни ҳеч бир фирқа, ташкилот ёки жамият ўз сафига қабул қилмайди.

      Оддий инсоний алоқаларда қабул қилиб бўлмайдиган нарсани нима учун Роббул оламиннинг динига нисбатан қўллашга ўтилади.Тўғрисини айтганда, бундай фикр мусулмон эмас миллатларга кўр-кўрона тақлид қилишдан бошқа нарса эмас. Исломда Аллоҳ таолога шарт қўйиб банда бўлиш йўқ. Исломда фақат Аллоҳ таолога бутунлай таслим бўлиш бор. Шунинг учун «Мен  Аллоҳга иймони бор мусулмон одамман-у, бироқ рўза  тутмайман, бу – мен билан Аллоҳнинг орамиздаги иш», дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мусулмонман деган одамга бу фикр тамоман ёд бўлиши керак. Рўза тутишдан қочадиганларнинг яна бир қисми худди юқоридаги бузуқ фикрга ўхшаш, аммо анчадан бери кишилар орасида юрган номаъкул фикрни ўзига дастак қилиб оладилар. Бу гапни кўпчиликка ўрнашиб қолишида ўзларини диний илм эгаси қилиб кўрсатиб юрган шахслар ҳам сабаб бўлган. Бу фикр эгалари «Инсон мўмин бўлса, ибодатларини қилмаса,  жумладан, рўзани тутмаса ҳам, Аллоҳ кечириши мумкин экан », дейдилар Аввало мазкур фикрни айтиб юрганлар, шаҳодат калимасини айта олмайдиган, муҳит шароити ила ўзини мусулмон санаб юрадиган одамлар бўладилар. Уларнинг тегирмонига сув қуяётган, диний илм нисбатини бераётганлар эса тарихда бўлиб ўтган фикрий кураш ва мутаассиблик ортидан чиққан фикрни нотўғри талқин қиладилар. Бир вақтларда «хаворижлар» –хорижийлар номи ила бир ашаддий мутаассиб тоифа чиққан, уларнинг асосий йўналишларидан бири сал нарсага ҳам мусулмонларни кофирга чиқариш эди. Хорижийлар ҳатто ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳам кофирга чиқаришгача етганлар. Улар билан бўлиб ўтган тортишувларда «Гуноҳи кабира қилган мўминнинг ҳукми қандай бўлади? Деган савол тўғрисида алоҳида гап-сўзлар бўлган. Хорижийлар, мўмин киши гуноҳи кабира қилиш билан кофирга айланади, уни муртад сифатида ўлдириш керак, деганлар. Хорижийларга мухолиф бўлганлар эса «Мўмин киши гуноҳи кабирани қилиши жоиз, деб эътиқод қилса, кофир бўлади, аммо қилиш жоиз эмас, деб эътиқод қилса-ю, хато ёки заифлик туфайли гуноҳ кабира қилса, осий бўлади, иймон доирасидан чиқмайди» деганлар. Бу ерда гап бир мартта гуноҳ қилиш ҳақида кетади. Бора-бора хорижийларга қарши уларнинг ўзларига ўхшаш ашаддий «муржиъа» мазҳаби пайдо бўлган. Бу мазҳабнинг муболағали гапларини жумҳур уламолари танқид қиладилар. Мусулмонлар оммасининг асосий ақидавий мазҳаби бўлмиш, Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари гуноҳи кабира қилган, шу жумладан, рўза тутмаган одам, гуноҳни биринчи мартта содир этгандан сўнг, уни муҳокама қилиб, нима учун бу гуноҳни қилгани, мисол учун бир кун рўза тутмаганининг сабаби сўралади. «Агар мен буни қилса бўлаверади, деб эътиқод қиламан» деса, диндан чиққанлигига ҳукм қилинади, агар «Бу ишни тўғри тушунаман, лекин дангасалик қилибман», деса, унга тавба қилдирилади ва шариат бўйича кўрсатилган жазо кўрилади ва иккинчи марта бу гуноҳни такрорламаслик уқтирилади, деганлар. Агар шундан кейин ҳам ўша гуноҳда давом этаверса, мисол учун рўза тутмай юраверса, тавбага ҳам ўрин қолмайди, деганлар.

        Қуръони каримда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида, саҳобаи киромлар, улуғ уламолар гапларида, рўзани ҳамма тутиши фарзлиги ҳақида қайта-қайта таъкидланган, бирор жойда бирор кун тутмай қолишга ҳам рухсат йўқ. Хорижийлар мазҳаби билан «Гуноҳи кабира қилган мўминни иймони қоладими йўқми?»деган савол юзасидан тортишувда айтилган фикрни «Умр бўйи рўза тутмай юраверса бўлади » деган фатвога айлантириб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Узрсиз Рамазони шарифнинг бир кунлик рўзасини тутмаган одам шариат ҳукми ила олтмиш кун кетма-кет орасини узмай рўза тутиб бериш керак. Бу ҳам ямоқ солганга ўхшаш иш бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бир кун фарз рўзасини тутмаган одам , умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам, ўша рўзани тутилмай қолган куннинг ўрнини тўлдира олмайди », деганлар.

       Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:«Бир кун рўзани тутмаган одам қирқ йилгача жаннат ҳидини ҳам ҳидлай олмайди», дейилган. Назарий иймонга суяниб, Аллоҳнинг амрларини бажаришдан, жумладан, намоз, рўза, закот каби ибодатлардан бўйин товлайдиган одамлар катта хато қиладилар. Уламоларимиз ундай кишиларни шайтондан фарқи йўқ дейдилар. Чунки шайтон ҳам Аллоҳ таолонинг биру борлигига қаттиқ ишонади. Аммо одамга сажда қил, деган буйруғига бўйсунмагани учун лаънатга учраган. Ушбу нотўғри фикрларни тўғрилаб,  Аллоҳнинг барча амрларини бажаришга, жумладан, рўза тутишга ўтганлар ўзлари учун фойда қиладилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

«Рамазонни қаршилаб» китоби

Мавзуга оид мақолалар
 Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги эди, ифторлик вақтига борйўғи 10 дақиқа қолган эди. Пишай деб қолган давоми...

11:27 / 01.12.2016 3813
Туркиянинг курортшаҳри ва университет маркази саналмиш Бодрум масжидининг имоми томонидан тарихий давоми...

06:37 / 30.12.2016 2655
Савол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда қандай кўриш мумкин Жавоб Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

20:42 / 20.01.2017 7984
Британиянинг Channel  4 телеканали мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида Бомдод намози азонини давоми...

18:52 / 24.12.2016 3143