Содиқлик ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар», деган (Тавба, 119).

Шарҳ: Сўзларида, ишларида, ниятларида ва иймонларида садоқатли эркак-аёллар содиқлардир. Сўзда садоқатли бўлиш рост сўзлаш, ёлғон гапирмасликдир. Ростгўйлик гўзал сифатдир. Ҳар бир эркак-аёл учун олий сифатлардан бўлиб келган. Ростгўйлик иймоннинг аломатидир. Ким ростгўй бўлса, нажотга эришади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида: «Ростгўйликни лозим тутинглар. Албатта, ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга. Ёлғондан сақланинглар. Албатта, ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга. Инсон рост гапирса, ростгўйликни ихтиёр қилаверса, Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқлардан бўлиб ёзилади. Агар одам ёлғон гапирса, ёлғонни ихтиёр қилаверса, Аллоҳнинг ҳузурида каззоблардан бўлиб ёзилиб қолади», деганлар.

Аллоҳ таоло яна: «Аллоҳ: «Бу кун – ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса улуғ ютуқдир» деди», деган (Моида, 119).

Оятдаги «ростгўйлар»дан мурод иймони содиқлардир. «Кун»дан мурод эса, қиёмат кунидир.

«Бу кун ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун». Аллоҳ таолонинг таъкидлашича, қиёмат кунида иймонлиларга иймонлари манфаат беради. Мазкур манфаат қуйидаги шаклда зоҳир бўлади.

«Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар». Яъни қиёмат куни иймонлиларга дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Улар мазкур жаннатларда абадий қолурлар. «Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир».

Аллоҳ таоло яна: «Аллоҳ содиқларни садоқатлари сабабидан мукофотлаш учун ва мунофиқларни Аллоҳ хоҳласа, азоблаши ёки тавбасини қабул қилиши учундир. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳимлидир», деган (Аҳзоб, 24).

Ҳа, Аллоҳ таоло қийин ҳолатларни мусулмонларнинг бошига ҳар бир замонда солиб туриши бежиз эмас. «Аллоҳ содиқларни садоқатлари сабабидан мукофотлаш учун ва мунофиқларни Аллоҳ хоҳласа, азоблаши ёки тавбасини қабул қилиши учундир».

Ана шундай оғир вазиятларда иймонига содиқлар садоқатларини кўрсатадилар ва Аллоҳ таоло уларни садоқатларига яраша мукофотлайди. Шунингдек, оғир ҳолларда мунофиқларнинг мунофиқлиги ҳам ошкор бўлади ва Аллоҳ таоло хоҳласа, тавбаларини қабул қилиб, гуноҳларини кечиради, хоҳласа, жазоларини беради. Зотан, «Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳимлидир».

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ростгўйликни лозим тутинглар. Чунки ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапираверса ва ростгўйликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқлардан, деб ёзилади.  Сизлар ёлғондан ҳазир бўлинглар. Чунки ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса ва ёлғончиликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида каззоблардан, деб ёзилади», дедилар».

Тўртовлари ривоят ҳилишган.

Шарҳ: Сиддиқ бўлиш – катта бахт. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда сиддиқларни мадҳ этган. Каззоб бўлиш – катта бадбахтлик. Аллоҳ таоло каззобларни ўз душмани, деб эълон қилган. Бас, ҳар бир мўмин-мусулмон сиддиқлардан бўлишга ҳаракат қилсин ва каззоб бўлишдан ўзини сақласин.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, гапни буриб гапиришда ёлғондан қочиш майдони бордир», дедилар».

Ибн Адий ва Байҳақий ривоят қилишган.

Шарҳ: Гапни буриб гапириш деганда, киши оғир ҳолга тушиб қолганда сиртидан бошқа, ичида бошқа маъно берадиган гапни айтиб, очиқ-ойдин ёлғон гапирмай, қутулиб кетишидир. Бунга тарихда мисоллар жуда кўп. Ислом оламида Қуръони Каримни махлуқ дейиш фитнаси чиққанида, халифа ҳаммани бу гапни айтишга мажбур қилишга ўтган. Навбат имом Шофеъийга келганда у киши, албатта, манавилар махлукдирлар, деб тўрт панжаларини кўрсатганлар. Тафтишчилар бундан тўрт илоҳий китоб: Забур, Таврот, Инжил ва Қуръонлар махлуқ, деб айтилганини англаганлар. Имом Шофеъий бўлсалар, тўрт панжани ирода қилганлар.

Ўзининг золимлиги билан донг таратган Ҳажжож золим саҳобаларнинг бирларидан «Менинг ҳақимда нима дейсан?» деб сўраган. Шунда у киши:«Сен қоситсан», деганлар. Араб тилида «қосит» сўзининг икки қарама-қарши маъноси бор. Бу сўз ҳам одил, ҳам жаврчи маъноларини билдиради. Мазкур саҳобий розияллоҳу анҳу Ҳажжожга:«Сен қоситсан», деганларида ўша ерда турганлар унга, сени мадҳ этди, дейишган. Аммо Ҳажжожнинг ўзи:«Йўқ, у мени жаврчи демоқда», деган. Ушбу ҳадиси шарифдан киши қийин ҳолга тушиб қолганида гапни буриб гапириш ила қутулиб кетиши жоиз эканлиги келиб чиқади.

Мавзуга оид мақолалар
Бандадирсан, бандаликни исбот этиб,Хато қилсанг, маломат қилгувчи кўп,Бу онларда виждонидан сабот давоми...

21:33 / 30.06.2023 2055
gallery linkfile sizemedium ids9598,9599,9600,9601,9602,9603,9604,9605,9606,9607,9608 Муҳтарам ҳожиларимиз Аллоҳ таолонинг паноҳида Мадинадан давоми...

15:06 / 14.02.2017 5217
Бразилияда биринчи бор мусулмон аёллар учун шаръий либослар кўргазмаси ўтказилди. Сан Пауло шаҳрида давоми...

08:47 / 28.11.2016 4852
Стрессни тез ва осон енгишни истасангиз, жисмоний ҳолатингиз, бошқалар билан муносабатингиз, ният ва давоми...

22:01 / 25.12.2023 2326